Сайт бўлимлари
Минг йиллар садоси
- Подробности
- Бўлим: Урф-одат
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Бешик кўп асрлар аввал ҳунармандларнинг ақл-заковати билан ихтиро этилган бўлиб, у ҳақидаги маълумотлар ўрта аср манбаларида, хусусан, Маҳмуд Кошғарийнинг "Девони луғатит-турк" асарида, шунингдек, Алишер Навоийнинг "Лайли ва Мажнун" достонида ҳам таърифланган. Унинг келиб чиқиши ҳақида турли фаразлар мавжуд. Кўчманчи халқларга тегишли бу кашфиёт, кўчиб юрган пайтда оналарга анча-мунча қулайлиги билан афзал саналган.
Замонавийлашган воситалар яратилган ҳозирги пайтда бешикка талаб қандай? Болани бешикка ётқизиш чиндан ҳам зарарлими?
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Журналистлар ижодий уюшмаси ва Республика Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда ЮНЕСКО ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда бу борада қуйидаги маълумотлар келтирилган: болани бешикка беламай қанчалик эркин қўйилса, шунчалик яхши ривожланади. Говрапеч (бешик ёпқичи)нинг доимий равишда ёпиқ туриши натижасида қуёш нурларидан баҳра олмаган гўдакда А, Д витамини етишмовчилиги кузатилади. Бу витаминлар боланинг суяк тўқималари ривожланиши учун зарур ҳисобланиб, усиз мушаклари юмшоқлашади. Юмшаган аъзоларни боғлаш натижасида аъзолар қийшайиши кузатилади. Оёқларнинг «икссимон», «о»симон бўлиб қолиши ана шулар оқибатида юзага келади.
ЮНЕСКОнинг тадқиқотларига кўра, айни пайтда Ўзбекистонда ҳар йилги туғилиш даражаси деярли 600 мингга етган. Шундай экан, дунёга келган болаларнинг кўпчилиги бешикда ётишини ҳисобга олсак, ушбу мавзу яна бир бор таҳлилга тортишга арзийди.
Фойдали кашфиёт
Бешик болани улғайтириш учун фойдали бўлиб, кичик ва ихчамлиги учун уни исталган жойга кўчириб олиш мумкин. Қолаверса, чақалоқни парваришлаш учун ҳам қулай. Бешик гўдакни ташқи салбий таъсирлардан, яъни шовқин, иссиқ ва совуқ, офтобдан сақлайди. Бундан ташқари, гўдак бешикка махсус қўл-оёқ боғлағичлари билан боғлаб қўйилиши, уни уйқуда бехосдан қилинадиган ҳаракатлардан чўчимай, осойишта ва тинч ухлашига имкон беради. Шунингдек, беланган боланинг бути орасига сумак, тагига тувак қўйилиши унинг таги ҳўлланишидан, шамоллаш ва танасининг яллиғланишидан сақлайди, зах ўтмаслигини таъминлайди.
Бешик тут, тол ёғочларидан ясалиб, бу восита боланинг организмига фойдалидир. Нақшларнинг ёрқин
ранглар билан безатилиши боланинг рангларни таниш, илғаб олиш функциясини ривожлантиради, бешикка осиб қўйилган буюмлар эса, унинг қўл ҳаракатларини ривожлантиришга ёрдам беради. Бешик ясаладиган тол дарахти ҳиди йўқлиги билан ҳам афзалдир. Қадимда табиблар беморларга тол дарахтининг тагида ўтиришни бежиз тавсия қилмаганлар. Бешикнинг фаслларга мосланган ёпинчиқлари эса болани қишда совуқдан, ёзда иссиқдан сақлаб, мўътадилликни таъминлайди. Унинг тагига тариқ солинган қовус (тўшакча) ёзилишининг ҳам катта аҳамияти бор. Бола терлаганида ёки қовус ювилганда тез қурийди. Ундан қилинган ёстиқда бола юмшоққина ётади. Боши ва орқаси тўшакка ботмайди, аксинча, массаж вазифасини бажаради.
- Гўдакни бешикка белаганда тўғри боғланиши қаддини расо қилиб ривожлантиради, - дейди бешикчилар сулоласини давом эттириб келаётган уста Абдурасул Расулов.
Яхши нарсага ҳам меъёр керак
Лекин, тажрибасиз ёш оналарнинг болани нотўғри парвариш қилишидан бола организмида турли хил нуқсонлар пайдо бўлаётгани бешикка бўлган қарашларни ўзгартирмоқда. Айрим оналарнинг, айниқса, ўзбек оилаларида гўдакни бешикка белаб қўйиб, ўзи оила юмушлари билан банд бўлиши, боланинг соатлаб унда ётиши бешикнинг вазифасидан яхши фойдалана олмасликларини билдиради. Бешикда кўп вақт ётиши натижасида гўдакнинг орқа елкалари қотиб кетади.
Одам ҳаракатда бўлсагина овқатга талаби кучаяди. Боланинг доимий равишда бешикда ётиши эса, мушакларни кўпам ҳаракатга келтирмайди. Организм ҳам озиқ моддаларни талаб этмай қолади. Болалар шифокори Моҳидил Алимардонованинг таъкидлашича, болани фақатгина ухлайдиган пайтда бешикка белаган маъқул, уйқудан уйғонганда эса уни ечиб олиб, танасининг орқа қисмини уқалаш даркор. Айрим оналар болаларини фақатгина тунда белайдилар. Кундузи эса, беланчак каби воситаларда ухлатадилар. Бу ҳам яхши танлов.
Бола йиғлаётган вақтида бешикни ҳадеб тебратавериш, унинг асаб тизимига салбий таъсир кўрсатиши мумкин экан. Айниқса, бу бош миянинг қон босими ошган болаларда ёмон ҳолатларни юзага келтиради. Бу борада Ҳамза туманидаги 4-шаҳар болалар клиника шифохонасининг олий тоифали шифокори Набира Зокирхўжаева
қуйидагиларни маълум қилади:
- Бош миясида қон босими бор болаларни бешикка белаш тавсия этилмайди. Тебратиш натижасида бола овунмайди, балки ундан ҳам қаттиқроқ куч билан йиғлайди. Бу эса қон босимининг кўтарилиб кетишига, она ва боланинг ҳам қийналишига олиб келади.
Гўдакнинг боши бешикдан пачоқ бўлади, деган фикрга шифокор Н.Зокирхўжаева қуйидаги фикрлари билан қарши чиқади:
- Бош миянинг пачоқ бўлиши ва оёқлардаги нуқсонлар бешикнинг таъсирида эмас, балки она ва бола организмида витаминларнинг етишмаслиги ва гўдакни нотўғри парваришлаш оқибатида юзага келади.
Уларнинг ҳаваси келади
Миллатимизнинг урф-одатларига қизиқиб қолган япониялик танишимни қариндошимизнинг бешик тўйига олиб бордим. Тўйхонага кириб борар эканмиз, айвонда қуда томондан келтирилган чақалоқ учун сарпо-суруғдан тортиб, шар ва юмшоқ ўйинчоқлар билан безатилган болалар арғимчоғигача бўлган буюмларга кўзимиз тушди. Уларнинг орасида бежиримгина безатилган бешик ҳам бор эди. Очиғини айтсак, буларни кўрган одам яйраб кетади. Бизни илиқ кутиб олиб, дастурхонга таклиф қилишди. Ҳамма мезбонлар чет эллик меҳмон билан овораю, у бўлса бешигимизнинг атрофидан ҳеч кетолмайди. Тебранишига ишқивоз бўлиб қолди. Унинг бетакрор
нақшлар билан тикилган говрапечлари, кўз тегмасин деб осилган туморлари меҳмонни ўзига буткул жалб этиб қўйди...
- Бешикка бўлган талаб ҳалигача сўнгани йўқ. Ҳатто, турғунлик даврида бешиклар эскилик сарқити, деб қаралган бўлса ҳам, одамлар қопларга солиб уйларига бешик ташиганлар, - дейди бешикчи уста А.Расулов. - Ҳозирги кунда бошқа миллат вакиллари, хусусан, рус, корейс халқи вакиллари орасида ҳам ўз фарзандларини бешикда катта қилишга ҳаваси келадиганлар бор. Уларда бу қизиқиш ўзбек қўшниларини кўриб уйғонган.
Ҳатто, бешикчи усталарнинг айтишича, Қозоғистон, америкалик ўзбеклардан ҳам юртимизга келган меҳмонларга бешик олиб келиш буюртмаси тушар экан.
- Агар бу буюм ёмон бўлганида бешик анъаналари шу вақтга қадар етиб келмаган бўларди, оналар эса ўз болаларини бешикка беламасдилар, - дейди бешикчилар сулоласини давом эттириб келаётган Суръат Акбаров.
Шу ўринда...
Бешикни эскилик сарқити деб ҳисобловчи айрим ёш оилаларга замонавий воситаларнинг салбий жиҳатлари борасида маълумот бериб ўтсак. Шуни таъкидлаш керакки, оналар учун қулай саналиб келган тагликлар рекламаларда намойиш этиладиган даражада бола терисини қуруқ ҳолда сақлай олмайди. Суюқлик ўтказиши, доимий намлик болада турли касалликларни келтириб чиқаради. Бундан ташқари, гўдакда бўшаниш рефлексини туғдиради. Бешик эса боланинг таги доимий равишда қуруқ туришини таъминлайди.
Болаларнинг доимий ҳамроҳи сўрғич ҳақида ҳам икки оғиз сўз. Сўрғич резинадан тайёрланадиган нарса, унинг хомашёси сунъий бўлганлиги учун резина парчаларининг ошқозонга жойлашиши инфекцион касалликларни келтириб чиқаради. Боланинг оғзи ҳар доим резина сўрғич билан банд бўлиши сўриш рефлексини қондириб, унда кўкрак сути ва овқат ейишга бўлган талабни сусайтириб юборади.
Хуллас, гўдак овқатни тез-тез талаб қилмаганидан кейин унда озиқланиш жараёни бузилиши, кам овқатланиш, ориқлаш, вазн етишмаслиги ҳолатлари учраши мумкин. Сўрғичдан кўп фойдаланган болаларнинг тили ҳам кеч чиқади. Мутахассиснинг таъкидлашича, катта бўлганида ҳам бундай болаларнинг муҳим жараёнларни ўзлаштириши қийин кечар экан.
Минг йиллардан бери халқимизни ўз бағрида тебратган, буюк бобою момоларни катта қилган бешигимиз бундан
кейин ҳам хизмат қилаверади. Энди унда келажак авлод улғаяди, аждодларимиздай бақувват, тетик, алпқомат зурриётларни катта қилади.
Мухлиса Мўминова
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 605 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар