1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Никоҳга тарғиб

«Никоҳ» сўзи луғатда «қўшилиш», «жамланиш», «яқинлашиш» маъноларини англатади.
Шариатда эса никоҳ бир боғланиш бўлиб, у туфайли ҳузурланишни қасд этиш, яъни эр кишининг никоҳида шаръан монеълик бўлмаган аёл кишидан ҳузур олишини ҳалол қилишдир.
Никоҳга тарғиб қилиш Қуръони Каримнинг бир неча оятларида келганини аввал ҳам айтиб ўтган эдик. Энди ўша оятлардан бирини мисол тарийқасида келтиришга ижозат бергайсиз.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида марҳамат қилади:

«Бас, ўзингиз хуш кўрган аёллардан икки, уч, тўртини никоҳлаб олинг. Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани» (3-оят).
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мўмин-мусулмон бандаларга пок йўл билан никоҳда бўлишни амр этмоқда. Шу билан бирга, икки, уч ёки тўртта хотин олиш учун уларнинг орасида адолатли бўлишни шарт қилиб қўймоқда. Ким адолатли бўла олмасликдан қўрқса, биттага уйланиши кераклиги уқдирилмоқда. Бу никоҳга бўлган кучли тарғибдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам никоҳга тарғиб жуда кучли тарзда келган. Ушбу ҳақийқатни англаб етишимиз учун бир-икки ҳадисни ўрганиб чиқамиз.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Эй ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир», деганларини эшитдим».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Ушбу ҳадиси шарифдаги «никоҳга қодир бўлса», деб таржима қилинган ибора арабчада «боъа» дейилиб, моддий, маънавий ва жисмоний жиҳатдан никоҳга қодирлик маъносини англатади.
Демак, шу маънодаги қудратга эга бўлган ҳар бир мусулмон уйли-жойли, оилали бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим. Агар никоҳга моддий ёки маънавий жиҳатдан қудрати етмаган, сарф-харажатни кўтара олмайдиган ёки уйланса, умр йўлдошига зулм қилишдан ўзини тўхтата олмайдиган ёшлар бўлса, рўза тутишлари керак. Шу йўл билан улар шаҳватларини босадилар. Чунки рўза туфайли кишининг шаҳвати пасайиб, бошқа жинсдагиларга шаҳват билан қарамайдиган, фаржини зинога ишлатмайдиган ҳолга келади.
Оддий ҳолатларда эса бу икки хавфнинг олдини никоҳ олади. Никоҳдаги киши ўз шаҳватини ҳалол йўл билан қондирганлиги учун кўзи номаҳрамларга қарашдан тийилган, фаржи ҳаромга юришдан сақланган бўлади.
Бу ҳадиси шариф мўмин-мусулмонларни ёшлик чоғларидан никоҳга қодир бўлишлари биланоқ оила қуришга чорламоқда.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Уч кишилик гуруҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари уйларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўраб келди. Бас, уларга (бу ҳақда) хабар берилганида худди у(ибодат)ни оз санагандай бўлдилар. Шунда улар:
«Биз қаёқда-ю, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар, у Зотнинг ўтгану қолган гуноҳлари мағфират қилинган», дедилар.
Улардан бири:
«Мен тунларни намоз ўқиш билан ўтказаман», деди.
Бошқаси эса:
«Мен доимо рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман», деди.
Яна бошқа бири:
«Мен аёллардан четда бўламан, абадул-абад уйланмайман», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдиларига келиб:
«Шундай, шундай, деганлар сизларми?! Аммо, Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг қўрқувчингизман ва Унга энг тақводорингизман. Лекин рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, аёлларга уйланаман ҳам. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас», дедилар».
Икки Шайх ва Насаий ривоят қилганлар.
Бу ҳадиси шарифда уйланиш, оилали бўлиш ибодат, тақводорлик ва Аллоҳдан қўрқиш маъноларига зид эмаслиги баён этилмоқда. Уйланиш Аллоҳдан энг қўрқувчи банда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас, деганлари имкони бўла туриб, никоҳда бўлмаслик, оила қурмаслик мусулмон учун мутлақо тўғри келмаслигини аён этади. Уйланмай, оила қурмай юриш мусулмонларга хос иш эмас. Чунки Аллоҳ таоло хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин, инсон зотини яратган чоғида, жинсий рағбат билан яратган. Бу рағбат инсон учун, унинг бахт-саодати учун, инсоният учун керакли нарсадир. Бўлмаса, Аллоҳ таоло инсонни бундай қилиб яратмас эди.
Ана шу жинсий майлни пок йўл билан қондириш зарур. Бу эса шаръий никоҳ орқали амалга оширилади. Аксинча бўлса, турли ноқулайликлар, зарарлар келиб чиқади.
Уйланмай, оила қурмай, жинсий майлни қондирмай юриш инсон табиатига зид ва зарарлидир. Ўзини жинсий алоқадан олиб қочган кишилар ўз соғлиқларига зарар етказибгина қолмай, инсон наслининг қирқилишига, дунёнинг хароб бўлишига сабаб бўладилар.
Шунингдек, жинсий майлини пок йўл билан эмас, ҳаром йўл билан қондириб юрганлар ҳам ўзлари ва ўзгалар бошига, бутун инсоният бошига турли бало-офатлар келишига сабаб бўладилар. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиб, никоҳда бўлишга, оила қуришга ҳаракат қилиш керак. Акс ҳолда У зотнинг йўлларидан бошқа йўлда юрилган ҳисобланади.

Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Тўрт нарса Расулларнинг суннатларидан: ҳаё, хушбўй сепиш, сивок ва никоҳ», дедилар».
Аҳмад ва Термизий яхши санад билан ривоят қилганлар.
Аллоҳ таолонинг Расуллари У Зот яратган бандаларнинг энг сарасидирлар. Улар турли замонларда турли халқлар ичидан танлаб олинган етук инсонлар ҳисобланадилар. Пайғамбарлар Аллоҳнинг инояти ила илоҳий кўрсатмаларни бандаларга етказиб, уларни ҳаётга татбиқ қилишни кўрсатиб берган зотлардир. Уларни турли хато ва гуноҳлардан Аллоҳ таолонинг Ўзи сақлаб турган ва у зотларнинг ҳаётлари умматларига ўрнак бўлган.
Шунинг учун уларнинг суннатларига, хусусан, барчаларига хос бўлган суннатларга амал қилиш ҳар биримиз учун ўта муҳимдир.
Ушбу ҳадиси шарифда Одам алайҳиссаломдан тортиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача – барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг суннатлари бўлган тўрт нарса ҳақида сўз кетмоқда:
1. Ҳаё.
Ҳаё инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган улуғ сифатлардан биридир. Ҳаё инсонга зийнат ҳисобланиб, у пайғамбарларнинг ҳаммаларига хос муштарак сифат бўлган.
Шунинг учун ҳар бир мўмин ҳаёли бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим. Бу ўта муҳим сифат ҳақида, Аллоҳ хоҳласа, ахлоқ китобида алоҳида сўз юритамиз.
2. Хушбўй сепиш.
Хушбўйлик кишига завқ беради, очиқ табиатлик, қувонч келтиради. Хушбўйлик инсон табиатига ижобий таъсир этадиган нарсадир.
Исломда ҳар бир нарсанинг хушбўй бўлишига катта эътибор берилади, қўланса ҳидни йўқотишга ҳаракат қилинади. Чунки бу барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг, жумладан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир.
3. Сивок.
Сивок, яъни оғизни, тишни тозалаб юриш барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг суннатлари эканлигини билмоғимиз лозим. Бу иш ҳам ҳар бир соф табиатли инсон учун керакли бўлган ишлардан. Шунинг учун ҳам уни Аллоҳ таолонинг Ўзи набийларига раво кўрган.
4. Никоҳ.
Аллоҳ таолонинг барча Анбиё алайҳиссаломларини бирлаштириб турувчи суннатлардан яна бири никоҳдир. Бу иш энг муҳим суннатлардан ҳисобланмаганида Аллоҳ таоло уни ҳамма Пайғамбарларига раво кўрмас эди. Бу эса ўз навбатида никоҳга алоҳида аҳамият бериш лозимлигини билдиради.
Исломда никоҳга тарғиб қилиш билан бирга, ундан бош тортиш қаттиқ қораланади.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Усмон ибн Мазъун бутунлай таркидунё қилмоқчи бўлган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни наҳий қилдилар. Агар унга бу ишда рухсат берганларида, биз албатта, ўзимизни бичиб ташлар эдик».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эмикдош биродарларидир. Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳуда ибодатга ажраб чиқиш майли жуда ҳам кучли бўлган. Аввал Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳараларидан у Зотнинг ибодатлари ҳақида сўраб, уни оз санаб, кейин таркидунёчиликнинг уч хил турини танлаган уч кишидан бири ҳам Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу эдилар. Ушбу ҳадисдаги «бутунлай таркидунё қилиш» маъноси уйланишни ҳам тарк қилиш маъносини ўз ичига олган. Шунинг учун ҳам ровий Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу:
«Агар унга бу ишда рухсат берганларида, биз албатта, ўзимизни бичиб ташлар эдик», демоқдалар.
Исломда бу иш жоиз бўлмаганлиги учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳуга рухсат бермаганлар. Уйланмай юриш мусулмон киши учун яхши эмас. Баъзи дийнларда ибодатга берилганлар уйланишдан воз кечишлари керак. Ундай ишни қилувчилар роҳиблар, қилаётган ишлари роҳиблик дейилади. Исломда эса роҳиблик йўқ, бизнинг дийнимизда уйланиш ҳам ибодат ҳисобланади.
Исломда никоҳ кечиктириб бўлмайдиган уч ишдан бири саналади.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Ё Али! Уч нарсани ортга сурмагин! Намозни вақти келганда, жанозани ҳозир бўлганда ва эрсизни тенги топилганда».
Аҳмад, ибн Можа, Термизий ва Ҳоким ривоят қилганлар.
Намоз қанчалик аҳамиятли ибодат эканлигини, бу улкан ибодатни ортга суриш қанчалик ёмон иш эканлигини ҳам ҳамма яхши билади. Шунингдек, жанозани кечиктирмасликка қанчалар аҳамият берилиши ҳам ҳеч кимга сир эмас. Бу икки аҳамиятли ишга никоҳни кечиктирмасликни ҳам қўшиб, бир ҳадисда айтилиши бу ишнинг аҳамияти ҳам аввалги иккисидан қолишмаслигини билдиради.
Мусулмонлар қадимдан никоҳни кечиктирмасликка амал қилиб келганлар. Афсуски, кейинги пайтларда баъзи ҳолатларда турли тушунмовчилик ва сабаблар туфайли бу ишга эътибор йўқолди. Бунинг натижаси ўлароқ, турли муаммолар ҳам келиб чиқа бошлади. Ўзининг Исломга амал қилиши билан фахрланиб юрадиган ўлкалардан бирининг ахборот воситаларида берилаётган маълумотларга қараганда, ўн саккиз миллионлик аҳолининг бир ярим миллионини ўттиз ёшдан ўтган қари қизлар ташкил қилади. Ўттиз ёшдан ўтмагани қанча эканлигини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Ўша жамиятнинг зиёлилари билан бўлган суҳбатдан маълум бўлишича, иш қизларнинг ўзларининг бахтига тўғаноқ бўлаётган оталари устидан қозихоналарга арз қилишлари даражасигача бориб етган. Оталар қизлари олаётган ойлик маошдан айрилиб қолмаслик учун совчиларга рад жавобини беришар экан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биргина ҳадиси шарифларига амал қилмасликнинг оқибатини кўриб қўйинг. Аслида вояга етган фарзандларни никоҳлаб, оилали қилиб қўйиш ота-онанинг ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг бурчидир.

"Бахтиёр оила" китобидан

 

Ҳозир сайтимизда 818 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ