Сайт бўлимлари
Ҳалокатдан ҳаловат излама, қизим...
- Подробности
- Бўлим: Долзарб мавзу
- Чиққан санаси: 17 Июль 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Имомнинг аҳли аёлига яхши муносабатда бўлиш, фарзандларига, айниқса қиз бола фарзандларга алоҳида меҳрли бўлиш ҳақида маърузасини эшитарканман, сени ўйлаб юрагим увишди, қизим. Сенга етарлича эътибор, меҳр беролмадимми, йиқилганингда суяб, қўлингдан ушлаб турғизиб, тўғри йўлга сололмадимми, деб хатоларимни мулоҳаза қилдим. Хаёлан қилган таҳлилим жараёнида сенинг бахтсизлигинг ва ҳозирги аянчли ҳолингга ўзимни айбдор қилдим, қизим. Ҳа, мен биринчи марта хатоларимга тик қараб, биринчи марта оиламиздаги ахлоқий таназзул ва шармисорлик тавқида ўзимни айбдорлигимни тан олдим. Қизим, мен аввал бошидан, йигитлик пайтим, уйланиш ёшидалигимдаёқ хатолар ботқоғига қадам қўйган эканман.
Онангни ёқтириб қолиб уйдагиларга “фақат шу қизга уйланман” деб оёқ тираб туриб олганимда, раҳматли буванг- отам “Биз сен айтган қизни сўраб-суриштирдик, отасизликда ўсган экан. Бунинг устига онаси бегона эркаклар билан гап-сўз бўлган экан” деб, онангга уйланишимга қаттиқ қаршилик қилдилар. “Ўзимни ўлдираман, уйдан кетаман, менга ундан бошқаси керакмас”лардан ташкил топган жанжал тўполонларимнинг охири онангга уйланишим билан тугади. Ўзимда йўқ хурсанд эдим. Онанг ҳам рисоладагидек келин бўлиб хонадонимизнинг хизматини қилиб юраверди. Вақт ўтгани сари “эски келин”га айланган онангнинг ҳар хил қилиқлари кўз оча бошлади. Биздан — мен ва буви-бувангдан сўрамай онасиникига кетиб қоладимией, баъзан кундузи бирровга бориб келишга рухсат олиб, кечалари ҳам қолиб кетарди. Хуллас, онангнинг итоатсизлиги сабабидан уйимиздан ҳаловат йўқолди. Бу орада аканг, сен ва сингилларинг туғилдингиз. Энди онангнинг камчиликларини рўкач қилиб ундан ажрашолмасдим. Нима бўлса пешонамдан кўравераман, деб яшайвердим. Мактабни тугатар-тугатмасингдан сени сўраб собиқ куёвингникидан совчилар келишганида, қизимнинг одоби, юриш-туриши дарров кўзга ташланибди, деб ич-ичимдан суюнгандим. Совчилар хушламай, истеҳзо билан гапиришганида ҳам ҳеч нарсани пайқамабман, сезмабман. Бир неча бор уларга “Қизим ҳали ёш, олдинда акаси бор. Акасини уйлантирмай синглисини узатмайман” деганимга қарамай келаётган совчиларнинг янаги келишида амакинг секин мени имлаб ташқарига чақирволди-да:
- Обрўйингни борида қизингни узатганинг маъқул... Қизинг буларнинг ўғли билан анчадан бери “ош-қатиқ” экан. Ҳатто қизинг тушмагур бир куни мактабдан чиқиб тўғри боланинг уйига қараб кетибди. Эркак қуда “укангизнинг қизини алдаб-сулдаб уйига жўнатиб юбордим, бор қизим, сени отангникидан обрў билан тўй қилиб, келин қилиб опкеламан, дедим” деганди...- деб карахт бўлиб қолган мени бошлашиб меҳмонлар олдига кирди-да, апил-тапил нон синдирди. Ҳар галгидек қизинг нималар қилиб юрибди, деб онангни қийин-қистовга олганим билан уруш-жанжал, бақир-чақирдан бошқа ҳеч қандай натижа чиқмади. Сени узатганимдан кейин сал бўлса ҳам кўнглим хотиржам тортди.“Эр уйида тинчиб кетади, ёш узатганим ҳам яхши бўлди, ҳарқалай гап-сўз, таъна- маломатлардан узоқроқ бўламан” деб ўйлардим. Бирин-кетин икки ўғлинг туғилиб, алоҳида ҳовли, уй-жой қилиб чиққанингда отангдан бахтли одам йўқ эди. Онанг кунда кунора “куёвингиз қизингизни урар экан, ҳар кунги уриш-жанжаллардан болалар ҳам безиб кетган, ажратиб олайлик” деб қулоқ-миямни қоқиб қўлимга берса ҳам гапларига парво қилмасдим. Аксинча:
- Қизингнинг рўзғорига аралашаверма! Ўшангга теккунича она сути оғзига келди, энди жимгина яшайверсин! Умр савдоси сен билан қизингга мол савдоси эмас. Ўртада иккита бола бор. Сен қизингни ўзингга ўхшатдинг. Ўзинг ҳам рўзғорга, турмушга бош эгишинг қийин бўлганди. Ҳатто ҳозиргача эрни эр ўрнида кўрмайсан. Оилага жиддий қарамайсан. Қизинг ҳам сенда кўрганларини, сендан ўрганганларини ўз ҳаётида ишлатяпти. Сен унинг миясини заҳарлаб қўйгансан. Бунақа гапларинг билан ҳамманинг асабини бузиб юришни бас қилиб, қизингга насиҳат қил, эрини ҳурмат қилишни, фарзандларига яхши қараб, хонадонини гуллатишни уқтир. Оилага енгил қараб бўлмайди, айниқса, фарзандлар бўлса,-деб онангни жеркиб ташлардим. Афсуски, онангнинг акс таъсири сенга анчагина босим ўтказиб қўйган экан...
Эринг урганини баҳона қилиб, иккита болангни ташлаб уйга қайтганингда “бир –икки кун аразлаб юрадию, қайтади, ахир болаларисиз бу ерда қандай кўзи қияди” деб ўйлагандим. Аммо қайнотангни, эринг ва қайнонангнинг келиши, даҳанаки тортишувларда сенга қўйилган айблар... ўшанда биринчи марта қиз фарзандим борлигига афсусланиб кетганман, қизим.
- Катта келинимнинг тилла зираги йўқолди,- деб гап бошлади қайнотанг афсусланганнамо,- ўша матоҳ қизингизнинг тахмонида яширилгани ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган эди. Тўрт кун бутун бошли хонадон битта тилла зиракни излаб қақшадик. Бир пайт куёвингиз ерпарчин бўлиб муштида бир нарса кўтариб келганча, янгасига тутқазди...
- Авваллари ҳам, алоҳида бўлиб чиқмасимиздан олдин уйда майда ўғриликлар бўлиб турар, йўқолган буюм ва егуликларнинг кўпи уйимиздан чиқарди,- деб бошини қуйи солганча эринг гапга аралашди. Ўша пайтда ер ёрилсаю, ерга кириб кетсам, уларнинг гапларини эшитгандан кўра қаро ерга чўкканим яхши эди, қизим...
“Эримникига қайтмайман”, деган қатъий қарорда туриб олдинг. Сенга кучим етмади. Жуда яхши билиб тургандим, сен ўғриликларинг ошкор бўлгани учун, ўша ўғирлаган матоҳинг- овсинингнинг зираги сеникидан топилганига шарманда бўлганинг учун ҳам оилангни тиклашдан чўчиётгандинг. Ажрашдинг. Ҳеч уялмай икки норасида, ҳали ўзини ўзи эпломайдиган болакайларни отасига ташлаб келдинг. Наҳотки, менинг зурриёдим шунчалик шафқатсиз, бераҳм, ҳатто оналик туйғусидан бебаҳра аёл бўлиб улғайган бўлса?..
Ундан кейин... Эҳ, ундан кейинги воқеаларни ўйлашга уяламан. Эринг билан ажрашиб, бизга қулоқ солмай Россияга кетворганинг, икки йилу етти ой дом-дарак, хат-хабарсиз кетганинг ва... Ва бир куни қўлингда чақалоқ билан кириб келганинг...
Ҳануз сен шу йўлдасан. Баъзан, чақалоғи билан эшикдан кириб келганида уйдан қувиб, “оқ қилдим сени, энди бу уйга остона ҳатлаб келмайсан!” деб ҳайдаб солмаганимда, хатоларинг устига устма –уст хато қилишингга йўл қўймаганимда, балки сен ёмон йўлларга кириб кетмаган, бу нопок ботқоққа ботмаган бўларми эдинг, деган ўйлар чангалида ўртанаман...
... Қизим, мени кечир... Сенга яхши тарбия беролмаганим, меҳрибон, яхши ота бўлолмаганим учун. Бадбахт отангни кечир, болам, мен ўшанда қайсарлик қилиб онангга уйланмаганимда, катталарнинг гапларига қулоқ осиб, отасизликда, анчайин эркинликда ўсган, онасининг бегона эркаклар билан муносабатларини кўриб, кўзи қотиб, бундай нарсаларни уят, ор деб билмайдиган онангга уйланганим учун. Аввал бошдан оилага енгил қараганим, уйланаётган қизимнинг насл-насабига, айниқса, онасининг феъл-атворига аҳамият бермаганим учун, кечир. Қолаверса, сенинг тарбиянгда қаттиққўл бўлмаганим, қиз бола тарбияси деганда фақат уни ўстириб, турмушга узатиш деб тушунганим учун. Ҳартугул, сингилларинг борган жойида тиниб-тинчишади, деб умид қиламан. Аммо кўксимдаги ДАРДим, АФСУСим ва қиёматга қадар кўнглимни тарк этмас АРМОНим сен, сенинг тақдиринг. Ибодатларимда Аллоҳдан ёлвориб сенга тавфиқ, инсоф ва иймон сўрайман. Болам, қарғишларимни қайтиб олдим, сени қарғаганим- ўзимни лаънатлаганим экан, жон қизим. Энди сени дуо қиламан, илоҳим, мана шу ботган ботқоғингдан ўзинг ироданг билан чиқиб кетишингни Худодан илтижо қилиб сўрайман. Орқангга қайт, бу ҳалокатдан ҳаловат топаман деб ўйлама, она қизим... Бир куни қабрим устида надомат билан кўз ёш тўкма, номусга чидолмаган, шармисорлик азобида ўртанган отам деб йиғлама, қизим. Тўғри йўлга қайт, ҳаромдан қайтган кунингни кўриб, ўлсам беармон кетардим, қизим...
Отанинг изтиробларини ФАРЗОНА оққа кўчирди
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 378 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар