Сайт бўлимлари
Одамийлик кўрки ёхуд саломлашиш хусусида
- Подробности
- Бўлим: Урф-одат
- Чиққан санаси: 04 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Атрофдаги кишиларга мутлақо эътибор бермай, ўзларининг бачкана қилиқларидан уялмай бир-бирини чўлп-чўлп ўпаётган кишиларни кўп кўрганмиз. Қизиқ, халқимизнинг урф-одатларида бундай саломлашиш тарзи аввалдан бормиди ёки маданий савияси кундан-кунга "ортиб" бораётган айрим замондошларимизнинг ўзлари бу одатни "кашф" этишдими? Бу саволлар кишини ўйлашга мажбур этади. Айни масалада мулоҳаза юритган сайин саломлашиш билан боғлиқ нохуш ҳаракатлар бирин-кетин бўй кўрсата бошлайди. Буни қарангки, саломлашиш фақат ўпишишдан иборат эмас экан...
Саломлашиш дунёдаги деярли барча халқларга хос одат, саломлашмайдиган халқ йўқ ҳисоби. Салом турли тилларда турлича талаффуз қилинади. Масалан, мусулмон аҳли учун "ассалому алайкум" (сизга тинчлик тилайман) ибораси саломлашиш ифодаси ҳисобланса, ҳиндларда "намасте" (бош омон бўлса, ҳамиша биргамиз), хитойликларда "чифан-ля-ма" (сен бугун овқатландингми?), французларда "бонжур" (хайрли кун тилайман), инглизларда "гуд монинг" (хайрли кун тилайман), русларда "здраствуй" (саломатлик тилайман), италянларда "Чао" (яхшимисиз), дея саломлашилади.
Агар эътибор берган бўлсангиз, ушбу саломлашувларнинг барчаси мазмунан ҳил сўрашиш, яхши тилак тилашни англатади. Демак-ки, саломлашиш эзгу одатлар сирасидандир. Саломлашишнинг сўз орқали ифодаланмайдиган усуллари ҳам учрайди. Масалан, баъзи бир халқларда имо-ишоралар орқали ҳам салом берилади. Хусусан, афғонларнинг ўнг қўлини пешонасига текизиб, таъзим қилишини, айрим оврўпаликларнинг бош кийимини ечиб, қайта кийишини, тибетликларнинг бир-бирига тилини чиқариб тиржайиб қўйиши-ю бош ирғаб қўйишларини мисол тариқасида келтириш мумкин.
Саломлашиш фақат ҳол-аҳвол сўрашишни эмас, балки кишиларнинг психологиясини ҳам акс эттиради. Эътибор берганмисиз, кимдир қўл учида, яна кимдир қўш-қўллаб, бошқаси эса қўлни қоринга қўйиб саломлашади. Бундай кўришишларнинг яна кўплаб "йўл-йўриқ"ларини келтириб ўтиш мумкин. Албатта, қўл учида кўришган кишининг ўзига бино қўйганини пайқаш қийин эмас, зеро, унинг бу ҳаракати кўришаётган биродарини ўзича менсимаётганини билдирса, қўш-қўллаб кўришаётган одамнинг хатти-ҳаракатларидан сўрашаётган кишини қаттиқ ҳурмат қилишини англаб оламиз.
Энди саломлашишда талаффузнинг ўрни ҳақида мулоҳаза қилиб кўрайлик.
"Ассом алайкум"ми, "ассалому алайкум"?
Ўзбек халқи, умуман, мусулмон олами учун беш вақтли ибодатдан ташқари, саломлашиш ҳам умумий бўлиб, бир хил - "ассалому алайкум" калимасидан иборатлигини ҳар бир киши яхши билади. Бу арабча калима "сизга тинчлик тилайман", деган маънони англатади. Аммо уни ҳар ким ҳар хил тарзда талаффуз қилади. Масалан: ассалом, саломалайкум, салом, ассом алайкум ва ҳоказо. Ассалом, салом, саломалайкум деганда сўзлар талафузига бироз путур етказса-да, асосий маъно бузилмайди. Аммо "ассом алайкум" деганда саломлашишнинг туб маъносига зид мазмун юзага келади. Яъни "ассом алайкум" сўзи "сизга ҳалокат тилайман" деган маънони ифодалаб, ёмон ният ёки қарғиш маъносини касб этади. Демак, баъзи ёшларимиз томонидан талаффуз этилаётган бундай саломлашиш салбий мазмунга эгалигини уларга тушунтириш фойдадан холи эмас.
Урва (ибн аз-Зубайр) Оиша онамиздан бундай деб эшитган эрканлар: "Бир тўда яҳудийлар Жаноб Расулуллоҳнинг ҳузурларига кириб келиб: "Ассому алайка!" - деб айтишди. Мен уларнинг гапини дарҳол фаҳмлаб: "Алайкумумс-сому вал-лаъна!" - дедим. Жаноб Расулуллоҳ: "Ошиқмағил, ё Оиша, Оллоҳ таоло барча ишларда мулойимликни хуш кўрғайдир!" - дедилар. Мен: "Ё Расулуллоҳ, уларнинг нима деганини эшитмадингизми?" - дедим. Жаноб Расулуллоҳ: "Ва алайкум, деб айтдим-ку!" - дедилар. ("Ассому алайка!" - "Сенга ўлим!" дегани).
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу бундай деб ривоят қиладилар: "Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва саллам: "Башарти яҳудийлар сизга салом берсаю, улардан бири: "Ассому алайка!" -деб қолса, сиз ҳам: "Ва алайка!" - деб алик олингиз!" - дедилар".
Анас ибн Молик разияллоҳу ривоят қиладилар: "Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Аҳл ул-китоб сизга салом берса, "Ва алайкум!" - деб алик олингиз!" - дедилар". (Ал жоме ас саҳиҳ. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал Бухорий 22-боб.)
Зийрак ўқувчи бу ҳадиснинг маъносини илғаб илган бўлса керак. Шундай экан, саломлашганда талаффузнинг тўғрилигига аҳамият бериш зарур.
Қўл бериб сўрашиш қоидалари
Оғзаки сўз орқали ифодаланган саломлашишдан сўнг аксарият кишилар қўл бериб кўришишади. Қўл бериб кўришиш одамлар орасида ибтидоий даврда даврдаёқ одат тусига кирган ва ҳозирда халқаро саломлашишнинг расмий шакли ҳисобланади. Қўл бериб сўрашишнинг пайдо бўлишини этнограф ва археологлар қуйидагича изоҳлашади. Ибтидоий одамлар бир-бирига дуч келганда, "Мен сени ўлдирмоқчи эмасман, қара, қўлимда тош йўқ" деган маънода бир-бирларининг қўлларини ушлаб қўйишаркан. Демак, қўл бериб саломлашиш жуда қадимдан қолган ва дунё аҳлига хос одатга айланиб кетган.
Аммо динимиз ҳамда миллатимиз турмушида аёллар билан эркакларнинг қўл бериб кўришишлари удумга айланмаган. Бироқ собиқ иттифоқ даврида "эркаклар ва аёлларнинг тенглиги" шиори остида айрим удумлар унутилди ва айрим одатлар пайдо бўлди -жинсидан қатъи назар, қўл бериб кўришиш урфга айлана борди.
Асрлар оша инсонларни ҳидоят сари етаклаган муқаддас динимиз ва шариатимиз эркак билан аёлнинг қўл бериб сўрашишини инкор этади. Бироқ эркак билан эркак кишининг қўл бериб кўришиши ман этилмаган, аёлларнинг ҳам бир-бири билан қўл бериб сўрашиши жоиз амаллар сирасига киради. Қўл бериб, сўрашишнинг ўзига хос тартиб-қоидалари мавжуд бўлиб, бу қоидалар зиёли аждодларимиз томонидан тартибга солинган инсон ахлоқининг энг олий намунасидир.
Ҳеч қачон ёши кичик йигит ёки бола ўзидан каттага салом берганда биринчи бўлиб қўл узатмайди. Албатта, бу қоидада ҳам ўзига хос ҳикмат мавжуд. Яъни ёш йигит ўзидан каттага қўл узатса-ю аммо ёши улуғ киши қўл беришни лозим топмаса ёхуд кексалиги сабаб қўл узатишга ҳаялласа бундай ҳолда ноқулай вазият содир бўлади. Демак, қўл бериб сўрашишда ҳам ўзига хос меъёрларга эътибор бериш лозим.
Булар қуйидагилар:
-эркак киши билан эркак киши қўл бериб сўрашганда аввал ёши улуғи қўл узатади. Агар ёши улуғи қўл узатмаса ёши кичиги қўл узатишдан тийилиб туради.
-аёллар ҳам ўз тоифаси билан қўл бериб сўрашишлари мумкин.
-бегона эркаклар билан аёлларнинг қўл бериб сўрашишлари ножоиздир.
Хунук қилиқлар
Ўтган асрнинг етмишинчи йилларига доир хроника лавҳаларини кузатган бўлсангиз, собиқ иттифоқнинг юқори лавозимдаги корчалонлари бир-бирлари билан қучоқлашиб, ўпишиб кўришишганига кўзингиз тушгандир. Бу қилиқ ўша давр одамлари учун оддий ҳол бўлиб, раҳбарлар, партия ташкилотларида одат тусини олган экан. "Олган экан", деб ўтган замон феълида ёзаётганимизнинг боиси шундаки, бизнинг ўзимиз ҳам у замонни ва ўша одатларни кўрмаганмиз. Юқорида ёзганларимиз эса, собиқ тузумни кўрган, унинг одатларию анъаналаридан яхши хабардор бўлган кексаларимиздан эшитганларимиз. Уларнинг айтишларича, ошкоралик даврига келиб раҳбарларнинг бу тарзда кўришишлари "партийная эротика" деган тамға отида танқидга учраган экан. Чунки бу ҳолдан чет элликлар кулган, аслида ҳам бу ғайриахлоқий ҳаракат саломлашиш одоби доирасидан чиқиб кетган иллат эди.
Аммо ўпишиб кўришиш касали шу билан барҳам топгани йўқ, балки у жамиятда ўхшамаган бир ортиқча, хунук қилиқ сифатида ҳануз учраб туради. Кўча-кўйда, жамоат жойларида бир-бирлари билан ўпишиб кўришаётганларга кўзингиз тушгандир. Тўғри, уларнинг аксарият қисми овропаликлар, аммо улар орасида миллатимиз вакиллари ҳам учрайди.
Умуман олганда, эркак билан эркакнинг, аёл билан аёлнинг ёхуд икки жинснинг бир-бирлари билан ўпишиб кўришишлари миллатимиз маънавиятига тўғри келмаслиги ҳач кимга сир бўлмаса керак. Лекин бу ҳолнинг кундан-кунга кенг тарқалаётганини афсус билан таъкидлашдан бошқа илож йўқ. Динимизда эркак билан эркакнинг ўпишиши макруҳ ҳисобланади.
Уламолар узоқ сафардан келган эр кишиларнинг бир-бирлари билан ўпишиб кўришишларини дуруст санайди. Бироқ ҳар куни бир-бирини кўриб турувчи йигитларнинг бир-бири билан ўпишиб кўришишларини қандай тушуниш мумкин?
Ёшларимиз ўзларича фазилат санаётган бу ҳолатнинг на этика, на гигиена қоидаларига тўғри келмайдиган иллат эканлигини билишармикан?
Хулоса
Ҳар бир халқнинг ўзига хос урф-одати, анъаналари, маросимлари бор. Буларнинг барчаси турли халқлар томонидан яратилган ноёб маданият аа ахлоқ дурдоналари, дейиш мумкин. Бироқ замон ва турли даврлар ҳамда турли тузумлар туфайли бу одат ва анъаналар бир-бирлари билан қоришиб кетган вақтлар ҳам бўлган.
Бугун, айниқса, ёшларимиз орасида кўп кузатилаётган ўпишиб кўришиш одатини Европа маданиятига хос ва қисман собиқ тузум сарқити, деб қарасак нотўғри бўлмаса керак. Бундан ташқари, саломлашиш шарт бўлмаган ҳолатлар ҳам борки, буни билиш ҳар бир маданиятли, эсли-ҳушли кишининг бурчи ҳисобланади. Бундай ҳолат овқатланаётган одамларга нисбатан ва улфатларнинг суҳбати қизиб турган, жамоат жойларга кеч қолган киши, ёши улуғ одам ва эркак киши томонидан саломга қўл чўзилмаган ҳолатга тааллуқли.
Фалсафа фанлари номзоди Карим Маҳмудов, ўзининг "Меҳмоннома" номли китобидаги кириш сўзида "Саломлашиш, сўрашиш, кўришиш инсонга хос бўлган ажойиб фазилат, одамийликнинг кўрки, асрлар давомида таркиб топган ва кишиларнинг ўзаро алоқаларидаги тамойилларни ҳамда ахлоқий қиёфаларидаги меъёрларни ифодалайдиган белги ҳисобланади", деб ёзади.
Демак, ҳар биримиз одамийлик кўркига муносиб бўлмоғимиз, уни турли ёт қилиқлар билан аралаштириб хира торттирмаслигимиз лозим.
Абдулҳамид Мухторов
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 196 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар