Сайт бўлимлари
Аёл хайрли амалларда эркаклар билан баробар
- Подробности
- Бўлим: Долзарб мавзу
- Чиққан санаси: 30 Июль 2024
- (Нашр қилинган санаси)
Ислом барча хайрли амаллар ва ибодатларда аёлларнинг ҳам эркаклар каби иштироклари, савобга дохил бўлишларини таъминлаган. Хусусан, молиявий ибодатлардан ҳисобланган закот масаласида ҳам. Бу ҳақда «Тафсири Ҳилол», «Ҳадис ва Ҳаёт» китобларида атрофлича маълумот берилган.
«Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасининг 33-оятида:
«...Намозни тўкис адо этинг, закот беринг, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат килинг», деб марҳамат қилади.
Ушбу оятдан аёлларнинг молиявий ибодатга алоҳида эътибор билан қарашлари лозимлигини билиб оламиз. Одатда молиявий ибодатлар эркакларнинг ишига ўхшаб қолган. Лекин Аллоҳ таоло аёл кишига ҳам эркак киши билан тенг мол-дунё касб қилишига изн берганидан кейин, улардан молиявий ибодатни ўз ўрнида адо этишларини ҳам талаб этади».
Закот - моли нисобга етган ҳар бир мусулмон киши бериши лозим бўлган, шариат белгилаган маълум миқдордаги молдир.
Аслида закот эркаклар ва аёлларга оид алоҳида тақсимга эга эмас. Аммо баъзи ҳолатлар бундан мустасно бўлиб, бу истисно айнан аёл-қизларга хосдир.
Аёлларнинг тақинчоқлар, қимматбаҳо идиш ва шунга ўхшаш нарсаларни тўплашга ишқибозлиги маълум. Энг ёмони, шахсий мулкдан маълум қисмини закот учун чиқариб туришни хаёлларига ҳам келтирмаганлари оқибатида баъзи тушунмовчиликлар юзага келиб қолади. Ана шу каби ҳолатларда чора топиш учун закотнинг аёлларга тааллуқли томонларини билиб қўйиш лозим.
Бундай масалаларда «Ҳадис ва Ҳаёт» туркумига мансуб «Закот китоби», «Кифоя» китобининг 2-жузи, айнан закот масалаларига бағишланган «Мўъминнинг нажоти» ва ҳар хил масалаларни қамраб олган «Зикр аҳлидан сўранг» китобларидан жавоб топиш мумкин. Биз ушбу ўринда мазкур масалага оид «Кифоя»да келтирилган «Аёл кишининг тилла ва кумуш тақинчоқлари закоти» ҳақидаги мавзу билан танишсак:
«Ушбу масалада уламолар ҳам, фиқҳий мазҳаблар ҳам икки тоифага бўлинишган. Биз мазҳабларни оламиз.
1. Ҳанафий мазҳаби: «Аёлларнинг тақинчоқларидан закот чиқарилади», деган
2. Моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳаби: «Аёлларнинг одатдаги тилла ва кумуш тақинчоқларидан закот чиқариш фарз эмас», деганлар.
Ҳанафийлар: «Тақинчоқлар накд пул учун кўзланган маъданлар, яъни кумуш ва тилладан ясалади. Бу маъданлардан доимо закот чиқариб келинган ва келинмокда. Тақинчоқ улардан ясалган бўлса ҳам закот чиқарилиши керак», дейишади.
Демак, ҳанафий мазҳабига амал қиладиган аёллар ўзларининг тилла тақинчоқлари 85 граммдан ва кумуш тақин-чоқлари 595 граммдан ортиқ бўлса, закот берадилар. Закот берганда, улар қийматнинг 2,5 фоизини чиқарадилар.
Аёлларимиз ҳам ўзларига тегишли бўлгани учун бу масалани яхши тушуниб олишлари, қизларимизга ҳам тушунтириб қўйишлари лозим. Шариатга мувофиқ ишда хайру барака, савоб ва энг асосийси, кўнгил тўқлиги бор».
Энди «Зикр аҳлидан сўранг» китобининг 6-жузидан савол-жавоб кўринишида тақдим этилган қисқача маълумотларни келтирамиз:
Савол: Ассалому алайкум, муҳтарам Шайх ҳазратлари! Қиз болаларга олиб берилган тилла тақинчоқларнинг закоти кимга вожиб бўлади?
Жавоб: «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Агар қиз болага тақинчоқ олиб бераётган киши «Тақинчоқларни вақтинча тақиб турасан», демасдан, уларга мулк қилиб берса, балоғатга етиб, нисоб соҳиби бўлгунича уларга закот вожиб бўлмайди. Агар мулк қилиб бермаса, закоти уни берувчининг зиммасига вожиб бўлади, агар у нисоб эгаси бўлса.
Савол: Бир аёлнинг нисобга етадиган тилла тақинчоқлари бўла туриб, бир неча йил уларнинг закотини бермаган бўлса, бундай ҳолатда қандай йўл тутса бўлади?
Жавоб: Нисобга етган йилдан бошлаб тилла тақинчоқларнинг закотини йилма-йил, то тақинчоқлар ҳисобга етмай қолгунича ҳисоблаб, улардан закот чиқаради, Масалан, бир аёл беш йил аввал нисобга етадиган тақинчоқларга эга эди. Беш йил ўтгач, улардан закот бериши кераклигини билди. Энди бу аёл биринчи йил учун тилла тақинчоқларнинг икки ярим фоизини закотга чиқаради. Бир йил закотини адо қилганидан кейин қолган тақинчоларнинг қиймати нисобга етадиган миқдорда қолса, икки йил учун ҳам закот чиқаради. Бундан кейин яна нисобга етса, учинчи йил учун чиқаради. Шу тариқа тақинчоқлар нисобга етмай қолгунича ўтган йиллар учун йилма-йил закот бериб боради. Учинчи йилга етмай қолган йилдан бошлаб закот берилмайди. Агар аёлнинг тақинчоқларидан ташқари, ҳожати аслиядан ортиқча маблағ бўлса, закот чиқаришда уларни тақинчоқларга қўшиб ҳисоблаши лозим. Умрининг охиригача (закотни) адо килмаса, адо қилиш қийинлашиб бораверади. Агар то вафот этгунича закотни адо қилмаса, гуноҳкор бўлади. Тақинчоқлар эркакнинг мулкида бўлса, ундан закот чиқариши лозим. Шунингдек, аёлнинг мулкида бўлса ҳам, дирҳам-динордан чиқарилгани каби ундан закот чиқариш лозим бўлади.
Савол: Аёлнинг тақинчоқлари нисобга етган бўлса-ю, закотни тўлашга маблағи бўлмаса, нима қилади?
Жавоб: Мулк кимники бўлса, закот ҳам унинг зиммасига вожиб бўлади. Аёл киши тақинчоқлардан закот миқдоричасини сотиб, закотни беради. Агар аёл эридан «Закотимни тўлаб беринг», деб илтимос қилса ва эр адо этса, аёлнинг зиммасидан соқит бўлади.
Савол: Тилла тақинчоғимнинг вазни 85 граммдан кам. Аммо ясалиши эътиборидан унинг бозордаги нархи 85 граммлик тилла нархидан қиммат. Менга закот вожиб бўладими?
Жавоб: Тилла-кумушдан закот вожиб бўлишида уларнинг бозордаги қиймати эмас, балки вазни эътиборга олинади. Тилла тақинчоқларнинг қиймати 85 граммга етса, тиллаларнинг бозордаги сотилиш нархи қанча бўлса, ўша нархнинг қирқдан бири закотга ажратилади. Молнинг закоти бўлган микдорнинг қийматини беради».
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг
"Нозик хилқат" китобидан
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 470 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар