1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

КЎНГИЛХУШЛИКМИ Ё КЎНГИЛ ҒАШЛИК? ёхуд кўпхотинлилик муаммоларига бир назар

Айрим аёллар учун кундошлик бир бало бўлса, бошқа бири учун ўз бахти учун кураш, оналик ва рафиқалик роҳатини туйиш имконидир. “Кундошлик одатда биринчи хотинга изтироб, алам, ташвиш ва можаролар келтирса, иккинчисига ўз оиласини тиклаш, бахтини топишдаги ягона йўлдир”, деган фикрлар ҳам бор. Одамлар орасида бу муаммо мавжуд экан, унинг ечимини топиш, ҳеч бўлмаганда бу борада фикр юритиш, унинг сабабларини ўрганиш эҳтиёжи ҳам туғилади. Ёзувчи Аҳмад Муҳаммад Турсуннинг “Ҳаёт сабоқлари” туркуми остида чоп эттираётган навбатдаги китоби кўпхотинлилик муаммоларини тадқиқ этишдаги  холис бир уринишидир. “Холис” сўзига алоҳида урғу беришилишининг сабабига келсак, ёзувчи бунда муаммо иштирокчилари бўлган учликнинг (эр, хотин, иккинчи-учинчи хотин) бирортасига ҳам ён босмай ёки бирортасини айбламай, имкон қадар ўртада туриб, холис фикр юритишга ҳаракат қилган.

КУНДОШЛИК «БАЛО»МИ?
(СЎЗБОШИ ЎРНИДА)

Яқинда бир танишим ҳасрат қилиб қолди: "Қизимни турмушга узатган эдим, кўп ўтмай эри билан муросаси келмай қолиб, бир фарзанди билан уйимизга қайтиб келди. Ўғлингизнинг турмуши бузилса, йўли осон экан: бирор келин топиб, дарров уйлатиб қўяркансиз. Аммо қизингизнинг оиласи бузилса, ғавғонинг каттаси ўшанда бошланар экан. Уйимизда юратурсин, десам, ҳар куни бир машмаша: ҳали келин билан терслашиб қолади, гоҳ боламни сиғдирмаяпсизлар, деб кўз ёши қилади, дам "тенгимни топиб бермагансизлар", деб бизга таъна қилади. Хулласи, ҳамма нарсадан ғишава чиқаради.
Бирор тенгини топиб узатиб юборай десам, ҳеч муносиби чиқмаяпти. Ҳозир йигитлар учинчи марта уйланаётган бўлса ҳам, келинликка қиз бола топинглар, деяётган эмиш. Бир-икки ердан келган совчилар эса иккинчи хотинликка сўраяпти. Саккиз ойдан буён бошимиз қотган. Онаси қизининг юрагига бундай қўл солиб кўрса, "сизларга боқиманда бўлиб яшагандан иккинчи хотин бўлсам нима қипти", деганмиш. Эр-хотин бир қарорга келолмай қийналиб кетдик. Иккинчи хотинликка берайлик, десак, кундошлик балосини ўзингиз тушунасиз. Шунга нима маслаҳат берасиз?".
Мана буниси эса ҳамшаҳар бир аёлнинг фиғони: "Эрим яшшамагур, мени алдаб-сулдаб, иккинчисига уйланиб олган. Бошда бу нарса қизиқ туюлиб, уйланса-уйланар, деб ўзимга тасалли бериб юраверибман. Аммо кун ўтгани сайин кундошимга бўлган рашк, алам олови умуман тинчлик бермай қўйди. Аъзойи-баданимга гўё ўт тушган, ҳеч нарса билан ўчира олмаяпман. Уч-тўрт марта ўша манжалақиси билан урушиб, сочини юлиб келдим. Бундан фақат ўзимга зарар бўлди, эрим "мени бутун маҳаллага шарманда қилдинг" деб ғазаб отига миндию, уйимизга келмай қўйди. Ҳозир эрданам қуруқ қолиб, бошимни қайларга уришни билмай юрибман…"
Дўстларимиздан бири ярим йил олдин оиласини иккита қилди. Бошда унинг мақтанишларига барча улфатлари ҳавас қилиб юришди. Эмишки, унисиникида чинакам роҳат-фароғат топган бўлса, бунисиникида тайёрланган мазали таомлар ҳеч қайда йўқмиш. Биринчи хотиннинг камчиликларини иккинчиси тўлдирган эмиш. Иккинчисига уйланганидан бери биринчиси ҳам ҳурмат-эътиборни ҳар қачонгидан ошириб юборган эмиш. Хулласи, дўстимиз ҳозиргача кўрмаган оромини, бахтини топганидан боши осмонда эди. Аммо нима жин урибдию, у иккала хотинини бирга саёҳатга олиб борибди. Ҳамма машмаша шундан бошланибди. Оромгоҳда икки кундош илк бор "тўқнашиб", жанжални роса қизитишибди. Шундан бери дўстимиз бечоранинг тинчи бузилган, турмуши оғуга айланган. Ғишава-жанжаллардан тўйиб кетганидан "иккаласининг ҳам жавобини бериб юбориб, янгисига уйлансаммикин?" деб режа тузиб юрибди.
Ҳикоя қилаётганларимиз бугун жамиятда анча-мунча "илдиз отишга" улгурган "икки (кўп) хотинлилик муаммоси"нинг баъзи бир кўринишлари, холос. Нега шундай? Нима учун бу муаммо азалдан жамиятлар тинчи ва оромини бузиб келяпти?
Олдиндан огоҳлантириб қўяй: ушбу сатрлар муаллифининг кўпхотинлилик мавзуига қўл уришдан муроди – бу нарсага асло ҳаммани баравар тарғиб қилиш эмас. Чунки қўлидан келадими-келмайдими,   агар ҳамма бу ишга баравар киришгудай бўлса, ахлоқ низомига путур етган, оилалар парокандаликка юз тутган ва жамият осойишталигига завол етган бўлур эди. Эркакларнинг бир ёки тўрттагача уйланишига мутлақо қарши чиқиб, бу ишни қоралашга ҳам ҳаққим йўқ: чунки бу илоҳий амрга қарши чиқиш, Қуръоннинг ҳукмини инкор қилишга айланиб қолган бўлур эди. Ягона мақсад шуки, бу ҳолат жамиятларда мавжуд экан, унинг туб моҳиятига ўқувчи диққатини жалб қилиш, бу ҳақда холис фикр юритиш ва шу масаланинг жамият барқарорлиги ва осойишталигини таъминлашдаги аҳамиятини ўрганишдир.
Энди асосий мавзуга ўтсак: бу тўғрида гап очилгудай бўлса, ҳар бир кишининг калласига энг олдин қадимги подшоҳларнинг канизакка тўла ҳарамларию ёки “Шум бола” филмида тасвирланган Чувалачидаги кенжа хотининикида “мазза қилиб” яшаётган бой ҳақидаги ширин хаёллар келади.  Ёки шу мавзуда гап очилгудай бўлса, кўпчиликнинг миясида “Нега эркаклар битта хотин билан кифояланмай, улар сонини кўпайтиришга ҳаракат қилади?” деган савол ҳам  пайдо бўлаверади. Ҳатто айрим кишилар наздида кўпхотинлилик қаттиқ ахлоқсизлик, шариат ҳаром қилган гуноҳ иш каби ўта айб нарса саналадиган бўлиб қолган. 
Аслида бу нарса одамлар тасаввур қилаётганидай, эркакларнинг “ҳаддан ошиши” ёки “нафсининг сўзига кириши” ҳам эмас. Кўп хотинлилик мавжуд экан, жуда кўп турмуш қуролмаган, оила ва оналик бахтидан мосуво ўтаётган аёллар ҳаромга юриб кетишдан тийилиб, кемтикроқ бўлса ҳам ўз бахтларини топишяпти. Яна ҳақиқатан ҳам “ҳирсини жиловлашга қодир бўлмаган” эркаклар иккинчи хотинга уйланиш орқали зино, бузуқлик каби иллатлардан қутулиб қолишяпти. Бу эса, ўз-ўзидан равшанки, жамиятнинг поклиги ва тозаришига, оилалар барқарорлигига ижобий таъсир ўтказмасдан қолмайди.
Қолаверса, эркакларнинг “албатта иккинчисига уйланиш” ҳақидаги орзулари шунчаки кўнгилхуши ёки эҳтиросини тия олмаслиги эмас. Бунинг сабабини инсон фитратидан, яратилиш ҳикматидан ахтариш тўғрироқ бўлур эди. Чунки Парвардигор эркак зотини аёлларга ўч, бир неча хотинга уйланишга мойил қилиб яратган. Шунга кўра, икки ёки уч хотин олишни орзу қилмаган, ҳеч бўлмаса буни пинҳона дилидан ўтказмаган бирор эркакни топиш қийин.
Айни пайтда аёлларни бир эрга садоқатли, фақат “ўзиникини севиш” туйғуси билан яратган. Шунинг учун бирор аёлнинг кундошга кўникиб кетганини, устига бошқа хотин олинишига рози бўлганини камдан-кам учратасиз. Агар битта-яримта аёл кундош билан ошини баҳам кўришга қаршилик қилмаган бўлса ҳам, буни ё эридан ажраб қолмаслик учун ё шароит тақозосидан келиб чиқиб оқилона йўл тутиш мақсадида қилган.
Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор: айрим аёллар учун кундошлик бир бало бўлса, бошқа бири учун ўз бахти учун кураш, оналик ва рафиқалик роҳатини туйиш тимсолидир. Кундошлик одатда биринчи хотинга изтироб, алам, ташвиш ва можаролар келтирса, иккинчисига ўз оиласини тиклаш, бахтини топишдаги ягона йўлдир, деган фикрлар ҳам юради. Одамлар орасида бу муаммо мавжуд экан, унинг ечимини топиш, ҳеч бўлмаганда бу борада фикр юритиш, унинг сабабларини ўрганиш эҳтиёжи ҳам туғилади. Ушбу ёзувларимиз шу йўлдаги холис бир уринишдир. “Холис” сўзига алоҳида урғу беришимизнинг сабабига келсак, бунда биз учликнинг (эр, хотин, иккинчи хотин) бирортасига ҳам ён босмай ёки бирортасини айбламай, имкон қадар ўртада туриб холис фикр юритишга ҳаракат қилдик.

ТАРИХГА БИР НАЗАР…

Инсоният тарихига назар ташласангиз, бу муаммо фақат ўзбеклар ёки мусулмонлар орасида бўлмаганини кўрасиз: кўпхотинлилик азалдан инсонлар жамиятида чуқур илдиз отган воқеълик бўлган. Яҳудийлик, ҳиндукийлик ва насронийлик динининг кўпгина мазҳабларида  кўпхотинлиликка рухсат берилибгина қолмай, бу иш рағбатлантирилган ҳам. Масалан, ҳиндукийлик динига кўра, насаби паст ва камбағал тоифадаги одамларга кўп хотинга уйланишга рухсат берилмагани ҳолда воисийлар тоифасига иккитадан, жангчилар кастасига 2-3 тадан, олийнасаб саналган браҳманларга эса тўрттагача хотин олишга ижозат берилган.
Қадимги Римда ҳам аёлларнинг бу борадаги қисмати яхши бўлмаган. Ҳар соҳада қадрсиз саналган ўша даврдаги Рим аёли қаторасига бир неча бор никоҳланиб, эрлар ўртасида қўлма-қўл қилинарди. Никоҳсиз муносабатлар одатий ҳолга айланганди. Катта ахлоқ муаллимлари зинони оддий иш, деб аташарди. Фаҳш ва эркин зино шунчалик тарқалдики, бунинг оқибатида Рим империяси ахлоқий ва маънавий таназзулга учраб, барбод бўлди.
 Тарихчилар бир неча аёлга уйланиш олдинги динларда оддий ҳолга айлангани ҳақида кўплаб мисоллар келтиришган. Бу ишдан ҳатто пайғамбарлар ҳам «четда туришмаган». Масалан, «Кўҳна Аҳд» китобига кўра, пайғамбар Довуд алайҳиссаломнинг олти хотини ва ўнлаб чўрилари бўлган. Яна бир пайғамбар Сулаймон алайҳиссаломнинг эса етти юз хотини ва уч юз чўриси бор эди. Иброҳим, Яъқуб, Исҳоқ алайҳиссалом каби пайғамбарларнинг ҳам бир нечтадан хотинлари бўлган.
Насронийлик динида кўп хотинга уйланиш асло чекланмаган. Уларнинг муқаддас китоби Инжилда ҳам кўпхотинлиликнинг кўплаб ҳодисалари ҳақида сўз юритилган. Амир Алининг ёзишича, “Турли даврлардаги насронийликнинг раҳбар руҳонийлари кўп хотинга никоҳланишда ҳеч қандай гуноҳ ёки ахлоққа зидлик йўқлигини таъкидлашган. Насронийлик черковининг улуғ руҳоний раҳнамоларидан авлиё Августиннинг айтишича, кўпхотинлилик қонунан тақиқланмаган мамлакатларда у жиноят саналмайди. Немис ислоҳотчилари, масалан, Лютер иккинчи, ҳатто учинчи никоҳни “қонуний” деб эълон қилган.
Римдаги илк насронийлик тарихининг гувоҳлик беришича, ўша пайтдаги императорлар ҳам кўпхотинлиликни қонуний деб ҳисоблашган. Масалан, император Валентин Иккинчи салтанатнинг барча фуқароларига бир нечтадан хотинга уйланишга рухсат берган ва бунга ўша даврнинг руҳонийлари қарши бўлишмаган. Бундан кейинги императорлар ҳам ҳамиша кўпхотинлиликни рағбатлантириб келишган.
Ислом келгунига қадар кўпхотинлилик қадимги барча халқлар ҳаётида оддий ҳодиса эди. Жуда кўп ҳукмдорларнинг хотинлари шунчалик кўп бўлганки, ҳатто улар саноғига етиш ҳам қийин бўлган. Қадимий рус қўлёзмаларида ёзилишича, княз Владимирнинг ҳар вилоят ва ўлкада бир нечадан хотини бўлган. Бундан ташқари, унинг саройида икки юз-уч юзлаб чўриси ҳам юрган. Шаҳватпараст княз бу билан ҳам қаноатланмай, саройига эрли аёлларни таклиф этиб, улар билан ишрат қилган, кўпгина қизларнинг иффатини топтаган.
Инсоният тарихидан маълумки, кўп хотинлилик Исломдан олдин, жоҳилият замонида кенг урф бўлган. Ўнтагача уйланиш одатий ҳол эди. Масалан, тарихчилар Чингизхоннинг мингтагача хотинга уйланганини  ёзишади. Ўрис подшоҳи Иван Грознийнинг тўққизта расмий хотини бўлган, ўнлаб канизаклар бу ҳисобга кирмайди. Оврупадаги ҳукмдорлар, аслзода ва бадавлат кишилар ҳам Иван Грознийдан қолишмаган. Дунёнинг ҳамма ерида, ҳатто жоҳилият замонидаги Араб жазирасида ҳам кишилар ўнталаб-йигирматалаб аёлга уйланишган.
Масалан, Имом Бухорийнинг ривоят қилишича, араблардан Ғайлон ибн Салама ас-Сақафийнинг мусулмон бўлишидан олдин ўнта хотини бўлган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом унга: "Улардан тўрттасини танлаб ол", деганлар. Умайра Асадий исмли бошқа бир арабнинг мусулмон бўлгунича саккизта хотини бор эди, у ҳам Пайғамбар алайҳиссалом кўрсатмаларига мувофиқ тўрттасини танлаб олган (Абу Довуд ривояти). Энг ёмони, жоҳилият пайтида эркаклар кўп уйланиш билан кифояланмай, чўриларини фоҳишаликка мажбурлаб, катта пул ишлашар эди.
 Имом Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилган саҳиҳ ҳадисларда келтирилишича, Исломдан олдинги пайтда арабларда бир неча хил никоҳ турлари бўлган. Биринчи никоҳда ҳозирги биздагига ўхшаб, бир киши ўзига маъқул бир хонадоннинг қизига совчи қўйган. Келишишса, маҳрини бериб ўша қизга ёки аёлга уйланган. Ўша пайтдаги арабларда яна никоҳнинг бошқа бир фосид тури ҳам бўлган.  Бир киши никоҳидаги хотинини у ҳайздан покланганидан сўнг бошқа бир насабдор ёки келишган бир эркакка ўзи бош бўлиб қўшган, яъни хотинидан ўша эркак билан жинсий алоқа қилишини талаб қилган. Мақсад, ўша бегона эркакдан чиройли ва қоматли насл орттириш бўлган. Бунда то аёлининг ҳомиласи аён бўлгунича эрнинг ўзи унга қўшилмай кутиб турган. Бу ярамас никоҳ “истибзоъ никоҳи” деб аталган.
 Никоҳнинг яна бир расво турида эса ўнтача эркак бир аёлникига қатнаб, ҳаммалари у билан яқинлик қилиб юришган. Аёл улардан ҳомиладор бўлиб қолса, туққанидан бир неча кун ўтказиб, ўзи билан яқинлик қилган эркакларнинг ҳаммасиникига одам жўнатган. Одатга кўра, уникига келишдан бирорта ҳам эркак бош торта олмаган. Ҳаммалари тўплангач, аёл улардан бирини танлаб, фарзанди ўшаники эканини билдирган ва бола ўша одамники бўлиб қолган.
 Никоҳнинг яна бир кўриниши бундай эди: саноқсиз эркаклар бир аёл билан қўшилишар эди. Аёл ўзиникига келган бирор эркакни қайтармас эди. Булар ҳозирдаги фоҳишалар каби бўлишган. Улар “касб”ларини билдириш учун уйларининг эшигига махсус байроқ ҳам илиб қўйишган. Хоҳлаган одам кириб, ишини битириб кетаверган. Фоҳиша ҳомиладор бўлиб қолиб туққудай бўлса, уникига кирган барча эркакларни тўплаб келишарди. Боланинг қиёфасига қараб отаси кимлигини аниқлайдиган алоҳида хос кишиларнинг тавсияси билан хотин эркаклардан бирини “туққан боласининг отаси” деб эълон қиларди. Боланинг насаби унга собит бўлар, у ўша одамнинг ўғли ёки қизи ҳисобланар, эркак ҳам бундан бош торта олмас эди. Охирзамон Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам элчи қилиб юборилгач, одамларнинг бугунги кундаги никоҳидан бошқа жоҳилиятнинг барча никоҳларини бекор қилдилар.
 Ўн беш аср муқаддам инсоният оила ва никоҳ борасида ана шундай ҳайвоний ишларга йўл қўйиб, ахлоқ низомларини ер билан яксон қилиб юрган эди. Шунча вақт ўтиб ҳам унинг ҳоли ўзгаргани йўқ. Бугун ҳам бузуқлик кўчаларида тентираб юрган, ўз хотинини қизғанмай бошқа бир эркакнинг қучоғига ташлаб қўйган, номаҳрам аёллар билан зино қилаётган ёки нафсига қул бўлиб иккинчи хотинга шунчаки кўнгилхушлик ва шаҳвоний истакни қондириш учунгина уйланиб, кўп ўтмай хотинини нафақасиз, қаровсиз қолдириб кетаётганлар ҳам учраб турибди. Инсонларни бу разолат ва бузуқликлардан фақат дингина, исломий ахлоққина қутқара олади. Одамлар Худодан қўрққанидагина фаҳш ва бузуқликлардан тийиладиган бўлади.
 Ўн тўққизинчи асрда кенг тарқалган «Исо Масиҳ Черкови сўнгги кун авлиёлари» оқимининг тарафдорлари (улар кўпроқ «мормонлар» деб аталади) бир неча хотин олишга очиқдан-очиқ даъват қилган насронийлик мазҳабларидан эди. Мормонлар «йўлбошчиси» ҳисобланган Жозеф Смит ўз таълимотида 1843 йилиёқ буни «абадий ҳаёт учун никоҳ» деб атади ва амалда кўпхотинлиликни қонунлаштириб берди. АҚШнинг 353 шаҳрида мормонлар жамоатини тузган руҳоний раҳбарлардан бири Бригхем Янгнинг ўзи 55 хотин билан никоҳдан ўтган. Унинг ўн олти хотини 57 фарзанд туғиб беришди. Бу «хотинбоз» руҳоний бир пайтлар ҳатто АҚШнинг Юта штати губернаторлигига ҳам сайланган эди.
Ғарб дунёсида содир бўлган “шаҳвоний инқилоблар”, черковнинг жамият ахлоқий ҳаётидан бутунлай четлаштирилиши, насронийлик ахлоқининг таназзулга учраши каби омиллар туфайли ишрат ва фаҳш ишларига кенг йўл очилди. Ҳеч ким зинони, бузуқликни айб санамайдиган бўлиб қолди. Деярли барча ғарб мамлакатларида қонуний кўпхотинлилик тақиқлангани ҳолда яширинича ёки ошкора фоҳишабозлик қилиш кундалик одатга айланди. Сиёсатдон, йирик сармоядор, банкир, машҳур санъаткор каби жамиятнинг баобрў “гуллари” ўзларига котиба, маслаҳатчи ёки ўринбосар сифатида ўйнаш тутадиган бўлишди. Машҳур инглиз исломшунос олими Тимоти Ж. Уинтер ёзганидай: «Айрим парламент аъзоларининг котибалари иккинчи хотинларидир... Илгари ҳеч қачон жамиятда эркак ва аёл ҳар куни аралашиб ишламаган ҳамда  шайтон йўлдан уриши ва хиёнат учун имкониятлар шу даражада кўпайиб кетмаган эди, бу ҳолни ахлоқсизлик тарафдори  бўлган  журналист ҳам, сиёсатчи ҳам ва ижтимоий стратег ҳам кўрмаслиги мумкин» («ХХ1 асрда Ислом». Тошкент, 2003 йил, 97-бет). Ғарб олимларининг ўзлари мусулмон дунёсидаги кўпхотинли оилаларга қараганда ғарб дунёсида никоҳсиз алоқаларнинг бир неча баравар кўплигини очиқ тан олиб ёзишяпти.
Америкалик антрополог олим, Рим католик черкови меросининг тадқиқотчиси Филипп Килбрайд шундай ёзади: “Ҳозирги Америка жамиятида қўйди-чиқдиларнинг кўплигига никоҳдан ташқари алоқаларнинг (яъни зинонинг) ҳаддан зиёд кўпайгани асосий сабабдир”. Килбрайднинг эътирофича, никоҳсиз алоқалардан кўпхотинлиликка ўтиш болалар томонидан эр-хотиннинг ажралишига қараганда яхшироқ қабул қилинар экан. “Болалар ота-оналарининг ажрашиб, оила барбод бўлишидан кўра оталарининг бошқа оила қуришини ва оила аъзоларини сонининг кўпайишини мақбул санашади”, деб ёзади олим.
Умуман олганда, ҳозир дунёнинг учдан биридаги халқ ва қабилаларда кўпхотинлиликка ижобий муносабатда бўлинади. Аммо уларда кўпхотинлиликнинг тарқалиш даражаси турличадир. Икки ёки уч хотинни бир неча болалари билан боқиш эрдан катта куч ва маблағ талаб қилади. Шунинг учун кўпчилик бир ёки икки хотин билан кифояланишни афзал кўрмоқда. Ғарбдаги машҳур университетлардан бирининг ижтимоий ва маданий антропология бўйича профессори Жозеф Жинет ёзганидай, “ҳатто кўпхотинлиликка расман рухсат берилган жамиятларда ҳам никоҳнинг бу турига эркаклардан бор-йўғи 10-20 фоизининггина ҳадди сиғяпти”.

ИСЛОМНИНГ КЎПХОТИНЛИЛИККА МУНОСАБАТИ

 Бошқа барча жабҳалардаги каби Ислом дини оила ва никоҳ масаласида ҳам илоҳий адолатни жорий этган, муаммоларни тўғри ислоҳ қилган диндир. Ислом динида тўрттагача хотинга уйланишга рухсат этилишининг жуда кўп ҳикматлари ва манфаатлари борки, буни бугунги кунимизда ҳамма жуда яхши англаб, тушуниб турибди. Аммо ҳамиша Исломга ва унинг қадриятларига душманлик кўзи билан қараб келган ғарб мафкураси бунда ҳам ғирромлик йўлига ўтиб, Исломга қарши курашда кўп хотин олишнинг “мудҳиш оқибатлари” билан қўрқитишда давом этиб келяпти. Аслида ҳақиқат қаерда?
Келинг, давримизнинг атоқли уламоларидан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг бу борадаги фикрларига мурожаат қилайлик: “Қадимги вақтда Ислом душманлари “бир эркакка тўрт хотин кифоя қилади” деган ҳукм учун, бу жуда оз-ку, деб туҳмат тошини отган эдилар. Бир кишига тўрттадан ортиқ аёлга уйланишни ман қилиш жабр ва зулм, ҳар ким хоҳлаганича аёлларга уйланиш имконига эга бўлиши керак, деб дод солган эдилар. Яна оғизларига нима келса, шуни айтиб вайсаган эдилар. Бир кишига тўрттадан ортиқча уйланишнинг ман қилиниши эркак киши жинсий жиҳатдан ҳар қандай кучли бўлганда ҳам бундан кўп хотин тутса адолат қила олмаслиги, аёлларнинг ҳақини поймол қилиши эътиборидандир.
Ҳозирги вақтда эса, Ислом душманлари “бир эркакка тўрт хотин кифоя қилади” деган ҳукм учун бу жуда кўп-ку, деб туҳмат тошини отмоқдалар. Ислом душманлари Исломнинг кўпхотинликка рухсат берганини шунчалик кўп туҳмат қилишганки, ҳатто дунёда кўпчилик Ислом деганда тўртта хотинга уйланишни тушуниб қолган. Баъзилар Ислом ҳақида ҳеч нарса билмаслиги мумкин, аммо Ислом тўртта хотинга уйланишга рухсат берганини яхши билади. Агар Ислом душманларининг бу масаладаги шовқин-суронларига эътибор бериладиган бўлса, худди Ислом фақат шу масаладан иборатга ўхшаб қолади. Улар Исломдан сўз очишлари биланоқ тўрт хотинлилик масаласига ёпишиб олишади. Гўё Ислом шариати мусулмон эркакларга тўрттадан хотин олишни фарз қилиб қўйгандек гап қилишади.
Бу ҳолат асрлар давомида душманлар томонидан Исломга қарши олиб борилган ташвиқотларнинг самарасидир. Бу тарғиботлар ҳатто ўзини мусулмон санаб юрган баъзи жоҳилларга ҳам таъсирини ўтказган.
Исломдаги кўпхотинлиликка рухсат берилишининг ҳикматлари қуйидагилар:
1. Кўпхотинлилик фақат Исломга хос эмас. Бу нарса дунёнинг ҳамма халқларида, ҳамма тузумларида бўлиб келган. Баъзиларида ҳозир ҳам бор. Африкада хотини нечта эканини билмай, санаб-санаб охирига ета олмаган қабила бошлиқларининг борлиги сир эмас. Насроний дини канисаси Африкада ўз динини тарқатишда биттадан ортиқ хотинга уйланишнинг ман қилингани ишга халал бераётганини эътиборга олиб, биттадан кўп хотинга уйланишга истисно тариқасида рухсат бергани ҳам сир эмас. Нима учун қадимдан бўлиб келаётган, ҳозирда ҳам мавжуд масала учун фақат Ислом танқид қилинади?!
2. Ислом кўпхотинлиликни янгидан чиқарган эмас, балки мавжуд бўлган тартибсиз, чегарасиз, зулм ва жабрдан иборат, хотинларнинг ҳеч бир ҳаққини риоя қилмайдиган ҳукмни тартибга солган, чегаралаган, адолат бўлишини, хотинларнинг барча ҳақлари риоя қилинишини йўлга қўйган. Биринчидан, аёллар сонининг тўрттадан ошмаслигини қатъиян тайин қилган. Тўрттадан ортиқ хотини борларга амр этиб, ортиқчаларига жавоб беришни йўлга қўйган.
Биттадан ортиқ хотин олиш учун хотинлар ўртасида адолатли бўлишини шарт қилиб қўйган. Кўп хотинли эрнинг хотинларига бир хилда нафақа, турар жой, муомала ва бирга ётишни таъмин қилишини шарт қилган. Агар шу шарт вужудга келмаса, биттадан ортиққа уйланишга рухсат берилмаган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани (олинг)», деган.
Имом Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Насаий ва Ибн Можалар ривоят қилишган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг иккита хотини бўлсаю, улардан бирига майл кўрсатса, қиёмат куни бир ёнбоши мойил–қийшайган ҳолида келур», деганлар.
3. Ислом оламшумул диндир. У ҳамма маконлар, ҳамма замонлар ва ҳамма одамларнинг динидир. Шунинг учун ҳамманинг эҳтиёжини, ҳамманинг табиати ва талабларини эътиборга олгандир. Ислом мижози суст, битта хотинни зўрға эплайдиган шимолликларнинг ҳам, мижози кучли, битта хотин билан сабр қила олмайдиган жанубликларнинг ҳам динидир.
Бугунги кунда мижози суст, бир хотинни ҳам эплай олмайдиган кишиларнинг Исломдаги кўпхотинликка қарши чиқаётгани ҳам шуни кўрсатади. Улар қўрқмаса ҳам бўлаверади. Ислом уларни кўп хотин олишга мажбур қилмайди. Бугунги кунда биттадан ортиқ хотинга уйланиш ҳаром, деган динлар, мижози кучли халқларни ўзига жалб қилиш учун кўпхотинликка истисно тариқасида рухсат бераётгани ҳам ўша динларнинг ботил, Исломнинг ҳақ эканини кўрсатмоқда.
Исломда бу нарса аввалдан ҳал қилиниб қўйган. Баъзи эркакларнинг шаҳвоний қуввати ўта кучли бўлади. Бир ёки икки аёл билан кифояланмайди. Бунинг устига аёл кишининг ҳайз кўриши, нифосли бўлиши, бемор бўлиши ва бошқа ҳолатлари бор. Ундоқ вақтларда шаҳвати кучли эр хотини кўп бўлмаса зинога бориши турган гапга айланади. Бир хотинни олиб қўйиб, бошқалар билан зино қилиб юрган яхшими ёки ҳалоллик, поклик, адолат, розилик йўли билан кўпхотинлик бўлганми? Албатта, ҳалоллик, поклик, адолат ва розилик яхши.
4. Эркаклар ва аёллар саноғидаги номутаносиблик ҳам кўпхотинлик низоми тўғри эканини кўрсатади. Ҳамма замон ва ҳамма маконларда аёллар эркаклардан кўп бўлиб келган, келмоқда ва келади ҳам. Қиёмат яқинлашганда эса, умуман кўпайиб кетиши муқаррар. Илмий изланишлар натижасига эътибор бериладиган бўлса, гўдаклар ўлими бўйича ўғил болалар ўлими қиз болалар ўлимидан кўпроқ. Иш, кўча ҳодисаларида ҳам асосан эркаклар ўлади. Урушларда ҳам эркакларга қирон келади. Доимо эркакларнинг ўртача умр кўриши аёлларнинг ўртача умр кўришидан оз бўлади.
Фараз қилайлик, бир жамиятда бир эркакка икки аёл тўғри келадиган бўлиб қолди, нима қилиш керак? Агар бир эркак бир хотинга уйланса ортиб қолган хотинлар нима қилади? Улар ҳам инсон, уларда ҳам жинсий майл бор, уни қондиришлари керак. Улар ҳам эрли аёллар эга бўладиган имтиёзларга эга бўлишга ҳақли. Аммо бунинг иложи қани? Эркаклар ҳаммаси банд, хотини бор. Бундай ҳолатда мазкур масалани ҳал этишнинг фаразий уч йўли бор.
Биринчи йўл: ҳаром иш тутиш. Жинсий эҳтиёжини қондириш учун зино қилади. Бола кўриш учун ҳароми бола орттиради. Эрли ва оилали бўлиш орзуси эса рўёбга чиқмай қолади.
Иккинчи йўл: бировнинг оиласини бузиб, хотинини талоқ қилдириб, ўзи тегиб олиш. Оқибатда бир оила бузилади. Бир хотин эридан, бахти-саодатидан, оиласидан маҳрум бўлади. Орадаги болалар тирик етим бўлади. Яна қанчадан-қанча муаммолар келиб чиқади.
Учинчи йўл: исломий йўл. Ҳалол-пок, рози-ризолик йўли билан иккинчи хотин бўлиш. Албатта, ўзини билган, заррача бўлса ҳам инсонийлиги бор одам учинчи йўл–исломий йўлни танлайди. Фақат шу йўлгина энг одил ва энг тўғри йўлдир.
5. Никоҳдаги аёлларнинг жисмоний ожизлиги.
Маълумки, инсон ҳаётида турли ҳолатлар бўлиб туради. Баъзи вақтларда бир муддат оилавий турмуш қилиб, фарзанд орттириб, сўнгра аёл киши оғир дардга чалиниб қолиши мумкин. У аёл эрига хотинлик хизматини қилишга умуман ярамайди. Эркак эса ёш, яшагиси, яна кўпроқ бола кўргиси келади. Бундай ҳолатда нима қилиш керак? Буни муолажа қилишнинг ҳам уч йўли бор.
Биринчи йўл: эр зино йўлига ўтиб, бошқа аёллар билан ҳаром-хариш юриши керак. Бу йўлнинг турган-битгани зарар экани ҳаммага маълум. Аввало, мазкур эркакнинг ўзи виждонан изтиробга тушади, иккиюзламачилик қилишга мажбур бўлади. Оиланинг қолган аъзолари ҳам тинчларини йўқотадилар. Орада жанжал чиқиб, оила парчаланиб кетади. Қолаверса, ҳар бир зинокор ўзи яшаб турган жамият учун катта мусибат, улкан зарар экани ҳаммага маълум. У туфайли жамият аъзоларининг ахлоқи бузилади, жамиятда турли касалликлар тарқайди ва бошқа зарарлар етади.
Иккинчи йўл: бемор аёлни талоқ қилиб, ҳайдаб, ўрнига бошқа хотин олиш. Бу номардлик бўлади. Бир муштипар аёлни ёшлигида, соғлигида олиб юриб, бемор бўлгани учун талоқ қилиш. Болаларини ҳам тирик етим қилиш. Орадаги оилавий ҳаётнинг ҳурмати йўқми? Болаларнинг ҳурмати йўқми?
Учинчи йўл: исломий йўл. Унда бемор аёл ва болалари билан бирга қолиб, улар билан аввалгидан ҳам яхши муносабатда бўлиб туриб, ҳалол йўл билан иккинчи хотинга уйланиш. Албатта, ўзининг қадрини билган, пок ҳаёт кечиришни хоҳлаган киши аввалги икки йўлни кескин рад этади ва учинчи йўл — исломий йўлни танлайди. Зотан, энг тўғри йўл ҳам шудир.
6. Фарзанд кўрмаслик масаласи. Яна ҳаётда тез-тез учраб турадиган масалалардан бири эру хотин оила қуриб, ўн йил ёки ундан ортиқ бирга яшаб ҳам фарзанд кўрмаслик ҳолатидир. Табиблар аёл кишида она бўлишлик имкони йўқ эканлигини аниқладилар, деб фараз қилайлик. Бундай ҳолатда келиб чиққан муаммони қандоқ ечилади? Шунча йил умид билан бирга яшаган, иссиқ-совуқни бирга татиган вафодор аёлни талоқ қилиб, бошқа аёлга уйланиши керакми? Ёки эркак ҳам имкони бўла туриб фарзандсиз ўтиши, ортида зурриёт қолдирмай бу дунёдан ўтмоғи лозимми?
Бу муаммони тўғри ҳал қилишнинг бирдан-бир йўли Ислом ҳукмини татбиқ қилишдир. Аввалги аёлни ҳам ўзи билан бирга олиб қолиб, розилик ва поклик йўли билан яна бир аёлга уйланиб, бахтли ҳаёт кечириб, фарзандли бўлиш. Ҳозирги кунда Исломнинг ушбу кўпхотинлилик ҳақидаги рухсатидан фойдаланмаслик оқибатида дунёда кўплаб муаммолар келиб чиқиб, газак олиб бормоқда. Зино, фаҳш ишлар ҳаддан ошиб, шу туфайли турли касалликлар, ижтимоий, ахлоқий муаммолар кенг тарқалмоқда.
Кўплаб оилаларнинг бузилишига ҳам шу рухсатдан фойдаланмаслик сабаб бўлмоқда. Кўпгина давлатларда аҳоли сони камайиб бормоқда. Ғайриислом миллатларнинг аёллари намойишлар ўтказиб ва бошқа турли йўллар билан кўпхотинлиликка рухсат беришни талаб қилмоқдалар. Кўпхотинлиликнинг ҳикматлари юқорида зикр қилинганлар билан тугаб қолмайди. Бунга ўхшаш ҳикматларни яна келтириш мумкин (“Ҳадис ва Ҳаёт”, 13-жилд).

ДУНЁДА КЎПХОТИНЛИЛИККА МУНОСАБАТ

Бугунги кунда оила ва никоҳ масаласида инсонлар ахлоқ қонунларидан шу қадар чиқиб кетишдики, уларни инсофга чақириш, қилмишларининг ёмонлигини тушунтириш унча-мунча аҳли донишнинг қўлидан келмай қолди. Ғарб оламининг оила, никоҳ ва фарзанд тарбияси борасидаги тушунчалари ва қарашлари деярли издан чиқиб бўлди. Исломнинг асл таълимотларидан чекинилган мусулмон ўлкаларда ҳам бу борада жуда ибрат бўлинаётгани йўқ. Бу ҳолат айниқса кўпхотинлилик масаласида яққол кўзга ташланиб қолмоқда.
Бир нарсани очиқ тан олиш керакки, жуда кўп мусулмон оилаларида эр ва унинг бир неча хотини ўртасида ҳеч қандай муаммо чиқмай, барчалари рисоладагидай умргузаронлик қилаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Уларда “иккинчи ёки учинчи хотин” масаласига кўп ҳам урғу берилмайди. Аксинча ораларида тасодифан юзага чиқиб қолувчи ихтилофларни ўзлари осонгина ечишади, унинг машмашасини кўчага чиқаришмайди. Чунки бундай оилаларда эрнинг иккинчи ёки учинчи хотин олишига илоҳий амрнинг ижроси сифатида қаралади. Барчалари ўз мақомлари ва ўринларини яхши англаб, умумий манфаатлар йўлида шахсий ғаразларини ортга суришади. Воқеълик билан келишиб, бахтли умр кечиришади.
Ахлоқий низомлардан чекинган ғарб оламида илоҳий амрлар инкор қилингани учун иккинчи хотинга шаръан уйланиш ман этилган. Бунинг оқибатида эркаклар ўзларининг шаҳвоний эҳтиёжларини қондиришда никоҳсиз жинсий алоқаларга, очиқроқ айтадиган бўлсак, зинога юриб кетишади. Хотинлар эса бу ҳолга уч ҳолат билан муносабат билдиришади: ё юраги қийма-қийма бўлиб кетса ҳам эрининг кирдикорларига индамай кўз юмади ёки ҳаммасига тупуриб талоқ сўрайди ёхуд эридан ўч олиш учун ўзи ҳам ташқарида ишқий саргузаштларини бошлаб, зино қилишга киришади. Бундай жамиятлар ёш эркакка иккинчи хотин олишга рухсат бермайдию “эр-хотин бир-бирини яхшироқ синаб олиши учун фуқаролик никоҳида яшаб кўриш”га тавсия беради. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, ҳеч қандай шаръий никоҳсиз номаҳрам аёл билан бемалол зино қилишга йўл бериб қўяди.
Бу расвогарчиликларнинг “меваси” аллақачон пишиб етилди: ғарб оламида оила ва никоҳ деган тушунчалар бутунлай издан чиқиб кетди. Одамлар ибтидоий жамоа тузумидаги каби кўчада учрагани билан тўшагини баҳам кўрмоқда. Никоҳ билан турмуш қуриш қандайдир “даҳмаза”га айланиб қолган. Никоҳсиз туғиб қўйиш, қизларнинг яқинлари томонидан зўрланиши  одатий ҳолга айланяпти. Иш шунга бориб етдики, эркакнинг эркак билан, аёлнинг аёл билан жинсий муносабатлари рағбатлантирилмоқда, ҳатто айрим мамлакатларда уларнинг никоҳдан ўтишига ижозат ҳам берилди. Ҳатто ғарб маданияти ва маънавиятининг тимсоли бўлган черков ходимлари орасида ҳам баччавозлик каби бузуқликлар урчиб кетди. Ана шундай ахлоқсизликлар балчиғида булғаниб ётган ғарб ўзининг муаммоларини ҳал қилиш ўрнига мусулмонларнинг “аёлларни хўрлаб”, “ҳақ-ҳуқуқларини камситиб” иккитадан, учтадан уйланишини тафтиш қилиш, бу ҳақда бутун дунёга ноғора чалиш билан овора.
Дунёнинг жуда кўп мамлакатларида кўп хотинлиликка расман ижозат берилган ва бу ўша давлатнинг қонунларида ҳам қайд этилган. Ҳозирги пайтда Афғонистон, Жазоир, Ироқ, Ливан, Ливия, Марокаш, Миср, Нигерия, Покистон, Саудия Арабистони, Сенегал, Сингапур, Сурия, Судан, Танзания, Урдун (Иордания), Шри-Ланка, Эрон, Ҳабашистон (Эфиопия) мамлакатларида бир неча шартларга риоя қилинган ҳолда тўрттагача аёлга уйланишга рухсат берилган. Аммо айни пайтда Туркия ва Тунис каби аксарият аҳолиси мусулмон бўлган мамлакатларда ҳам кўпхотинлилик расман тақиқланган. Туркияда кўпхотинлилик 1920 йилда тақиқланганига қарамай, одамлар кейинги хотинларининг фарзандлари ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашнинг ҳам иложини топишган. Бир неча хотинга уйланган эркак бошқа хотинларидан туғилган фарзандларини биринчи хотиннинг фарзанди сифатида расмийлаштирмоқда.
Малайзияда кўп хотин олиш учун рухсат бор, фақат маълум чекловлар билан. Бу ерда фақат суднинг қарори билангина кейинги хотинга уйланиш мумкин. Бунда суд биринчи хотиннинг (ёки хотинларнинг) фикрини ҳам ўрганади. Бундан ташқари, суд иккинчи никоҳга нима сабаб бўлаётганини изоҳлашни ҳам талаб этади (масалан, фарзандсизлик ёки биринчи хотиннинг тузалмас дардга гирифторлиги). Шунингдек, уйланмоқчи бўлган эркакнинг моляивий ҳолати ҳам жиддий ўрганиб чиқилади: бордию у иккинчи хотинга уйлангудай бўлса, биринчи оиласидагиларнинг нафақасини қилишга маблағи етиш-етмаслиги ҳам ҳисобда тутилади.
Замонамизнинг атоқли Ислом уламоларидан Юсуф Қарозовий айрим араб мусулмон мамлакатларида кўпхотинлиликни тақиқлашгани ҳолда зино ва ўйнаш тутиш каби ишларга индамай кўз юмиб туришларидан таажжубга тушиб, ўз сайтида бундай деб ёзади: “Эркакнинг аёлни зинога мажбурлаши ёки эр-хотиннинг хиёнати содир бўлганда алданган томоннинг шеригини кечирмаганини истисно қилганда, бу мамлакатларда зино тақиқланмаган. “Ал-Азҳар”нинг улуғ шайхи Абдул Ҳалим Маҳмуд раҳматуллоҳи алайҳнинг суҳбатларимиздан бирида ҳикоя қилишича, кўпхотинлилик тақиқланган араб-мусулмон ўлкасида бир эркак иккинчи хотини билан пинҳона никоҳдан ўтган. Мамлакатда иккинчи хотин олиш тақиқлангани учун ва мамлакатнинг одамлар ўйлаб топган қонунларига биноан жазоланмаслик учун никоҳини рўйхатдан ўтказмаган. Полиция ундан шубҳаланиб, таъқиб қилишни бошлаган ва ниҳоят уни иккинчи хотиннинг уйида қўлга туширган. Агар уни икки хотинлиликда айблагудай бўлишса, қонунга биноан жазоланиши керак эди. Шунинг учун у қонунни четлаб: “Бу менинг иккинчи хотиним деб сизларга ким айтди? Ёлғон айтишибди, бу аёл – менинг ўйнашим, вақти-вақти билан у билан кўнгилхушлик қилиб турамиз”, деди. Бу гапни эшитган терговчи ундан кечирим сўрашга мажбур бўлди: “Бу англашилмовчилик учун бизни кечиринг. Биз уни хотинингиз деб ўйлабмиз, ўйнашингиз борлигини билмаган эканмиз!” Шундай қилиб, бу эр жазодан қутулиб қолди. Чунки унинг мамлакати зинони шахсий эркинлик ҳуқуқи деб ҳисоблайди, айни пайтда кўп хотин олишни жиноят сифатида тақиқлайди”, деб таъкидлайди Юсуф Қарозовий.
МДҲ мамлакатлари ичида фақат Туркманистонда кўпхотинлиликка расман ижозат берилган. Бу ерда эркаклар икки, уч, тўрттагача уйланишлари мумкин, бироқ бунинг учун улар ўзларининг молиявий аҳволлари ҳақида жуда кўп маълумотнома ва бошқа ҳужжатлар тақдим этишлари керак бўлади. Бордию туркман аёлига четэллик киши уйланмоқчи бўлса, мамлакат хазинасига эллик минг доллар пул тўласагина ниятини амалга ошириши мумкин. Қирғизистон ва Қозоғистонда ҳам кўп хотин олишга рухсат масаласи бир неча бор кўтарилганига қарамай, бу ҳозирча ечимини топганича йўқ. Эҳтимол, Қирғизистоннинг таниқли сиёсатчиларидан Турсунбой Бакир ўғли айтганидай, бунга мана бундай муаммолар тўсқинлик қилган бўлиши мумкин: “Бугунги кунда кўпхотинлиликка рухсат бериш ақлга сиғмаган иш бўлади. Чунки аксари оилаларда битта хотинни боқишга эрларнинг қурби етаётгани йўғу, икки, учтасини қандай қилиб боқади?”. Ҳақиқатан, одатда қирғиз оиласида беш-олтитадан бола бор, кам таъминланган оилаларнинг даромади эса ойига 20 доллардан ошмайди.
Бошқа мамлакатларда кўпхотинлилик давлат қонунларига кўра тақиқланган бўлса-да, кўп ҳолларда бир нечтадан хотин олиш кенг тарқалганини ва жуда камёб ҳоллардагина бир неча аёлга уйланган эркаклар қонунга кўра таъқиб қилинганларини кўриш мумкин. Бошқача айтганда, ҳуқуқ органлари эркакларнинг бу «шўхликлари»га индамай «кўз юмиб» туришади. Айниқса, Россиянинг Чеченистон, Доғистон, Ингушистон, Татаристон каби мусулмонлар аҳолининг асосий қисмини ташкил этувчи ўлкаларида кўпхотинлилик анча кенг тарқалган. Масалан, Россия Муфтийлар кенгаши ҳамраиси Нафиғулла Аширов келтирган маълумотларга кўра, ҳозир Россия мусулмонларининг ўн фоизи икки-тўрт хотин билан никоҳда яшамоқда. Россияда кўпхотинлилик муаммоси яқинда Давлат думасида кўриладиган бўлиб турибди. 

МУАММОНИНГ ИЛДИЗЛАРИ ҚАЕРДА?

Халқимиз орасида қадимдан кундошлик можаролари яшаб келади. Кундошлик биринчи, «кўз очиб кўрган» аёлининг кунига шериклик қилиш, деганидир. Бу мавзу ўзбек адабиётидаги кўплаб катта-кичик асарларнинг сюжет чизиғига айланган. "Ўткан кунлар" романидаги Кумуш ва Зайнаб,  "Бой ила хизматчи" драмасидаги Хонзода ва Жамила, "Қутлуғ қон" романидаги Пошшахон ва Гулнор, «Кеча ва кундуз» романидаги кундошлар… Бу рўйхатни яна анча давом эттириш мумкин. Кундошликка атаб халқимиз бир қанча мақол-маталларни ҳам ижод қилган: "Кунда уруш бўлсин десанг, кундош қил"; "Кундош – бошингда тош, кўзингда ёш"; "Кундош кирса эшикдан, уруш кирар тешикдан"; "Кундош хотин кунда оғриқ"; "Кундошинг бўлса бўлсин, кундошбаччанг бўлмасин"; "Кундошли уйда кунда уруш"; "Кундошли уйда тўзим йўқ"; "Кундошлик – кўнгил ғашлик"; "Кундошликка кун туғмас, туғса ҳам бутун туғмас"; "Кундошнинг кули ҳам урушар"; "Кундошнинг оти қурсин, саксовулнинг ўти қурсин"; "Кундош пахта отар, овсин – тош"; "Кундошли ошим – шўр ошим" ва ҳоказо ва ҳоказо.
Ислом дини ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларини ислоҳ қилгани каби кўпхотинлилик масаласини ҳам адолат нуқтаи назаридан, инсон фитрати ва жамият манфаатларидан келиб чиқиб чиройли ҳал этган. Шариатда кўпхотинлилик тақиқланмайди, баъзилар ўйлаганидай "айб иш" ҳам эмас. Аксинча, жамиятда адолат низоми бузилмаслиги, инсон насли бардавом бўлиши, бузуқлик ва фаҳш ишларнинг олдини олиш учун Парвардигор мусулмонларга тўрттагача уйланишга ижозат берган. Қуръони карим кўрсатмасига кўра, эрлар адолат қила олишса, икки, уч, ҳатто тўрт нафаргача хотин олишлари мумкин. Бу Яратганнинг ҳукми илоҳийи, уни инкор этган илоҳий ҳукмга осийлик қилгани учун гуноҳкор бўлади. Қуръони каримда бундай дейилган: "Агар етималарга адолатли бўла олмасликдан қўрқсанглар, ўзингизга ёққан аёллардан икки, уч, тўрттасини никоҳларингга олаверинглар. Бордию одиллик қила олмасликдан қўрқсанглар, у ҳолда биттаси ёки қўл остингиздагилар кифоя. Мана шунда жабр қилинмаслиги аниқроқ" (Нисо, 3).  
Нега Ислом динида эркакларга икки, уч, ҳатто тўрттагача уйланишга рухсат берилган? Бу саволга жавоб беришдан олдин бир масалага пича ойдинлик киритиб олишимиз керак бўлади. Маълумки, Ислом душманлари ўн беш асрдан буён Исломнинг мана шу рухсатини рўкач қилиб, таъна-маломат тошларини отишади. Исломни ёмонлашда кимўзарга баҳслашишади. Мусулмонларни аёлларни камситиш, улар ҳуқуқини поймол қилишда айблаш учун шу ҳолатдан фойдаланишади. Аммо "аёллар ҳуқуқи ҳимоячилари" масалага юзаки ёндошиб, аслида ўзларида авж олган разолат, бузуқлик, аёлларни хорлаш ва эзиш иллатларини хас-пўшлаш учунгина "Исломдаги кўпхотинлилик" муаммосига урғу беришади.
Агар масалага ҳақиқат кўзи билан қаралса, холис ёндошилса, вазиятнинг бутунлай аксинча эканини кўриш мумкин. "Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси" бўлган ғарб мамлакатларида иккинчи хотинга ҳалол никоҳ асосида уйланиш қоралангани ҳолда бузуқлик, бошқаларнинг аёли билан бемалол зино қилиш, аёлларга бир кўнгилхуши, ҳатто молини овоза (реклама) қилиш қуроли сифатида қараш айб саналмайди. Бундай жамиятлар аёллар ҳуқуқини ҳимоялаш ҳақида дунёга жар солишадию, аммо ўзлари ўйнаш тутишади, жинсий алоқа қилган аёлларининг ва ҳаромдан орттирган фарзандларини боқиш, нафақасини қилиш ҳақида   бош қотириш уёқда турсин, бунга кўнишмайди ҳам.
Ислом мухолифлари кўп маломат қиладиган «кўпхотинлилик масаласи» қум устига қурилган уйдай таги бўш, асоссиз гаплардир. Ислом кўпхотинлиликни тарғиб этмайди, аксинча турли ижтимоий-сиёсий ҳолатлардан келиб чиқиб тўрттагача уйланишга  рухсат берган, холос. Қуръони карим улар ўртасида адолат қила олишга кўзи етмаганларни битта хотин билан кифояланишга буюради. «Энди агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, бир аёлга (уйланинг)» (Нисо, 3); «Ҳар қанча уринсангизлар ҳам, хотинларингиз ўртасида адолат қилишга қодир бўлмайсизлар» (Нисо, 129).
Улар ўртасида адолат қилиш эса барча хотинларни нафақада (яъни уларни едириш-ичириш, кийинтириш, бошпана ва рўзғор ашёлари билан таъминлаш кабилар), шунингдек ўзаро муомалада, ҳаётий ишларида, ҳатто бирга туриш ва бирга ётишда ҳам баравар тутишни тақозо этади. Бунда тўла адолат билан иш кўриш эса, унча-мунча эркакнинг қўлидан келмайди. Бундай кишилар битта хотин билан кифояланишади, иккинчисини олишга уларни ҳеч ким мажбурламайди.
Исломдаги эркакларнинг тўрттагача уйланиш ҳуқуқи эса бу – йўл берилган имконият, асло мажбурият  эмас. Статистикадан озгина хабари бор одам бу имкониятнинг асл моҳиятини осонликча илғаб олади. Эркаклар урушлар, бахтсиз ҳодисалар, оғир жисмоний меҳнат, касалликларга дош беролмаслик  каби омиллар туфайли ҳамиша оз умр кўришган. Шунинг учун жамиятда сон жиҳатидан эркаклар аёлларга қараганда ҳамиша кам бўлиб келган. Шундай экан, жуфтини топа олмаган аёл бир умр оналик бахтидан, севимли завжалик бахтидан мосуво ўтиши керакми? Бу унинг ҳуқуқи поймол бўлаётгани эмасми? Ёки аёллари «ҳурлик»ка эришган Оврупадаги каби ахлоқсизлик, фаҳш, мунофиқликни жорий қилиш масаланинг ечими саналадими?  Эркаклари расман битта аёл билан никоҳда туриб, амалда ўнлаб аёл билан бемалол зино қилиб юрган ғарб ўлкаларида аёлларнинг аҳволи муслималарникидан яхшироқми? Аёл учун оилали бир эркакнинг ҳуқуқсиз чўриси, пинҳона ўйнаши ёки атрофидагиларнинг нафратига учраган маъшуқаси бўлганидан кўра эрининг иккинчи, тўла ҳуқуқли хотини бўлгани яхши эмасмикин? 
Масаланинг яна бир бошқа томони ҳам бор: айтайлик, бир кишининг жинсий қуввати бошқаларникидан устунроқ, агар у яна уйланмаса, жинсий майллари қонмай, ўзга аёлларга кўз олайтириши ёки ҳаром йўлларга юриб кетиши мумкин. Шундай одамга зарурат юзасидан яна бир ёки икки хотин олишга рухсат берилган.
Ёки бир киши жуда бадавлат, топгани бир неча оилани тебратишга, бир неча аёлнинг нафақасини қилишга бемалол етади. Тасаввур қилинг: энди ўша бадавлат кишининг атрофидаги ёки маҳалласидаги бир аёл бева қолган ёхуд кўп йиллардан бери турмушга чиқолмай қариқиз бўлиб уйида ўтириб қолган. Бир неча оилани таъминлашга қодир бўлган ўша бадавлат киши яна бир тул ёки турмушга чиқолмай ўзини бахтсиз санаб юрган аёлга уйланиб, унинг нафақасини қилса, бир рўзғор соҳибаси этиб қўйса, бунинг нимаси ёмон?
Яна такрорлашга тўғри келади: ҳозирги даврда ҳам, ўтмишда ҳам аёллар ҳамиша эркакларга нисбатан кўпроқ бўлишган. Статистика маълумотларига кўра, қиз болалар одатда ўғилларга қараганда кўп туғилади. Ўғил болалар қизларга нисбатан кўпроқ касалланади, болалар ўлими ўғил болалар ўртасида кўпроқ.  Урушларда, йўллардаги ва ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларда, фалокатларда, ичкиликбозлик ва бангиворлик каби иллатлар туфайли эркаклар кўпроқ ҳалок бўлишади.
Далилларга мурожаат қиладиган бўлсак, манзара бундай: расмий статистика маълумотларига кўра, 1994 йили Буюк Британия аҳолиси 58,4 миллион кишидан иборат эди. Бунинг 28,6 миллиони – эркаклар, 29,8 миллиони эса аёллар бўлган. Бошқача айтганда, Бирлашган Қиролликда ўша пайтда аёллар эркакларга қараганда 1,2 миллион нафар кўп бўлган. Нисбатнинг бу қадар фарқли бўлиши Британия жамиятида катта муаммоларни келтириб чиқарди: статистикага кўра, бу ҳолатда аёлларнинг тўрт фоиздан ортиғи ўзи хоҳласа ҳам эркак билан турмуш қуриш имкониятидан маҳрум бўлади. Агар бу рақамни никоҳ ёшидаги аёлларга менгзаладиган бўлса, унда бу рақам салкам олти ярим фоизга кўтарилади. Бу эса, биргина Британияда салкам икки миллион аёл эрсиз ўтишга маҳкум, дегани.
Олмония социологларининг ҳисобича, дунёдаги жами аҳолининг 48 фоизи эркаклар, 52 фоизи аёллардир. Оврупада ҳар юз эркакка 103-106 нафардан, АҚШда юз эркакка 105,5 нафардан, МДҲда 115,8 нафардан аёл тўғри келади. Ҳозир Америка Қўшма Штатларида 8 миллион «ортиқча» аёл бор, яъни аёллар эркакларга қараганда шунча миқдорда кўп. Гвинея деган юртда юз нафар эркакка 122 аёл тўғри келса, Танзанияда юз аёлга «бор-йўғи» 95 эркак тўғри келади. Ўзбекистонда 1939 йили аёллар жами аҳолининг 49,4 фоизини ташкил этган бўлса, урушдан кейин 51-52 фоизини, 1990 йилда 50,5 фоизини ва ҳозирги пайтда 51 фоизини ташкил қилади.
Эроннинг пойтахти Теҳронда чиқадиган кундалик газеталардан бири қуйидаги воқеани келтиради: “Ҳозирда учта хотини бўлган бир эркак оилавий ишлар судига тўртинчи хотин олишга ижозат сўраб мурожаат қилади. Унинг учала хотини ҳам навбатдаги никоҳга розилик билдиришган эди. Газета мухбири янги турмушга чиқаётган келиннинг онасидан бўлаётган ишларга муносабатини сўради. Аёлнинг мухбирга сўзлаб беришича, уларнинг қишлоғида жами 2000 аёл ва бор-йўғи 400 эркак яшар экан. Эркакларнинг ярми эса ҳали ўн тўртга кирмаган, яъни балоғатга етмаган болалар экан. Шунинг учун аёл қизининг бир умр эрсиз қолиб кетишидан кўра уч нафар хотини бўлган эркакка узатишни афзал кўрибди”.
Жамиятларда аёлларнинг эркакларга қараганда бир неча фоизга кўп бўлиши катта демографик муаммолар келтириб чиқаришдан ташқари  инсоний муносабатларга, ахлоқ-одобга жиддий салбий таъсир кўрсатади. Бу ҳолни иккинчи жаҳон урушида кейинги Олмонияда кўриш мумкин эди. Уруш тугаганида аёллар эрларга қараганда 7,3 миллион кўп эди, бунинг устига уларнинг 3,3 миллиони бева қолган эди. Урушдан қайтган солдатлар бу ҳолатдан «фойдаланиб қолишди»: қизлар бир қути сигарета, шоколад ёки бир буханка нон эвазига солдатларга номуслари ва танларини «сота бошлашди». Баъзи мамлакатларда қотиллик, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, ўзаро урушлар оқибатида кўплаб эркакларнинг нобуд бўлишлари ҳам эркаклар ва аёллар муаамосини янада чуқурлаштириб юбормоқда. 
 Аҳвол шундай бўлгач, агар эркак биттадан хотинга уйланса, «ортиб қолган» аёллар нима қилишлари керак? Улар дунёдан тоқ ўтишсинми? Ахир, улар ҳам инсон-ку! Бу аёллар ҳам эрга тегишни, фарзанд кўришни, оила бахтини туйишни исташади. Уларда ҳам жинсий майл, ўзга жинс вакилига интилиш бор. Фарзанд кўриш, насл қолдириш эҳтиёжи бор. Барча эркакларни хотинлари банд қилиб, эгаллаб олган ҳолатда эрсиз аёллар нима қилишсин?
Ахлоқ бузилган, исломий эътиқоддан йироқлашган юртларда бўлаётгани каби бундай ҳолатларда жинсий эҳтиёжини қондириш учун аёллар одатда бузуқлик йўлига киришади: ҳаром йўл билан, зино қилиб табиий эҳтиёжни қондиришади. Кимлардандир насабининг тайини йўқ бола ҳам орттиришади. Ёки айрим жойларда бўлаётгани каби бирор эркакнинг бошини айлантириб, шартта никоҳсиз «тегиб» олишади. Унинг оиласини бузиб, фарзандларини тирик етим қилишади. Тинч, аҳил оила фароғатини бузиб, бахтли бир аёлнинг эрини "тортиб" олишади.
Аммо бундай усуллар ахлоққа ҳам, динга ҳам, жамият қонунларига ҳам тўғри келмайди. Бу борадаги бирдан-бир тўғри йўл ҳалол-пок йўл билан, икки томон розилиги билан иккинчи хотин бўлишдир. Мусулмон аёлларнинг юқоридаги икки ҳаром йўлни кескин рад этиб, учинчи, яъни исломий йўлни танлашлари лозим ва муҳимдир.  

НЕГА БИР ХОТИН КИФОЯ ЭМАС?

Айтайлик, бир киши хотини билан бир неча йил умргузаронлик қилиб, фарзандлар кўради. Эр-хотин аҳил, тотув яшашган, бир-бирларини яхши кўришган. Ташқаридан қараганда, бу оиланинг бахту саодатига ҳеч нарса халал бермаётгандай. Аммо турмушда нималар бўлмайди, дейсиз? Бир куни келиб, эрнинг суюмли аёли касалманд бўлиб қолади. Оқибатда у эрининг жинсий эҳтиёжларини қондиролмай, хотинлик вазифаларни уддалай олмай қолади. Эри эса жисмонан бақувват, шаҳвати ҳам тез-тез безовта қилиб туради. Шунда эр иккинчи бир хотинни шаръий йўл билан никоҳлаб олмаса, ё шаҳвати ғолиблик қилиб касалликка чалиниши ёки жинсий истакларини жиловлай олмай, ҳаром йўлларга кириб кетиши, зино қилиб қўйиши мумкин.
Бордию эр нафсини жиловлай олмай, зинокорлик ҳам қилди, дейлик. У юрган жирканч йўлнинг хатар ва азоблари жуда кўп: эр хотинига ва оиласига хиёнат қилгани учун бир умрли виждон қийноғида қолади. Оила аъзолари билан муносабатларда иккиюзламачилик йўлига ўтишга мажбур бўлади. Оила фароғати бузилиб, рўзғордан барака кўтарилади. Эр-хотин ва фарзандлар ўртасидаги муносабатларга раҳна етади. Бунинг устига зинокорлик жамият ахлоқини бузиб, унинг мароми ва ҳаётини издан чиқаради, инсон наслини бузади, турли жиноятларга сабаб бўлади.
Ёки бошқа ҳолат ҳам кузатилади: хотини бетобланиб, аёллик вазифаларини бажаришнинг уддасидан чиқолмай қолганида баъзи жоҳил эрлар шунча йил аҳил-тотув яшаган хотинини ташлаб, бошқа бир аёлга шартта уйланиб кетиши мумкин. Бунда аёл эрсиз, таъминотсиз, фарзандларининг отасисиз, хулласи ҳамма нарсадан маҳрум бўлиб қолаверади. Эрнинг ташлаб кетиши орқасидан аёл руҳий изтироб чекади, шаъни топталади, бир касали ўн бўлади, яшашдан кўнгли совуйди.
Мана шундай ҳолатларга тушиб қолмаслик учун бирдан-бир тўғри йўл эркакларнинг касалманд хотин билан бирга қолган ҳолда бошқа бир хотинга ҳалол-пок йўл билан уйланишидир. Бунда болалар ҳам етим-, тарбиясиз ўсмайди, оила ҳам нафақадан маҳрум бўлмайди, касаллиги туфайли изтироб чекаётган хотинни эрнинг ташлаб кетиши қийноқ ва изтироблари ҳам безовта қилмайди.
Баъзан эрларнинг иккинчи хотин ҳақида бош қотириб қолишига кўп йиллар бирга яшаган эр-хотиннинг фарзанд кўрмасликлари ҳам сабаб бўлади. Шифокорлар аёлнинг фарзанд кўра олиш имкониятидан маҳрум эканини ҳам аниқлашган. Бундай ҳолатларда камдан-кам эркак "шу аҳволда ўтиб кетишга" ёки кимнингдир боласини асраб олишга рози бўлади. Мана шундай танг қолинган ҳолларда эрни иккинчи хотинга уйлатиш, яъни ўз бошига кундошлик "бало"сини келтириш таклифи кўп ҳолларда айнан хотиндан чиқади. Чунки аёл олдида фақат биргина йўл қолган: эрининг бошқа бир аёлга уйланиб, фарзанд кўришига розилик билдириш, унинг бахтига шерик бўлиш. Акс ҳолда, шунча йил бирга тотувликда яшаган, "кўз очиб кўрган эри" уни ташлаб, бошқа оила қуриб кетиши мумкин. Ўзи эса бошқа эрга теккани билан билан барибир фарзандли бўлолмайди. Демак, бунинг бирдан-бир иложи – эрининг ўзга бир аёл билан никоҳига рози бўлиш.
Машҳур Ислом олимларидан Юсуф Қарозовийнинг бундай фикрлари бор: «Яхши маълум, жуда кўп эрлар фарзанд кўришни исташади. Аммо хотинлари наслсиз, туғмас ёки сурункали оғир касалликка чалинган ёки яна бошқа муаммолар бор. Ана шундай ҳолатда эркакнинг биринчи хотинининг ҳам барча таъминотини қилишга кафолат берган ҳолда бошқа бир туғадиган ёки соғлом аёлга уйланиб, ҳаётини изга солиши мақбул эмасми?!». 
Яна баъзи ҳолатларда ўзбек эркакларини иккинчи хотинга уйланишга биринчи хотинларидан «нуқул қиз фарзанд кўришлари» ҳам «мажбурлайди». Аммо бу ҳолат энди иккинчи хотин ахтаришга жиддий сабаб бўла олмайди. Чунки бир одамга қиз ёки ўғил фарзанд бериш ёки умуман бефарзанд қилиб қўйиш Парвардигорнинг иши, бунга кўнмаслик чин мусулмон ахлоқига зиддир. Аммо кўп кишилар Аллоҳ белгилаган тақдирга рози бўлмай, «иккинчи хотиндан ўғил фарзанд кўриш» илинжида янги никоҳ режасини туза бошлайдилар.
Ёки кўпинча эркаклар енгилтаклик оқибатида ўз хотинидан чиройлироқ, ишвалироқ, ўйноқироқ, пулдорроқ ёки фаросатлироқ аёлларни учратиб қолиб, унга дарров уйланиш пайига тушишади. Улар бу ишларининг оқибати билан ҳам, бирданига икки аёлнинг бахтини бараварига поймол қилишаётгани билан ҳам ҳисоблашишмайди. Бу ҳолат эҳтиросга қул бўлиш, нафс сўзига кириш, шаҳватини қондиришнинг «қонуний йўли»ни топишга уринишдан бошқаси эмас.
Иккинчи хотинга шаҳватни ўйлаб ёки жамиятда «мавқени мустаҳкамлаш» учун, шунчаки кўнгилхушлик ниятида ёхуд «пул кўпайиб кетгани» сабабли эмас, тамоман ноиложликда қолинганида ёки бир бева аёлнинг нафақасини таъминлаб, савоб топиш умидида уйланилади. Иккинчи (ёки учинчи) хотин олиш эрга обрў-мартабага эришиш ёки нафсини қондириш воситаси эмас, балки эр зиммасида катта бурч ва масъулият ҳамдир. Агар у хотинлари ўртасида адолат қила олмаса ёки бировига зулм ўтказса, охиратда Парвардигор ҳузурида қаттиқ ҳисоб беришини ҳам бир дақиқа унутмаслиги зарур.  
Ана шундай омилларни назарга илмаётган ёки улар билан келиша олмаётган жамиятларда масаланинг асл ечимини топишга уриниб ҳам кўрилмайди. Буни зўрлик билан, яъни кўпхотинлиликни қонунга мувофиқ тақиқлаш орқали ҳал этмоқчи бўлишади. Лекин бу йўлнинг оқибати жуда хатарли. Юқоридаги ҳолатлар қаршисида қолган эркак ўзи мақбул санаган йўл билан муаммосини ҳал этишга имкон топа олмагач, кескин чораларга ўтади. Кўп йиллар бирга яшаб келган хотинини шартта талоқ қилади. Бунда хотинининг яхши фазилатли ва ҳусндор экани ҳам, бир неча фарзандларнинг етим бўлаётгани ҳам, бошқа хотинга уйланиш катта сарф-харажатлар талаб этиши ҳам эркакнинг кўзига кўринмай қолади.
Россиянинг «Аргументи и факти» ҳафталиги келтирган маълумотларга кўра, бу ерда ҳар икки никоҳнинг бири ҳеч қанча вақт ўтмай бузилиб кетади. 2005 йили никоҳдан ўтган 979,7 минг оиланинг 630 минги кўп ўтмай парчаланиб кетган. Россия Муфтийлар кенгаши аъзоларидан бири келтирган маълумотларда эса, мамлакатнинг Шимолий Кавказ, Татаристон, Волгабўйи каби мусулмонлар кўпчилик яшайдиган ва кўп хотинлилик унча «айб саналмайдиган» минтақаларида ажралишлар сони умумий никоҳларнинг бор-йўғи 8-9 фоизинигина ташкил этган. Бундан, иккинчи хотинга уйланиш кўп ҳолларда биринчи никоҳни ҳам асраб қолишнинг шартларидан бири экан-да, дея хулоса чиқариш имконини беряпти.
Ёки бошқа яна бир ҳолатни олиб кўрайлик: Тожикистонда 1992-1996 йиллари рўй берган фуқаролик уруши даврида юз мингга яқин аҳоли, асосан норғул йигитлар ҳалок бўлди. Йигирма беш мингдан зиёд тожик оиласи боқувчисидан ажради. Бундан ташқари, кейинги ўн йил мобайнида Тожикистоннинг бир миллиондан ортиқ аҳолиси ўз оиласини ташлаб, МҲД давлатларига иш қидириб кетди ва борган жойида уларнинг янги оила қуришига тўғри келди. Бу эса мамлакатда катта демографик муаммони келтириб чиқарди ва кўплаб аёлларнинг эрсиз, энг асосийси боқувчисиз қолишларига сабаб бўлди. Мамлакат қонунларида кўпхотинлилик тақиқланганига қарамай, бу табиий жараён туфайли бир нечтадан аёлга уйланиш авж олиб кетди. Кўп хотин олишга қарши бўлган давлат амалдорлари ўртасида ҳам иккинчи, ҳатто учинчи-тўртинчи аёлларга уйланиш ҳодисалари одатий воқеага айланди.

ПАЙҒАМБАРИМИЗНИНГ КЎП УЙЛАНИШЛАРИ ҲИКМАТИ

Ислом тарихчиларининг маълумотларига кўра, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом жами ўн бир хотин билан никоҳланганлар. Ана шу ҳолатдан дин душманлари Исломни ва унинг Пайғамбарини ёмонотлиқ қилиб, таъна-маломат тошларини отишда кенг фойдаланишади. Ҳатто айрим мусулмонлар ҳам буни рўкач қилиб, хотинлари сонини кўпайтириш пайидан бўлишади. Баъзи гумроҳ ва жоҳил кимсалар эса, «Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳавойи нафсига берилиб, шаҳватини қондириш учун шунча аёлга уйланган» дея таъна қилишгача боришади. Хулласи, бу мавзу атрофида шубҳа-гумонлар, адашув-ёлғонлар, туҳмат ва иғволар керагидан ортиқча. Келинг, бу ҳақдаги мулоҳазаларни холис бир кўриб чиқайлик:
Сарвари олам илк бор йигирма беш ёшларида қирқ ёшли, олдин ҳам икки марта турмуш қурган Хадича бинти Хувайлидга (Аллоҳ ундан рози бўлсин) уйланганлар ва қирчиллама йигитликларининг йигирма беш йилини шу покиза ва садоқатли аёл билан ўтказганлар. Яшаб қолган фарзандлари ҳам Хадичаи Кубродан эди. Ҳижратдан (Мадинага кўчишдан) уч йил олдин, ҳазрати Хадича вафот этгачгина, Пайғамбар алайҳиссалом бошқа аёлларга уйландилар. У зотнинг шундан кейин турли йилларда Савда бинти Замъа, Оиша бинти Абу Бакр, Ҳафса бинти Умар, Зайнаб бинти Ҳузайма, Умму Салама, Зайнаб бинти Жаҳш, Умму Ҳабиба, Жувайрия бинти Ҳорис, Сафийя бинти Ҳуяй, Маймуна бинти Ҳорис оналаримиз билан никоҳландилар. Ҳазрати Мория Қибтия (Пайғамбаримизнинг ёлғиз ўғиллари Иброҳимнинг онаси) озод-ҳур хотин эмас, Миср ҳукмдори ҳадя қилган чўри бўлгани учун кўпчилик Ислом олимлари уни Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг покиза завжалари рўйхатига киритишмаган.
Ана шу аёлларнинг (ҳазрати Оишадан ташқари) барчалари олдин турмуш қилган, эрлари ўлган ёки эр мушриклиги учун ундан ажрашишган бева хонимлар эди. Агар Пайғамбар алайҳиссалом шаҳват кетидан қувганларида ёки ўз ҳузур-ҳаловатларини ўйлаганларида бир неча болали, бева аёлларга эмас, бокира, турмуш қурмаган ёш қизларга йигитлик чоғларида хоҳлаганча уйланган бўлардилар. Ваҳоланки, ўша пайтда арабларда ўнтадан-йигирматадан аёлга уйланиш одатий ҳол эди. Аслида у зотнинг кўп аёлларга никоҳланишларининг асосида бир қанча сиёсий, иқтисодий, ахлоқий ва бошқа сабаблари бор эди.
Пайғамбаримиз энг яқин ёрдамчилари ва қўллаб турувчилари бўлмиш амакилари Абу Толиб ва аёллари Хадичаи Кубродан ажраб қолгач, одамларни Исломга даъват қилиш учун ўз тарафдорларини кўпайтириш, янада қувватланиш учун баъзи обрўли одамлар билан қудачилик алоқасини ўрнатишга тўғри келди. Масалан, Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттобнинг қизларига уйланиш орқали бу икки зот Пайғамбаримизнинг энг яқин сафдошларига, кейинчалик эса Ислом давлатининг раҳбарларига айланишди. Бу масаланинг бир томони.
Иккинчи сабаби – Фахри коинот турли сабабларга кўра қарайдиган ёрдамчиси, боқувчиси қолмаган, эрлари вафот этиб тул қолган бева аёлларга меҳрибончилик, раҳмдиллик кўрсатиш учун уларни ўз қарамоғларига олиб, уйланганлар.
Масаланинг учинчи томони шуки, дин даъвати одамлар қалбидан жой олиши учун улар билан яқинлашиш, дўст тутиниш, ўзаро муносабатларни кучайтириш керак эди. Пайғамбар алайҳиссалом баъзи аёлларига уйланиш орқали кўплаб одамларнинг қалбини ўзларига улфат қилиб- яқинлаштирдилар. Бошқа баъзи хотинлари сабабидан одамлардан ўзларига етадиган азият ва душманчиликларни даф этдилар. Шунингдек, айрим хотинларига уйланиб, уларни мушриклик, қашшоқлик, хорлик каби ҳалокатли ишлардан қутқариб қолдилар. Пайғамбаримиз бу аёлларнинг ҳар бири Исломга чорловчи, одамларга ҳалол-ҳаромни баён қилувчи, диний ишларда фатволар чиқариб, таълим берувчи жонли мадрасалар бўлишини ният қилган эдилар ва шундай бўлди ҳам. Оиша бинти Абу Бакр йирик олима бўлиб етишдилар, мусулмон умматига фатволар бердилар, Пайғамбар алайҳиссаломдан энг кўп ҳадис ривоят қилганлар сафида эдилар. Умму Салама онамиз ҳам Ислом олималаридан бўлганлар. Ҳазрати Расулуллоҳ бу уйланишлардан яна нимани ирода қилганлари ёлғиз Парвардигорга аён.
Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ўз хотинларига қилган муҳаббатлари, эътиборлари, адолатлари, эҳтиромлари бошқа бирор башар наслининг қўлидан келмайди. Саҳиҳ ҳадисларда келишича, у зот ўзларининг биринчи ва садоқатли завжалари Хадича бинт Хувайлидни умр бўйи эъзозлаб, ҳурматини жойига қўйиб келганлар. “Дунё аёлларининг энг яхшиси Хадича бинт Хувайлиддир”, деб марҳамат қилганлар. Ҳатто Хадичанинг вафотидан кейин ҳам унинг хотирасини унутмай, яқин дугоналарини йўқлаб турганлар.
Ёки жаноб Пайғамбаримизнинг ҳазрати Оишага бўлган ҳурмат ва эҳтиромлари ҳар қандай мусулмон эркаги учун катта ибратдир. Ривоят қилинишича, одамлар совға-саломларини Пайғамбаримиз асосан ҳазрати Оишаникида бўлганларида олиб келишар экан. Шунда у зотнинг завжалари бу ҳақда у зоти бобаракотга шикоят қилишибди. Шунда Расули акрам (алайҳиссалом): “Эй Умму Салама, менга Оиша ҳақида озор берма, Аллоҳга қасамки, ичингизда ундан бошқа бирор аёлнинг чойшабидагилигимда менга ваҳий нозил бўлган эмас”, деганлар (Бухорий ва Термизий). 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар ўртасида адолат қилишда ҳам намуна эдилар ва асҳобларидан ҳам шуни талаб этардилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг иккита хотини бўлсаю, улардан бирига мойил бўлса, қиёмат куни бир томон мойил (фалаж) ҳолда келади», дедилар» (“Сунан” эгалари ривоят қилишган).
Ҳазрати  Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тақсимда, олдимизда қолишларида  баъзимизни баъзимиздан устун кўрмас эдилар. Ҳаммамизнинг олдимизга кириб айланиб чиқмаган кунлари оз бўлар эди. Тегмасалар ҳам ҳар бир аёлнинг ёнига кириб чиқар, навбат куни келганнинг олдида ётиб қолар эдилар» (Абу Довуд, Аҳмад ва Бухорий).
Ҳазрати  Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарни ирода қилсалар, хотинлари орасида қуръа ташлар эдилар. Қайси бирларига чиқса, ўшани ўзлари билан бирга сафарга олиб чиқар эдилар. Улардан ҳар бири учун хос кунни ва кечани тақсим қилар эдилар. Фақатгина Савда бинти Замъа ўз кунини Оиша розияллоҳу анҳога ҳадя қилган эди» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Насаий).
 Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аллоҳнинг Пайғамбари бир кечада хотинларининг ҳаммасини айланиб чиқар эдилар. Ўша кунларда у зотнинг тўққиз хотинлари бор эди» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий).
Нима бўлганда ҳам, Пайғамбаримиз уйланган барча аёллар у зот вафотларидан кейин «мўминлар онаси» сифатида ҳурмат-эътиборда бўлишди, у зот хонадонига муносиб равишда юксак ахлоқ ва чин инсоний фазилатларда намуна ҳолда умргузаронлик қилишди. У зотнинг оилавий ҳаётлари бошқа фазилатлари ва ахлоқий комилликлари каби инсоният учун ибрат бўлиб қолаверади. 

ХАТОЛАР… ХАТОЛАР… ХАТОЛАР

Аслида адолат билан иш кўрадиган эркаклар икки, борингки, уч-тўрт хотин билан бахтли-саодатли, тотув ва фароғатли ҳаёт кечиришлари мумкин эди. Биринчи хотиннинг руҳий азоблари камроқ, иккинчисининг эрдан ажраб қолиш таҳликалари сустроқ кечиши ҳам мумкин эди. Аммо бу "учлик"нинг ҳар бири бир нечтадан хатога йўл қўйгани учун оила тотувлиги ва хотиржамлигига жиддий путур етади. Бу хатолар нималардан иборат? Келинг, буларни алоҳида-алоҳида кўриб чиқайлик:
ЭРНИНГ ХАТОЛАРИ. Эр иккинчи хотинга уйланди, деб тасаввур қилайлик. Табиийки, янги хотин билан учрашувлари эр ўрганиб, кўникиб, ҳатто сал меъдасига тегиб қолган биринчи хотин билан муносабатларига нисбатан хийла жозибали, қизиқарли, "муҳаббатга тўлароқ" кечади. Эркаклар одатда завқ-шавқли, лаззат-оромга ўч бўлишгани учун иккинчи хотинга кўпроқ эътибор қаратиб, унга янада кўпроқ ёқишга уринишади.
Бунинг устига иккинчиси биринчи хотинга нисбатан ёшроқ ва ҳуснлироқ бўлиши мумкин. "Янги кўза, суви тоза", деганларидай, эркаклар бу йўлда янги завжаларининг эҳтиёжлари, "эркалик"лари билан ҳисоблаша бошлашади. Шу мақсадда турли баҳоналар билан "янги ёр" ҳузурида тез-тез, узоқроқ туришга, унинг айтганларини иложи борича муҳайё қилишга, унга биринчи хотини устидан “шикоятлар” қилишга, унга пул-бойликни кўпроқ сарфлашга ҳаракат қилишади.
Бу ҳолат албатта унинг биринчи оиласи қулоғига етиб боради. Бормаган тақдирда ҳам "бир мақтаниб олиш" ёки "биринчи хотиннинг танобини тортиб қўйиш" мақсадида иккинчи хотиннинг ўзи етказади. Шунда биринчи хотин ўзини хўрланган, камситилган ҳис этади. Эрининг қўли қисқалигида рўзғорни бут қилиш учун ўзининг қанчалар елиб-югургани, не-не тадбир ва ҳаракатлар қилгани, турмуш машаққатларига "ғиринг" демай чидагани, энди оғзи ошга етганида бахтига шерик чиқиб қолгани ҳақидаги фикрлар миясини кемира бошлайди. Алам устида, рашки исёнга кириб, "хиёнаткор" эрдан, "ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир" кундошдан ўч олиш, уларнинг ҳаётини заҳарга айлантириш режаларини туза бошлайди… Бу эса эрларга ниҳоятда қимматга тушиши мумкин.
Эрларнинг яна бир хатоси шундаки, иккинчисига уйлангани заҳоти бу ҳақда биринчи аёлига ётиғи билан тушунтириш, мураккаб йўлга қадам қўйишига нималар сабаб бўлганини изоҳлаш, бу ҳаракати исломий талабларга мос эканини айтишни эплай олмай қолишади. Бунинг ўрнига биринчи хотинлари ҳозир жангга киришадигандай дарров «тукларини ҳурпайтириб», ҳужумга ўтишни бошлашади. Бу кайфият шунча йил аҳил-тотув яшаб келган хотинига ҳам «кўчади» ва катта можаро бошланиб кетади. Ахир бир вақтлар ўзингиз севиб уйланган, «кўз очиб кўрган» хотинингизнинг туйғуларига бефарқ бўлмаслик, унга ҳаммасини очиқчасига айтиш, ўзни эркакларга хос мардона тутиш ўрнига ўзингизга душман ясаш, бутун ором-фароғатингиздан кечиб, у билан олишиб юриш шартми?
Иккинчисига уйланганини биринчи хотинидан яшириш билан муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди. Исломий ахлоқ ҳам бундай оила қуришни маъқулламайди. Қилмишини яшириб, бир умр виждон азобида қийналгандан кўра, бўлган ишларни биринчи хотинга билдириш, бу шунчаки кўнгил хуши учун эмаслиги, балки зарурий эҳтиёждан ёки маънавий ҳолатлардан келиб чиқиб, Парвардигор розилиги йўлида қилинганини тушунтириш, ҳатто бу ҳақда у билан маслаҳатлашиш ҳам зарур. Аммо кўпгина эрлар ўз тинчлари ва оромларини ўйлаб, иккинчи хотинлари борлигини биринчисидан шунчаки яшириб қўяқолишади. Бунинг қанчалар қимматга тушиши, орада қанчалаб ёлғонлар урчиши, сирлар фош бўлганидаги кўргиликлар ҳақида гапирмай қўяқолайлик.
Баъзи эркаклар иккинчи завжалари ҳақидаги маълумотни биринчисига етказиш билан кифояланмай, икки кундошни кўпроқ бир жойда учраштиришга, сафарларга бирга олиб боришга, кўнгилочар тадбирларга бирга боришга кўндиришга уринишади. Улар иккинчи хотинидан дунёга келган фарзандларини биринчи уйидаги ўғил-қизлар билан яқинлаштириш пайидан бўлишади. Уларнинг бу интилишларини тушунса бўлади, сабаби, улар ҳар икки хонадон фарзандларининг аҳил-тотув ўсишларини исташади. Аммо бу иш кўпинча улар кутган мевани бермайди. Икки кундошнинг фарзандлари оналари таъсирида бир-бирларига пинҳона душманлик қилишдан асло тап тортишмайди. Бу ҳолатнинг ҳам хатарли томонлари кўп: ҳар гал яраси янгиланган, рашки янгидан исёнга кирган биринчи хотин бу ҳолатдан ўзини ниҳоятда камситилган ҳис этади, кўз очиб кўрган эрининг аллақаёқдаги “бегона” бир аёлга қилаётган муносабатлари ғашига тегади, гоҳо рашки ғолиблик қилиб, катта можароларни бошлаб юборади. Ҳатто суйган эридан талоғини сўрашгача ҳам бориши мумкин.    
«Иккинчиси»га уйланган эркакдан ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини мард тутиши, софдил, ростгўй бўлиши, ҳар икки хотинига баравар адолатда, чиройли муносабатда бўлиши талаб этилади. Агар биринчи хотини ўта рашкли бўлган ёки иккинчиси биринчисига нисбатан бутун «артиллерия»сини ишга солиб ҳужум бошлаган ҳоллардагина муроса учун эрнинг бироз ёлғонлашига ижозат берса бўлади. Ишлар пишиб, «нозик масала» қатъий қарорга айланганида эрлар айниқса «дипломатия»ни ўрнига қўйишлари лозим. Аммо жуда кўп эркаклар бундай ҳолларда аёллар макрига учиб ёки ўзларининг ношудликлари туфайли ҳар икки аёлларининг бир-бирига аёвсиз душман бўлиб қолишига томошабин бўлиб қолишади.
Хотинлар ўртасидаги рашкни ҳали ҳеч ким батамом енга олган эмас. Кундошларнинг бир-бирига ортиқча рашки қалб қашшоқлигидан дарак беради ва ўта рашк қилиш муҳаббатни ўлдиради. Агар икки хотин ўртасидаги рашк оловланиб, алангаси унча-бунча одамни куйдирадиган ҳолга боришига оқил эркаклар йўл қўймасликлари лозим. Улар хотинларидаги ўринсиз рашк балосини пасайтириш учун Ислом динининг маънавий-ахлоқий тамойилларини, Қуръони карим ва Суннати набавийя келган қадрият ва ахлоқий низомларни хотинларига тушунтиришлари, уларни тарбиялашда бу усуллардан оқилона фойдаланишлари керак бўлади. Аммо эркакларимизнинг бу борадаги билим ва тажрибалари етарли бўлмагани учун кўп ҳолларда икки ёки уч хотиннинг ўзаро “рашк уруши”га шунчаки томошабин бўлиб қолишади ёки ўзлари билмаган ҳолда аёллар рашкининг баттар кучайишига сабабчига айланишади.
Кўпинча иккинчисига уйланган эрлар биринчи хотинларининг ҳозиргача сезилмаган «камчиликлари»ни кўриб, уларни бўрттира бошлашади. «Нега ҳозиргача шу эпсиз, бефаросат, лапашанг аёл билан яшаб юрдим, кўр эканман, хотин дегани манавинақа бўларкан-ку» деган фикрларга бориб, «кўз очиб кўрган» хотинини йўқ камчиликлар билан айблай бошлайди. Унинг бу муомаласи албатта самарасиз кетмайди. Биринчи хотин эрнинг катта душманига айланади. Хонадондаги бу адолатсизликни кўриб, болалар ҳам отадан узоқлашишади, оталарининг “адолатсизлик қилгани”дан ранжиб, оналари ёнига киришади, уни ҳимоя қилишга ўтишади. Бу катта «армия» қаршисида яккаланиб қолган эр иккинчисиникидан «паноҳ топиш»га ҳаракат қилади. Ва оқибатда мустаҳкам оила тотувлиги чок-чокидан сўкилиб кетади. Шунинг учун эрлар ана шу нотўғри ҳолатларнинг ривожланишига йўл қўймай, биринчиси билан муносабатларни бирор дақиқа ҳам ёмонлашувига йўл қўймасликлари, бунда ғурурга кетмай, бироз «ён бериш» тадорикини кўришлари лозим.
Эрнинг хатоларидан яна бири ҳар икки оилада тенгҳуқуқлилик, адолат, руҳий муҳит ўрнатишга эътиборсизликдир. Эр ҳар қанча адолатли бўламан дегани билан ҳар икки хотинга баравар одиллик билан муносабатда бўлишга ярамайди. Қуръони каримда ҳам “ҳар қанча истаганигизда ҳам хотинларингиз ўртасида адолат қила олмайсизлар”, дейилган. Бу ҳақда машҳур бир латифа эсга келади: «Икки хотинли эрнинг завжалари худди атай қилгандай бир кунда вафот этади. Эр улар ўртасида адолат қиламан, деб бир хил дафн маросими уюштирди. Икки тобутни бир эшикдан бараварига олиб чиқишнинг иложи йўқлигидан янги эшик ҳам қурдирди. Шунда ҳам адолат бузилди: иккинчи хотин янги эшикдан олиб чиқилгани ҳолда биринчиси эски эшикдан чиқарилди».
Демак, тўла адолат қилишнинг иложи йўқ экан, ҳеч бўлмаганда умумий ҳолатларда уларни тенг тутиш, баравар яхши муомала қилиш, уларни бир-бирига ёмонлаш ўрнига аҳил дугоналарга айлантириш эрнинг энг муҳим вазифасидир. Эр хотинларнинг ҳаммасни баравар тутиши, бирини иккинчисидан устун ёки афзал кўрмаслиги, ҳатто бири касал ёки узрли бўлганида ҳам унинг навбатини инкор қилмаслиги керак. Лекин жуда кўп эркаклар худди мана шу масалада «оқсаб» қолишади. Ҳатто айримлари суйган таомини тайёрлатиш, кир-чирини ювдириш, кийимини дазмоллатиш, бозор-ўчар каби барча рўзғор ташвишларини биринчи хотиннинг зиммасига юклаб қўйгани ҳолда иккинчиси билан турли кўнгилхушликлар, базм ва маросимларга бирга бориш, биргаликда ҳордиқ чиқариш, саёҳатларга бориш каби “иикинчи даражали” ишлар учун жалб қилишади. Бу ҳам ғирт адолатсизликнинг ўзгинасидир.
 Эркакларнинг бу борадаги хатоларидан яна бири – уларнинг иккинчи хотинга уйланиш биланоқ биринчи хотинларининг ҳақ-ҳуқуқларини бузишлари, олдинги оилаларига, фарзандларига мутлақо эътибор қилмай қўйишларидир. Баъзан эса биринчи хотини зўр чиқиб, эрини уйга қайтаришга муяссар бўлса, энди эркак иккинчи хотинини ўз ҳолига ташлаб, мутлақо хабар олмай қўяди. Натижада гоҳ биринчи хотин, гоҳ иккинчисидан масжид имомларига, маҳалла фуқаролар йиғинларига, ҳуқуқ органларига шикоятлар ёғила бошлайди. Бундай “қаҳрамон”лар шариат бериб қўйган рухсатдан фойдаланиб қолишга жуда ишқибоз бўлишадию аммо шариатнинг бу борадаги кўрсатмаларини бажаришга унчалик бош қотиришмайди. Оқибатда иш шунақанги чалкашиб кетадики, баъзи эркаклар гап-сўз кўпайиб кетиши ва можаролар чиқишидан қўрқиб, ҳатто иккинчи хотинни никоҳлаб олишдан, шу тариқа ҳалол турмуш қуришдан ҳам қочишга уринадилар. Уларнинг бу қилмиши эса худди бегона аёл билан зино қилишдан бошқа нарса эмас.
Иккинчи хотинга уйланган эркаклар кўпинча нафақа борасида ҳам аёлларини баравар тутишмайди. Биринчи хотинга қимматроқ кийим ёки жиҳоз олиб беришса, иккинчисига арзонроғи харид қилинади ёхуд аксинча бўлади. Хотинларнинг бирига беш минг сўмлик кўйлак харид қилинса, иккинчисига ҳам шунча сўмлик кўйлак олиб бериш керак, агар бир хили топилмаса, етмай қолган пул аёлнинг қўлига берилади. Яна эркаклар кўп ҳолларда билиб-билмай ёки хотинларининг биридан ўч олиш учун бир-бирига қайраш, бировини мақтаб, иккинчисини қоралаш ёки бирини кўкларга кўтариб, иккинчисини ерга уриш каби хатоларга ҳам йўл қўйишади. Бу ҳам асло оила муҳитини яхшилашга олиб бормайди, аксинча хотинлар орасида аҳилликнинг илдизига болта уради, душманлик, ғараз ва ўринсиз рашкни кучайтириб юборади.
Баъзан эркаклар “қулоғим тинч юрсин” деган маънода ёки ўзларича адолат қилмоқчи бўлиб, биринчи ва иккинчи хотинларини тез-тез учраштиришга ёки бирга сафарга (саёҳатга, дам олишга, меҳмондорчиликка) олиб боришга ҳаракат қилишади. Аммо тажрибалар шуни кўрсатяптики, икки кундош эрнинг зуғуми ёки ҳурмати юзасидан ташида бу “фожиа”га чидаб турса ҳам, ҳар икковининг ичида шунақанги туйғулар бўрони кўтарилиб, рашк гулханлари ловуллайдики, уларни пасайтиришга ҳар қандай уддабурро, устамон эр ҳам ожизлик қилиб қолади. Инсоннинг фитратини яхши билган Пайғамбар алайҳиссаломдай комил зот ҳам ана шу ҳолатни яхши англаганлари учун сафарга чиқмоқчи бўлсалар, хотинлари ўртасида қуръа ташлар, қуръа кимга чиқса ўшани бирга олиб кетар эдилар.  
Эркакларнинг хатоларидан яна бири қуйидагича намоён бўлади: айтайлик, унинг биринчи хотини “зўрроқ”, шаллақироқ ёки оилада эрдан устунроқ бўлса, хотин дарров иссиғида бу “мудҳиш жиноят”нинг олдини олишга киришади, бунга барча воситаларни ишга солади, иккинчи хотиннинг танобини тортиб қўйишга ҳатто яқинлари ва қариндошларини ҳам жалб қилади. Катта ваъдалар бериб уйланган, ҳар гапида “мард”лигини пеш қилган эркак мана шундай нозик бир пайтда иккинчи хотинини ана шу катта “армия” қаршисида ёлғиз қолдириб, ўзи бир четга чиқиб олади ёки бўлмаса, шартта ундан воз кечиб қўяқолади. Иккинчи хотинга уйланишда берилган қоп-қоп ваъдалар ҳам, уни ҳамиша ҳимоя қилишга ичилган онтлар ҳам, ҳаммаси зумда унутилади. Шўрлик иккинчи хотиннинг энди “ўзи пиширган ош”ни ўзи ичишига тўғри келади.
БИРИНЧИ ХОТИННИНГ ХАТОЛАРИ. Биринчи хотиннинг бу борадаги хатолари ҳам эриникидан кам бўлмайди. Тасаввур қилайлик: эр иккинчи хотинга билдирибми ёки билдирмайми, уйланди. Ўзингизни минг тарафга урсангиз ҳам, тупроққа ўт қўйсангиз ҳам, бутун инсониятга қарши уруш очсангиз ҳам энди фойдаси йўқ: бўлар иш бўлган, ғишт қолипидан кўчган, сиз қўрқув ва хавотирлар ичра гумон қилиб юрган “мудҳиш воқеа” амалга ошиб бўлган. Аёлларнинг мутлоқ кўпчилиги табиатларидаги рашк ва қизғанчилик туфайли эрларининг бу “жинояти”ни хотиржам қаршилай олишмайди. Дарров эрга қарши бир-биридан аламли жазо чораларини қўллашга киришишади. Хотин ё эр билан қаттиқ жанг қилади, бунда олдин ўзининг юз-кўзларини тимдалаб қонатади ёки маҳаллани бошига кўтариб уввос солади. Шу усул билан “хиёнаткор” ва “сотқин” эрни тартибга чақирмоқчи бўлади. Бу нарса кўнгилдагидай фойда бермаса, энди унга таъсир кўрсатишнинг бошқа чоралари қўлланади: “Ҳамма қилмишларингни Худога солдим, Ўзи жазойингни берсин”, “Барча қариндош-уруғларни (қуда-андалар бўлса уларни ҳам) тўплаб, шармандангни бир чиқармасам, нима деган одам бўлибман”, “Сангаям ёзилган қонун бордир, сени судга бериб, расвойингни чиқариш ҳам қўлимдан келади”, “Болаларга гапирма ҳам, қўлингни ҳам теккизмаям, энди уларда санинг асло ҳаққинг йўқ!”, “Менинг жавобимни бер, сандақа номард эр билан бир кун ҳам яшамайман” ва ҳоказо ва ҳоказо.
Эркакларнинг бир вакили сифатида уларнинг табиатини яхши билганим учун аёлларни бир хатардан огоҳлантириб қўймоқчиман: бу қўрқитув ва пўписалар эркакларни инсофга чақириш, уларга “хатолари”ни тан олдириш ўрнига негадир кўпинча аксинча самара кўрсатади. Ўзи виждони қийналиб, хотинининг кўзига қарашга ҳам ботина олмай турган эрга бу нарса уруш-можаро гулханига худди мой қуйиб, гуриллатиб юборгандай таъсир қилади. Кўпчилик эркаклар бундай пайтларда хотинига содир бўлган ишни ётиғи билан тушунтириш, амалга ошиб бўлган  воқеълик қаршисида икковлари ўзларини қандай тутишлари кераклигини хотиржам маслаҳатлашиб, муҳокама қилиш ўрнига дарров “тўнини тескари кийиб” олади. Хотинининг ҳар бир маломатига қарши далиллар билан зарба беришни бошлайди. Бу ҳам кор қилмаса, унинг турмушдаги хато-камчиликларини юзига солиб, “фош қилиш”га киришади. Бордию бунинг таъсири ҳам сезилмаса, жаҳл ва ғазабга эрк беради, шайтон сўзига кириб “гапуқмас” хотинини калтаклашгача боради. Охири тўнини елкага иладию, ҳамма нарсага – йигирма-ўттиз йиллик бирга кечирилган турмушга, бирга қўлга киритилган уй-жой ва рўзғор ашёларига, шириндан-шакар фарзандлару машаққатлар билан топилган обрў-мартабага тупуриб, барча можароларнинг бош сабабчиси бўлган ўша “иккинчи хотин”никига шартта бош олиб кетади.
Муносабатларнинг мана шундай кескинлашиб кетишининг олдини олиш учун биринчи хотинлар ҳар томонлама мулоҳаза билан иш кўриши, ўзи шундоқ ҳам руҳан қийналиб турган эрини “ловуллатиб юбормаслик” учун ўзини билмаганга олиши бундай ҳолатларда энг мақбул тадбир эканини аксари аёллар англаб етишмайди. Аксинча кўпроқ ҳиссиётга эрк беришади, рашкларининг шиддатлашувига йўл қўйишади. Кўп ҳолларда шайтон сўзига кириб, “иссиғида эрни яна қайтариб олиш”га ёки “яхшилаб таъзирини бериб қўйиш”га киришиб кетишади. Аммо минг афсуски, хотинларидан бошқача фикрлайдиган ва табиатан улардан фарқли бўлган эрларга бу нарса ғирт тескари таъсир кўрсатади. Биринчи хотинлар шу тариқа ўзлари билмаган ҳолда эрларига энг катта душманга айланишади. Душман эса рақиб томоннинг сўзига мутлақо кирмайди ёки роса ҳиммат қилса, унинг айтганларининг аксини қилади. Оқибатда шу йўл билан эрини оилага қайтармоқчи бўлган аёл ниятига ета олмайди ёхуд “ёмон ва хиёнаткор бўлса ҳам” корига яраб турган эридан ажраб, маҳрум бўлади.  
Биринчи хотиннинг яна бир хатоси шуки, у эрининг “сири” фош бўлган биринчи кунларданоқ ўзини алданган, хўрланган, иззат-нафси камситилган одам сифатида ҳис эта бошлайди. Аслида эри иккинчи хотинга уйланиб, биринчи хотинининг нозик туйғуларини топтаб ташлаганмикин? Энди бу ҳолатга бошқа бир томондан назар ташлайдиган бўлсак, биринчи хотиннинг изтироблари ҳам, хафа бўлиши мутлоқ асоссизлиги аён бўлади. Тасаввур қилиб кўринг, эр иккинчи хотинга уйланиш ўрнига айрим кимсалар қилаётгандай “номаҳрам аёллар билан дон олишиб” юрганида нима бўларди? Унда хотиннинг ҳис-туйғулари топталмасмиди, аёлнинг иззат-нафсига озор етмасмиди ёки эрининг ўзга аёллар билан бузуқчилик қилиб юрганидан воқиф бўлган аёл ўзини хўрланган ҳис этмайдими? Аслида хўрликнинг энг каттаси шу эмасми? Мусулмон эр шариат буюрганидай иккинчи ёки учинчи хотинга ҳалол йўл билан никоҳланиш ўрнига тайини ҳам йўқ, қанчалаб эркакларнинг “кўнглини овлаган” аллақаёқдаги бир бузуқ аёл билан зино қилса, ана шунда эмасми хўрлик дегани?! Энг қизиғи, кўплаб аёллар эрларининг номаҳрам аёллар билан зино қилишини одатий ҳол ҳисоблашадию, аммо шаръий никоҳ билан ўзга бир аёлга уйланишини асло мияга сиғдира олишмайди, шундай ҳолат юз берганида эрларини асло кечиришмайди.  
Биринчи хотинлар агар вақтида рашкларини жиловлаб олишса, улар дуч келадиган жуда кўп хафагарчиликлар, ўринсиз қийноқлар, эрнинг дилини оғритишлар, ўзини ҳам азоблашлар – бари барҳам топган бўларди. Аммо аксарият аёллар бунинг уддасидан чиқа олишмайди, аланга олиб турган рашкларига ўзлари мой қуйиб, тинмай ловуллатишаверади. Ҳар бир ҳаракатдан, ҳар бир сўздан, ҳар бир ишорадан уларнинг рашклари кучаяверади. Эр янги кийимини кийса ҳам балога қолади, ўзига қараса ҳам балога қолади, иккинчи хотинникида бирор соат ортиқроқ қолса ҳам шу аҳвол!
Яна бир хатолик борки, аксари биринчи хотинлар билиб-билмай албатта унга йўл қўйишади. У ҳам бўлса, уларнинг “Мен эримнинг кўз очиб кўрган хотиниман, шунинг учун алоҳида имтиёзларга эга бўлишим керак, иккинчи хотин ҳамма ишда мен билан ҳисоблашиши шарт, меникида эрим кўпроқ туриши, нафақани менга кўпроқ қилиши, мендан ортгандагина кундошимникига бориши зарур” деб ўйлашларидир. Энди масалага бошқа томондан ёндошиб кўрайлик. Биринчи ва иккинчи хотинларнинг ўрни тақдир тақозоси билан алмашиб қолди, дея тасаввур қилиб кўрайлик. Биринчи хотин иккинчисининг ҳолатига тушиб, оилали бир эркакка турмушга чиқишга мажбур бўлиб қолса, у ҳам эридан ўз ҳақ-ҳуқуқларни талаб қилишга ҳақлими? Ё эрининг биринчи хотини рухсат берсагина никоҳдан ўтган қонуний эри билан учраша оладими?
Биринчи хотинларнинг кейинги хотинни ҳар жабҳада камситишлари ёки улар ҳақида турли ёмон фикрларга боришлари нотўғри, чунки шариат талабларига кўра, эрнинг барча хотинлари бир хил ҳақ-ҳуқуқларга, бир хил имтиёзларга, бир хил бурч-мажбуриятларга эгадирлар. Шариатда биринчи хотинга учта кўйлак, иккинчисига битта кўйлак олиб берилсин ёки биринчисиникида уч кун турса, иккинчисиникида бир кун турсин деган қоида йўқ. Ёки айрим аёллар ўйлаганидай, эрга хизмат қилишда ҳам бирининг биридан устунлиги бўлмаслиги керак: бири фақат рўзғор ишларини қилсин, иккинчиси таом тайёрлаш ва кир ювишга масъул, учинчиси эса эрнинг кўнглини овлаш билан шуғуллансин, деган қоида ҳам йўқ. Демак, оилавий масалаларда барча хотинларнинг ҳақлари бир хил бўлади. Фақат айрим истисно ҳолатларда вазиятга ўзгартириш киритиш мумкин. Ёш жиҳатидан кичик иккинчи хотин биринчи хотиннинг катталигини инобатга олиб уни ҳурматлаши, унинг айрим юмушларида ёрдамлашиши мумкин.
ИККИНЧИ (ЁКИ УЧИНЧИ-ТЎРТИНЧИ) ХОТИННИНГ ХАТОЛАРИ. Кейинги хотиннинг ҳам турмуш қурганидан кейин йўл қўядиган жуда кўп хатолари борки, улар ҳам аста-секин тўпланиб, унинг минг машаққат билан эришган бахтига раҳна солади, турмушини оғуга айлантиради. Энг ёмони, бу машмашалардан тоқати тоқ бўлган эр у билан ажрашишдан бошқа йўл топа олмайдиган вазият юзага келади.
Кейинги хотинларнинг жиддий хатоларидан бири сифатида уларнинг ўринсиз “ҳақ-ҳуқуқ талашишлари”ни келтириш мумкин. Энг қизиғи, бу “хатарли” йўлга қадам қўйган аёл бўлажак эрининг аввалги хотини борлигини яхши билади, унинг “нонига шерик” бўлаётганини ҳам тўла англайди. Дунёдан тоқ ўтгандан ёки бир бемаъни ва ахлоқсиз эрнинг хотини бўлгандан кўра яхши бир инсонга иккинчи хотин бўлиш “имконияти”ни ҳам унинг ўзи танлаган. Лекин бошда ўз бахтини қўлга киритиш учун ҳамма нарсага рози бўлиб турган аёл никоҳдан сўнг дарров “ўзгариб” қолади. Биринчи хотиннинг барча ҳақларини эгаллашни, эри томонидан унга қилинаётган эътиборнинг зудлик билан ўзига қаратилишини талаб эта бошлайди. Иш шунга бориб етадики, биринчи хотин бирор жойга меҳмондорчиликка таклиф этилган бўлса, у ҳам бораман, дея жанжални бошлайди. Шунча йил яшаб, энди биринчи хотинига бирор совға ҳадя қилган бўлса, у “Менга ҳам олиб берасиз”, деб тўполонни бошлайди. Бунда у эрининг олдинги хотин билан кўп йиллар бирга яшаганини ҳам, ундан бир неча фарзандлар кўрганини ҳам, яхши-ёмон кунларида ўша “қари мочағар” ҳамиша эрининг ёнида ҳамдард, ҳамдам бўлганини ҳам инобатга олмайди. Нима қилиб бўлса-да, ўзи тезроқ эрининг ишончини қозонса, уни ўзига оғдириб олса, қалбини эгалласа бўлди! Аммо бу ўринсиз ҳатти-ҳаракатлар эрини “ҳушёр торттириб” қўйгани етмай, биринчи хотиннинг янги кундошига қарши “ялпи уруш очиши” билан якунланади.
Иккинчи (учинчи-тўртинчи) хотинларнинг хатоларидан яна бири – эрнинг биринчи хотинга эътибори кучлилигидан хавфсираб, унинг ҳар бир қадамидан хабардор бўлишга уринаверишидир. Эр ишда бироз ушланиб қолса, улар дарров гумонга боради: “Ҳозир биринчи хотини билан мазза қилиб, чақ-чақлашиб ўтирибдимикин?” Эри улфатлари билан чойхонада паловхўрлик қилиб ўтиргани ҳам уларда шубҳа уйғотади: “Биринчи хотини ва болаларини олиб тоғ сайрига чиқиб кетдимикин ёки бирор боғда дам олишяптимикин?” Нимагадир чалғиб, телефонни вақтида олмадими, бунга ҳам тахмин тайёр: “Хотини билан бирга бўлса керакки, ҳатто телефонни олгиси ҳам келмаяпти”. Хуллас, бундай шубҳа ва гумонлар иккинчи хотиннинг ўзини адойи-тамом қилгани етмагандай, эрини ҳам тезда “иккинчи ёри”дан совутади, ишончли ва ишонувчи биринчи хотини яна кўзига ардоқли кўриниб кетади, ҳар қадамини назорат қилиб турувчи хотиннинг таъқибларидан қутулиш йўлларини ахтара бошлайди.
Кейинги хотинлар яна бир масалада кўп хато қилиб, эрларининг ўзларидан совиб кетишларига, ҳатто талоқ қилишларига йўл очиб беришади. Бу ҳам бўлса, уларнинг эрни олдинги хотинидан совутиш, иложини қилолса ундан воз кечтиришга бўлган бефойда уринишлардир. Ахир, ўзингиз бир ўйлаб кўринг: сиз бир неча йиллар аҳил ва тотувликда, бир-бирларига муҳаббатли яшаган эр-хотиннинг ўртасига ярим йўлда қўшилиб, кундошингизнинг ошига шерик бўлгансиз. Майли, Аллоҳнинг тақдири экан, эрингиз сизга уйланиб, бахтингизни тўкис қилишга бел боғлабди. Энди нега сиз унинг бахтини кемтик қилишга уринасиз: кўз очиб кўрган хотинини кулга белаб, косовга санчасиз. Унга телефон қилиб, ёлғон-яшиқлар билан дилини хуфтон қиласиз, рашкини қўзғашга уринасиз. Сизга суядиган эр, ширин турмуш ва руҳий хотиржамлик керакми ёки кундошингизга ҳар қадамда ҳужум қилиб, уни ва эрингизни ранжитиш керакми? 
Кейинги хотинлар яна бир нарсада ўзларининг обрўларини ерга уриб қўйишади. Улар эрларининг нима ейиши, нима кийиши масаласини, ишхонаси муаммоларини биринчи хотининг иши, деб ҳисоблашади. Худди атайлаб қилгандай, деярли барча иккинчи хотинлар мазали таом тайёрлаб, эрнинг қорни орқали кўнглига йўл топишни эплай олишмайди. Ёки кийимларини ювиш, дазмоллаш, йиртиғини ямаш, узилган тугмасини қадаш каби “майда-чуйда” нарсалар билан мутлақо ишлари бўлмайди. Гўё эр уларникига фақат кўнгилхуши учун келадигандай. Шу ўринда машҳур бир латифа ёдга тушади: бир йигит ҳар куни жуда пўрим ҳолда, оппоқ кўйлакда, қиррали шимда ишга кела бошлагани кўрган ҳамкасблари ундан бунинг сабабини сўрашибди. У иккинчи хотинга уйланганини, унинг шунақанги ширин таомлар тайёрлашини, ҳатто пайпоғигача дазмоллаб беришини айтиб, улфатларини қойил қолдирибди. Бир куни бир юмуш билан уйига йўқлаб боришса, унинг ўзи кир юваётган эмиш. “Ҳа, иккинчи хотинни талоқ қилдингми?” деб сўрашса, “Йўқ, иккинчи никоҳдан кейин ҳар иккови хотиним овқат қилишни, кир ювишни сансолар қилаверганидан тўйиб, барини ўзим қилаётирман”, деб жавоб берган экан.
Яна кейинги хотинлар ҳамиша эрларининг бир куни барибир ташлаб кетишидан хавфсираб яшаганлари учун уларни доимо “ўз тизгинлари”да тутиб туришга ҳаракат қилишади. Тинимсиз телефон қилишади, ортидан айғоқчилар қўйишади, ҳатто ўзлари ҳам эрнинг ҳар бир қадамини кузатишга интилишади. Бу албатта, эркакларга мутлақо хуш келмайди. Эркаклар табиатан “тушовда юришни” сира ҳам ёқтирмасликларини, ҳурриятларини қаттиқ ҳимоя қилишларини тушунмаган кейинги хотинлар бу қилиқлари билан уларни уйдан бездириб, бора-бора эрнинг ташлаб кетишига сабабчи бўлиб қолганларини ўзлари ҳам билмай қолишади. Ҳадеб эрини таъқиб қилинавериши биринчи хотиннинг қулоғига албатта етиб боради ва у ҳам “иккинчи”нинг танобини тортиб қўйишда эрнинг яқин ҳамкорига айланади. 
Иккинчи ёки учинчи никоҳдаги хотинлар биринчисига нисбатан ёш, баъзан хушрўй бўлганлари боис, “Эримиз барча эркаликларимизни кўтаришга мажбур” деган хаёлда кўпинча эркаликни ошириб, ҳам эрнинг, ҳам биринчи хотиннинг қаттиқ нафратига учраб қолишади. Масалан, эрнинг ички сирларини ҳамма ёқда “дастурхон қилиб юриш”дан ҳам тап тортишмайди, Биринчи хотинга телефон қилиб ёки одамлар орқали эрининг ўзига кўрсатаётган марҳаматлари, иккинчи хотинини ниҳоятда яхши кўриши, шунинг учун қимматбаҳо буюмларни совға қилаётгани, фалон жойга дам олишга олиб боргани ҳақидаги ёлғон гаплар билан кундошининг ва эрининг ғашига тега бошлайди. Биринчи хотин устидан зафар нашидасини суриш ниятида қилинган бу ёлғонлар ўзининг бахтига ҳам зомин бўлиб қолишини эса жуда кеч тушуниб қолади. Агар кейинги хотинлар ана шундай маънисиз хатоларга йўл қўйишмаса, Тангри белгилаган тақдирларига кўнишса, жинсдошларига нисбатан хийла бағрикенгроқ бўлишса, турмушлари файзли, бахтлари бекам бўлур эди.

ХАЙРЛИ «ҚАСОС»

«Карвон бехатар бўлмас», деганларидек, оилаларда гоҳо «тўлқин-пўртаналар, довул ва зилзилалар» ҳам бўлиб туради. Масалан, эр  «қилиқ» чиқариб, бошқа бир аёлга кўнгил қўяди ёки уйланиб олади. Нонига кундош шериклик қилаётганини сезиб қолган аёл нима қилиши зарур?
Баъзи аёллар бундай ҳолларда нима қилиб бўлса ҳам эрларини ўша «ёсуман» тузоғидан ажратиб олиш пайига тушишади. Улар "душман" хонадонига бориб, уруш-жанжални қизитишади, кундошнинг «адабини беришади», эрни эса элга шарманда қилишади. Бунга ҳам қаноат қилмай, эрларини ҳар қадамда таъқиб қилади, унга нисбатан тўнларини тескари кийиб олади, ҳатто у билан гаплашишни ҳам исташмайди, болаларини отасига қарши қайрашади.
Бу билан аёл қанчалик асабидан ажраётгани, соғлиғини йўқотаётгани, қариндош-уруғлар ўртасида обрўсини тўкаётгани билан  иши ҳам бўлмайди. Лекин шунча йўқотишдан кейин ҳам эр иккинчи хотинидан ажрашай демайди. Аксинча кўз очиб кўрган, шунча йил бошига кўтариб, ардоқлаб юрган хотинининг қилмишларидан дили ранжиб, ундан кўнгли қолади. Баъзан эса сўнгги қадамни қўйишга, яъни биринчи хотин билан орани очиқ қилишга ҳам мажбур бўлиб қолади.
Бошқа баъзи аёллар эса бундай пайтларда ҳиссиётга, шайтоний васвасаларга бўйсунмай, ақл билан иш тутишади. Энг аввало, бу иш жиноят ёки гуноҳ бўлмаганидан кундош «фожиаси»га кўнишади, сабр қилишади. Бордию бунга чидай олишмаса, эрларидан бу қилмиши сабабларини сўраб, таҳлил қилишади. Чунки, «эркак уйида йўқ нарсани кўчадан излайди», деган нақл бор. Эҳтимол, аёл эрига етарли эътибор, муҳаббат кўрсата олмагандир? Балки  бирор қилиғи, тутими эрига ёқмай қолгандир? Ёки тўйдан кейин ўзига қарамай қўйгани, пардоз-андозни эсдан чиқариб юборгани эрининг кўнглини совутиб қўйгандир? Нима бўлганда ҳам сабаблар таҳлилидан сўнг камчиликни тузатишга, сабр ва тадбирлар билан эрини «уйга қайтариш»га ҳаракат қилади.  
Наманганлик Насибахон исмли жувон бошидан кечирган кундошлик ҳангомалари ва эрини уйга қайтариш йўлида қандай тадбирлар қилгани ҳақида бундай ҳикоя қилади: «Ота-онадан эрта етим қолганим учун мени тоғам тарбия қилдилар. Ўн еттига тўлишим билан тагли-тугли бир хонадонга узатишди. Қийинчилик-йўқчилик ичида катта бўлганим учун тушган жойимга канадай ёпишдим. Қайнотам беш йилча бурун ўтган эканлар. Қайнонам касалманд эдилар. Эримдан ташқари бир ўғил ва бир қизлари бор эди. Биргалашиб яшай бошладик. Хизматни дўндириб турибман. Оиладагилар билан аҳилмиз. Эримнинг хулқлари яхши эдию, аммо ишёқмас, сал эрка, ҳавойироқ эдилар. Аввал ялиндим, йўлга солмоқчи бўлдим, атрофдагиларни ибрат қилиб кўрсатдим. Қаёқда? Авваллари ул-булга куйманиб, пул топиб турардилар. Тўйимиздан олти ой ўтгач, диванни бутунлай «ижара»га олдилар. Эртадан-кечгача телевизор олдидан кетмайдилар. Ора-сира укаларидан ё оналаридан пул «униб» қолса, чойхонага чиқиб улфатлар билан ош қилишади.
Бу орада бирин-кетин икки фарзандли бўлдик. «Кўпайишсак, боланинг меҳри ишлашга мажбурлаб юборса керак» деб ўйлаган эдим. Шунда ҳам ўзгармадилар. Қарасам, икки болам билан оч қолиб кетадиганман. Шартта тижоратни бошлаб юбордим. Аввалига озгина сармоя билан совун, порошок, тиш пастаси сотиб юрдим. Кейинроқ сармоям кўпайиб Қўқонга, Қорасувга  қатнай бошладим. Чорсу бозоридан кичикроқ жой тегди, ишим юришиб, қўлимга пул кирди.
Худди ўша кунларда эрим йўқолиб қолдилар. Уёқ-буёқни даракладим. Уйдан телевизор, у кишининг кўча кийимлари ғойиб бўлганини сезиб, кўнглимга шубҳа тушди. Адашмаган эканман. Эшитсам, Давлатобод туманидаги битта танноз хотинга илакишиб қолиб, ўшаникига кириб кетибдилар. Телевизор ҳам у киши билан бирга кундошимникига «кўчибди».
Уч кунгача не аҳволга тушганимни ўзиму ёлғиз Худо билади. «Ғам тўйдиради», деганларидай бир ярим сутка оғзимга увоқ солмабман. Юрсам ҳам, ўтирсам ҳам номард эрим кўз олдимга келаверади. Қайси гуноҳим учун Худо мени бундай жазолади, деб савол бераман ўзимга. Шайтон «Ҳозир бориб ўша манжалақини сочини юлиб, қонига белаб кел», деб турибди. Аммо ниятимдан қайтдим. Кўпчилик ўртасида эркак кишининг обрўси тўкилиб, юзи шувут бўлмасин, деб ўйладим.
Кейин ўзимни қўлга олдим. «Сабр қилай-чи, Худо бир йўл кўрсатар», деб ўзимни меҳнатга урдим. Эрта чиқиб кетиб, шомда қайтаман. Ҳафтада бир марта бошқа шаҳарларга товарга қатнайман. Уйга келгач, қайнонамга, болаларга қарайман. Қайниним ва қайнсинглимнинг овқатини тайёрлайман, кирини юваман, йиртиқ-ямоғини қиламан. Оиладагиларнинг эримнинг қилиғидан афсусланмай, одатий ҳолдай муносабатда бўлишлари юрагимни тирнаса ҳам, ҳеч нарса бўлмагандай аламимни ишдан олавердим.
Бу орада қайнонам вафот этдилар. Қайнинимнинг топиши яхши бўлмагани учун у кишини ўзим кўмдим, маъракаларини эл қатори ўтказдим. Эрим таъзия куни бир-икки соат одамлар кўзида ўралашиб юрдилару кейин яна ғойиб бўлдилар. Қайнонамнинг қирқлари чиқиши билан қайнсинглимга совчи кела бошлади. Маъқул жойи чиқувди, уни турмушга узатдим. Сепию, тўй харажатлари яна зиммамга тушди. Миқ этмадим. Маҳалла-кўйдагилар, қўни-қўшнилар вазиятни тушуниб, ёнимга киришди.
Орадан бир йил ўтиб, қайнинимни ҳам уйладик. Тўққиз ойча янги келин-куёвни болаларимга қўшиб боқишимга тўғри келди. «Эримдан нима кўрдиму сан нима қилиб берардинг», дегандай баъзи кунлари жаҳлим чиқиб юрди. Аммо буям Худо йўлига бир эҳсон-да, деб ўзимни овутаман. Охири қайниним маҳалла-кўйдан уялдими ё виждони қийналдими, ҳарқалай қайнотасига қарашли квартирага кўчиб кетди. Олти сотих ҳовлида шўппайиб ўзим қолдим.
Кунлар шу зайлда ўтаверди.  Меҳнатдан аламимни оламан. Туриб-туриб эримнинг қилмиши вужудимга ўт ёқсаям, ҳеч нарса бўлмагандай ўзимни овутаман. «Осмон йироқ, ер қаттиқ» эди. Қўшниларим мендаги бардошни, сабрни кўриб: «Сиз одам фарзанди эмассиз, тошдан ясалгансиз» деб «тасалли» бериб қўйишади. Кўнглимни кўтаришади. Бу орада болаларим ҳам катта бўлиб, биринчи синфга чиқишди. Аммо дадалари бирор марта кўргани келмас, аҳволимиз билан қизиқмас эдилар. Аммо ҳали булар ҳолваси экан…
Бир куни шомдан кейин ишдан келсам, лабини памилдоридай қизартириб олган семизгина хотин фартуғимни тутиб олиб ошхонада куйманиб юрибди. Юрагим «шиғ» этди, «ҳойнаҳой кундошим шу бўлса керак», деб ўйладим. Қизиқ, у бизникида нима қилиб юрибди? Шу пайт ичкари уйдан қайнсинглим билан эрим чиқиб келишди. Мени кўриб, бир сесканиб олишди. Кейин асосий мақсадга ўтишди: эмишки, эрим иккинчи хотинининг квартирасини сотиб, уйимизга кўчиб келармиш. Ҳовлини иккига бўлиб, ўртадан девор олишар эмиш. Мен болаларим билан ярмида бемалол яшайверармишман. Агар ғиринг-пиринг дейдиган бўлсам, умуман шундан ҳам маҳрум бўлармишман.
Ўша топда қўлимга болта олиб, ҳаммасини тирқиратиб қувиб, кўчага чиқариб қўйгим ҳам келди. Яна ўзимни босиб олдим. «Нима бўлса ҳам кўз очиб кўрган эрим, ҳозир шайтон йўлдан уриб турибди, бир кун ўзларига келсалар ҳали қилмишларидан уялиб қоладилар, сабр қилаверай-чи», деб яна ўзимни босдим. Уйдан ҳайдашса, икки болам билан кимникига сиғаман, деб ўйладим.
Хулласи, ҳовлида икки кундош "ширин турмуш" бошладик. «Севишганлар»нинг иккови ҳам ҳеч қанақа иш қилмас, пул ҳам топмас, топиб келганимга шерик бўлиб ўтиришар эди. Ҳай, Худонинг бу синови ҳам бор экан-да, деб жонни жабборга бериб ишлайвердим. Шу кунгача уч кишининг рўзғори зиммамда бўлса, энди беш киши учун харажат қилар эдим.
Бу кўргуликка бир ойга чидадим. Мен индамаганим билан маҳалла-кўй, қариндошлар воқеадан хабар топишиб, эримни ўртага олишибди. Гап билан роса тузлашибди. Бир куни ишдан келсам, эрим кундошим билан қаёққадир гумдон бўлишибди. Аммо кетиш чоғида яқинда сотиб олган янги телевизоримни, тилла тақинчоқларимни, болаларимнинг тўйига атаб қўйган тоза матоларимни ҳам уриб кетишибди. «Шу билан қутилиб тинчисам бўлди», деб ўзимни овутиб қолавердим.
Томошанинг каттаси сал кейинроқ бошланди. Тирикчиликлари қийинлашиб қолганми, эрим тез-тез пул сўраб келишга ўрганиб олдилар. Аввалига раҳмим келиб оз-моз пул бериб турдим. Бир куни мияда бир нарса чақиб қолди: «Тўхта, сан берган пулга кундошинг айш қиладими, керак бўлса, ўзлари ишлаб топишсин». Пул бермай қўйганимдан жаҳли чиққан эрим менга ўхшаб тижоратга киришдилар. Растамиздан жой олиб, савдони бошлаб юбордилар.
Бу орада менинг ишим анча ўнгланиб қолган, қўлимда каттагина сармоя тўпланган эди. Энди товар учун бошқа шаҳарларга бормай ҳам қўйганман: шерикларга пул бериб юбораман, ҳамкасбларнинг раҳми келганидан менга ҳам мол қўшиб олиб келишади. Эримнинг рўзғорлари яхши эмаслиги, пул тополмаётганлари учун кундошим билан муросалари бўлмаётганини ҳам сезиб юрибман. Лекин асло сир бой бермайман. Хўжайинимнинг олдимга келиб узр сўрашга эса, ориятлари йўл қўймаётган эди.
Шундай кунларнинг бирида хўжайиндан яхшигина «ўч» олиб, оилага қайтариш вақти етиб келганини тушуниб етдим. Икки-уч кун бунинг режасини тузиб, нима қилишимни белгилаб олдим. Бир ҳамкасбим билан олдиндан келишиб қўйдим. У хўжайиним савдо қилаётган раста олдига янги «Нексия»си билан келиб турадиган, мен эса у кишининг шундоққина кўз ўнгида шерикнинг машинасига чиқиб кетадиган бўлдим. Ўша куни келинлик давримдан буён унутилиб кетган  пардоз-андозни жойига қўйдим. Энг чиройли кийимларимни кийдим. Елкамга сумкамни осиб, товус юриш билан эрим савдо қилаётган жойдан ўтдим-да, ҳамкасбимнинг машинасига ўтирдим. Ҳатто у киши томонга қараб ҳам қўймадим.
Мўлжалга бехато урган эканмиз. Ўша куни икки чақиримча юрганимиздан сўнг машинадан тушиб қолиб, чала қолган анча-мунча ишларимни битирдим. Кечга яқин уйга келсам, хўжайин икки ўғлимизни ёнларига олиб, қовоқларини уюб ўтирибдилар. «Анави одамнинг машинасида қаёққа кетдинг?» деб сўрадилар. «Сизнинг нима ишингиз бор, шунча йилдан буён қаёққа кетаётганим уёқда турсин, ҳатто қандай кун кўраётганим билан ҳам қизиқмас эдингиз-ку», дедим бамайлихотир. «Никоҳдаги эринг бўлгандан кейин сўрашга ҳаққим бордир», дедилар қизишиб. «Мен бирор марта сизнинг қаёқларда, кимлар билан юрганингизни сўрамадим-ку», дедим яна у кишининг жиғига тегиб. Хулласи, шу куни анча-мунча қизаришиб олдик, ўртадаги гина-кудуратларни тўкиб солдик.
Охири хўжайиним оёғимга йиқилиб, узр сўрадилар. Қадримга етмаганлари, болаларни тирик етим қилганларини айтиб, ҳатто бироз кўз ёши ҳам тўкиб олдилар. Тавбалари астойдил эканига шубҳам йўқ эди. Шундай бўлса ҳам анчагача ён бермай турдим. Етти йиллик қийноқ-азобларимнинг, хўрликларимнинг қасосини олаётган эдим. Майли, сал оиланинг қадрига етадиган бўладилар, деб ўйладим. Шундан буён яна биргамиз. Ҳозир бутун тижоратимни у кишига топшириб қўйганман, ўзим болалар тарбияси билан машғулман. Яқинда янги «Дамас» машинаси ҳам сотиб олдик.
Баъзан ўй суриб кетаман: бўлаётган ишлар тушимми-ўнгимми, дейман. Агар ўшанда кундошимникига бориб, жанжални қизитганимда, эримни шарманда қилганимда ҳозир юзларига қандоқ қарар эдим. Яхшиямки, шайтоннинг сўзига кирмаганим, баъзиларнинг ўргатганига кўнмаганим! Эримнинг қилмишларига, Худонинг синовига сабр қилганимнинг лаззатли мевасини бугун тотиб турганимдан суюнаман».

ИККИНЧИ ХОТИННИНГ ИЗТИРОБЛАРИ
(“Гулшан” қиссасидан боб)

Қуёшнинг қизғиш нурлaри кўп қaвaтли уйлaрнинг пeштоқлaригa бирпaс рaнг сочиб турдию кeйин сўнди. Қaйнaб ётгaн бeтон уйлaр кeчки сaлқингa кўкрaк тутди. Kун бўйи мудроқ чол-кaмпирлaргa мaкон бўлгaн янги шaҳaр ҳозиргa кeлиб гaвжумлaшиб кeтгaн. Ҳaммa уйигa ошиқaди. Aёллaрнинг миясидa кeчки овқaтнинг, кeчa ювишгa улгурмагaн кирлaрнинг, бeвaқт тушaётгaн aжинлaрнинг тaшвиши. Эркaклaр тeзроқ тeлeвизор рўпaрaсидaги дивaнгa ёнбошлaш иштиёқидa чaрчоқ оёқлaрини зўрлaб судрaшaди.
Гулшaн xонa эшигини очиб, ичкaригa кирди. Tўрxaлтaни ергa қўйди. Энгaшиб Шоирaни ечинтирa бошлaди. Қизи онaсининг қистови билaн бeиxтиёр ечинaр, aммо оғзи гaпдaн сирa бўшaмaсди:
– Aнaви бор-ку, Юлдузнинг aяси, ўшa боғчa опaмизгa aтир олиб кeлиб бeрди. Энди боғчa опa Юлдузни урмaсмиш. Сиз ҳaм обeрaсизми?
– Нимa, боғчa опaнг урaдими?
– Ургaнлaри йўғ-у… Иннaйкeйин, дадамлa энди уйимизгa ҳeч кeлмaйдилaр-ми?
– Kим aйтди бунaқa дeб?
– Юлдуз-дa. Даданг кeлмaйди, деди. Ойинг ёмонлиги учун уйдaн ҳaйдaгaн, деди. Ойиси шундaй дeгaнмиш.
– Бeкорлaрни aйтибди. Энди сeн унaқa гaплaргa қулоқ солмa. Бундaн кeйин Юлдуз билaн ўйнaмa. Ёлғончи қиз экaн.
– Бўпти. Энди дадамлa кeлaллaми?
– Эндими?.. Maвлон aмaкинг бор-ку, ўшa киши сенгa дaдa-дa! Kўпгинa ўйинчоқ опкeлaди.
– Йўқ, йўқ. Maвлон aмaкини дадa қилмaймaн. Ўйинчоқ ҳaм кeрaкмaс. Aну-чи, ўшa aмaки доим менгa xўмрaяди. Ўз дадамлaни чaқириб кeлaмaн-a?
– Хўп майли… Энди сен телевизор кўриб ўтиргин. Мен овқатга уринай, бўптими?
– Энди сиз ҳaм Юлдузнинг ойиси билaн ўртоқ бўлмaйсиз-a?
– Xўп, xўп, – дедию Гулшaн кулиб юборди.
Гулшaн ўшa ўзи орзу қилгaн шоҳонa квaртирaгa кўчиб киргaнигa икки йилчa бўлди. Бу орaдa эри билaн судлaшиб, орaни очиқ қилдирди, қизигa қирқ сўм нaфaқa кестириб олди. Бир кўнгли, оёғимгa тушов бўлмaсин, дeб эригa тaшлaб чиқишни ҳaм ўйлaди. Aммо онaлик туйғуси устун кeлди. Янги уйгa жойлaшиб олгaнидaн кeйин қизини ҳaфтaдa бир мaртa олинaдигaн боғчaгa топширди.
Бугун онa-болa олти кунлик aйрилиқдaн сўнг янa учрaшишди. Бошқa кунлaр Maвлоннинг кўнглигa қaрaб, қизи тўғрисидa сўз очишгa ҳaм ботинолмaйдигaн Гулшaн мaнa шунaқa учрaшгaнлaридa қизини ялaб-юлқaйди, боғчaдaн олиб кeлгaн гaплaрини ютоқиб эшитaди.
У қизини тeлeвизор олдигa ўтқaзиб, ўзи ошxонaгa кирди. Шўрвa қилиш учун кaртошкa-пиёз aртa бошлaди. Қизиқ! Ёлғиз қолди дeгунчa xaёллaри ҳaр томонгa бодроқдaй сочилaвeрaди. Гоҳ турмушини ўйлaйди. Гоҳ аввалги эри Рaҳим ҳaқидa бош қотирaди. Ҳозир aҳволи нимa кeчяптийкин? Oрaни очиқ қилгaнидaн кeйин ярим йилчa ўтгaч, уйлaнгaнини эшитди. Янги xотин билaн қaндоқ яшaяптийкин? Tуриб-туриб, ўзи сeзмaгaн ҳолдa эрининг уйлaнгaнигa ғaши вa ҳaсaди кeлaди. Meндaн aжрaшиб xонумони куяди, дeб ўйлaгaнди. Aммо бир-икки бор уни кўчaдa бeпaрво юргaнини кўриб ўртaнди. Лeкин aлaмини ичигa ютди. Бу xотини ҳaм тeздa қурумсоқ эрининг дийдиёлaридaн бeзиб, кeтиб қолишигa ўзини ишонтирди.
Xўп, ўзи бaxтлими? Қўни-қўшнилaригa оғзидaн бол томиб гaпирaдию, aммо ёлғизликдa пинҳонa изтироб чeкaди. Maвлон билaн ҳaётимиз эртaклaрдaги кaби ширин ўтaди, юрaклaр бир-биригa тaлпиниб тeпaди, дeб орзу қилгaн эди. Aммо, ҳeч қaнчa вaқт ўтмaй вулқондaй портлaгaн ҳиссиётлaр сўнгaндaй, дил розлaри соxтa чиқaётгaндaй туюлa бошлaди. Лeкин Гулшaн муносaбaтлaрдaги бу мудҳиш ўзгaришлaрни aсло тaн олишни xоҳлaмaсди.
Ўртaгa биринчи совуқлик ўтгaн қишдa бeтоб бўлиб қолгaнидa тушди, шeкилли. Эртaлaбдaн бошлaнгaн титроқ кeчгa бориб йиқитди. Икки-уч xил дори ичди, қaйноқ сувгa исириқ тaшлaб оёғини буғлaди. Kўрпaгa ўрaниб ётди. Қaчон кўзи илингaнини билмaйди, қўнғироқ товуши уйғотиб юборди. Инқиллaб-синқиллaб ўрнидaн турди. Aрaнг бориб эшикни очди. Нe кўз билaн кўрсинки, илдизигa болтa урилгaн тeрaкдaй қийшaйиб, эшик олдидa ғирт мaст Maвлон турибди. Бир ошнaсиникидaги ўтиришдaн қaйтaётиб, кўргиси кeлиб қолгaнмиш. Чaйқaлиб ичкaригa кирди. Ҳe йўқ, бe йўқ, уни қучоқлaшгa, ўпишгa тушди. Жaҳли чиқмaсин дeя, кўзлaри тиниб, боши aйлaнaётгaн бўлсa ҳaм чидaди. Mинг aзобдa тишини-тишигa қўйиб турди. Бўлмaди, ҳaлизaмон йиқилиб тушишигa aқли етди. Oxири кaсaллигини aйтдию, бaлогa қолди. Maвлон aввaл росa бўрaлaб сўкди. Бунaқa кaсaл xотиндaн уйдa ҳaм биттa бор, дeб ўдaғaйлaди. Keйин жaвондaн бир шишa aрaқ олиб очди. Яккa ўзи гaзaксиз бир пиёлни ичдию, эшикни қaрсиллaтиб ёпиб чиқиб кeтди.
Гулшaн xўрлиги кeлгaнидaн ҳўнгрaб юборди. Aллaмaҳaлгaчa ўриндa бaдaни музлaб, қaлтирaб ўтирди. Ичидaн aлaмли xўрсиниқ отилиб чиқaрди. Бир вaқтлaр ўз эригa ceнcирaшгa йўл бeрмaгaн aёл энди xўрлaнгaнини ҳис этиб турaрди. Xaтолaридaн ўкинaрди. Aгaр ўз эри бўлгaнидa…
Maвлон эсa кaсaллигини сeзсa ҳaм, ҳолигa aчинмaди, бeзовтa қилгaнигa узр сўрaшгa ҳaм ярaмaди. Узр қaёқдa, тaрсaки тортгaндaй бaшaрaсигa эшикни ёпиб кeтди. Бунгa ҳaдди сиғaди-дa! Чунки ҳaммa нaрсa уники: уй ҳaм, жиҳозлaр ҳaм, ҳaтто ҳeч кимгa сўз бeрмaй юргaн ўшa шaддод Гулшaннинг эрку иxтиёри ҳaм!
… У xaёллaр оғушидa дaрпaрдaни суриб, пaстгa нaзaр солди. Maйдондa болaлaр қий-чув солиб ўйнaшяпти. Икки кaмпир йўлaкдaги тaxтa курсидa шaнғи овоз билaн кимнидир ғийбaт қиляпти. Рўпaрaдaги aйвондa бир aёл кир ёяди. Бошқaси ҳaммaёқни тўзонгa кўмиб гилaм қоқaди. Қaйсидир уйдaн куйгaн пирогнинг ҳиди aнқийди. Xонaлaрнинг очиқ дeрaзaлaридaн қўшиқчилaрнинг йўғон-ингичкa овозлaри aрaлaш-қурaлaш янгрaйди. Ёнгинaдaги aйвондa кaптaрлaр ғув-ғувлaйди, сўнг пaтир-путур кўккa отилaди.
Бугун Maвлон кeлaрмикин? Ҳaр гaл зинaдaн қaдaм товуши эшитилиши билaн ўрнидaн туриб кeтaди. Уёқ-буёғини тузaтиб, эшиккa кўз тикaди. Aммо жимлик чўкиши билaн янa ўзини ўриндиққa ҳорғин тaшлaйди, куним бир чиройли ўтиб турибди-ку, дeя ўзигa тaсaлли бeрaди.
Гоҳо жуфт эр-xотинлaрни кўриб, ўзини қўйгaни жой тополмaйди. Axир, унинг қaери кaм? Нeгa у Maвлон билaн қўлтиқлaшиб, боринг-ки, ёнмa-ён юролмaйди? Нeгa оғзини тўлaтиб уни эрим дeб aйтолмaйди. Ҳaтто киногa боришдaн қўрқиб, тeлeвизоргa миxлaниб ўтиришaди. Нимa учун бирдaн-бир сирдоши Maвлонгa юрaгидaги гaплaрни очиб тўка олмaйди? Чунки унинг ўз xотини борлигини бирор дaқиқa ҳaм унута олмaйди. Ўзининг иккинчи xотин экaнлигини aнглaйди. Oғир бўлсa ҳaм, ориятигa тeгсa ҳaм aнa шу мaшъум тaмғaгa кўниккaн. Taниш-билишлaр ўйнaш дeб тaънa қилолмaйди-ку! Шунисигa ҳaм шукр! Бaлки орқaвaротдaн гaпиришaр ҳам?
Ҳaммaдaн ҳaм Maвлоннинг бeзиб қолишидaн чўчиб, қизини ҳaфтaлик боғчaгa топшириб юборгaни туриб-туриб aлaм қилaди. Axир, мaнa бугун у билaн қaнчaлaр овунди. Aгaр Maвлон кeлaмaн дeб қўйсa, болaсини уйдa ушлaб туришгa ҳaм ботинолмaйди. Maвлон шунчaлик жонини олиб қўйгaнки, Гулшaн ҳaтто ўз болaсини бир кун уйдa қолдиришгa ҳaд қилолмaйди! Болaси ёқмaс экaн, онaсига ҳaм суркaлмa! Лeкин бу гaпни унгa aйтиб бўпти! Боши қотиб кeтди. Бу aзоблaргa, бу xўрликлaргa ким aйбдор, ким?!
Ўшa кунни у бутун тaфсилотлaри билaн эслaб қолгaн. Aввaллaри ҳaр гaл ўйлaгaнидa вужудини aллaловчи, эркaлaтувчи, қонини жўштирувчи ҳислaр чулғaб олaрди. Keйинги пaйтдa бу ёқимли мaшғулот лaззaт ўрнигa кўпроқ ғaшлик, aзоб кeлтирaдигaн бўлди.
Ҳaётдa ҳaммa ҳaм aдaшaди. Xaто қилгaнини пaйқaгaн одaмгинa ундaн ҳaм мaшъумроқ xaтолaрдaн ўзини aсрaб қолaди. Гулшaн Maвлоннинг тўригa илингaнидa эридaну эркидaн, бaxтидaн aжрaгaнини aнчa вaқт тaн олмaй юрди. У жувоннинг иззaт-нaфсини кaмситгaнидa ҳaм, ҳaр қaдaмдa xўрлaгaнидa ҳам кўзи очилмaди. Maғрур, чaрсиллaгaн, гaпни букмaй гaпиргaн Гулшaн Maвлоннинг бир оғиз сўзигa "лaббaй" дeйдигaн, қош-қовоғигa тeрмулaдигaн бўлди. Рaнжиб қолмaсин дeя, у кeлaдигaн куни эртaлaбдaн типирчилaди. Болaсини қaнчa соғинмaсин, учрaшишгa ҳaдди сиғмaди. Унинг жиғигa тeгмaслик учун ёқтиргaн aтирини ҳaм сeполмaди. Aгaр ўз эри бўлгaнидa…
Maвлон икки ҳaфтaдaн буён қорaсини кўрсaтмaди. Ҳозир ҳам уни пойлaб, уйдaн силжий олмaётгaнини ўйлaркан, ўзининг қaрaмлигидaн руҳи тушиб, кўнгли бузилaди. Шу aҳволимни онaм бир кўрсaйди, дeя хaёлидaн ўткaзaди. Kўриб ҳaм нима дерди. Ҳатто учрашиб қолишганида сaлом-aликдaн нaригa ўтишмaйди. Aйниқсa, Maвлонникигa кўчгaнидaн кeйин икковлaри ўртaсидaги чоҳ янaдa кенгaйди. Aммо ҳозир онaсининг бир қилиғи эсигa тушиб, кўнгли ёришaди. Xaмирни доим сутгa қорaрди. Ёлғиз қизим ўксимaсин дeбми ёки ўшaндa унгa мeҳри кучли экaнми, ҳaрқaлaй, кўнглигa қaрaрди. "Қиз болa – бировнинг xaсми, эртa-индин бошқa xонaдонгa борсa нон синдиришгa ҳaм ҳaдди сиғмaйди", дeб кўз очирмaсди. Ҳатто бир сафар шу қилиғи туфайли эри билан уришиб ҳам қолган эди. Ҳозир шулaрни эслaркaн, лaблaри бeиxтиёр "Oҳ, онaжон, ўшaндa қизингизгa сутли нон илингунчa озгинa бaxт тилaсaнгиз нимa қилaрди", дeя пичирлaди.
Aввaллaри ишдaн ҳориб кeлгaнигa қaрaмaй, минг aзобдa овқaт пиширaрди. Бир-икки қошиқ ичaрди. Янa муштини жaғигa тирaб, ўй суриб, қош кeриб ўтирaвeрaрди. Қизи жиқиллaб ҳaли уни сўрaйди, ҳaли буни бижирлaйди. Kaйфияти чоғроқ пaйтидa у билaн бироз овунaди. Гоҳидa Шоирaнинг бeғубор, ширин гaплaри ҳaм, етти уxлaб тушигa  кирмaгaн қилиқлaри ҳaм кўнглини ёзолмaйди. Бaъзaн: э, жим ўтирсaнг-чи, дeя жeркиб ҳaм бeрaди.
Шоирa ҳaм онaсининг фeълигa тушуниб қолгaн. Kўзлaрини кaттa-кaттa очгaничa қўрқув вa ҳaйрaт билaн унгa қaрaб қўяди. Keйин сeкингинa қўшни xонaгa ўтиб, қўғирчоғигa гaп уқтира кeтaди: "Ҳaдeб сaвол бeрaвeрмaсaнг-чи! Axир, кўряпсaн-ку, ойимлaрнинг жaҳллaри чиқиб турибди. Сенгa жaвоб қилaмaн дeб сўкиш ҳaм эшитиб олдим". Шундa қизининг гaпигa кулиб юборaди.
… У ўрнидaн туриб дaстурxонни йиғиштирди. Ўйчaн ҳолaтдa тошойнa олдидa туриб қолди. Бир нeчa дaқиқaдaн сўнггинa нигоҳи ўзининг ойнaдaги aксигa тушди. Унгa кўзлaри киртaйгaн, сочигa бeмaврид оқ орaлaй бошлaгaн, ғaмгин юзли жувон ҳиссиз тикилиб турaрди. "Нaҳот шунчaлик ўзгaриб кeтдим-a?! Tўйдaн олдин қaнчaлик чиройли қиз эдинг, Гул! Йигитлaр ортингдaн суқлaниб, aёллaр кўзини лўқ қилиб юрмaсмиди! Бaxтингни ўзинг поймол қилдинг, ҳa, ўзинг! Қaердa aдaшдинг! Негa ширин турмушингни aсрaб қололмaдинг? Негa ўшa элaс-элaс туш кaби кунлaрдa, ҳaвойи орзулaр қaнотидa, мaвҳум мaнзиллaргa йўл солгaнингдa эс-ҳушингни йиғиб олмaдинг? Бaлки шундa бугунгидaй ҳaсрaт-нaдомaт қийнaмaсмиди? Xaтолaрни тузaтишнинг, елгa совурилгaн ҳусннию тaнсиқ ёшлик йиллaрини ортгa қaйтaришнинг иложи бормикин?!"
У миясидa тинимсиз чaрx урaётгaн aнa шу кўнгилсиз сaволлaргa жaвоб топишгa уринмaсди ҳaм. Ҳaтто бу ҳaқдa чуқурроқ ўйлaшгa юрaгининг бaрдоши етмaслигини сeзиб турaрди.

 ЭРЛАРИНИ УЙЛАТГАН АЁЛЛАР

Ушбу китобни ёзиш жараёнида одамлардан кўп ҳолларда эрларнинг иккинчи хотинга уйланишида уларнинг биринчи хотинлари ҳам асосий ташаббускор бўлишларини эшитиб қолдим. Бу гапларга ишониш қийин эди, чунки ҳозиргача “бирорта хотин ўз устига кундош келишини истамайди”, “аёлларнинг рашки шундайин кучлики, кундошларини йўқотмагунча уларнинг егани ичга тушмайди” деган фикрлар жамиятда ҳукмрон эди. Лекин ҳаётда нималар бўлмайди, дейсиз? Эрларини иккичисига уйлатишга айрим ҳолларда биринчи хотинларнинг ўзлари бош-қош бўлишлари кўпгина биринчи хотинлар учун “одатий” иш экан. Келинг, шундай “мард” аёллардан айримларининг бу ҳақдаги мулоҳазаларига қулоқ солинг:
Моҳира, 26 ёшда: – Эрим билан етти йил бирга бахтли ва ҳамма ҳавас қилгудай турмуш кечирдик. Аммо Парвардигор бизни фарзанддан қисди. Етти йиллик ҳаётимиз ташқаридан осуда, ширин ва файзли кўринса-да, эр-хотин ичимиздан нима кечаётганини фақат ўзимиз билардик. Дўхтирлар текширувидан ўтган кунимни бир умрга алам билан эслайман. Улар фарзандсизликнинг айбдори мен эканим ҳақида даҳшатли ташхис қўйишди. Дунёим остин-устин бўлиб кетди. Нима қиларимни билмай қолдим. Эримга қойил, мени мутлақо айблаганлари йўқ, нуқул тасалли берадилар. Аммо хижолатликданми ё менга раҳмилари келибми, нуқул кўзларини олиб қочадилар. У кишининг ёш болаларни кўрганларида роса хурсанд бўлиб кетишларини, жиянчаларини кўтарганларида бирданига хомуш тортиб қолишларини кузатиш менга осон бўлмади. Бирор етим болани асраб олишга у киши кўнмадилар, ташлаб кетилган болаларнинг наслидан хавфсирадилар. “Ахир, эрим фарзандли бўлишга ҳақлилар-ку, менинг айбим билан дунёдан тирноққа зор ўтсинларми” деб ўйладим. Охири бирор аёлга уйлатишга қарор қилдим. Суриштира-суриштира, мактабда муаллималик қиладиган, эрининг алкашлиги учун ажрашиб кетган ёшгина жувонни топдим. Никоҳ тўйини биргалашиб ўтказдик. Ҳозир эримнинг иккинчи хотинларидан иккита фарзандлари бор. Уларни тез-тез бизникига ҳам олиб келадилар. Ўзим топган “кундошим”нинг бирор зарур иши чиқиб қолса, болаларини бизникига ташлаб кетади. Ўзимнинг фарзандларим каби айланиб-ўргилиб қараб-боқиб ўтираман. Хулласи, эримни уйлатиб, ўзимнинг бахтимни ҳам тўкис қилиб олганман... 
Хосиятхон, 39 ёшда: – Эрим тижоратчилар, ўзимиз Андижонда яшасак ҳам, у кишининг кўп вақтлари Тошкентда ўтади. Сабаби, тижоратдаги шериклари пойтахтда яшашади, бизнесларини ҳам ўша ерда ташкил қилганлар. Бир ҳафта уйда турсалар, икки-уч ҳафта Тошкентда қолиб кетадилар. Ҳатто ўша жойда икки хонали квартиралари ҳам бор. Мусофир юртда қийналаётганларини кўпдан буён сезиб юрардим. Иссиқ овқат тайёрлаб берадиган, кир-чирларини ювадиган бир аёл кераклигини ҳам билардим. Аммо мени кўп марта бирга олиб кетиш таклифини айтганларида, гапнинг рости, сира кўна олмадим. Чунки кекса онам кўп йилдан буён оғир беморлар, ҳар куни уйларига бир-икки бор кириб, ҳолларидан хабар олмасам, кўнглим асло ўрнига тушмайди. Бунинг устига севган ишим, болаларнинг ўқиши дегандай, ҳеч туғилган шаҳримдан кўнгил узиб кетолмадим. Гоҳида аранг бир-икки кунга бориб, пойтахтдаги уйларини тозалаш, кирларини ювиб, дазмоллаб беришга ярадим, холос. Эрим икки шаҳар орасида қатнайвериб жуда қийналиб кетдилар. Шунда у кишини Тошкентдан уйлантириш фикри миямга келди. Бу гапни эшитган эрим нима дейишни билмай, талмовсираб қолдилар. Ташаббусни қўлга олиб, ўзим пойтахтга бордим. Эримнинг ҳамкорлари бўлмиш дўстларининг хотинлари билан кўришиб, бўлган воқеани батафсил тушунтирдим. Улар ҳам аввалига ҳайрон бўлишди. Ҳатто “бу хотиннинг эс-ҳуши жойидами ўзи?” дегандай яширинча бир-бирлари билан кўз уриштириб ҳам олишди. Ҳолатни тушунганларидан кейин улар ҳам эримнинг янги никоҳига бош қўшишди. Ҳозир ҳаётимдан ҳар қачонгидан ҳам мамнунман. Эримни ниҳоятда яхши кўрганим учун, у кишининг мусофир юртдаги фароғати, қийналмаслигини ўйлаб кундошли бўлишга ҳам кўнганимдан асло хафа эмасман. Аксинча, мен энди хотиржамман, пойтахтда ҳам у кишининг иссиқ-совуғидан хабардор бўлиб турувчи бир меҳрибонлари борлиги менга энг яхши таскин бўлди. 
Каримабону, 41 ёшда: – Мени нима жин урди, билмадиму, бир куни миямга “Шу эрни уйлатиб қўйсам, унинг таъна-маломатларидан қутуламанми?” деган фикр келиб қолди. Сабаби, ўзим тикувчиман, сменали ишда ишлайман. Бир ҳафта биринчи сменага, кейингисида иккинчига бораман. Менинг ишим – ҳамиша эрим икковимизнинг ўртамиздаги асосий келишмовчилик, оилавий можароларимизнинг бош сабабчиси. Эртадан-кечгача нолийверадилар: “Хотининг бўлатуриб, хоҳлаган таомингни пиширтириб ея олмасанг”, “Бир ёқда болалар қаровсиз қолиб, тарбияси бузилиб кетяпти”, “Турмушнинг ҳам қизиғи қолмади, хотининг билан ҳафталаб кўришмасанг” деган иддаолар жа кўпайиб кетди. Охири чидамай “ишдан бўшайман” десам, бунга ҳам кўнмайдилар. Оладиган катта маошимдан ажраб қолишимни ўйлаб, ўзим ҳам буни хоҳламайман. Хуллас, шароит бора-бора “Иккинчи хотинга уйлатиб қўйсам-чи?!” деган фикрга боришимга олиб борди. Аммо бу билан ҳам бизнинг муаммо ҳал бўлмади, ташвишларнинг каттаси шунда бошланди. Энди менинг ҳаловатим кетди, нуқул кундошим, эримнинг унга қилаётган муомалалари кўз олдимга келаверади. Қилар ишни қилиб қўйиб, ҳозир ўз ёғимга ўзим қовурилиб юрибман. Бу ишни душманимга ҳам раво кўрмайман...
Васила, 29 ёшда: – Қайсидир сайтда берилган бир мақолада “Агар аёл эрини иккинчи хотинга ўзи рози бўлиб уйлантириб қўйса, жуда улуғ савобга эришади” деган гапларни ўқиган эдим. Беақллилик қилиб, бир куни эримга “Сиз ҳам бошқалар каби иккинчи хотинга уйланмайсизми?” дебман. Аввалига эрим “Мени синаб кўрмоқчи” деб ўйлаганлар шекилли, ўзларини эшитмаганга олиб индамай кетавердилар. Кейинроқ гапимни яна қайтардим. Гапнинг рости, “бу қанақа бўларкин?” деб ўзим ҳам қизиқиб қолгандим. Эримнинг олдиндан шундай режалари бормиди ёки таклифимдан дадилланиб кетдиларми, ҳар қалай бир куни пўрим кийиниб чиқиб кетиб, эртасига тушда тиржайиб кириб келдилар. Хурсандчилик сабабини сўраган эдим, “Айтганингни қилиб, сени яхши бир кундош билан мукофотладим”, дедилар. Бошда “ўзим пиширган ош, ахир бу гуноҳ эмас-ку, қолаверса, катта савобга ҳам эришаман” деб кўниб юравердим. Аммо кун ўтгани сайин қаердадир кундошим борлигини, кўз очиб кўрган эримни унга индамай топшириб қўйганимни ўйласам, вужудим аланга олиб ёнадиган бўлди. Эрим уникида қолган кунлари дунё кўзимга тор ва зулмат кўриниб кетадиган бўлиб қолди. Еган-ичганим ичимга тушмайди. Хаёлимдан эримнинг бегона бир аёл билан чақ-чақлашиб ўтирган ҳолати кечаверади. Аёлларга насиҳатим: бировларнинг гапига кириб ёки кўнгилхушлик учун асло эрингизнинг иккинчисига уйланишига асло йўл берманг, Ҳаётингиз оғуга, чидаб бўлмас машаққатга айланиши аниқ. Бунга ўзим гувоҳман...
Назокат, 34 ёшда: – Тўғрисини айтадиган бўлсам, эримга иккинчи хотинни ўзим олиб бердим. Бу қанчалик қийин ва азобли бўлмасин, мен шундай қилишга мажбур бўлиб қолгандим. Чунки ўттизга етгунча турмушга чиқа олмай, ўтириб қолдим. Ҳусним ҳам бор, ҳунарли, эпли-сепли бўлсам ҳам, негадир совчилар бизнинг уйни четлаб кетишарди. Балки жуда камбағал яшашимиз ҳам сабаб бўлгандир? Шунда қирқларга борган, олдинги хотини билан ажрашган бир эркак орага совчи қўйди. Тақдирга кўниб, нима бўлса-бўлар, деган ўй билан розилик бердим. Бирор йилча яхши яшадик. Кейин эрим “иш кўрсата” бошлади. Бир кун уйда тунаса, икки-уч кун аллақаёқларда йўқ бўлиб кетади. Тишимни-тишимга қўйиб барига чидаб юрдим. Аммо бўлмади. Суриштирсам, эрим суюқоёқ, фоҳиша аёлларга илашиб қолган экан. Олдинги хотини билан ҳам худди бузуқлиги туфайли ажралишган экан. Охири тоқатим тугади. Бир куни жиддий гаплашиб олдим. “Кўча муҳаббати” динимизда зинокорлик деб аталишини, бунинг улкан гуноҳ эканини, бузуқлик сабабли уйдан барака кўтарилиб, унинг касри болаларга ҳам уришини яхшилаб тушунтирдим. Шунда эрим ўзининг хотинсиз туролмаслигини, мен эса унинг эҳтиёжларини тўла қондиролмаётганимни баҳона қилди. “Агар муаммо шунда бўлса, иккинчисига уйлатаман, фақат аллақаёқдаги бузуқ хотинларга боришни бас қиласиз”, деб шарт қўйдим. Шундан буён ҳаётимиз изга тушди, ўзим эса кундошли бўлсам ҳам, турмушимдан асло нолимайман.

ҲАММАСИ ҲАМ “ОЛАБЎЖИ” ЭМАС!
(ИККИНЧИ ХОТИННИНГ ҲИКОЯСИ)

Одамлар орасида “иккинчи хотин” деганда дарров бировнинг хотини устига тегиб олган, рисоладаги бир оиланинг бахтини яримта қилган, ўз роҳатини ўйлаб, бир эр-хотиннинг тинчгина ҳаётини барбод қилган маккора, ноинсоф бир ёсуман хаёлга келадиган бўлиб қолган. Кейинги хотинларнинг ҳаммаси ҳақиқатан ҳам одамлар тасаввур қилганидай ана шундай “олабўжилар”ми? Бу саволга баралла “Йўқ!” деб жавоб берган бўлар эдим. Чунки мен ҳам иккинчи хотинман. Лекин мен бир оиланинг бахтини тортиб ҳам олганим йўқ, кундошимга алам-озорлар етказганим ҳам йўқ, эримнинг дилидан ҳам қолганим йўқ. Аксинча, “иккинчи хотинликка тегиб, ҳозиргача туймаган завжалик, севимли рафиқалик, бахти тўкис бекалик, чин оналик туйғуларини кечирдим. Келинг, яхшиси ҳаммасини бир бошдан сўзлаб берай.
Бу воқеагача мен икки марта турмушга чиққандим. Биринчиси ота-онамнинг қистови билан бадавлат, баобрў бир хонадонга келин бўлиб тушдим. Бошда турмушимиз жуда осойишта, ҳавас қилгудай кетаётган эди. Аммо орадан кўп ўтмай эрим икки-уч кун, баъзан эса ҳафталаб йўқолиб қоладиган одат чиқарди. Бир-икки марта қайнотам ва қайнонамга бу ҳақда гапирувдим, “Қўяверинг, келин, у ҳали ёш, сал ақли кирса қуюлиб қолади, сиз унга маҳкам бўлинг” деб “насиҳат” қилишди. Кейин билсам, эрим наркоманларга қўшилиб қолган экан. Уйдаги қўлга илингулик ҳамма нарсани олиб чиқиб сота бошлаганидан кейин ҳамма ишдан воқиф бўлиб юрган ота-онаси ҳам сирни очишга мажбур бўлишди. Сабрим тугаб, дадамларга ҳаммасини айтувдим, “наркомандан эр чиқмайди” деб шартта ажратиб олдилар. Шундан кейин “бир марта оғзи куйган одам қатиқни ҳам пуфлаб ичар”  деганларидай, келган совчиларни бирин-кетин қайтара бошладим. Ота-онам ҳам “бахтсиз қилиб қўйишган” қизларининг раъйига қарашдан бошқа илож топа олишмасди. Тагли-тугли бир хонадондан келган совчиларни қайтаришга ҳеч кимнинг кучи ҳам,  иродаси ҳам етмай қолди. Таваккал қилиб, розилик бердим. Беш йил тинч, тотув ҳаёт кчирдик. Бир қиз фарзандли бўлдим. Аммо Худойим яна бир оғир синов юборди. Эрим рак бўлиб қолдилар. Бир йил даволатдик, бормаган дўхтиримиз қолмади. Умрлари қисқа экан, оператсия қилиш чоғида вафот этдилар. Йиғлаб қолавердим. Шундан кейин қисматим шу экан-да, деб тақдирга тан бердим. Турмуш қилишга безиллаб қолгандим. Бу орада укамни уйлатишга тўғри келиб, дадам мени бир хонали уйга ижарага чиқардилар. Қизим икковимиз алоҳида яшай бошладик. Лекин “бир товуққа ҳам дон керак, ҳам сув” дегандай мустақил яшаш бизга жуда машаққат бўлиб кетди. Бошда дадам ёрдамлашиб турдилар, аммо тўйдан кейин у кишининг ҳам қўллари қисқалик қилиб қолди. Ўйлай-ўйлай ишга киришга қарор қилдим. Суриштира-суриштира ҳеч қаердан бирор муносиброқ иш топа олмадим. Бир дугонам ипподромда сотувчилик қилар эди, якка ўзи қийналиб қолгани учун дўконига мени ёрдамчи қилиб олди. Кўп ўтмай, савдода кўзим пишиб қолди, ўртоғим менга дўконни ишониб топшириб, ўзи товар суриб кела бошлади. Ишимиз жа гуриллаб кетди, қўлга пул кирди. Қизим икковимиз одамга ўхшаб яшай бошладик, ҳатто дадамларга ҳам ёрдамлаша бошладим.
Ана шундай кунларнинг бирида бўлажак эрим билан танишдим. У киши ёнимиздаги дўконда ишлардилар. Дўкон ўзлариники бўлиб, унда жиянлари сотувчилик қиларди. Баъзан товар келтирганда, баъзан жияндан хабар олиш учун келганда бизнинг дўконга ҳам бирров бош суқиб, ҳол сўрашни канда қилмасдилар. Кўпинча “бехос” менга кўзлари тушиб қолганда алланечук бир қизариб олишларини, гоҳо узоқдан бўлса ҳам кўз қирини ташлаб, майин табассум қилиб юришларини сезиб қолдим. Мен ҳам у кишига бефарқ эмасдим. Жиянларидан гап орасида ўзимни  беэътибор тутиб суриштирсам, у кишининг хотинлари ва уч фарзандлари бор экан. Аммо бир йил олдин хотинлари фалаж касалига учраб, умуман юролмай, тўшакка михланиб қолган эканлар. Уй юмушларининг бари у кишига ва ўн тўртга кирган қизларига қолиб кетибди. Бу гапларни эшитиб, у кишига астойдил раҳмим келди, “шундоқ яхши инсон Аллоҳнинг оғир синовига учрабди” деб хаёлдан ўтказдим.
“Худойим бизни бежизга учраштирмади” деган ўйлар билан аллақандай кўтаринки кайфиятда юрувдим, бир куни ишдан кейин йўлимни пойлаб, ўзларига турмушга чиқиш таклифини айтдилар. Ўзимни билмаганга солиб, “Ахир хотинингиз бор-ку!” дедим. У киши “Хотиним борликка бор-у, аммо...” деб бироз ўй суриб қолдилар. Кейин минг истиҳолада “Сизни иккинчи хотинликка олмоқчиман”, дедилар ва ўзларининг турмушларини  ва кўраётган қийинчиликларини бирма-бир айтиб бердилар. Мен “Ота-онам билан бир маслаҳатлашиб кўрай”, дедим. У киши рози бўлдилар. Орадан бир ҳафта ўтиб никоҳ ўқитдик. Ҳаётимиз батамом изга тушди. Эрим бир кун меникида қоладилар, эртасига уйларида. Қизимни ҳам ўз болаларидан аъло қилиб эркалайдилар, суядилар, ҳар келганда нимадир совға қиладилар. Қизим ҳам у кишига жуда ўрганиб қолди. Гап орасида бир-икки марта биринчи хотинлари билан учраштирмоқчи эканларини қистириб ўтдилар. Аммо “Ҳали вақт бор” деб кўнмадим. Сабаби, унинг устига тегиб олганим туфайли кундошимнинг юзига қарашдан қўрқардим, бир томондан виждоним қийналарди. Эрим эса, унинг ўзи кўриш таклифини айтаётганини билдирганларида “Нима бўлса бўлди, бошга тушганни кўз тортади” дедиму эримникига бирга жўнадим. Тўшакда ётган аёл билан қучоқлашиб кўришдик. У менга синовчан тикиларкан, юзида мамнунлик аломатларини сездим. Кейин у кўзларидан шашқатор ёш оқизиб, бошидан ўтган воқеаларни сўзлаб берди. Кейин “мени сал тиклаб қўйинг” дегандай ишора қилди. Орқасига ёстиқ тираб сал тикладим. У менга меҳр аралаш боқиб, “Маҳбубахон, энди менга кундош эмас, сингил бўлдингиз, Илҳом акангиз жуда яхши инсонлар. Ўзингиз кўриб турибсиз, ҳеч нарсага ярамай, у кишининг хизматларини қилолмай қолдим. Сиз шуни зиммангизга олсангиз. Ўзингизникига қўшиб, менинг болаларимни ювиб-тараб, яхши тарбия қилсангиз. Аллоҳнинг тақдири шу экан, кўнмоқдан ўзга чорамиз йўқ, сизни эса Худойимнинг ўзи бизга юборди. Эсли-ҳушли аёлга ўхшайсиз, кундош эмас, опа-сингил бўлиб қолайлик”, дедию баралла йиғлаб юборди.
Шундан кейин дунёим остин-устин бўлиб кетди. Бир муштипарнинг ноласи дилимнинг энг тўрида мудраб ётган аллақандай туйғуларни уйғотиб, жунбушга солиб юборди. Ўша кундан эътиборан ҳар икки хонадоннинг бекасига айландим. Кундошимнинг (йўғ-э, опамнинг) юмушларини бажараман, тагларини янгилайман, ширин-ширин таомлар пишириб оғзига тутаман, ҳамманинг кирини ювиб, дазмоллайман. Бўш қолдим дегунча, унинг болалари тарбияси билан шуғулланаман. Қизим ҳам ака, опалар топиб олганидан хурсанд. Эримнинг таклифи билан квартирадан ҳовлига кўчиб келиб олдим. У кишининг илтимоси билан ишга ҳам чиқмай қўйдим. Хулласи, ҳаммага мақбул келган ажойиб, бахтли ва тотув турмуш бошланган эди. Мен “иккинчи хотин” деган маломатларга парво ҳам қилмайман. Баъзи қўни-қўшнилар ва қариндошлар “Илҳомжон фалаж хотинига қарашга хизматкор ёллабди” деган гапларга ҳам эътибор қилмай қўйдим. Турмушимдан розиман, бир кўнгли ўксик аёлга, унинг орқасидан севимли эримга хизмат қилиб, уларнинг дуоларини олиш мен учун чинакам бахт-саодат эди... 

НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?
(СЎНГСЎЗ ЎРНИДА)

 Китобнинг охирги саҳифаларини ўқиётган китобхонда шундай савол туғилиши мумкин: “Хўп, жамиятдаги кўпхотинлилик муаммосининг барча жиҳатларини очиб беришга ҳаракат қилинибди, бу яхши! Аммо бир саволга китобингиздан жавоб топа олмадим. Хўш, иккинчи хотинга уйланиш яхшими ёки ёмонми? Сизлар ким тарафдасиз: иккинчисига уйланганлар томондами ёки бунга қаршилар тарафдами?”
Бу ҳақли саволга биттагина гап билан жавоб бериш жуда мушкул иш. Аллоҳ таоло эркакларни бир неча никоҳга мойил қилиб яратган, бу нарса уларнинг фитратида бор. Шундан келиб чиқиб, охирзамон дини Ислом шариатида ҳам Қуръони карим ва Суннат ҳукми билан кўпхотинлиликка рухсат берилган. Буни инкор қилганнинг иймонига путур етади. Иш шундай экан, демак, иккинчи хотинга уйланишда ҳеч қандай муаммо бўлмаслиги керак.
Энди масалага бошқа томондан қарайдиган бўлсак, ўзбеклар менталитетида азалдан иккинчи (учинчи-тўртинчи) хотин масаласига салбий муносабатда бўлиб келинган. Кундошлар ўртасидаги “рақобат”, рашк можаролари, бунинг ортидан келиб чиқадиган кўнгилсизлик ва кулфатлар, бир неча хотиндан туғилган фарзандлар орасидаги муросасизликлар жуда кўп асарларга мавзу бўлган. Бунинг устига аёлларимиздаги рашкнинг ниҳоятда кучлилигини ҳам инкор қилиб бўлмайди. Бу уларнинг табиатига, фитратига хос нарса. Шунинг учун эрларини унча қизғанмайдиган ғарб аёлларига қараганда бизнинг шарқ аёлларининг рашки унча-мунча эркакнинг (аёлнинг ҳам) танобини тортиб қўяди. Иккинчи хотинга уйланишни ёқлайдиганлар бу ҳолатни ҳам назардан қочирмасликлари зарурга ўхшайди. 
Бу муаммони ижобий ҳал этишда ниҳоятда зарур бўлган яна бир омил бор, бу ҳам бўлса, кўп ҳолларда эр томонидан хотинларга нисбатан адолатнинг бузилишидир. Бунда “иккови хотинни бир хилда севиши керак” деган ажабтовур талабни қўйишдан четланамиз. Чунки битта қалбга икки муҳаббат асло сиғмайди. Бунинг устига ҳар бир ишда ўта адолатли бўлган Парвардигоримиз икки, уч, тўрт аёлга уйланиишга ижозат берганида ҳамма хотинларнинг бирдай бахтли бўлишини кафолатлаб ҳам бермаган. Биз айтмоқчи бўлган гап кенг миқёсдаги адолат хусусида кетяпти. Эр ҳар иккови ёки учала хотинини баравар сева олмагани аниқ бўлганидан кейин уларни бошқа жиҳатлардан тенг тутишга мажбур. Бирига кўпроқ нафақа ажратиб, унча хуш кўрмайдиган хотинини танг ҳолатда қолдиришга унинг ҳаққи йўқ. Бирини сафар ёки дам олишга бирга олиб кетиб, иккинчисини бу имтиёздан маҳрум этишга ҳам ҳаққи йўқ. Бирининг боласига кўпроқ эътибор бериб, иккинчисиникини ўз ҳолига ташлаб қўйишга ҳам ҳақли эмас. Агар эр бу жиҳатларга эътибор қилмаса, иккинчи хотинни фақат кўнгилхушлик ёки мақтаниш учун олгани аён бўлиб қолади.
Кўпгина эркаклар иккинчи ёки учинчи хотинни олишга маънан ҳам, моддий жиҳатдан ҳам тайёр бўлмаганликлари боис шариат рухсат берган бу муҳим иш катта келишмовчилик ва тушунмовчиликларга сабаб бўлиб қолмоқда. Баъзи эркаклар қўлларига мол-дунё келиши билан дарров хотинни кўпайтириш пайига тушиб қолишади. Давлатлари қўлдан кетиши билан иккита рўзғорнинг қийинчиликларига дарров чидамсизлик қилишга ўтишади. Бунинг натижаси ўлароқ иккинчи хотиннинг “паттасини қўлига тутқазиш” учун турли баҳоналарни ахтаришга тушишади.
Кўпхотинлиликнинг “бошига етаётган” яна бир муаммо ҳам бор. Бу ҳам бўлса, эрга аранг етишган иккинчи хотинларнинг ундан ажраб қолмаслик учун ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб этишга, эрни биринчи хотинидан тамоман ўзларига оғдириб олишга ўта чуқур киришиб кетишлари ва бу йўлда ҳеч нарсадан тап тортмасликларидир. Уларнинг бу ҳаракатлари жуда қимматга тушиши мумкин. Ҳар кунги ғишава ва можаролардан тўйган эр иккинчи хотиндан воз кечишга ҳам рози бўлиб қолади. Бунда ҳозиргача кундошини қандай даф қилишни билмай боши қотиб юрган биринчи хотин ҳам эрига “ёрдамга келиши” мумкин. Оқибатда бахтининг “тўкис” бўлишини ўта ҳассослик билан ҳимоя қилишга киришиб кетган иккинчи хотин омонатгина бахтини бой бериб қўйиши ҳам мумкин.
Бу масалани қанчалик чуқур таҳлил қилишга киришилса, шунчалик кўп хатолар ва “айбдорлар” пайдо бўлаверади. Демак, кўпхотинлилик жамиятда ижобий мазмунга эга бўлиши учун унинг иштирокчилари бўлган ҳамма баравар масъулият ҳис қилиши, хонадонда бахт ҳукмрон бўлиши учун айрим йўқотишларга чидаши, умумий хотиржамлик ва фароғат йўлида кўп нарсалардан воз кеча олиши лозим. Бундай вазиятда айниқса эркаклар чидам, фаросат ва олийжаноблик кўрсатишлари, иккинчи хотин олишда ўз роҳатларини эмас, балки бошқаларни бахтли қилиш нияти билан иш кўришлари керак бўлади. Энг асосийси, ҳаётнинг бошқа жабҳаларида бўлгани каби бунда ҳам шариат талабларидан чекинмаслик, барча хотинларига бирдай адолат билан муносабатда бўлиш бундай никоҳларнинг том маънодаги турмуш дастури бўлмоғи зарур. Иккинчи хотинликка рози бўлган аёллардан ҳам шариат буюрганидай, никоҳда яшаш бахтини оилавий ҳаётнинг майда-чуйда икир-чикирларига қурбон қилиб юбормасликлари, чинакам завжалик бахтини эрга итоат ва хизматда кўришлари талаб этилади.

Аҳмад МУҲАММАД

Ҳозир сайтимизда 859 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ