1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Очкўз қайноналар зулми

Насиб  этса муборак Рамазон Ҳайити айёмини қувонч ва шодлик билан қаршилаш арафасида турибмиз. Арафа ва Ҳайит кунлари ҳамма хонадонларда турли пишириқ ва ширинликлар тайёрланади, дастурхонга палов тортилиб, қўни-қўшнилар бир-бирларини муборак айём билан қутлаб, ўзларига ёндош хонадонларга пишириқлар, таомлар чиқарадилар. Истиқлол шарофати билан юртимизда  Ҳайит айёмлари ўзгача шукуҳда ўтказиладиган бўлди. Юртдошларимиз ҳайит намозини адо этгач, эҳтиёжмандларга садақа улашадилар. Қабристонларга бориб марҳумлар ёд этилади, уларнинг руҳи покларига тиловатлар қилинади. Кексалар, бетобу беморлар ҳолидан хабар олинади. Айрим ҳудудларда эса қиз-аёллар янги тушган келинчакларни бориб кўрадилар. Умуман олганда ҳайит айёмлари инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат мустаҳкамлигининг амалий намунаси саналади.
Аммо... бу қутлуғ айём юртимизнинг ҳар бир вилоятида ўзига хос урф-одатлар билан нишонланадики, айрим ҳудудларда яшовчи шу йили қиз чиқарган ота-оналар ҳайит деса юраги увишиб,  байрамни одамга ўхшаб нишонлаёлмайди. Улар ҳайит арафасида куёв томонга егулик ва пишириқлар, ҳўл ва қуруқ мевалар, ширмой нону патирларга тўла тоғораю саватлар, келин-куёв, қуда- андаларга қўша-қўша сарпо-суруқлар жўнатишлари лозим.  Қиз туғиб- ўстириб, боқиб- тарбиялаб, керак бўлса ўқитиб бирор касб ё ҳунар ўргатиб узатган ота- она

Ҳайитдаги зулм

Сабабидан анча вақт ўзига келолмай юради.
Ислом таълимотининг, мусулмончиликнинг асосий қоидаларидан бири — ҳақиқий мўминнинг бировга озори етмаслиги, биродарига зулм қилмаслиги ва қуюшқондан чиқмаслиги.  Биродарлар, тоат-ибодат қилиб Аллоҳга яқин бўлмоқликни, тақводорлар сафидан жой олмоқликни истаймиз. Хўш, амалдаги ишларимиз ҳам ҳақиқий мўмин-мусулмон бажарадиган солиҳ амаллар сирасига кирадими? Аллоҳ ва унинг бандалари олдида мусулмонман деётганимизда ичимиздаги раҳмондан уялмаймизми? Йўқ , минг афсуски, ҳар сафар эмас. Аксар ҳолларда, биз мусулмончилик амалларидан ваъз ўқиймизу аслида қилғиликларимиз уялгулик!
Башарти сиз эътиқодингиз билан, мусулмонлик амалларини тўла-тўкис адо этаяпман деб ўзингизни хотиржам тутаётган бўлсангизу бизнинг аччиқ мулоҳазаларимиз дилингизни хира қилиб, оғир ботаётган бўлса, ажаб эмас. Аммо биродар, атрофингизда юз бераётган ноҳақликлар, мусулмонликка тўғри келмайдиган ишлар сизни бефарқ қолдираётган бўлса, бир гала бекорчи, кўзию нафси оч хотинлар кашф этган удумларнинг томошабини бўлиб, керак бўлса ўзингиз ҳам қатнашчиси бўлиб ўтирган бўлсангиз, қандай қилиб эътиқодингиз ва иймонингиз олдида керилишингиз мумкин? Бу аҳволда жимгина ўтириб қорнимиз ташвишини қилсак сизу бизнинг комил инсон, ҳақиқий мўъмин бандалигимиздан не маъни?!..
Шундай қилиб, ҳайитнинг ҳайитлиги келин томондан келадиган тоғораю саватлар билан ўлчанадиган хонадонларда бу муборак айём кунлари тавбаларга бел боғлаб, савоб олиш билан эмас, гуноҳларга гуноҳ қўшиш билан ўтказилади.
—    Қайнонам ҳайит куни ота-онам юбориши керак бўлган сарполар рўйхатини қилиб, тоғораю саватларга қилиниши керак бўлган егулик ва пишириқларни рақамлаб қўлимга тутқазди.- Яқиндагина узатилган жамоадошимиз тушкун кайфиятда.- Тўйимиз ўтганига энди уч ой бўлди,  улар айтган кийим-бошларга эҳтиёжимиз йўқ. Бунинг устига ота-онам мебелу сарполар учун қарз кўтариб тўй қилишганди, уларга қайнонамнинг буйруғини қандай етказаман? Куёвимга маслаҳат солсам, “Хотинларнинг ишига аралаштирма мени” деб гапни калта қилди...
—    Ота-онам ўтган ҳайитда келинлик уйимга ҳайитлик юбориш учун унча-мунча чиқим қилишмади, -дейди қўшни келинчак куюниб. –  Уларнинг ўзи емай, киймай йиққанлари ҳисобига  юборилган тансиқ таомлари егуликлар, мева ва ширинликлар маҳалла-куйга тарқатилиб юборилди. Бир тишлам-ярим тишлам бўлиб, дастурхонда қолиб кетган емакларнинг ўзи икки тоғора бўлди... Ота-онамнинг меҳнатларига юрагим ачишди. Шунга қарамай, қайнонамнинг ҳайитликдан кўнгиллари тўлмади...

Молпараст куёвлар шарт қўйса...

Мана бу келинчакнинг изтироблари эса юқоридагилардан ҳам ўтиб тушди:
—    Қайнонам ҳайит куни ота-онам юборган ҳайитликларни кўриб тозза жанжал кўтардилар. “Ўғлимга урфдан қолган жемпердан қилишибди, кўйлаги ҳам турецкий эмас. Ҳамма куёвлар ҳозир турецкий кўйлак кияпти. Палтоси ҳам асл эмас экан. Ҳайитда мени қўни-қўшнилар олдида уялтиришдими, қизларини олиб кетишсин” деб дунёни бошларига кўтардилар. Нажот истаб эримга қарадим. Ҳартугул, “қўйинг онажон, менга кийим керак бўлса ўзим сотиб олиб кияман, қайнона-қайнотамга кийинтиринг деб шарт қўймайман” дейдими, деб умидлангандим. Қайда?!  Ҳозирги эркаклар ҳам молпараст бўлиб кетганми, дейман. Куёвим ҳам қовоғини ўйиб: “Ҳайитда куёвига машина, уй совға қилаётганлар бор, ота-онанг арзимаган латта-путтаю, ош-овқат билан қутилишяптику” деб тўнғилласа борми? Аламдан йиғлаворай дедим. Мен бадавлат оиланинг бойвачча малика қизи  эмасман. Кўриб-билиб келин қилишганди. Бу гапларни онамга қандай айтаман? Уларнинг қон босимлари бор. Ҳали узатилмаган синглим билан, уйланиши керак бўлган иккита укам бор. Қайнонам эса бу нарсаларни хаёлига ҳам келтирмайдилар...
Куёв томонга ҳайитлик юбориш учун  бир маросимнинг харажати кетади. Юртимиз аҳолисининг кўп қисми ўрта ҳол ва маош билан кун кечиришини ҳисобга олсак, бу ҳолат юртдошларимизга қанчалик мушкулликлар туғдираётгани аён бўлади.
Тегишли ташкилотлар томонидан хотинлар кашф қилган бемаъни, бефойда удумларни чеклаш борасида кенг оммага тушунтириш, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бориляпти. Аммо натижа кўнгилдагидек эмас. Аксинча, ҳар ҳайитда, ҳар байрам ёки тўй-маросимда  ҳар бир хонадон томонидан янгича одат расмга киряпти.  Бу ерда яна гап кишиларнинг маънавий даражаси, ақл-заковати ва нечоғли иймон-эътиқодли эканига бориб тақаляпти. Шундай эмасми?

Қизларни беқадр қилманг!

Кўпчилик “ҳозир қизларнинг қадри тушиб кетди” деб нолийди. Қизларни ким беқадр қиляпти? Куёв томоннинг  фақат бойлигу мол –дунёдан иборат “довруғ”ига мафтун бўлиб, куёв бўлмишнинг, қуда-андаларининг маънавий олами, фаҳм-фаросатига эътибор бермай, “қизинг бўлса эрга беру қутул балосидан” деган шармисорона ақидага амал қилаётган, куёв тарафнинг барча шартларини, буйруғу истакларини сўзсиз бажараётган ота-оналар эмасми?! Ёинки  бўйи ўсмай кўнгли  “ўсиб”  “иномарка”ларда юрадиган йигитларга сузилиб, йигит “ўраш”ни қойиллатадиган, ҳаттоки йигит аталмиш нусханинг телефонига пул тушириб қўйиб кечалари тинмай пичирлашиб чиқадиган, ўша йигитга тегиб келин бўлгач, оёқ остидаги хору хасдек иззат кўрмайдиган қизларнинг ўзи ўзини беқадр қилмаяптими, азизим?!
“Уйланувчи киши келиннинг ашёларини сўраб-суриштирдими, билингки у ўғридир”, дейдилар Суфёни Саврий.  Бу гап айни бугунги кун куёвлари ҳақида айтилган экан, дедим жумлага кўзим тушибоқ. Чиндан ҳам орамизда бу тахлит ўғрилар кам эмас-да. Қачондир бир йигит ёнидаги шеригига оғзининг таноби қочиб келинчагининг мебели, сарпо-суруқлари ҳақида гапира туриб, “Мен айтган мебелдан олиб келишибди” деб фахрланганини кўриб асабларим қақшаб кетганди.
Афсуски бундай куёвларга “Сен молпарастсан, сенда эркаклик ғурури йўқ”  деб биров маломат қилмаяпти.  Ҳатто қизининг кўзи ёриса ҳам ота-она балогардон, куёв томон “айбдор”  келин томонга қош чимириб, туғруқхона харажатларини эслатиб тураверишади. Шармандалик! Уят!
Пайғамбар (с.а.в) шундай марҳамат қиладилар: “Никоҳ нозик масаладир. Сизлардан бирингиз қизини қайга бераётганини қарасин”. Афсуски бугунга келиб аксарият қиз узатаётганлар учун қизини кимга бераётгани эмас, ЭРГА бераётгани муҳим бўлиб қолди!
Шукрки, орамизда озгина, бармоқ билан санарли бўлса-да оқила, иймонли,

Кўзи тўқ қайноналар бор экан!

—    Қайнонам, “қудамларга айтинг, ўзи яқинда тўйдан чиқдилар, ҳайитлик деб овора бўлмасинлар” деганларида ҳайратдан қотиб қолдим,-- дейди кўринишидан талабага ўхшайдиган келинчак ёнидаги дугонасига қараб.- Мени синаяптилармикан, деб “йўқ ойижон, Худо хохласа, ҳайитликни яхшилаб ўтказадилар” десам, қайнонам қошларини чимириб, “керак эмас деяпман. Ўзаро ўтказиб қўя қоламиз, оворагарчиликнинг кераги йўқ, дўппидеккина ош дамлаб дастурхон ёзиб қўя қоламиз. Ўзи бир қорин бўлса”дедилар. Онамга айтгандим, хурсандликларидан суюниб кетдилар. Худога шукр, қайнонам тушунган, кўзи тўқ аёл эканлар. Бу борада омадим чопган экан...
Индаллога келсак, дўстим, ҳайит — меҳр-шафқат, оқибат ва мурувват айёми. Биз бу қутлуғ айёмда мантиқсиз удумлар, кўзи оч, молпараст қайнонаю куёвлар, келинининг ота-онаси минг бир машаққат билан, айрим ҳолларда қарз –қаволага ботиб қизининг келинлик уйига юбораган ҳайитлигидан қорин тўйдираётган  бебурд қайноталарга “Кўзингизни очинг, мусулмон киши мўмин биродарига зулм қилмаслиги, унга озор етказмаслиги даркор. Шу ош-овқату сарпо-суруқларсиз ҳам кунингиз ўтади, аммо юзқаролик, шармандалик ҳадеганда ўтиб кетмайди. Ҳайитни алам ва хавотир билан кутаётган қудаларингизга қилган жабрингизнинг жафоси кун келиб ўзингизга минг чандон ортиғи билан қайтиши муқаррар” демоқчимиз.
Нафснинг хоҳиш-истакларига қўйиб берсангиз нималарни истамайди?! Тоат-ибодатнинг, Аллоҳга яқин бўлишликнинг асосий қоидаси – нафсни жиловлаш эмасми? Мулоҳаза қилинг биродар, биз нафсимизни тийиш ва хайрли амалларимизни кўпайтириш учун ўттиз кун рўза тутмадикми?..

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда 836 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ