Сайт бўлимлари
Бойлар кўпроқ йиғлашади
- Подробности
- Бўлим: Долзарб мавзу
- Чиққан санаси: 02 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Дунёда ҳеч ким, ҳеч бир таълимот мол-дунёнинг айнан ўзини ёмонламаган, мол-дунёдан қайтармаган. Фақат инсоннинг мол-дунёга бўлган муносабатидаги иллатлар қораланган. Масалан, одамлардаги мол-дунёга ҳирс қўйиш, бунинг орқасидан ҳаромдан ҳазар қилмаслик, ўзгалар ҳаққини адо этмаслик, номуносиб ерларга мол сарфлаш, уни исроф қилиш ва бойлиги билан фахрланиш каби қусурлар танқид қилинган.
Бойлар бошқалардан, яъни камбағал-фақирлардан бахтлироқ яшашадими? Пул, мол-дунё инсонга чинакамига саодат келтира оладими? Бойларнинг ҳаётда ушалмай қолган орзу-армонлари йўқми? Улар афсус-надомат чекишмайдими?
Одамизод қўлига пул-мол келиб, иши юришиб турса, хурсанд, хотиржам бўлади. «Омадим келди, Худо мени суйгани учун мол-дунёни беҳисоб бериб қўйди», дея хаёл суради. Сал пули камайиб қолса, ёки келиши тўхтаса тушкунликка тушади, ваҳима босади: «Худога қайсидир ишим ёқмапти, шунинг учун мени бойликдан қисиб қўйди, ризқимни камайтириб қўйди», деган ўй-фикрларга боради. Ахир бойлик инсон учун ҳеч қачон руҳий хотиржамлик келтирмайди-ку!
Аждодларимиз дунё ҳаётига аҳамият беришмаган, эътибор кўрсатишмаган. Сабаби, дунё ҳаёти инсонлар учун берилган бир имтиҳон, холос. Киши дунё ҳаётига эътибор бермаса, камбағал бўлиб қолади, деган бирор қоида ёки мезон йўқ. Чунки у ҳам, иншааллоҳ, эртага бой бўлиб қолиши мумкин. Аксинча, кечагина бойлигининг ҳидига маст бўлиб ўзини қўйгани жой тополмай шошиб қолган кимса эртага бир лаҳзада фақирга айланиб қолиши ҳам мумкин.
Бойлик кўплар учун имтиёз, неъмат эмас, аксинча жазо, офат ҳисобланади. Ривоят қилинишича, бир гуруҳ бадавлат одам зоҳидлар даврасига кириб ўлтириш учун улардан ижозат сўрабди. Воқеа рамазон ойида кечаётган экан. Бойваччалар ҳам зоҳидлар даврасида нонни туз билан ейишибди. Уйларига қайтгач, бояги бойваччалардан бири уларга минг динор тилла пул жўнатибди. Шунда зоҳидлардан бири пулни: «Сенга ўхшаганларга сирини очганнинг жазоси шудир», деган сўзлар билан эгасига қайтариб юборибди (яъни юборилган пулни улар ўзларига жазо деб қабул қилишган экан).
Бойларнинг ҳаёт тарзини, яшаш фалсафасини орзу қилаётган камбағаллар уларга қанчалик қийин ва оғир эканини тасаввур ҳам қила олишмайди. Пул кела бошлагани баробарида бойнинг хонадонига катта ташвишлар, кулфатлар, харажатлар, машаққатлар, нафратлар, уқубатлар оқиб кела бошлайди. Илгари минг сўм билан битирган ишини энди ўн минг сўм, юз минг сўм билан битадиган бўлиб қолганини кўрасиз. Чунки у энди бадавлат киши, сарф-харажатни ҳам ўз даражасида қилиши керак-да.
Камбағаллигида нонуштасига нон, жиндай ширинлик ёки сут-қатиқ кифоя қилар эди. Энди бир-икки хил иссиқ таом тайёрланган, қази, пишлоқ, сариёғ, қаймоқ, қуймоқ каби неъматлар тортилган бўлади. Аммо қани эди бу неъматлардан маза қилиб тотина олса?! Ейиши ўша-ўша, қўлида телефон, хаёлида бугунги кунга режалаган юмушлари, миясида минг бир ташвиш, муаммо. Жиндай таомни оғзига тиқдими ёки бурнигами, билолмай дастурхондан шошиб туриб кетади. Авваллари дўкондан харид қилган оддий кийимларни кийиб кетаверарди. Энди ундай қилолмайди. Урфга кирган, атрофидаги бадавлат кишилар буюртма билан хориждан олдириб келтираётган камёб кийимларни топиши керак. Илгари фарзанди касал бўлиб қолса, ҳамма қатнайдиган поликлиникадаги шифокорларга мурожаат қиларди. Энди бойлик мақоми бунга йўл қўймайди: эл орасида машҳур бўлган «профессор»дан маслаҳат олиши, унинг тавсияси билан энг шоҳона жиҳозланган хусусий клиникага ётқизиши зарур бўлади. Хусусий муаллим, хусусий репетитор, хусусий тарбиячи, хусусий ҳайдовчи, хусусий тиш дўхтири…буларнинг ҳаммаси жарақ-жарақ пул туради.
Бойлар хоҳламаса ҳам, малол келса ҳам, бундан ўзгача йўл тутолмайди. Дунё эгаларининг қисмати шу, бой бўлишнинг таомили, ёзилмаган қонунлари шунга мажбурлайди. Саудия Арабистонида бўлганимда Жидда шаҳрида бойлар учун очилган шоҳона дўкон (супермаркет) га олиб киришди. Уч қаватли, ойнаванд, ўртасида фаввора, ичидаги одамлар кўриниб турадиган лифти бўлган бу дўконнинг шаҳардаги бошқа савдо тармоқларидан фарқи ундаги молларнинг нархи ҳар қандай одамни «чақиб олиши» эди. Суриштирсам, бошқа дўконда эллик риёл турадиган битта кўйлак бу ерда юз эллик-икки юз риёлдан сотиларкан. Ўртадаги фойданинг каттагина қисми ночорларга ёрдам жамғармасига ўтказилар экан. Агар бадавлат киши ушбу дўкондан харид қилмай, арзонроғини кўзлаб қолса, «бечоранинг аҳволи танглашиб қопти-да ёки синдимикин» деб ўйлай бошлаган танишларининг кулгисига ёки маломатига қолар экан. Бу ҳам бой бўлишнинг одамлар нигоҳидан ташқаридаги аломатларидандир.
Бойликнинг яна бундан ҳам ғаройиб маш-машалари ҳам бор. Ўртамиёна яшаган бу одамнинг бой бўлгунича бир-икки яқин қариндоши бўлса, у бойиган заҳоти уларнинг сони ўн-ўн беш баравар ортиб кетади: бири ўғлини ўқишга киритиб қўйишни сўраб келган, бирови қийналиб қолиб ёрдамга муҳтож, яна бири қизини турмушга узатиш учун «маслаҳат» сўраган, бошқаси иш топа олмаётганидан шикоят бошлаган. Ҳаммасини тинглаши, ёрдам бериши, сўраганини қайтармаслиги керак. Агар бирортасига рад жавоби бериб ёки «қани, бир ўйлаб кўрайлик-чи» деб қўйсин-чи, ҳолига маймунлар аза тутиб юборади. «Фалончи опам сени шу ниятда катта қилганмиди», «Дадангнинг бирдан-бир жияни ҳали сандан ёрдам сўраб келдию сан рад қиладиган бўлдингми», «Пулинг кўпайиб одамнинг қадрига етмайдиган бўлиб кетибсан-ку» деган таъна-маломатлар бошига тошдай ёғилади.
Бойлик қанча ака-укаларни, опа-сингилларни бир-бирига ғаним қилган. Ота билан болани ёвга айлантирган. Мерос талашиб қанча қон-қардошлар бир-бири билан юз кўрмас бўлиб кетган. Бойлик илинжида қанча илм аҳллари бойлар эшигида ялтоқланган, обрўсини тўккан, илмини хўрлаган. Бойлик неча-неча аёлларнинг иффатини емирган, ҳаёсини ўғирлаган, бахтини поймол қилган. Бойликни деб қанчалаб буюк ишлар амалга ошмай қолган, эътиқодлар бузилган, иймонлар сустлашган, ватанлар сотилган, виждон дарвозаларига қулфлар урилган.
Булар бойлик мартабасининг пулга боғлиқ ҳангомалари, холос. Унинг кўзга кўринмайдиган ботиний машмашалари ҳам бор. Бойнинг душмани кўп, деганларидай, ҳасаддан, ғайирликдан, кўролмасликдан унинг ғанимлари ҳаддан ортиқ кўпайиб кетади. Кечагина оғиз-бурун ўпишган «қиёматли» дўстлар ҳам, бир қориндан талашиб тушган оға-инию опа-сингиллар ҳам, ҳамкасбларию маҳалла-кўйдагилар ҳам, барча бараварига энг ёвуз душманга айланади. Сабаби, унда пул бор, давлат бор, уларда эса йўқ. Бой бечоранинг оддий гапи ҳам уларга қўпол туюлади: «ҳа, энди, пули кўпайиб босар-тусарини билмай қолди, оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойнинг ўғли гапирсин экан-да». Хаёл билан бўлиб саломига алик олишни унутса, ҳангомани кўраверинг: «Қўлига пул тушиб, дарров кибрланиб кетганини қаранг, кечагина юрувди чориғини судраб, энди бойиб атрофидагиларни менсимай қолибди». Бой энди ҳаммага бирдай ёқмай қолган. Ҳамкасбларининг ҳасад ва кўролмаслик орқасидан бошлаган фитна, душманликлари ҳақида-ку, гапирмай қўяқолайлик. Ҳамма унинг синишини, бойлигидан мосуво бўлишини интизор кутади. Сал бошига иш тушса чекка-чеккада висир-висирлар бошланади. «Айтмабмидим, отасидан қолган катта меросга қувониб юрган экан-да, ҳаммаси ошкор бўлди-ку», «Жа ўзи босар-тусарини билмай қолувди, Худо боплаб жазосини берди-ку!» деган гаплар кўпайиб кетади.
Бир ёқда қўлга киритган мол-дунёсини кўпайтириш, асраш қийинчиликлари… Агар уни кўпайтириш, сотиш, фойда олиш ҳақида тинмай бош қотирмаса, тезда бойлигининг таги кўриниб- камайиб кетиши ёки ўзи синиб қолиши мумкин. «Ётиб егани тоғ ҳам чидамайди», деган гап бор-ку. Ҳар қадамда чув тушириш, алдаб кетиш, зўрлик билан тортиб олиш каби хавф-хатарлар ҳам ҳамла қилиб туради. Хулласи, булар ҳам бадавлат кишининг ҳаловатини ўғирлайдиган, оромидан маҳрум қиладиган, сочидаги оқларни кўпайтирадиган муаммоларнинг бир улуши, холос.
Мол-дунёнинг инсонни не кўйларга солишини тажрибада кўп кўрганмиз. Кичкина мисол: бир куни ўғлим Закариё маошини олиб келди-да ҳали уч ёшга ҳам тўлмаган ўғли Абдумўминга бир тахлам икки юз сўмликни тутқазиб қўйди. «Нима қиларкин», деган хаёлда ҳаммамиз уни кузатиб турибмиз. У пулни қўлга олдию ҳаяжондан ўзини тутолмай қолди: дам уни чўнтагига тиқмоқчи бўлади, сиғмагач бирор жойга яшириб қўйиш ниятида атрофига аланглайди. Ҳамманинг ўзига қараб турганидан хавотирланиб, яна уни кўйлагининг ичига тиқади. Бунга ҳам қаноат қилмади. Пулни олиб, болалар хонасига қараб юрди. Яширинча ортидан биз ҳам кирдик. У аввал пул тахламини кўрпача қатига яширди. Кейин нимадандир шубҳаланди, шекилли у ердан олиб столнинг ғаладонига беркитди. Бунга ҳам қаноат қилмади. Ғаладондан ҳам олиб яна кўйлагининг остига яширди. Шу пайт кўриб қолганимизни англадию иложсизликдан овозининг борича йиғлаб юборди. Бу манзара изоҳга муҳтож эмасди. Кичкина бола арзимас, бунинг устига ўзиники бўлмаган озгина маблағни асрашни эплай олмай шунчалик қийналса, эсли-ҳушли кишилар катта-катта бойликларни қўриқлаш учун не кўйларга тушишаркин?
Ҳали бойлик ичида яшаган кишининг бундан ҳам муҳимроқ вазифалари, буни адо этмасликдан келиб чиқадиган кўргуликлари, қийинчиликлари ҳақида тўхталганимиз йўқ. Агар бу мол-дунёнинг закоти вақтида ёки керакли миқдорда берилмаган бўлса, бунинг оқибатида шу дунёнинг ўзида дуч келинадиган офатларнинг ўзи талайгина. Ўша молнинг баракаси бўлмайди, ҳаромдан покланмайди, натижада у албатта ҳалокатга учрайди. Бунинг устига жамиятдаги ҳақдорларнинг ҳаққи адо этилмагани учун бойлар ва камбағаллар ўртасидаги мувозанат бузилиб, кескин ихтилофлар бошланиб кетиш хавфи пайдо бўлади. Молининг закотини бермаган кимса қаттиқ ҳисоб-китоб ва азобларга гирифтор бўлади. У шунингдек, хасислик туфайли камбағалларга садақа бермагани, инфоқ-эҳсон қилмагани, молини буюрилмаган ножўя жойларга сарфлагани, уни исроф қилгани учун ҳам ҳисобга тортилади.
Бадавлат кишининг дунё ҳаётидан узилиши ҳам оғир кечади. Минг машаққатлар билан, кечаю-кундуз зир югуриб, ором-ҳаловатидан кечиб, соғлиғидан ажраб, ҳаммага ёмон кўриниб, қанча душман орттириб, гуноҳларга ботиб тўплаган мол-мулки, ички-ташқи ҳовлилар, уйлар, қўша-қўша уловлар, тилла тақинчоқлар, пуллар меросхўрларга қолиб кетишини ўйлар экан, бир ғами ўн бўлади. Меросхўрларнинг ҳали у жон таслим қилмай туриб бойликка эга бўлиш учун бир-бирларига ола қараш-қора қараш қилиб ёвга айланишаётгани юрагини қиймалайди. Шунча пул-давлатни топса ҳам ўзига вафо қилмагани, тузукроқ еб-ичмагани, дам олмагани эсига тушиб, ич-ичини нимадир кемиради. Бойлик топаман деб соғлиғидан ажрагани, беш-олти хил касаллар «гулдастаси»ни орттириб олгани ҳам алам қилади. Чунки, донолар айтганидай, соғлик ва бойлик ҳеч қачон бир кўчадан юролмайди, асло келиша олмайди. Бири келса, иккинчиси албатта соҳибини тарк этади. Энг даҳшатлиси, дунё ортидан чопиб Аллоҳнинг амр-фармонларини бажаришга вақти етишмагани, тоат учун бўшамагани ҳаммасидан алам қилади. Қани эди, тўплаган бойликларининг, қурган иморатларининг, харид қилган уловларининг ҳозир жиндай фойдаси тегса?! Фойдаси тегиши уёқда турсин, аксинча, ҳисоб-китоби қийинлашиб, боқий ҳаётини барбод қилиши мумкин.
Дунёнинг ярмини забт этган Македонияли Александр ўлими олдидан шундай васият қилган экан: «Мени бир тобутга солинг, тобутнинг бир томонини тешиб, шу тешикдан қўлимни чиқаринг ва кафтимни очиб қўйинг. Токи барча халойиқ кўрсинки, жаҳондаги ҳамма мамлакатни эгаллаб олган бўлсам ҳам бу дунёдан қўлларим бўш кетаётир».
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 576 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар