Сайт бўлимлари
Аёл ўзлигидан узоқлашса...
- Подробности
- Бўлим: Долзарб мавзу
- Чиққан санаси: 02 Апрель 2013
- (Нашр қилинган санаси)
Ҳозирги кунда дунё ҳамжамияти эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқли эканини жар солиб чарчамаяпти. Аммо эркак билан аёл тенг ҳуқуқли, деган ҳайқириқ ортида аёлларга зулм қилинаётгани, тўғрироғи, бу гапни бир томонлама тушунган аёлларнинг ўз-ўзига зулм қилаётганини кўриб ҳайрон қоласан киши. Бу мавзуда фикр юритишдан аввал, ҳар бир мулоҳазанинг нисбийлигини инобатга олмоқ зарур. Нега деганда, барча нарсада истисносиз тариқада аёл билан эркак тенг бўлиши шарт бўлганида, Аллоҳ инсон зотини аёл ва эркак қилиб, икки жинсга ажратиб яратмас эди. Инсон икки жинсга ажратилиб яратилган экан, унинг психологик биологик омиллари ҳисобга олиниши даркор. Аёл билан эркак тенг ҳуқуқли деган гапни ўз билганича талқин қилаётган сафсатабозларнинг бир пулга қиммат фалсафалари оқибатида, аёллар заифалик назокатидан йироқлашиб, турқи аёл бўлгани билан феъл-атвори эркакка ўхшаб кетаётган хотинлар кўпайиб боряпти. Бундоқ олиб қараганда фикрини бутун оламга маъқулламоқчи бўлган феминистларнинг бу қарашини ёқлаб ҳам бўлмайди. Аслан қараганда, ҳар қандай дин ва ҳар қандай жамиятда эркак кишига нисбатан аёл кишининг ҳуқуқлари бир мунча баландроқ турган. Аёлга муқаддас зот, Тангри ва фаришталар мукаррам қилган инсон сифатида қаралган. Ҳатто азал-азалдан касб-ҳунар эгаллаш борасида ҳам қизларга бошқача йўналишда, ўғил болаларга алоҳида эътибор берилган. Фақат ҳозирга келиб бу қарашларни ҳар ким ўзига мослаб олиб, аёлларгагина ва эркакларгагина хос бўлган хусусиятларни аралаштириб юбориб, аёл билан эркак тенг ҳуқуқли, дея жар солишдан бери келишмаяпти.
Эркак билан аёл тенг ҳуқуқлими?
Мен бугун бу саволни муҳокама қилмоқчи эмасман. Мулоҳаза қилмоқчи бўлганим, аёл билан эркак тенг ҳуқуқли, деган бир томонлама қараш оқибатида, жамиятимизда кўпгина салбий иллатлар авж олиб бораётгани ҳақида эди.
Аёл ва эркак тенг ҳуқуқли инсон ҳисобланади. Биз бу гапга эътироз билдириш ниятидан йироқмиз. Хўш, икки жинс вакилининг тенг ҳуқуқли эканини қайси маънода тушуниш керак? Авваломбор, ислом динидан аввал, яъни, жоҳилият замонларида аёл киши одам ўрнида кўрилмаган. Ундан қандайдир предмет сифатида фойдаланилган, қул қилиб сотилган, оилаларда қиз бола туғилса, тириклайин кўмилган ваҳоказолар. Ислом дини эса бу ишларнинг Аллоҳга хуш ёқмаслигини, аёл ҳам ИНСОН, инсон бўлганда ҳам, меҳрга, эътиборга, силаи раҳм, ва шафқатга эркак кишидан кўра кўпроқ ҳақдор бўлган банда бўлиши билан бир қаторда эркак билан тенг ҳуқуқли эканини маълум қилди. Бу ўзгармас қоидага замонлар, вақтлар, турли давр ва турли одамлар ўз билганларича нималарнидир қўшиб, ўз фоидаларига мос равишда талқин қилиб, бошқаларнинг онгига сингдиришга уринишди. Шундай қилиб, бизнинг давримизга келиб аёл ва эркак тенг ҳуқуқли деганда, эркакларнинг юраги увишиб, асаб торлари таранг тортиладиган, аёлларнинг эса, хиёл навозиш билан эр олдида эгик турган бошлари баланд кўтарилиб, барча юмушларда, барча жабҳаларда эркаклар билан баб-баравар туриш, керак бўлса, эркакларни ҳам ўзларига бўйсундириб олишга ундади. Эндиликда, аёлларнинг ўзларига ярашмаган қилиқларидан, юриш-туришларидан ўпкаласангиз, уларга эркаклар билан бир қаторда туриб йўлга асфальт ётқизиш, шахта конларида ишлаш, қоп-қоп юкларни кўтариб бозорларда сўкиниб юриш, бошқа оғир ишлар аёлларга хос эмаслигини айтмоқчи бўлсангиз, нақ балога қоласиз. Ахир, аёл ва эркак тенг ҳуқуқли-да! Башарти, сизнинг фикрингизча, аёлларнинг тўй-базмларда ароқ ичиб кўнгилхушлик қилиши, даврага чиқиб олиб эчкидай шаталоқ отиб ирғишлаган куйи рақсга тушиши, эридан берухсат кўчага чиқиб, ундан сўроқсиз пул сарфлаши ва яна шунга ўхшаган ишлари нотўғри бўлса, балога қолдим, деяверинг! Чунки, сиз «аёл ҳуқуқини камситган»ликда айбланасиз!
Яқинда бир тўйда қатнашдим. Базм дастурхони ниҳоятда тўкин, сероб қилиб ёзилган. ҳаттоки, муқаддас тантана- икки ёшнинг никоҳ оқшоми даврасига шароб дўконлари пештахтасини “безаётган” энг қиммат спиртли ичимликлар ҳам териб ташланган. Чор-атрофимга қарасам, эркаклар-ку бироз хижолатлик ва ийманиш билан анави сабил қолгурни чойнакдан қуйиб ичишяпти. Аёллар эса тап тортмай, уялмай-нетмай ошкора қадаҳ чўқиштириб, бир-бирига яхши тилакларни билдириб ичишяпти. Башарти битта-яримтасига, юрак ютиб қилаётган ишининг номаъқулчилик эканини, аёл кишига нолойиқ-нохослигини тушунтирмоқчи бўлсангиз, эркак билан аёлнинг тенг ҳуқуқли (!) эканини айтиб оғзингизни ёпиб ташлашади. Ана сизга ғарбча демократияга интилиш, мана сизга аёл эрки!
Аёл эркакликка даъво қилса...
Агар аёл эркакликни даъво қилмай, охиригача аёллигини қилса, у кўпроқ иззат-ҳурматга сазовор бўлади. Аёлда аёлга хос фазилатларнинг йўқолиб, эркаклик хислатларининг кучайиши — унинг тамом бўлганидан дарак, деган эди француз мутафаккири Ж. Ж. Руссо. Тассуфки, аёлларимиз «эркак ва аёл тенг ҳуқуқли», «аёл эрки» деган гапларни фақат бир томонлама, нафақат бир томонлама, ҳаттоки мутлақо бошқача маънода қабул қилганлар. Уларнинг фикрига кўра, аёлларга эркинлик бериш дегани, хотин зотининг кўнглига келган ишини очиқ-ошкора қилиши, қўлидан келса келмаса ҳар қандай юмушни бажаришга киришиб ўзини кўрсатишга уриниши, эркаклар қилган ишни мен уддалай олмайманми, деган иддао билан пул топишга интилиш ва албатта оиладаги ҳукмронликни қўлга олиб, қаҳр-ғазаб билан эрга ўшшайиб, қўлни белга тираб шанғиллаш демакдир. Шундай дўстим...
Эркакларни мардлигидан узоқлашиб кетяпти, феъл-атворида заифаларга хос хусусият шаклланяпти, деган нолишларни кўп эшитяпмиз. Ва ўзимиз ҳам жойи келганда энг оғриқли нуқталаримиз бўлган, эркакларнинг жамиятдаги ўрни тобора пастлаб кетаётгани борасида куйиниб ёзяпмиз. Аммо бундоқ чуқурроқ мушоҳада қилсак, эркакларимизни биз — аёллар мардлигини, ғурурини синдирмаяпмизми? Қайсики, феълимиздаги нозиклик, нафислик ва латофатдан ор қилиб (!), бизга берилган имкониятни нотўғри тушунган ҳолда, эркакларимизни асл ўзлигидан адаштиряпмиз. Бунга ҳам ўша сизу биз байроқ қилиб олган «аёл билан эркак тенг ҳуқуқли», «аёл эркинлиги» деган ибораларни ўз фойдамизга (аслида катта зараримизга) мослаб тушунганимиз сабабдир.
Аёлнинг оилада эрига итоаткорлиги, унинг фикридан келиб чиқиб иш тутиши миллатимизнинг қон-қонига сингиб кетган хусусият. Бу ҳолни жамият ҳам, жамоатчилик ҳам қўллаб-қувватлайди. Айримлар эса халқимизнинг азалий қарашларини терс талқин қилиб, хотиннинг итоаткорлиги билан тобеълик ва мутеъликни адаштириб юборишяпти. Эмишки, оилада эр ҳукмронлик қилиши, аёл кишининг ҳуқуқ ва эркинлигига путур етармиш... «Бугунги аёлнинг аҳволи ёмон, чунки у эридан бир қадам илгарилаб кетди. Эрдан илгарилаб кетиш эса бизнинг миллат аёлига ҳеч қачон роҳат бағишламаган. Биз доим отасининг бўйини кўрсатиб туриб бола тарбиялаб келганмиз», дейдилар онахон воиза Турсуной Содиқова.
Қачонки оналарнинг болалари ҳақида, «ўғлимга гапим ўтмаяпти. На отасининг сўзига қулоқ осади, на мени ҳурмат қилади», «қизимнинг юриш-туришидан хавотирдаман, бир оғиз гапирсам, шанғиллаганча гап қайтаради, отасидан ҳам ҳайиқмайди», деб куйинганларини эшитиб қолсам, ўша онадан нафратланиб кетаман. Чунки, боласининг юз-кўзидан ҳаё кўтарилганига, катталарга, ҳаттоки, ўзини дунёга келтирган буюкларига гап қайтаришгача, уларнинг тарбиясига қарши чиқишга сабаб бўлган маънавий буҳронга дохил бўлганига ўша она АЙБДОР! Унинг айби— эридан аёллик ҳуқуқини талаб қилиб, оиладаги ҳукмронликка эга чиққанида! Аёл сифатида ўзини тарбиялай олмаган, мен эрим билан тенг ҳуқуқлиман, деб жуфтини менсимаган, топишингизнинг мазаси йўқ, деб эридан рухсат сўрамай пул топиш илинжида кўчага чиқиб кетган аёл— аёллик илмини, оналик илмини АНГЛАМАГАНЛАР! Улар эркаклар билан тенг ҳуқуқли эканликларини даъво қилиб, ўзларини аёлликнинг маънавий ҳуқуқидан, бахтиёрликдан маҳрум қилганлардир.
Аёл кишининг эркакка нисбатан ҳуқуқлари баландроқ, кўпроқлиги ҳақида мулоҳазаларимиз аввалида айтиб ўтгандик. Чиндан ҳам аёл кишининг ўрни келганда ҳуқуқлари эркакларникидан анча устувор туради. Нега деганда, у - ОНА! У- БЕКА. У - миллат келажагини дунёга келтирувчи, насл-насаб давомчиси. Бас шундай экан, аёл йўл қўйган хатолар кечирилмайди! Чунки, аёл адашди, аёл янглишди, аёл хато қилди дегани —миллат адашди, миллат хато қилди, насл бузилди, дегани. Шу ва шунга ўхшаш яна кўп далиллар аёл кишининг эркак кишига нисбатан кўпроқ ҳуқуқ ва мажбуриятга эгалигини далолат этади. Қанийди, ҳамма ҳам «аёл эрки», «эркак билан аёл тенг ҳуқуқли» деган иборани шу маънода тушунса!
Аёл ва эркак тенг ҳуқуқли, деган қараш оқибатида қиз-жувонлар мардикорчиликка чиқишни, ёлланма ишчиликни ор деб билишмади. Қайтанга, бундай ишларни қилишларини, «ҳалол меҳнатнинг айби йўқ, эркаклар қилган ишни аёллар уддаллай олишмайдими?! Бизнинг эркаклардан қаеримиз кам?!» деган иддао билан изоҳлашди. Пировард оқибатда, аёлини, қизини мардикорчиликка чиқариб, ўзи уйида ёнбошлаб олиб, аччиққина кўк чойни ичаётган эркак ҳам бу шармандаликдан ор қилмади!
Ҳозир маҳаллий ва хорижий нашрларни кузатадиган бўлсак, аёл ва эркак тенг ҳуқуқли, дея аюҳаннос солаётган матбуот воситаларининг ўзи, аёл ҳуқуқларини поймол қилиб, уни ярим яланғоч кўринишларда, тунги ва чўмилиши кийимларини кийган ҳолдаги суратларини чоп этишяпти. Хўш, сизнингча бу аянчли тарғибот ҳам аёл кишининг эркак билан тенг ҳуқуқли эканига ишорами?! Нега нашр саҳифаларини безаш учун фойдаланиладиган суратлардаги эркаклар сипо кийимда, аёлларни эса эҳтиросни қўзғатувчи, шармисорона қиёфада тасвирланишига ҳеч ким эътироз билдирмайди?! Бу аёл кишининг ҳақ-ҳуқуқи поймол қилингани, иззат-нафси, қадр-қийматининг ерга урилгани эмасми?!
Яна ўша мулоҳазамизга қайтамиз, нега аёл билан эркак тенг ҳуқуқли, деган ақидани, фақат касб танлаш, оғизга эрк бериш, эримизга тазйиқ ўтказиш, деб тушунганмиз?
Айни пайтда яна бир хунук манзара авж олган — оиласига, эрига хиёнат қилаётган аёлларнинг аксарияти, «эримдан ўч олдим, хиёнат заҳрининг қандай бўлишини унга кўрсатиб қўймоқчи эдим» деган мазмундаги таввало билан айбини оқламоқчи бўлади. Ҳатто бу шармандали ҳолатда ҳам аёл ва эркакнинг тенг ҳуқуқли эканини дастак қилишади. Энди бу гапга нима дейсиз? Наҳоки аёл билан эркакнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари баравар дегани, эри йигитчиликнинг «шўх»лиги таъмини татиб кўрмоқчи бўлгани, адашибми, янглишибми, бирор енгилтак хотиннинг макрига учибми, хуллас, қандай бўлмасин, хиёнат кўчасига бўйласа, аёл ҳам эридан икки-уч баравар ўч олсин, оиласига, жуфтига хиёнат қилсин, дегани бўлса?! Тўғри, эркакдир аёлдир у жамиятдаги одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиши, гуноҳдан тийилиши шарт. Аммо бу борада барибир эркак кишининг айби кечирилса бўладиган, исноди аёлнинг гуноҳичалик эмас. Бироқ аёлнинг кўра-била туриб зино қилиши, боз устига бу қилмишини ёстиқдошидан қасос олганга йўйиши ҳеч қандай узру хайрихоҳликка лойиқ эмаску!
Модомоки аёл ва эркак тенг ҳуқуқли экан, бунда юқорида айтганимиздек биологик ва психологик омилларни инобатган олган ҳолда, аёлларга хос хусусиятларда аёлларга, эркакларга хос хусусиятларда эса эркакларга кўпроқ ҳуқуқ берилган маъқул. Халқона тилда айтганда, ҳар нарсада меъёр ва ўлчов бўлгани маъқул. Қаердаки меъёр бузилса, ўша жойда таназзул ва инқироз юзага келиши аниқ.
Умида АЗИЗ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 862 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар