Сайт бўлимлари
Бойлик яхшими ё камбағаллик?
- Подробности
- Бўлим: Долзарб мавзу
- Чиққан санаси: 02 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Инсоннинг феъл-атвори жуда қизиқ: ҳеч нарсага рози бўлмайди, на иссиққа кўнади, на совуққа. Камбағаллигида нуқул бойиб кетишни, қўлига катта пул келиб қолса чиройли ва ҳашаматли уйлар қуришни, шоҳона дастурхонлар солиб катта тўйлар қилишни, бир эмас, бир неча автомобиллар харид қилишни орзу қилади. Боласига ҳам тинмай «бойиб кетсам, уни обераман, буни совға қиламан», деб ваъдалар беради.
Бир куни келиб бойиб ҳам кетади, аввал орзу қилган ҳамма нарсасига эришади. Ҳатто ўзи кутганидан ҳам кўп мол-дунёга эга бўлади. «Энди у мақсадига эришиб, хотиржам бўлгандир, бойлик ва неъматларга ғарқ бўлиб мазза қилиб яшаётгандир, пули йўқлигида кўп марта орзу қилганидай, оиласини етаклаб жаҳон кезгани саёҳатга жўнагандир ёки мол-дунё билан ўралашиб қолганида унутилган севимли машғулотларига қайтгандир?» деб ўйлаётган бўлсангиз, чучварани хом санабсиз. Унинг аввалги ташвишлари ўн чандон ортиб кетган: қўлга киритган бойлигини қандай қилиб кўпайтириш, уни тажовузлардан асраш, фойдани қайси ишларга йўналтириш, фаолият юритишнинг янги режаларини тузишга бош-кўзи билан шўнғиган.
Пулим кўпайса, хотиржам бўламан, ҳеч кимга боғлиқ бўлмайман, деб ўйлаганди. Қаёқда: ҳатто овқатини хотиржам ея олмайди, уйқусида ҳаловат йўқ, қачон одамларга ўхшаб дам олганини эслолмайди ҳам. Ана шундай кунларнинг бирида миясидами, қалбидами, онгидами нимадир «чирс» этиб узилиб кетгандай бўлади. Тўплаган, жонидан ҳам азиз қилиб асраган, уни кўпайтириш учун ҳамма нарсадан воз кечиб елиб-югурган мол-дунёси бирданига кўзига хунук кўриниб қолади. Шунча умрини бефойда ўтказиб юборгандай надомат чекади. Кўнгли камбағал одамларникига ўхшаган оддийгина уйларни, камтарона турмушни, фақирона ҳаётни қўмсаб қолади.
Америкада Хюз деган бир миллиардер ўтган. «Авиатор» филми ўша одам ҳақида. Ана шу миллиардер шўрлик қайси мамлакатга борса, бойларнинг таомилига кўра энг қимматбаҳо меҳмонхоналарга тушар, унинг ходимларини ҳайратга солиб, юмшоқ кўрпа-тўшакларни рад қилган ҳолда полга газета тўшаб ухлар экан. Нодир ва қимматбаҳо таомлар ўрнига фақат моғорли нон ва совуқ сув сўрар экан. Бу ҳам бойларнинг бир хурмача қилиғи-да, деб ҳайрон бўлманг. Аллоҳ Хюз жанобларига шунча давлатни бериб қўйибдию, унинг миясига микроб хавфини ҳам солиб қўйибди. Ҳамма нарсада касаллик келтирувчи микроблар борлигидан, улар бир куни ўзини ҳалок қилишидан хавфсираб қолган миллиардер умрининг охиригача ана шундай қўрқув ичида яшади, бойлигини ишлата олмай меросхўрларига ташлади-кетди.
Мисрлик яна бир давлатманд киши воқеасини сўзлаб беришган эди: у Қоҳиранинг бойлар яшайдиган маҳалласидаги шоҳона уйининг деразасидан ташқарига қараб афсус билан шундай деган экан: «Мен бир нарсага сира тушуна олмадим: уйим ва жиҳозларим гард юқмаган ҳолатда тоза, энг сара ва покиза овқатларни ейман, лекин бошим касалдан чиқмайди. Анави фаллоҳлар тупроқнинг ичида туғилиб, иркит кўчада улғаяди, овқатини чанг-тўзон ичида еб, лойқа сувни ичиб кетаверади, бирортасини дард ҳам урмайди».
Энди биз камбағал деб ўйлайдиган кишининг аҳволига бир назар ташлайлик: оила бошлиғи эртадан-кечгача тиним билмай ишлайди, аёли ва болалари ҳам унга ёрдамлашишади. Ҳамма нарсада тежашади: аканинг кийимини ука кияди, каттасининг ўқув қуроллари кичигига қолган, кечаги овқатни бугун иситиб ейишган, ҳатто битта йўл чиптасидан уч киши фойдаланади. Аммо бирлари ҳеч икки бўлмайди: ейишга пул топилса, кийимга йўқ, кийимга бир илож қилиб жамғаришса, ўқишга маблағ излаб қийналишган. Шунда ҳаммалари баравар фиғон чекишади: «Нима гуноҳимиз учун биз камбағал қилиб яратилганмиз, қўшнимиз фалончидан қаеримиз кам ахир, у ҳам ишлайди, биз ҳам ишлаймиз, унинг ҳам олтита боласи бор, биз ҳам шунчамиз, аммо унинг уйи фалонча хонали, хорижий жиҳозларини, гаражидаги машиналарини айтмай қўяқолайлик, шуми адолат?!»
Иш шундоқ экан, бой бўлиш яхшими ёки камбағаллик? Биров: «Бойликка нима етсин, тилинг бурро, мартабанг жойида, ҳамма ҳурмат қилади, истаган нарсангга эриша оласан, бошқага мутеъ бўлмайсан, яна садақа-эҳсонларни кўп қилиб, Худогаям, бандасигаям яхши кўринасан», деб маслаҳат беради.
Яна бошқаси камбағалликни мақтайди: «Камбағалнинг ҳеч қанақа ғами-ташвиши бўлмайди. Бой одам ҳеч қачон иккита нон ея олмаган, иккита костюм кия олмаган, аммо бойлигини қўлга киритгунича соғлиғидан, асабидан, яқинларидан, хотиржамлигидан ажраб бўлган. Камбағалда бунақа ташвишлар йўқ. Қорнини битта тўйдиради-да мазза қилиб қотиб ухлайди. Бойларга ўхшаб элликка кирмай туриб қанд, қон босими, юрак хуружи каби бир неча касалликни орттириб олмайди».
Хўш, унда ким ҳақ? Ҳаётда бой бўлган маъқулми ёки фақирликка кўниб кун кечирган аълороқми? Моддиятга қул бўлган Ғарб оламининг ақлли кишилари ҳамма ишда бойликни, мол-дунёни биринчи ўринга қўйишади. Улар наздида ҳаётда тўкин ва фаровон яшаш, жамиятда катта мавқе ва обрў-эътиборга эришиш, ҳатто оила аъзоларингга ёқиш учун сен бадавлат киши бўлишинг, нима қилиб бўлса ҳам, қандай йўл билан бўлмасин, анча-мунча мол-дунёни қўлга киритишинг зарур. Китобларда, газет-журналларда, киноларда бойликни мақташади, бойлар ҳаётининг бор «жозибаси»ни кўз-кўз қилишади, ҳаммани бойлардан ибрат олишга чақиришади. Шунинг учун аҳоли фикрини ўрганиш мақсадида Москвада ўтказилган сўровда қатнашганларнинг 64 фоизи бахтли бўлиш учун инсон бой бўлиши керак, деб жавоб берган, 8 фоизигина одамларга фойдали эканингни ҳис этиб яшаш бахтиёрлик омили, деб ҳисоблаган.
Бунга қарши ўлароқ Шарқ донишмандлиги инсоннинг бахтли яшаши учун энг аввало у ҳалол яшаши, ахлоқий мезонларга риоя қилиши, одамлар билан муносабатларда олийжаноблик кўрсатишини асосий шартлардан ҳисоблайди. Бойлик, мол-дунё инсоннинг олий мақсадларга эришувида бир восита, уни синаш учун бир имтиҳон сифатида талқин қилинади. Олимлар ва донишмандлар мол-дунёга эътибор қилишмаган, одамларни унга рағбатлантиришмаган. Инсонга бойлик келса уни керакли жойларга сарфлаш, саховатни, эҳсон-садақани кўпайтириш, бойликнинг тўпланишига йўл қўймасликка чорлашган. Фақир-камбағалларга уларнинг бу ҳолати Яратганнинг улуғ марҳамати, уларни имтиҳон қилаётгани белгиси экани тушунтирилган, улар сабр-қаноатга, тақдир ёзуғига кўнишга ва чидашга чақирилган.
Ушбу китоб бойлик ва камбағаллик, мол-дунёнинг фойдаси ва зарарлари, бойлар ва камбағалларнинг ўз ҳаётларига муносабатлари қандай бўлиши, мол-дунё келганида ёки унинг йўқлигида қандай йўл тутиш, сахийлар васфи ва бахилларни қоралаш каби мавзуларни миллий мафкурамиз ва Шарқ донишмандларининг панд-насиҳатлари асосида таҳлил қилади. Уни ёзишдан мақсад бойларни ва бойликни мақташ ёки ёмонлаш, аксинча камбағалликни ва фақирларни мадҳ этиш ёки танқид қилиш эмас. Ниятимиз ҳамма замонда, ҳамма жойда, ҳамма вақт ҳам бойлар ва камбағалларнинг бўлишини, бу Яратганнинг ҳикмати ва ўлчовлари эканини, буни ўзгартирмоқчи бўлганлар советларнинг бойларни йўқотиб, ҳаммани камбағал қилиш «тажрибаси» каби кулгили аҳволга тушиб қолиши мумкинлигини муҳтарам ўқувчиларга бир карра эслатишдир.
Бойлик ҳам, фақирлик ҳам инсонга берилган неъмат, бир синов. Бойлик келганда инсонийликдан чекинмай, мол-дунёга қаттиқ муҳаббат қўймай уни жойига сарфлаш, камбағалликда эса буни ўзига берилган бир неъмат сифатида қабул қилиб, сабр ва шукр қилиш чин инсонийлик мезонларидир. Агар китобимиз ҳозирги ҳавойи нафслар жунбушга келиб, ҳамма мол-дунё «ишқи»да ёнаётган бир пайтда кимларгадир бу борадаги чин ўлчовларни англата олса, мақсадга эришган бўлур эдик.
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар