1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Ҳурматимиз шуми, қуда?!

Азалий қадриятларимиз, расм-русум, урф-одатларимиз замирда инсоний муносабатлар, ўзаро меҳр-оқибат, ҳурмат-иззат ва қадр мужассам. Эътибор берилса, бир пайтлари элимизнинг ҳар бир урф-одати инсон учун, унинг бахти, хотиржамлиги, ва ҳузур-ҳаловати учун хизмат қилган. Бугунга келиб, удумларимнинг оҳори тўкилиб, асл моҳияти ўзгариб кетгани камдек, расм-русумлар одамлар учун эмас, одамлар расм-русумлар учун хизмат қиладиган бўлди. Лўнда қилиб айтганда, инсоний алоқалар орасидаги қариндош-уруғчилик, оғайни-жигарчилик ришталарининг мўртлашиб кетгани дилга оғриқ солса, қуда-андачилик муносабатларидаги дарз кўнгилни ғаш қилади. “Қудачилик- минг йилчилик”, деб  келинининг ота-онасидан тортиб, узоқ қариндошларини иззат қилган, бошида кўтарган, “Қизинг тушган маҳалланинг итига ҳам салом бер” деб, куёв томоннинг ҳурматини юксак қўйган кишиларнинг фарзандлари, бизнинг давримизда
“Қуда бўлдинг- жудо бўлдинг”
-    қабилида меҳр-оқибат ва андишани орқага отиб юбормоқдалар. Пировардида катталарнинг андишасизлиги боисидан ёш оилалар азият чекмоқда. Ёш келинчакнинг арзимаган хатоси, уқувсизлигидан  “куйган” куёв онаси – қайнона хоним зудлик билан қуда-қудағайни уйига чорлаши, қайнонанинг раислигида ўтказиладиган машваратда қизининг “айб”и учун ота-онаси бош эгиб туриши ҳақида кўп эшитяпмиз. Хўш, моҳиятан олинганда бу иш қанчалар тўғри?
—    Бу номаъқулчиликнинг мутлақо ёқламайман,-дейдилар Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, “Университет” маҳалласида истиқомат қилувчи фахрий ўқитувчи мухлисамиз Дилбар ая Умарова.- Мен ҳайронман, келиннинг овқатни шўр қилиб қўйгани, кийимларни тоза юволмагани ва ҳоказо камчилиги учун нега энди унинг ота-онаси жавоб бериши керак экан?! Қайнонанинг вазифаси нима унда? Келин бамисоли ёш ниҳол. Бошқа ердан ерингизга кўчат опкелиб ўтқизсангиз, у парваришсиз униб-ўсиб, мева бермаганидек, келинга ҳам парвариш, эътибор керак. Ҳар бир оиланинг ўз қонуниятлари, ўзига хос одатлари бор. Балким, сизнинг оила аъзоларингиз учун шўр бўлган овқат, бошқалар учун оби-тобида бўлиши мумкин. Келин қизлик уйида шу овқатни тайёрлаб ота-онасидан раҳмат олгандир. Умуман, қизининг камчилиги учун ота-онаси ҳисоб бериши қайси мантиққа тўғри келади? У бечораларнинг айби нима? Қизини дунёга келтириб, улғайтириб, тарбиялаб, айримлари ўқитиб юрак-бағридан юлиб узатганими? Шунинг учун куёв томоннинг қаршисида гуноҳкордай бошини эгиб, қизининг қайнона-қайнота ва ҳаттоки қайнбўйинларининг олдида тили қисиқ туриши керак экан-да?.. Кечириб қўйишсину, буларнинг бари маънавий қашшоқлик ва шарқона тарбиянинг инқирозидан нишона. Айрим пайтлар ўзим ҳам шундай ҳолатларга дуч келаман. Тўнғич келиним келин туширган. Икки гапнинг бирида келинчагининг уқувсизлигини айтиб зорланади. Айтиша, келини бирор юмушни келинимнинг кўнглидагидек бажармас эмиш. Унинг зорланишу шикоятларини индамай эшитиб турсам, қудағайни чақириб қизининг уқувсизлигини муҳокама қилмоқчи бўлиб турган экан. Шунча пайт қилмаган ишим, келинимнинг ёш келинчаклик пайтларини эсга олдим. Унга келин бўлиб тушган пайтлари оддий чой дамлашни, пиёз тўғрашни эплолмаслигини, ошхона ишларини астойдил ўзим ўргатганимни, ҳатто дам олиш кунлари кирларни ювиб-чайиб, дорга ёйиш учун қўлига тутқазтириб, атай қўшниларга келинни кир ювдиргандек, эпчил, уддабурро қилиб кўрсатганимни эслатгандим, ўзининг ишидан уялиб кетди. Менинг фикримча, қудаларни орасига низо тушмаслиги керак. Ўғил уйлантирган томон ҳар қандай ҳолатда ҳам келин томоннинг ҳурматини қилиши, оилавий муаммоларга келиннинг ота-онаси- қудаларни аралаштирмаслик мақсадга мувофиқ.
Ароқ солган совуқчилик
Тўйлар ва қуда-андаларнинг тўй мобайнидаги можаролари ҳақида кўп эшитганмиз,  қудалар билан боғлиқ машмашаларнинг гувоҳи бўлганмиз. Тўй бошида қудалар орасида туғилган зиддият оқибати ёш оилага салбий таъсир кўрсатиши ҳақида камдан кам  ота-оналар муоҳаза қиладилар. Шундай ҳолатга гувоҳ бўлгандик: Бухорода тўйнинг сарф-харажати, келинчакнинг сарпо-суруғи, дастурхон ноз-неъматлари куёв томоннинг бўйнида. Келин томон тўйдан аввал барча сарф-харажатларни куёв тарафга рўйхат қилиб беради. Хуллас, бир тўйда келин тарафнинг истаги тўла қондирилмаган экан, тўй куни қудалар жанжаллашиб қолишади. Арзимаган тўрт-бешта ароқ учун келиннинг отаси қуда бўлмишни ҳақорат қилиб, ҳатто қўл кўтаришгача боради. Тўйдан олдин қудалар орасига тушган совуқчилик ёш оиланинг беш ойда парокандаликка учрашига сабаб бўлди. Хўш, ўша беш-олтита ароқсиз тўй ўтмасмиди? Биров келиб “мен фалончининг тўйида ароқ ичмадим” деб шикоят қилармиди?...
—    Бизнинг Бухоро томонларда келинларнинг қадр-қиймати баланд,- дейди бухоролик муштарийимиз Абдулло ака Муҳаммаджонов- Лекин ҳозир айрим қизининг бахтини мол-давлатда кўрадиган ота-оналарнинг ҳисобига бу урфларимизга ҳам яхшигина путур етмоқда. Бизда ҳам пойтахтликларга ҳавас қилиб ота-оналар қизининг ортидан ҳафта давомида ош-овқат юбориб, куёвига уй, машиналар совға қилиб, ҳар байрамларда қудаларга совға-саломлар жўнатиб ҳам ўзларини, ҳам қизларини беқадр қилишни бошлаб юборишган. Хўроз ҳамма жойда бир қичқиряпти ҳозир. Қудачилик муносабатларининг емирилаётгани ҳамманинг кўнглидаги оғриғу лекин ҳеч ким бунинг асл моҳиятига эътибор бермаяпти. Ҳар қандай ҳолатда, қудалар бир-бирини ҳурмат- иззатини ўрнига қўиши, бир-бирини қадрлаши шарт. Лекин куёв томоннинг келин тарафга алоҳида эҳтиром кўрсатиши ўзига хос аҳамиятга эга.
Куёв томонни қирқ кун боқсанг...
—    Қудалар олдида қадр-қийматинг бўладими?- деб оғринади андижонлик муштарйимиз Анвар Абдураҳмонов.- Бизнинг Андижонда , умуман водий шаҳарларида қиз чиқариш мушкулдан мушкул савдо. Тўйнинг сарф-харажати, қизнинг сарпо-суруғи етмагандек, узатилган қизнинг ортидан қирқ кун “мазар”- ош-овқат, тансиқ егуликлар юбориш шарт. Биров бировдан кам бўлмасликка тиришади. Ҳатто қайнона-қайноталар, ўзини эркак санаган куёв ҳам қиз томондан келган тугунга кўз тикиб кун ўтказади. Қизи фарзандли бўлса ҳам ота-онага жабр, чақалоқни ақиқаси, сарпо-суруғи, қизи билан неварасини қирқ кун уйида сақлаш, бешик тўйи... Бизда қудачилик муносабатлари мутлақо одамийлик ҳисларига тўғри келмайди...
Келин томонга қудаларнинг иззат-икром кўрсатиши албатта ўша келинчакнинг юзи, унга кўрсатилаётган ҳурмат белгиси. Аксар ҳолларда қиз томоннинг куёвнинг яқинларига бош эгиб туриши ўғил уйлаган хонадон вакилларини ўзларини устун тутишларига сабаб бўлармикан, деб ўйланади киши. Тошкент шаҳри ва водий вилоятларидан қиз узатган ота-она куёв хонадонини ва ҳатто қариндош-уруғларини ҳам “оталиқ”қа олиши шарт. Тўй жараёнида куёв томон билан баб-баравар, баъзи ҳолларда ундан ҳам зиёд сарф-харажат қилган келин  томон, тўйдан сўнг ҳали овқат ташиб, ҳали йўқлову совға-салом қилиб қудаларга “ҳиммат”ли эканини кўрсатиш билан қизини беқадр қилади. Бир пайтлари воҳа аҳли бу шўришлардан фориғ эдилар. Аммо дабдабаю сохта обрў илинжидаги кишилар кашф қилган янгича урф-одатларнинг самараси ўлароқ, воҳаликларда ҳам келиннинг мол дунёсига қизиқиш кучайгани кўнгилни ғаш қилади.
“Ҳозир ҳамма шундай қиляпти”
—    Сиз айтаётган нарсаларга хотинларнинг нокерак, ортиқча харажат ва бош оғриғига сабаб бўладиган “орзу-ҳасавлар”и таъсир ўтказяпти, -дейди қашқадарёлик юртдошимиз Бахтиёр Зокиров.- “Шу харажатнинг нима кераги бор, камхаржроқ қила қолсак-чи” десангиз нақ ўн кун гапиравериб қулоқ миянгизни қўлингизга олиб беради. Топиб олган гаплари “Ҳозир ҳамма шундай қиляпти!” Барака топгур, ҳамма билан нима ишинг бор, кўрпангга қараб оёқ узатсанг-чи, десангиз нақ балога қоласиз. Хотинларнинг дастурхонию “бор товоғим, кел товоғим”и қудалар орасига раҳна солади. Менимча, асосий сабаб шу. Қолаверса, одамларнинг ўзига ҳам боғлиқ. Ҳозир ака-ука, опа-сингилларнинг меҳр-оқибати кўнгилдагидек эмасу, қудалардан нима кутасиз?..   
Бугун шапалоқдек мулоҳазаларимиз иншосида одамлар орасидаги бу иллатнинг туб моҳиятию сабабларини очиб беролмаган бўлишимиз мумкин. Аммо айтиш жоизки, қудачилик муносабатлари азал-азалдан ўзбек халқининг фахрига айланган  қадриятлар сирасига киради. Ахир, икки қуданинг меҳнати, машаққати, муҳаббати самарасида янги оила бунёд бўлади, яшнайди. Халқимиз эса оилани муқаддас билади. Оила манфаати ҳар қандай манфаатдан устун туради. Ана шу ҳақиқатни англаганлар ҳар қандай ҳолатда қудачилик муносабатларига дарз кеткизмасликка ҳаракат қиладилар.

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда 428 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ