Сайт бўлимлари
Эр-хотин ўртасидаги рашк
- Подробности
- Бўлим: Ислом дини
- Чиққан санаси: 29 Май 2014
- (Нашр қилинган санаси)
Абу Бакр Сиддиқ қизи Асмо (р.а.) ривоят қиладилар:
«Зубайр менга уйланди. Унинг сув тортадиган туяси-ю отидан бўлак ҳеч вақоси йўқ эди. Мен отига ем берар, туяси ёрдамида сув тортар ва қўл тегирмонда дон янчиб, хамир қилар эдим. Лекин мен ҳали яхши нон ёполмас ансория қўшниларимдан бири ёпиб берар эди. Улар (қўшни ҳақларига риоят қиладиган) яхши аёллар эди. Мен янчилган донни бошимга қўйиб, Зубайрга Жаноб Расулуллоҳ (с.а.в.) инъом қилган ердан аёл қўшнимнинг ерига олиб чиқар, қўшним эса мендан уч фарсах нарида турарди. Бир куни донни бошимга қўйиб кетаётгна эдим, йўлда Жаноб Расулуллоҳни (с.а.в.) бир гуруҳ ансорлар билан учратиб қолдим. Ул зот мени қошларига чақирдилар, кейин мени туяларига миндириб олмоқчи бўлиб, 9туяга) «иҳ, иҳ» (чўк, чўк!) дедилар. Аммо, мен эркаклар билан бирга кетишдан уялдим. Зубайр ва унинг рашки ҳақида эсладим, чунки эрим ўта рашкчи одам эди. Жаноб Расулуллоҳ (с.а.в.) менинг ҳаё қилганимни билиб, йўлларида давом этдилар. Кейин мен Зубайрнинг олдига бориб, унга: «Мен бошимга донларни қўйиб кетаётган эдим, Жаноб Расулулоҳни (с.а.в.) бир гуруҳ саҳобалар билан учратиб қолдим. Шунда ул зот туяларини чўктириб мени миндириб олмоқчи бўлдилар, мен уялиб кўнмадим. Айни пайтда сизнинг рашкчи эканингизни ҳам билардим», - дедим. Эрим: «Худо ҳаққи, бошингдаги донингни кўтариб олсалар, майли-я, аммо сени юкинг билан туяларига миндириб олганларида менинг шаънимга оғир бўлар эди!» - деди. Ниҳоят (отам) Абу Бакр (ҳазратлари) бундан бу ҳодисадан кейин менга бир хизматчи келтирдилар. У мени от боқишдан қутқарди ва бу юмушлардан озод қилди.
РОВИЙ АСМО БИНТИ АБУ БАКР (Р.А.)
Асмо (р.а.) Ҳз. Абу Бакр ас-Сиддиқнинг (р.а.) қизларидир. Ҳз. Оиша (р.а.) билан ота бир опа-сингилдир. У Ҳз. Оишадан (р.а.) ўн беш катта. Илк мусулмонлардан бўлган Асмога (р.а.) Расули Акрам (с.а.в.): «Икки белбоғли» деган лақаб берганлар. Ривоятга кўра ҳижрат қилиш учун йўлга тайёргарлик кўрилаётганда озиқ-овқат ҳамда сув тўлдирилган мешларнинг оғзига боғлаш учун ип топилмай қолади. Шунда Асмо (р.а.) отасининг буйруғи билан белидаги белбоғини ечиб, иккига бўлади ва иккала идишнинг ҳам оғзини боғлайди. Расулуллоҳ (с.а.в.) унинг бу ҳаракатидан мамнун бўлиб «Аллоҳ таоло шу белбоғингнинг ўрнига жаннатда иккита белбоғ берсин», деб унга илтифот кўрсатганлар. (Қаранг: Ибн Саъд. «Табақот». III 100; Ибн Абдулборр. «Истиоб» IV. 232; Ибн Ҳожар, «Исоба» IV, 229; Ёрдам «Асмо бинти Абу Бакр ас-Сиддиқ», ДИА XI, 402)
Зубайр ибн Аввом (р.а.) билан тушмуш қурган Асмонинг (р.а.) эри билан бирга 15(636) йилда Ярмуқ ғазотида иштирок этгани ривоят қилинади.
Асмо 8 фарзанднинг онаси бўлгани, ўғли Абдуллоҳнинг 73 йилда Ҳажжож тарафидан ўлдирилганидан бир неча кун кейин Маккаи Мукаррамада вафот этгани маълум. У аёл муҳожирлар ичида энг кейин вафот қилган саҳобийдир. Юз йилга яқин барокатли ва узун умр кўрган Асмонинг (р.а.) кейинчалик кўзларини парда қоплаган бўлса-да, ақли ва закийлиги заифлашмаган.
Асмонинг онаси Қутайла, жоҳилият даврида отаси билан ажрашган ва кейинчалик ҳам Исломни қабул қилмаган, мушриклигича қолган эди. Узоқ йиллардан кейин Қутайла қизи Асмонинг (р.а.) зиёрат қилиш учун келади. Бироқ Асмо (р.а.) онасининг мусулмон бўлмаганини ўйлаб, уни уйига киритишга тараддудланиб қолади ва вазиятни Расулуллоҳга (с.а.в.) билдириб, маслаҳат сўрайди. Шунда Жаноби Ҳақ: «Динларингиз тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишларингиздан ва уларга адолатли бўлишларингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатлиларни севар» (Мумтаҳина сураси 8-оят) деган оятини нозил қилди.
Илму ирфон ва маданият ўчоғида, етишган Ҳз.Асмо (р.а.) кўплаб ҳадислар ривоят қилган. У ҳадисларни энг яхши тушунган ва шарҳлаган саҳобалардан биридир. Туш таъбирлашда ҳам моҳир бўлган Асмо (р.а.) буни отаси Ҳз. Абу Бакрдан (р.а.) ўрганганлигини билдирган. Унинг энг муҳим сифат (фазилат)ларидан бири ниҳоятда сахийлигидир. Ўғли Абдуллоҳ онаси Асмо (р.а.) билан холаси Ҳз. Оишачалик (р.а.) саҳий инсонни кўрмадим деб айтган.
Бир кун Расули Акрам (с.а.в.) Асмони (р.а.) зиёрат қилишга келганларида унинг берадиган садақасини ҳисоблаб (санаб) ўтирганлигини кўрадилар. Шунда Пайғамбаримиз (с.а.в.):
«Ҳисоблама! Кейин Аллоҳ ҳам сенга ҳисоблаб беради», деганлар.
ИЗОҲ
Рашк тилимизда қизғаниш деган сўз билан ифодаланадиган туйғудир. Бу туйғу эр-хотинларнинг бир-бирлари ҳақида қалбларидан кечирадиган ҳаяжондан иборатдир. Инсоннинг бузилмаган фитратида бор бўлган бу туйғу ва ҳаяжоннинг асосида аёлнинг эрини, эрнинг хотинини (бегона) ёмон кўзлардан асраш ҳамда бузуқ ниятлардан қўриқлаш ғояси ётади. Жумладан Имом Бухорий «Рашк» бобида Муғийрадан (р.а.) ривоят қилинган ҳадиси шарифга жой ажратганлар: «Саъд ибн Убода (р.а): «Агар мен бир бегона кишини хотиним билан кўриб қолсам, уни қилич бети билан эмас, тиғи билан уриб, чопиб ташлайман!» - деди. Жаноб Расулуллоҳ (с.а.в.): «Саъднинг рашкидан ажабландингизларми? Мен Саъддан, Аллоҳ таоло эса мендан кўпроқ рашклидир!» - дедилар (Бухорий, Никоҳ, 107) .
Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло рашк қилгай ва Аллоҳ таолонинг рашки мўмин ҳаром бўлган амалларни қилганда туғён ургайдир!» - дедилар», (Бухорий. Никоҳ, 107) ҳадиси шарифи ҳам яратганнинг нақадар рашкли эканини билдиради.
ҲАДИСИ ШАРИФДАН ЎРГАНГАНЛАРИМИЗ
1. Эр-хотин ҳар қандай ёмонликдан сақланиш ва салбий ҳолатлардан ман қилиш ғояси билан бир-бирини қизғаниши лозим; иффат, ҳамият ва иззат-нафс эгаси бўлишлари керак. Бироқ рашк ҳам меъёрда маъқул ва машруъ маъзонда бўлиши шарт. Абу Ҳурайра (р.а.) ривоят қилинган ҳадисда пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар.
«Аллоҳ севадиган ва севмайдиган рашк бордир. Аллоҳ ёқтирадиган рашк шубҳага асослангани рашк, Ёқтирмайдигани эса шубҳага ҳеч қандай ўрин бўлмаган ҳолда рашкдир» (Ибн Можа. Никоҳ, 46) .
Орада ҳеч қандай асосли нарса бўлмай туриб, эр-хотиннинг бир-биридан шубҳаланиб, ваҳимага берилиб, чегарадан чиқмаслиги, оила тинчлигини бузмаслиги керак. Шу туфайли Расули Акрам (с.а.в.) узоқ сафардан келган кишининг кечаси хотинига хабар бермасдан шошилинч тарзда уйига киришини маъқул кўрмаганлар. Жумладан Расулуллоҳ (с.а.в.) Жобирга (р.а.) хитобан: (Мадинага тунда (кечаси) борганингда оилангнинг ёнига (тўсатдан бостириб киргандек) кирма. Токи, эридан олисда қолган хотин ювинсин ва сочини тараб олсин!» (Бухорий. Никоҳ, 10) деганлар.
Жобирдан (р.а.) ривоят қилинган яна бир ҳадисда Абдуллоҳ ибн Равоҳа (р.а.) узоқ сафардан қайтгач, кечаси уйига келади. Хотинининг ёнида сочини тараб ўтирган бир аёлни эркак деб ўйлаб, қиличини суғуради. Бироқ ҳато қилганини билади ва бир нохушликнинг олди олинади. Бу воқеа Расулуллоҳга (с.а.в.) етказилгач, у зот кечаси узоқ сафардан қайтган кишининг оила аҳлига хабар бермасдан тасодифан уйига кириб боришини ман қилганлар. Шунга биноан уйидан узоқ ерга кетган киши бугунги кунда агар имкони бўлса, боришидан олдин телефон қилиб огоҳлантирса, суннатга мувофиқ иш қилган бўлади. Шунингдек, узобдан келган эркакнинг эшик қўнғироғини босиб, хотинини хабардор қилиши ҳам айни шаклда тушунилиши лозим.
Рашк билан алоқадор қуйидаги икки ҳадис ҳам диққатга сазовордир:
Ҳз.Оиша (р.а.) шундай ривоят қилганлар: «Расулуллоҳ (с.а.в.) бир тунда ёнимдан ташқарига чиқдилар. Хотинларидан бирортасининг ёнига кетган бўлишлари мумкин, дея рашк қилдим. Бир оз ўтиб Расулуллоҳ (с.а.в.) қайтиб кирдилар ва аҳволимни тушундилар. Шу боис менга:
- Рашк қилдингми? - дедилар. Мен эса:
- Албатта, сиздек одамни рашк қилмай бўладими? - дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.) менга:
- Сенинг шайтонинг келган бўлиши керак! - дедилар. Мен:
- Менинг шайтоним борми? - дея сўрадим. Расули Акрам (с.а.в.):
- Шайтони бўлмаган киши йўқ, - дедилар. Шунда мен:
- Сизнинг ҳам шайтонингиз борми? - дедим. У зот:
- Ҳа. Бироқ Аллоҳ таоло менга ёрдам берди ва у мусулмон бўлди, - деб жавоб қилдилар» (Муслим. Мунофиқун, 70; Насоий «Ишратун-Нисо» 4) .
- Яна Ҳз. Оиша (р.а.) дейдилар: «Сафийядек ширин таом пиширган кишини кўрмадим. Расулуллоҳ (с.а.в.) менинг уйимда эдилар, Сафийя у зотга овқат пишириб юборди. Қаттиқ рашк қилганим боис титрадим Дарҳол туриб табоқ (идиш)ни синдирдим, кейин бу қилмишимдан пушаймон бўлдим.
Дедимки:
- Ё Расулуллоҳ ! Қилган бу ишимнинг каффорати нима? Расулуллоҳ (с.а.в.):
- Табоқ (идиш) мислича табоқ, таом мислича таом, - деб жавоб бердилар (Абу Довуд 91; Насоий «Ишратун-нисо» 4) .
2. Давлат раҳбари фуқароларга ер майдони бериши мумкин.
3. Ҳадиси шарифга кўра, Ҳз. Асмо (р.а.)нинг оиласи ҳижратнинг бошларида моддий қийинчиликларга, машаққатларга сабр қилган эди. Бунга отаси Абу Бакр (р.а.) ва эри Зубайр (р.а.) ҳам сабр қилинганди. Асмо (р.а.) бир хизматкор топиб беришмаганининг сабаби Ҳз. Абу Бакр (р.а.) билан Зубайрнинг (р.а.) муҳим диний ишлар билан машғул бўлиб, уйларига қарай олмаганлиги дея ифодаланган (Айний. А.г.э. XVI, 411) .
Дарҳақиқат, оиланинг таълимоти ва ташқи ишлари эркакнинг зиммасида, барча эҳтиёжлари учун эр масъул. Агар эркакнинг ишлашга имкони бўлмаса (масалан, касаллик туфайли), у ҳолатда зарурат туфайли хотин бу ишларни зиммасига олишга мажбур. Аммо эркакларнинг қаҳвахона ёхуд турли кўнгилочар ерларда ўтириб олиб, хотинларини, қизларини, келинларини ҳар хил жойларда ишлатишлари зулмдир. Кўпчилик учун оддий ҳолга келиб қолган бу зулмнинг панд-насиҳатлар билан олдини олиш лозим.
4. Абу Савр ва баъзи олимлар, ушбу ҳадислардан хотин эрининг эҳтиёж сезган барча хизматларини бажариши керак, деган фикрни билдиришган. Бироқ олимларнинг аксарияти хотин бажарадиган иш ва хизматлар вожиб эмас, адо қилинганда савоб қозониладиган нафл, мустаҳаб амаллардир (Ибн Ҳожар. Айний) дейилади. Бу асосга кўра, овқат пишириш, болага қараш, кир ювиш сингари уй ишларини бажариш вожиб бўлмаган амаллар бўлиб, бироқ мусулмон аёлнинг ахлоқ ва шахсиятига ярашадиган ва ундан кутиладиган хизматлардир. Асри саодатдан бугунгача давом этиб келаётган бу гўзал одат ва таомил, ҳар бир оила уни айни пайтда ҳузур ва ҳаловат василасидир.
5. Инсонларга шафқатли ва марҳаматли бўлиш пайғамбаримизга хос ахлоқдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ушбу ояти карима билан Аллоҳ таолонинг мақтовига сазовор бўлганлар:
«Ҳақиқатан, сизларга ўзларингиздан (чиққан), Сизларнинг қийинчиликларингиздан алам чекадиган, сизлар билан қизиқувчан ва мўминларга мушфиқ ва раҳмдил Расул келгандир» (Тавба сураси, 128-оят) .
Расули Акрамнинг (с.а.в.) суннатларига амал қилмоқчи бўлган ҳар бир мусулмон оғир юк кўтарган кишига ёрдам бериш, турган йўловчиларни уловида манзилига элитиш каби савоб ишларни бажармоғи лозим. Бу ҳатти ҳаракатлар албатта кишининг меҳрибонлигидан, раҳмдиллигидан ва назокату фидокорлигидан дарак беради.
Фотима Сулаймон қизи
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
Ҳозир сайтимизда 405 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш
- Кўз зиносидан эркаклар қандай сақланади?
- Аёл киши телевидениеда журналист бўлиши, кўрсатувлар олиб бориши мумкинми?!
- Сочи узун эркаклар ва сочи калта қизлар