Сайт бўлимлари
Ғалати тўйлар
- Подробности
- Бўлим: Урф-одат
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
2006 йилнинг июнида Ҳиндистонда кобра билан никоҳни дабдабали нишонлашди. Никоҳ маросими Бхубанесвар яқинида бўлиб ўтди.
Силдан қутулиш учун кобрага тегишга қарор қилган ўттиз ёшли Бимбала Дас ипак кўйлак кийганди. Руҳоний уларнинг жуфтлигини мустаҳкамлаш учун мантраларни ўқиди, бироқ куёв келмади, аниқроғи, судралишни истамади.
Кобра ўзи яшайдиган чумоли инидан чиқишни истамади. Шунинг учун куёв ролини илоннинг мис ҳайкалчаси ўйнади.
«Илонлар гапиролмаса ҳам, ҳеч нимани тушунмаса ҳам, биз ўзига хос усулда мулоқот қиламиз, — дейди Дас. — Чумоли ини ёнига сут қўйганимда, у доим чиқиб сутни ичади».
Қишлоқ аҳолиси аёлнинг бутунлай тузалиб кетишига умид, қилиб тўйни дабдаба билан нишонлади. Бимбаланинг қарорини ота-онаси ҳам маъқуллади. «Мен бахтлиман, — деди онаси. — Илгари қизим кўп оғрир, даволатишга эса пул йўқ эди. Аммо Бирбала кобрани сут билан боғишга ўтгандан кейин у тез тузала бошлади».
Тўйдан сўнг келин чумоли ини яқинидаги кулбага кўчиб ўтди.
* * *
Ҳиндистонда ғалати никоҳ қайд этилди. Вилатхуликам қишлоғи (Тамил Наду штати)да яшовчи 34 ёшли бўйдоқ Селви лақабли тўрт ёшли кучукчага уйланди. Унинг нияти — «ит қарғиши»дан халос бўлиш. Чунки у шу туфайли ногирон бўлиб қолган.
Эркакнинг соғлиғидаги муаммолар ўн беш йилча аввал бошланган. Сельвакумар йўлида учраган иккита итни тош билан уриб, дарахтга осиб қўйган, чунки унга ҳайвонларнинг йўлда бир-бирига «суйкалиши» ёқмаганди. Бир неча кундан сўнг Сельвакумарнинг аҳволи ёмонлашди, эшитиш қобилияти ёмонлашиб, юролмай қолди. Врачлар унинг оёққа туришига ёрдам беришди. Сельвакумар ҳасса ёрдамида юра олади-ю, барибир бутунлай тузалиб кетмади.
Қайғуга берилган эркак маҳаллий фолбинга мурожаат қилди. У Сельвакумарга ўлган итларнинг арвоҳи қарғишига қолганини айтди. Фолбин унга қарғишдан қутулишнинг ягона йўли — итга уйланиш, деди.
Маҳаллий анъаналарга кўра, Сельвакумарга келинни қариндошлари танлашди. Улар итни чўмилтириб, тўйга тайёрлашди. Итнинг олд оёқларига хина чизиб, бўйнига маржон осишди.
Никоҳ маросими Тамилнад штати ҳиндлар ибодатхонасида руҳонийлар бошчилигида ўтказилди. Тўрт оёқли келин сарида, аёллар қуршовида ибодатхонага кириб келди. Куёв никоҳ пайтида ҳиндларнинг анъанавий оқ кийимини кийганди. У Сельвининг бўйнига никоҳ туморини тақиб, сўнгги нафасигача содиқ бўлишга ва асраб-авайлашга қасам ичди. Руҳонийлар куёв хоҳлагудек бўлса, истаган пайтида одам зотидан хотин олиши мумкинлигини таъкидлашди.
200 киши билан нишонланган тантанадан сўнг келин-куёв Сельвакумарнинг уйига кетишди. Шу ўринда ташкилотчилар келинга сут ва мева таклиф қилинадиган удумдан чекиниб, Сельвига сут билан булочка беришди. Кейин келин-куёвни табриклаш-қутлаш маросими бошланди.
Бироз вақт ўтиб келин бесаранжом бўла бошлади ва охир-оқибат кўчага қочиб кетди.
Натижада, бутун қишлоқ қочоқ келинни тутиш билан овора бўлиб қолди. Ниҳоят, Сельвини тутиб, куёвнинг ёнига келтиришди.
* * *
Ҳиндистоннинг қишлоқ жойларида ирим-сиримларга ишонган одамлар итлар ва бошқа ҳайвонлар билан кўп никоҳдан ўтишади. Улар шу билан қарҚишдан қутулишларига, ҳаётларини изга солиш ёки дарддан халос бўлишларига ишонишади.
2006 йилнинг баҳорида Ҳиндистон шарқидаги Дханбад шаҳрида яшовчи Шивам Мунда ўзи ва бутун оиласини назардан халос қилиш учун дайди итга турмушга чиқди. Шивам Мунданинг тепа тишлари пасткиларидан аввал чиққан. Шанталь этник гуруҳининг (қизча шу гуруҳга мансуб) эътиқодича, бу ўзигагина эмас, бутун оиласи бошига оғир савдолар солиши мумкин бўлган ёмон белги саналади.
Икки йил аввал эса Калькуттадан олтмиш километр шимолда жойлашган қишлоқда дайди ит иштирокидаги тўйда келин ролида тўрт ёшли қизча бўлди. Қишлоқ астрологи қизчанинг отасига фақат шундай тўйгина ёвуз руҳлардан халос қилиши мумкинлигини айтди.
Гап шундаки, тўрт ёшли Анью бир неча оғир касалликларга мубтало бўлган, тўйдан бир неча ҳафта олдин эса қудуққа ҳам тушиб кетган, қовурғаларини синдириб, ошхонада қўлини ҳам куйдириб олганди.
Ота — Шубал Кармакар астрологнинг маслаҳатига амал қилиб, қизи касалликлардан қутулишига ишонганди. Никоҳ маросими ҳиндларнинг қадимий анъаналарига мос равишда ўтказилди.
* * *
Орийлар аёл ва эркак дарахт билан рамзий «қовушиб», қўшимча куч-қудратга эга бўлиши, шунингдек, балолардан қутулиши мумкинлигига ишонишади.
Панжоб аҳолиси бева эркак учинчи марта уйлангудек бўлса, танлаган ёрини ёвуз руҳлардан асраш кераклигига ишонишади. Чунки ёвуз руҳлар унинг аввалги икки хотинини ўлдирган, деб ўйлашади. Ёвуз руҳни адаштириш учун бева куёв аввал аёл кўйлаги кийдирилган дарахт ёки қўй билан никоҳдан ўтади. Натижада ёвуз руҳлар ҳақиқий келин ўрнига сохтасини ўлдиришаркан.
Бастар (Марказий Ҳиндистон)да яшовчи халқ эркакни йўлбарс ўлдирган бўлса, хотини иккинчи марта турмушга чиқишга ҳақли эмас, деб ҳисоблашади. Чунки йўлбарсга жойлашиб олган марҳум эрнинг руҳи иккинчи эрни ўлдиришга уриниши мумкин.
* * *
Кўпчилик ҳиндларнинг сеҳр-жодуга ишончи шу даражадаки, улар ҳатто жонсиз буюмлар билан ҳам никоҳдан ўтаверишади. Масалан, кичкина Нурпур қишлоғидаги 24 ёшли Сулохне паровозга турмушга чиқди!
Ҳиндистонда ҳалигача бирор нарса яхши ишлаши учун унга энг чиройли қизни хотин қилиб бериш керак, деган ақида мавжуд. Гўё шунда аёл унинг учун Худога ибодат қиларкан. Паровоз — керакли ва фойдали нарса. Шу сабабли унга келинни анча узоқ қидиришди.
Тўй анча дабдабали ўтди: Сулохне кун бўйи куёв учун рақс тушди, тунда эса бўш вагонда ётиб мантралар куйлади.
Бундай тўйлар Ҳиндистонга қўшни Бангладеш республикасида ҳам оддий ҳол саналади. Бу ерда кўпчилик эркаклар қурбақалар билан турмуш қуради. Бангладеш аҳолиси сувдаги жониворларга уйланиш қурғоқчиликда ҳосилни асрашга ёрдам беришига ишонади. Эркак қурбақага уйланса, тез кунда сел ёғади, деган ақида мавжуд.
Бир қари деҳқон бу ҳақда шундай дейди: «Бир неча марта қурбақага уйландим, бу ҳар доим иш берган».
Қурғоқчилик кунлари руҳонийларга иш кўпаяди: қурбақа билан турмуш қуриш жараёни барча диний анъаналарга хос равишда ўтказилади.
Тўйда қурбақа-келинларга алоҳида эҳтиром кўрсатишади, уларни ҳатто алоҳида раковинага солиб қўйишади. Селдан сўнг эса раковинани синдириб, қурбақаларни қўйиб юборишади...
Комила НОСИРОВА
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 868 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар