1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
Previous
Next
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ
  • Энг заиф уй

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Muslima.Uz

Худбинлик ва хусумат

Инсонлар ҳар куни бир-бирлари билан учрашишга, мулоқот қилишга, алоқалар ўрнатишга, борди-келдига, ёрдам кутиш ва беришга, дўстлашишга муҳтождирлар. Ҳеч ким жамиятдан узилиб, фақат ўз имкониятларига суяниб яшай олмайди. Ҳатто одамлардан қочиб, тоғ-тошларга, кимсасиз саҳроларга чиқиб кетганлар ҳам барибир кимнингдир ёрдамига, аралашувига, ҳеч бўлмаганда бир оғиз сўзига муҳтож бўлишади. Бирор аёл боласини ўзи туғолмаган, бирор киши ўлигини ўзи юволмаган, бирор киши ёлғизликда бахтли бўлолмаган.

Кишилик жамиятидан узилиб яшашнинг имкони ва иложи бўлмаганидан кейин унинг тартиб-қоидаларига, ёзилмаган қонунларига, урфда қабул қилинган одатларига бўйсунишга, риоя этишга мажбурсиз. Акс ҳолда ҳаммадан ажралиб қоласиз, номингиз яккамоховга чиқади, турмушнинг барча жабҳаларида фақат ўзингизга зарар қиласиз.
Одамларга аралашиш эса кишидан катта масъулият, фидокорлик, бошқалар манфаати билан ҳисоблашиш, ўзгалардан етадиган озор ва азиятларга чидаш каби хислатларни талаб этади. Бунга эришиш учун эса ўзингизни вақти-вақти билан ҳисоб-китоб қилиб туришга ўрганинг, шахсиятингизни тарбиялаш йўлларини изланг, ўзгалар билан ҳисоблашиш учун айрим йўқотиш ва ноқулайликларга кўнинг. Машҳур рус ёзувчиси Лев Толстой: «Доимий равишда фикр жиддий ишлаб туради: рисоладагидай яшаяпманми, дея тинмай ўзимни тергаб тураман», деган.
Одам ўзини мунтазам текшириб, саволга тутиб туриши қийин ва айни пайтда энг зарур машғулотдир. Кўпинча бундай пайтларда ҳатто ҳозиргача ўзингиз ҳам сезмаган жуда кўп қусурларингиз «бўй кўрсатиб» қолади, зудлик билан уларни маҳв этишга киришасиз. Тоққа кўтарилаётган одам ортига қарашга имкон тополмагани ёки бундан қўрққани учун фақат чўққига кўтарилиб олгачгина пастга кўз ташлаб, вазиятни англагани каби ҳаётингизда тез-тез «нафас ростлаш»га тўхтаб, босиб ўтилган йўлларни таҳлил қилиш янги чўққиларни забт этишни осонлаштиради.
Ўзингизни сўроққа тортиш, ишларни ва қилмишларни таҳлил қилиш   фойдангизгина бўлиб қолмай, балки одамлар билан яхши тил топишишда, чиройли муносабатлар ўрнатишда, энг асосийси, ҳамма билан бирдай муроса қилишда кўп асқотади. Бу хислат айниқса ҳозирги шиддаткор давримизда, глобал ўзгаришлар таъсирида одамлар руҳиятида худбинлик, жиззакилик, бошқалар билан ҳисоблашмаслик, ҳасадгўйлик, нафрат каби иллатлар ин қураётган бир пайтда катта эҳтиёжга айланди.
Ҳар бир шахс ўзи учунгина яшамайди, у алоҳида вазифа билан яратилмаган. Шундай экан, энг аввало «фақат менга бўлиши керак», «фақат ўзим биламан», «ҳамма мен билан ҳисоблашиши шарт» деган нотўғри кайфиятлардан батамом қутилиб олиши керак бўлади. 
Айтайлик: сиз поездга чипта олиш учун навбатда турибсиз. Шу пайт бир одам шошилиб келди-да навбатда турганларга эътибор ҳам бермай, туйнукка пул узатди. Унинг бу сурбетлиги сизга қаттиқ малол келгани,  жаҳлингизни чиқаргани, нафсониятингизни пайхонлагани шубҳасиз.
Сиз ҳам бошқа жойда, бошқа бир пайтда худбинларча унинг ана шу қилиғини такрорлашдан олдин бир ўйлаб кўринг. «Тўғри йўл тутдимми, бошқаларга малолим тегмаяптими?» деб ўзингизни саволга тутинг, мулоҳаза юритинг. Шунда ишлар асл ўрнига тушади, чакки қадам қўйишдан чекинасиз, бошқаларнинг ғашига тегиб, ғазабини қўзғамайсиз.
Ёки ҳовлида иморатингизни қўшнингизникидан баланд қилиб қурдингиз, дейлик. Бу офтоб нурларидан тўсиб, уникига соя солади, экин ва дарахтларига зарар етказади, энг ёмони сизнинг назарингиз тушадиган қилиб қўяди. Бундай ҳолда қўшнининг жаҳли чиқиши, азиятингиздан озор топиши турган гап. У ётиғи билан «бир оғиз сўрамай, уйни кўтариб юборибсиз-да» дейиши билан сиз: «Ҳовли меники, қандай хоҳласам, шунақа қураман», дея овозингизни баландлатасиз. 
Энди ўзингизни унинг ўрнига қўйиб кўринг, шунда масала ойдинлашади. Ҳа ўлманг, бу қилиқ сизга ҳам малол келган бўларди, иззат-нафсингизни койитарди. Шундай бўлгач, худбинлик ортидан бошқага зулм етказиб қўйишдан, кўнглига озор беришдан сақланинг. 
Бир куни пойтахт кўчаларидан бирида қизиқ воқеанинг шоҳиди бўлдим: икки қарама-қарши машина аранг сиғадиган торгина кўчада рулдаги икки улфат машиналарини тўхтатиб, қандайдир олди-бердиларини муҳокама қила бошлашди. Ҳар икки машина ортидан келаётган бошқа ҳайдовчилар бирор муҳим гапи бўлса, тезда тугатиб йўлни бўшатса керак, деган хаёлда аввалига сабр билан бироз кутишди. Аммо икки фаросатсиз улфатнинг гапи тугай демасди. Бунинг устига улар жиддий масалани эмас, бир кун аввалги футбол ўйинини муҳокама қилишаётган экан. Шунда ортдаги ҳайдовчилар бараварига машиналарини «ду-дут»лашишга тушишди. Икки ошна тинчлари бузилгани учун бошқа ҳайдовчиларга ўқрайишганча йўлларига кетишди. 
Бу хурмача қилиқни нима деб изоҳлашга ҳам ҳайронсан. Афсуски, кишилар орасида ана шулар каби фақат ўзини ўйлайдиган, бошқалар манфаати билан ҳисоблашмайдиган, «менинг ишим битса бўлди, бошқа билан нима ишим бор», «мендан кейин дунёни сув босиб кетмайдими» қабилида ўйлайдиганларнинг ҳам борлиги сир эмас. Худбинлик, манфаатпарастлик иллатидан халос бўлинмас экан, жамиятда тотувлик, аҳиллик, муроса ҳақида гапириш ноўрин. Бир оқил киши айтганидай, «Одамларга фойда келтирмаётган экансан, ҳеч бўлмаса зараринг ҳам тегмай турсин».
Одамлар феъл-атвор, юриш-туриш, хулқ-одоб, ҳатто ташқи қиёфаларига кўра ҳеч қачон бир-бирига ўхшамайди. Улар нимаси биландир албатта бир-биридан фарқланади. Бу эса улар ўртасида уйғунлик, аҳиллик, ўзаро келишув, муқобиллик, баҳамжиҳатлик ҳисларини шакллантиришда маълум қийинчилик ва муаамоларни келтириб чиқаради. 
Шундай экан, жамиятда фикрлар муштараклиги, ўзаро мақбул муросагўйлик ва тотувликни жорий қилиш учун ҳар бир киши бошқалар манфаати, хулқ-атвори, мавқеи билан ҳисоблашишга мажбур бўлади. Акс ҳолда бундай жамиятда ҳеч қачон барқарорлик, осойишталик, чин инсоний муносабатлар қарор топмайди.
Масалан, уч-тўрт киши бир том остида яшашга маҳкум бўлган оилани олиб кўрайлик. Агар оила бошлиғи ҳисобланган эр худбин бўлиб, оиладагиларнинг инон-ихтиёри ва манфаатларини, ҳақлари ва ички туйғуларини фақат ўзига бўйсундирилишини талаб қилса, бундай оилада ҳеч қачон фароғат ва аҳиллик бўлмайди. Ёки аксинча эр ва фарзандлар фақат оила бекасининг чизган чизиғида юришга мажбурланса, бу оилада ҳам чинакам инсоний муносабатларга путур етади.
Сен атрофингдагилардан ниманидир талаб қилаётган бўлсанг, бошқалар сенинг туйғуларинг, ички оламинг, борингки, эҳтиёж ва манфаатларинг билан ҳисоблашишларини истаётган бўлсанг, марҳамат қилиб сен ҳам уларга шундай йўсинда жавоб қайтар! 
Меҳнат жамоаларида ҳам кўпинча бу борадаги адолатсизликларга дуч келинади. Бошлиқ ёки етук мутахассис айрим ҳолларда ўзининг мавқеи, жамоадаги обрў-эътиборига суянган ҳолда бошқаларнинг иззат-нафсини койитаверса, уларнинг ҳақ ва манфаатларига тажовуз қилаверса, бундай жамоадан одамлар безиб, у пароканда бўлиб кетади. Чунки ҳозирги шиддаткор асримизда ҳамма соҳада зўриқиш (стресс) кучайгани боис одамлар ўз тинчлиги-осойишталиклари, саломатликларини, ишхонадаги ижодий ва самимий муҳитни анча қиммат баҳолайдиган бўлиб қолишган. «Оч қорним – тинч қулоғим» мақолининг мавзуимизга доир ҳикмати ҳам бор.
Булар бежизга эмас. Сабаби, бир кишининг худбинлиги (айниқса у бошқалардан бир поғона устун бўлса) унинг қўл остидаги ёки атрофидаги жуда кўп кишиларнинг оромини ўғирлаши, асаби ва кайфиятини бузиши, соғлигига зарар етказиши мумкин. Москвадаги Россия Фанлар академиясига қарашли А. П. Мясников номли терапия институти маълумотларига кўра, юрак хуружи (миокард инфаркти) хасталикларининг 80 фоизи руҳий жиҳатдан олинган жароҳат, ёки узоқ давом этган асабийлик ёхуд руҳий ва жисмоний қаттиқ чарчаш туфайли юзага келар экан. Бу рақамлар кишини жиддий мулоҳаза юритишга мажбур қилади.
Заруратсиз баҳс-мунозаралар, ўз фикрини зўрлаб ўтказиш ёки тасдиқлатиш учун уринишлар, сўзамоллиги, маккорлиги, ҳийлакорлигини ишга солиб бошқалардан устунликка эришиш ёки зулм қилиш энг ёмон иллатлардандир. Бу йўл билан бошқаларни мағлуб қилишни ўйлаган кимсанинг ўзи ютқазади. Буюк мутафаккир Абу Ҳомид Ғаззолий айтганидай, «Баҳс-мунозара – ўзингни билимдон қилиб кўрсатиб, бошқаларни таҳқирлаш ниятида хатосини изҳор этиб, таъна қилишингдир». 
Ўз фикрингизни, тутган йўлингизни ёки қилмишларингизни ҳақ санаб, бошқаникидан устун қўйишингиздаги тортишувлар ҳам сизга яхшилик келтирмайди, бошқалар кўз ўнгида обрўйингизни тўкиб қўяди. Агар бу тортишув ҳақиқатни аниқлаш ва уни қарор топтириш учун бўлса нур устига нур бўларди. Аммо у ҳаққа қаршилик кўрсатиш учун ёки ҳақни англамай туриб қилинган бўлса, бундай тортишувдан узоқроққа қочган маъқул. 
Беҳуда баҳс-тортишувлар кишилар орасидаги хусуматни, яъни ёвлашишни, душманчиликни кучайтиради, холос. Айрим улуғлар айтишганки: «Хусуматдан кўра диёнатни кетказадиган, мурувватни камайтирадиган, қалбни машғул қилиб қўядиган бошқа нарсани кўрмадим». 
Аммо баъзи кишилар бошқачароқ, яъни «Инсон ўз ҳақ-ҳуқуқларидан тўла фойдаланиш учун тортишиб туриши ҳам керак-ку!», деб фикр юритишади. Бундай фикр соҳибига Имом Ғаззолийнинг қуйидаги сўзларини жавоб сифатида келтириш мумкин: «Билгинки, ноҳақлик билан, илмсиз бўлатуриб хусуматлашган кимсалар қаттиқ адашгандирлар». Буни маҳкама чоғида қайси томоннинг ҳақ эканини билмай туриб илмсизлик орқасидан хусуматлашиб кетган даъвогарнинг вакилига ўхшатиш мумкин. Ҳақни талаб қиламан деб ҳаддан ошилса, муросасизлик қилиб ёлғон гапирилса, хусуматчига азият-озор етказиш мақсадида ахлоқсиз сўзлар айтилса, бу ҳақиқат излаш эмас, балки унга нисбатан хиёнат бўлади.
Лекин худди шу ўринда масаланинг бошқа бир нозик томони ҳам бор: «Ҳамма билан муроса қилишим керак экан», деб ҳақсизликни, зулмни кўрганда индамай томошабин бўлиб туриш муроса эмас. «Одамлар билан яхши муносабатда бўлишим керак экан», деб эътиқодга, дўстларга, ҳақиқатга, ватанга, миллатга хиёнат қилиш муроса эмас. «Бировнинг дилини оғритмаслигим керак экан», деб аслиятдан, маънавий-тарихий илдизлардан, қадриятлардан, инсоф-диёнатдан воз кечиш муроса эмас.
Аммо ҳар ишда, ҳар қадамда ҳақ-ҳуқуқ талашиш, ҳаммадан ўзингиз каби иш тутишни, фикрлашни талаб этиш, бошқаларни ҳам ўз қолипингизга солишга уриниш яхшиликка олиб бормайди. Айтайлик, биров сизни ҳақоратлаб қаттиқ хафа қилди, ёки туҳмат билан дилингизни оғритди, ёхуд зўравонлик билан молингизни тортиб олди. Шунда қандай йўл тутган бўлардингиз? 
Аксари одамлар бу каби ҳолларда дарров ўзига азият, зулм етказган кимса билан даҳанаки жанг бошлашади, қилмишига яраша ўч олишга уринишади, уни мағлуб қилиш режаларини тузишади, ёмон мақсадлар билан хусуматлашишга киришишади. Оқил одамлар эса золимнинг бу иши хато эканини юзига айтишади, ёки иложсиз ҳолатларда зулмга сабр қилишади, Аллоҳдан уни тезроқ бошларидан даф қилишни сўрашади ёки зулмдан ҳам ҳикмат излашади.
Зулмнинг эса турлари кўп: алдов ва зўравонлик билан бировнинг молини тортиб олиш ҳам, етим молини ейиш ҳам, ўзгалар жонига қасд қилиш ва ўлдириш ҳам, бировни ҳақорат қилиш, лаънатлаш, унга туҳмат қилиш ҳам зулмдир. Қурби етатуриб қарзини тўлмай юриш ҳам, зиммасидаги қарзини инкор этиб ёлғон қасам ичиш ҳам зулмдир. Аёлининг маҳр, нафақа, кийим-кечак, озиқ-овқат таъминотини адо этмаслик ҳам зулмдир. Бир олимимиз ҳатто йўлчироқнинг (светофорнинг) қизил чироғида ўтиб кетишни ҳам ўзгалар ҳаққига зулмга тенглаштирган эди.
Бир шоир айтадики: «Қодир бўлсанг ҳам зулм қилма, чунки унинг охири надоматдир. Мазлум бедор бўлиб дуоибад қилади, сенинг кўзларинг ухлагани билан Аллоҳ ҳамиша бедордир». Донишмандлардан бири эса: «Заифларга зулм қилма, акс ҳолда энг ёвуз кимсалардан бўласан», деган. Ахлоқимиз қоидаларида айтилганидай, «Ҳақиқатни, тўғри сўзни тан олмаслик, бошқа кишиларни ўзидан паст санаш кибрдир». Кибрли одам эса энг ёмон хулқли кишилар сирасига киради. 
Ўтмишдаги ҳукмдорлардан Холид ибн Бармак ва унинг ўғлини ҳибсга олиб зиндонга ташлашганида ўғли: «Кечагина азиз эдик, бугун эса қўл-оёғига кишан урилган маҳбуслармиз», деган экан. Шунда Холид: «Эй ўғлим, мазлумлар туни билан дуоибад қилишган, биз бундан ғафлатда бўлганмиз, Аллоҳ эса ғофил эмасдир», деган.
Зулм кўрган кишининг муросасизлик қилмай, чегарадан чиқмай, саркашликни ва ғанимига зарар етказишни қасд қилмай қонуний йўллар билан уни «жойига тушириб қўйиши» ахлоқимизда ман этилмаган. Аммо барибир бошқалар билан ҳадеб хусуматлашмаган маъқул. Чунки хусуматлашаётганда тилни мўътадил адолат чегарасидан чиқармай ушлаб туриш мушкул иш саналади. 
Бундан ташқари хусумат қалбда бошқаларга нисбатан нафрат уйғотади, ғазабни кучайтиради. Ғазаб алангаланган пайтда эса хусуматлашаётганлар орасида гина-кудурат, адоват ва кек пайдо бўлади. Бири бошқасининг ғамидан қувонадиган, шодлигидан хафа бўладиган ҳамда бири бошқа бировининг иззат-нафси, ор-номусига тажовуз қилишгача борадиган бўлади. 
Шунинг учун бошқалардан ҳар қанча малол ва азият етганда ҳам бошқа чорангиз қолмагунча хусумат қиличларини яланғочламанг, ўч олишни режаламанг, ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтаришга шошилманг! «Жаҳли чиққан пайтда ҳам ўзини тия оладиган одам энг кучли одамдир».
Муроса санъатининг энг нозик нуқталаридан бири ҳам ҳар бир ишда, ҳамма ерда, ҳар вақт фақат ўзингизни ўйламай, худбинликдан чекиниб, бошқаларнинг манфаати ва иззат-нафсини эътиборга олиб муомала қилишдир. Эҳтимол, сизни бу сифатлар билан тарбия қилишмагандир, балки табиатингизда, фитратингизда бундайин фазилатлар йўқдир. Аммо барибир ҳамма билан бирдай яхши муносабатда бўлиш учун ана шу нозик сифатларни ўзлаштиришингиз, ўзингизни бу қаттиқ имтиҳонга тайёрлашингиз шарт. 
Чунки бу синовдан яхши ўтолмасангиз, ҳаётда кўп қийналишга, одамлар билан киришиб кетишда машаққат чекишингизга, оилангиз, ишхонангизда  фароғат-осойишталикдан маҳрум бўлишга маҳкумсиз. Ҳамманинг қаршисига қучоқ очиб чиқишга, ўқрайган юзларга табассум билан қарашга, қўполликка мулойимлик ва тавозеъ билан жавоб қайтаришга, азият етказганга яхшилик қилишга, сиздан ўзини олиб қочаётганларга яқинлашишга киришмас экансиз, сиз том маънодаги яхши инсон бўла олмайсиз!
 
* * *
Инсон умри ниҳоятда қисқа, дунё ҳаёти боқий эмас. Шу қисқагина умрни, бу тезда тугайдиган ҳаётни мазмунли, ўзгалар лаънатига учрамай, бошқаларга зулм етказмай, атрофдагиларнинг дилини оғритмай яшаб ўтиш кишидан катта куч, маҳорат ва йўқотишларни талаб этади. 
Аммо биз бу талабларга лоқайд бўлиб, фақат ўзимизни ўйласак, фақат ўз ташвишларимиз билан ўралашиб қолсак, одамлар билан муомала-муносабатларда муроса, келишув ва бағрикенглик қилолмасак, турмушимиз белаззат, кунларимиз машаққат, эришганимиз кулфат, топганимиз разолат бўлур эди. Ахлоқимизда таълим берилганидай, «Ёмон одамларга яхши муомала қилиш балонинг олдини олишдир».
Келинг, ҳозиргача қилган барча хато-камчиликларимиз, йўл қўйган ёмонликларимиз, одамларга қилган зулм-азиятларимизга тавба-тазарру қилиб, улар устидан катта чизиқ тортайлик-да, бугундан бошлаб янгича ҳаёт бошлайлик! Ҳамма билан бирдай яхши муносабат ўрнатишни, муроса санъатини эгаллашни, ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтаришни ўрганайлик! Шунда ҳаётимиз файзли, турмушимиз мазали, кунларимиз мазмунли бўлади, ўзимиз эса икки дунё саодатини қўлга киритамиз!

Сахийлар ва бахиллар

Сахийлик энг яхши инсоний хулқлардандир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом яхшилик қилишда, сахийликда, инфоқ-эҳсон қилишда саховатлиларнинг саховатлиси эдилар. У зотдан бирон нарса сўралса, асло йўқ, демасдилар. Бир куни бир киши Набий алайҳиссаломдан бирор нарса беришларини сўради. Шунда у зот бир водийга сиғадиган қўй подасини тортиқ қилиб юбордилар. Қўйларни қўлга киритган одам ўз қавмининг олдига бориб: «Эй қавмим, Исломга келинглар, Муҳаммад алайҳиссалом фақирликдан қўрқмайдиган инсондек сахийлик билан хайр-эҳсон беради», деди.

Кимга  мол-дунё берилган бўлса, уни кўпайтириб, босиб ётмасдан  инфоқ-эҳсон, садақа йўлларига сарф қилиши керак. Сахийлик нажот топишнинг йўлларидандир. Аллоҳ таоло сахийликни инсонларнинг энг яхши фазилатларидан санаб, сахий кишиларга охиратда улкан ажр-савоблар бўлиши хабарини берган.  
Бу ҳақда хабарларда бундай дейилган: «Сахий кишининг таоми шифодир, бахил одамнинг таоми касалликдир»; «Сахий кишининг хатоларини кечиринглар, чунки Аллоҳ таоло ҳар бир қоқинганида уни қўлидан тутиб туради»;  «Сахийлик бамисоли жаннат дарахтларидан биридир. Унинг шохлари дунёга осилиб тушиб туради. Ким унинг шохларидан бирини тутиб олса, у жаннатга бошлаб боради. Бахиллик эса дўзах дарахтидир. Унинг шохлари дунёга чиқиб туради. Ким шу шохлардан бирини ушласа, уни дўзахга бошлаб боради»; «Хуфёна қилинган садақа Аллоҳнинг ғазабини сўндиради», дейилган.  
Сахийлик бобида солиҳ аждодларга тенг келадигани бўлмаган. Аббон ибн Усмон шундай ҳикоя қилади: «Бир киши Абдуллоҳ ибн Аббосни бир бопламоқчи бўлиб, Қурайш қабиласининг катталарига келиб: «Абдуллоҳ бугун сизларни нонуштага таклиф қилди», дебди. Улар розилик билдириб, нонушта вақтида Абдуллоҳникига боришди. Унинг ҳовлиси одамга тўлиб кетди. Абдуллоҳ бу ҳолни кўриб, нима гаплигини сўради. Меҳмонлардан бири уни бир четга тортиб, бўлган воқеани сўзлаб берди. Шунда Абдуллоҳ дарҳол мева-чева келтиришни буюрди, нон ва турли таомлар тайёр бўлгунича меҳмонларни мева билан сийлаб турди. Кетидан дастурхон ёзилиб, хилма-хил таомлар тортилди. Меҳмонлар овқатланиб, ўринларидан тураётганида Абдуллоҳ хизматкорларидан: «Шундай таомларни ҳар куни тайёрлай оламизми?», деб сўради. Тасдиқ жавобини олгач, меҳмонлардан ҳар куни шу ерда нонушта қилишларини илтимос қилди. 
Воқид ибн Муҳаммад ал-Воқидий бундай дейди: «Отамнинг айтишича, зиммасидаги қарзи кўпайиб, тоқат қилиб бўлмайдиган даражага етганида ўз арзи-ҳолини бир вараққа битиб, халифа Маъмуннинг ҳузурига чиққан экан. Халифа аризани ўқиб кўриб, орқа тарафига бундай деб ёзиб қўйибди: «Сенда саховат ва ҳаё хислатлари жамланган. Саховатинг қўлингдаги бор нарсанинг кетишига сабаб бўлди. Ҳаё эса аҳволингни бизга маълум қилишдан тўсди. Сенга юз минг дирҳам беришларини буюрдим. Агар сенинг хусусингдаги фикрларим тўғри бўлса, бундан кейин ҳам қўлинг янада очиқ бўлаверсин. Агар адашган бўлсам, у ҳолда сенга ўз сўзингни эслатиб қўйишга ижозат бер! Ёдингдами, отам Ҳорун ар-Рашид саройида қозилик мансабида турганингда менга Анас ибн Моликдан ривоят қилинган бир ҳадисни айтиб берган эдинг. Ўша ҳадисда айтилишича, Пайғамбар алайҳиссалом Зубайр ибн Аввомга бундай деганлар: «Эй Зубайр, билгинки, барча бандалар ризқларининг калитлари Аршда бўлиб, Аллоҳ таоло ҳар бир бандага қилган харажатига қараб (ризқ) беради. Кўп харажат қилганга кўп беради, оз харажат қилганга кам беради. Яна ўзинг мендан кўра яхшироқ билгувчисан». Шунда отам: «Аллоҳга қасамки, халифанинг мен билан ҳадис музокара қилиши унинг менга юз минг дирҳам ҳадя қилишидан яхшироқдир», деган эканлар. 
Мажидиддин Хавофий бундай дейди: «Олимларнинг айтишларича, одамлар тўрт тоифадан иборат: уларнинг бирлари очкўзлардир, булар ўзлари еб, бошқага беришмайди. Иккинчилари ўтакетган зиқналар бўлиб, улар ўзлари ҳам ейишмайди ва бошқага ҳам беришмайди. Учинчи тоифа сахий кишилар бўлиб, улар ўзлари ҳам ейишади ва бошқага ҳам беришади. Тўртинчилари олийҳиммат кишилардир, улар ўзлари емай бошқаларга беришади». Яна шу киши: «Сахийлик – бу инсоннинг саховат кўрсатиб, кейин бу ҳақда унутишидир», деган.
Абдуллоҳ ибн Масъуднинг мана бу фикрларига эътибор беринг: «Қайсиларингиз бир дирҳамни соғлигида ва бахиллигида инфоқ-эҳсон қилса, ўлим вақтида юз дирҳамни инфоқ этишни васият қилишидан яхшироқдир. Агар бойлик топсанг, уни қуртларга ем бўлмасин ёки қароқчилар қўлига тушмасин, десанг, садақа қил». 
Яҳё ибн Муоз айтади: «Ҳар қандай одамнинг қалбида сахийга муҳаббат, бахилга нафрат бор».  
Ҳасан Басрий: «Торлик, зиқналик қилманглар, акс ҳолда сизларга торлик қилинади», деган.
Абу Ҳомид ал-Ғаззолийнинг «Иҳёи улумид-дин» китобида саховатли кишиларнинг фазилатлари ҳақида ўнлаб ибратли ҳикоялар келтирилган: Ҳикоя қилинишича, Абдулҳамид ибн Саъд Мисрда амирлик лавозимида турганида у ерда қаҳатчилик бўлди. Раъиятнинг аҳволидан ниҳоятда изтиробга тушган амир: «Валлоҳи, мен шайтоннинг душмани эканимни билдириб қўяман», деб то арзончилик бўлгунича барча муҳтожларни ўз қарамоғига олди. Лекин орадан кўп ўтмай уни вазифасидан четлатишди. Мисрдан кетаётганида унинг зиммасида шу ерли савдогарлардан минг-минг дирҳам қарзи бор эди. Шунинг учун у хотинларининг беш юз минг дирҳамли зийнат-тақинчоқларини уларга агровга қўйиб кетди ва кейин ҳам қарзларини уза олмаса, ўша зийнатларни сотиб, ўз ҳақларидан ортганини амирнинг эҳсонларидан баҳраманд бўла олмаган бечораларга тарқатишларини сўраб мактуб ёзди.
Абу Марсад ниҳоятда саховатли киши эди. Бир шоир унинг шу фазилатини мадҳ этиб шеър ёзди. У шоирга: «Худо ҳаққи, менинг сенга берадиган ҳеч вақоим йўқ. Лекин сен мени қозининг олдига олиб бор-да: «Унда ўн минг танга ҳаққим бор», деб даъво қил. Мен бунга иқрор бўламан. Кейин мени ҳибсга олдир. Қариндошларим мени маҳбус қилиб қўйишмас». Шоир унинг айтганини қилди. Ўша куни кеч кирмасиданоқ унга ўн минг дирҳам берилиб, Абу Марсад озодликка чиқди.
Шу китобда Лайс ибн Саъднинг сахийлиги ҳақида бир неча ривоятлар келтирилган: Бир куни халифа Ҳорун ар-Рашид атоқли олим Молик ибн Анасга беш юз динор ҳадя юборди. Бу воқеани эшитиб Лайс ибн Саъд олимга минг динор совға юборди. Бундан хабар топган Ҳорун ар-Рашид ғазабланиб: «Мен беш юз динор берсаму сен менинг фуқароим бўлатуриб минг динор берасанми», деди. У бундай жавоб берди: «Эй мўминлар амири, менинг кундалик киримим минг динордир. Шундай улуғ зотга бир кунлик фойдамдан ҳам озроқ ҳадя юборишга номус қилдим». Ҳикоя қилинишича, Лайс ибн Саъднинг кундалик кирими минг динор бўлишига қарамай, унга ҳеч қачон закот вожиб бўлмаган экан. Чунки унинг қўлида ҳеч қачон бойлик тўпланиб қолмаган, тушган мол-дунёни ўша заҳоти муҳтожларга тарқатиб юбораверган. Яна ҳикоя қилинадики, бир хотин Лайс ибн Саъддан озроқ асал сўради. Лайс унга бир меш асал беришларини буюрди. Шунда одамлар: «Озроқ берсангиз ҳам бўларди-ку», дейишганида, бу зот: «Аёл эҳтиёжига яраша сўради, биз эса ҳолимизга яраша бердик», деган экан. Айтишларича, Лайс ибн Саъд ҳар куни уч юз олтмиш мискинга садақа қилмагунича биров билан гаплашмас экан. 
Бир куни Ҳазрати Алининг йиғлаб ўтирганини кўришди. Бунинг сабабини сўрашганида у: «Етти кундирки уйимга бирорта меҳмон келмади. Аллоҳ даргоҳида ҳурматим қолмадими, деб қўрқяпман», деб жавоб қилди.
Бир киши дўстининг ёнига келиб, тўрт юз дирҳам қарз бўлиб қолганини айтиб, ундан ёрдам сўради. Дўсти унга дарҳол айтилган миқдордаги пулни топиб жўнатдию уйига қайтиб киргач йиғлаб юборди. Хотини унга: «Бунчалар қийналар экансан, нега бердинг?» деди. «Пул берганимга эмас, унинг ҳолидан хабар олмай уйимга ёрдам сўраб келишгача мажбур қилганим учун азобланиб йиғлаяпман», деб жавоб берди эр.
Абдуллоҳ ибн Омир таниши Холид ибн Уқбадан бозор яқинидаги ҳовлисини етмиш минг дирҳамга сотиб олди. Тунда у Холиднинг аҳли-аёли йиғлаётганини эшитди ва яқинларидан нима бўлганини сўради. Улар: «сотилиб кетган ҳовлиларига хафа бўлиб йиғлашяпти», деган жавобни қилишди. Шунда у ходимига айтди: Уларнинг олдиларига бориб айтгинки, ҳовли ҳам, унинг пули ҳам уларга бўлақолсин».
Бахиллик, хасислик эса инсоний иллатлар ичида энг ёмони, энг  қораланганидандир. Ҳақиқатан ҳам бир бандага  кўп миқдорда мол-дунёни бериб қўйилган бўлса, унда бева-бечора ва мискин-фақирларнинг ҳам ҳақи борлигини огоҳлантириб қўйилган бўлсаю, у ана шу бойлигидан ҳеч кимга бермай, хасисилик қилиб юрса, Парвардигорга исён қилган, Унинг амрларидан чекинган бўлмайдими?!  
Бахилликнинг нақадар ёмон хулқ экани ҳақида бир неча хабарлар келган: «Мўминда икки хислат: бахиллик ва ёмон хулқ бирга жам бўлмайди»; «Хасислик ва иймон банда қалбида асло бирга жам бўлмайди»; «Эй Аллоҳим, Сенинг номинг ила қўрқоқлик ва бахилликдан паноҳ тилайман».     
Хаттобий айтадики: «Рад этишдаги хасислик бахилликдан қаттиқроқдир».
Салмон Форсийнинг айтишича, «Агар сахий киши вафот этса, ер ҳамда одамларнинг номаи аъмолларини битувчи фаришталар бундай дейди: «Эй Раббим, бандангнинг бу дунёда қилган гуноҳларини авф эт!». Агар вафот этган кимса бахил бўлса, улар: «Эй Аллоҳим, бу бандани жаннатдан тўсгил, чунки у бандаларингни Сен унинг қўлига берган мол-дунёлардан тўсган эди», дейишади. Баъзи ҳукамолар: «Ким бахил бўлса, мол-мулкини унинг душмани мерос қилиб олади», дейишган. 
«Бахил киши ўз мол-мулкининг қоровули ва ўзгаларга қолдирадиган меросининг хазиначисидир», деган Муҳаммад Зеҳний.
Абулбаракот Қодирий шундай дейди: «Киши қанчалик бадавлат бўлмасин, у хасис ва бахил бўлса, эл ичида обрўсиз ва қадрсиз бўлади». 
Абдуллоҳ ибн Аббос айтадилар: «Арабларнинг улуғларидан Ҳожиб жуда бахил киши эди. Кечалари бирор киши кўриб қолиб, нуридан фойдаланмаслиги учун олов ҳам ёқмас эди. Агар олов ёқишга муҳтожлик сезилиб қолса, оловни ёқардию кўрадиган нарсасини кўриб олиб оловни дарҳол ўчирарди».
Айтишларича, Марвон ибн Абу Хафса одамларнинг энг бахили бўлган. Бир куни у халифа Маҳдийнинг олдига бормоқчи бўлди. Хотини унга: «Агар унинг ҳузуридан мукофот билан қайтсанг, менга нима берасан?» деб сўради. У: «Агар менга юз минг дирҳам берилса, сенга бир дирҳам бераман», деди. Иттифоқо, унга олтмиш минг дирҳам ҳадя қилинган эди, у хотинига тўрт чақа берди.
Баъзи бахиллар жуда бой бўлишларига қарамай тийиннинг устида думбалоқ ошишган. Шундайлардан бири бозордан ўзига керакли нарсаларни сотиб олибди-да, уларни кўтартириш учун бир ҳаммолни чақирибди. Ҳаммолдан: «Бу нарсаларимни уйимга олиб бориш учун қанча оласан?» деб сўрабди. Ҳаммол «Бир ҳабба (тийин)», дебди. Хасис бой «сал арзонроқ қил», деярмиш. Ҳаммол: «Тийиндан ҳам ози йўқ-ку, нима дейишимни ҳам билмай қолдим», деди. Шунда хасис бой бундан ҳам арзонлатишнинг «йўлини» топди: «Яхшиси, бир тийинга сабзи сотиб оламиз ва бирга ўтириб уни еймиз». 
Сахийлик ва бахилликнинг бир неча даражалари бор. Сахийликнинг энг олий даражаси ўзининг мол-дунёга ҳожати бўлиб турса-да, қўлидаги ҳамма нарсани сахийлик билан бошқаларга тарқатиб юборишдир. Бахилликнинг энг юқори поғонаси эса кишининг молга ҳожати бўлатуриб, уни ўзига сарфлашда бахиллик қилишидир. Қанча-қанча бахиллар бор, етарли мол-дунёси, бойлиги бўлишига қарамасдан ўзи касал бўлса даволанмайди, яқинлари, ҳатто оила аъзолари муҳтож бўлишса-да уларга бирор нарса бермайди, кўнгли истаган нарсасини харид қилиб ея олмайди. Хулласи, Ҳазрати Али айтганларидай, «Бойлик эҳсон қилинса – иззат, беркитилса хорлик келтиради».

Бойишнинг йўли кўп

Ҳозирги давримизда камдан-кам одам фақирликни хоҳлайди, оз сонли айрим кишиларгина камбағалликка рози бўлишади. Ҳарқалай, ҳозиргача «менга дунёнинг асло кераги йўқ, мен камбағал-фақир яшашни хоҳлайман», деган одамни унча кўп кўрмадик. Аксарият одамларнинг фикри-ёди ҳамиша катта пул ва мол-дунёни қўлга киритиш, бойлигини кўпайтириш, тўкин ва фаровон яшашга қаратилган бўлади. Ҳатто ёш болалар кичиклигиданоқ «катта бўлсам кўп пул топаман, фалондақа машина оламан, фалончига ўхшаб «каттакон» (амалдор) бўламан», деган орзулар билан яшайди. Бу табиий ҳол. Парвардигор шундай бўлишини хоҳлаган, шунинг учун инсонларни дунёга муҳаббатли, иштиёқманд, рағбат кўрсатадиган қилиб яратган.  
Хўш, унда қандай қилиб бойиш мумкин? Қандай қилинса, кўп мол-дунёга эга бўлиш мумкин? Бадавлат бўлишнинг қандай йўллари бор? 
Минг афсуски, кўпчилик ана шу саволларга жавоб топиш учун Ғарбдаги пулдан бошқа нарсани ўйламайдиган, ҳамма нарсани пул-бойлик билан ўлчайдиган, фойда йўлида иймон, эътиқод, барча муқаддас туйғулар ва инсонийликдан ҳам осонгина воз кеча оладиган, бу йўлда ҳалол нима, ҳаром нима – мутлақо фарқламайдиган муттаҳам ва инсофсиз кишиларга эргашади. Шундайларга мўлжаллаб, шундайларни мисол келтириб ёзилган турли тавсиянома, китоб ва дастурларга суянади (дарвоқе, яқинда китоб бозорида «Энг харидоргир китоблар қайсилар?» деб савол берсам, «Энг аввало қандай қилиб бойиш ва бойликни кўпайтириш, сўнг бахтли ҳаёт кечириш, кейин пазандалик ҳақидаги китоблар», деб жавоб беришди). Айримлар ўзи бой бўла олмай бошқаларга бойлик ваъда қиладиган алдамчи фолбин, «башоратчи» ва коҳинлардан ёрдам кутади. Ҳеч қандай фойдаси йўқ ирим-сиримларга ишонади. Бундайлар ҳаётнинг мингта кўчасига кириб, мингта фитнасига рози бўладию, аммо  Яратган томонидан кўрсатиб қўйилган ҳалол йўл билан ризқ излашни унутиб қўяди. 
Энг аввало, ҳозирги пайтда кишиларнинг онгига «Ҳалол йўл билан асло бойиб бўлмайди, фақат бошқаларни алдасанг, чув туширсанг, ёлғон ишлатсанг, пора олсанг, судхўрлик қилсанг, заём ёки лотореяга катта ютуқ ютсанг,  пул тикиб қимор ўйнасанг, ҳаром йўллар билан пул топсанггина бойиш мумкин», деган ғоят хатарли ва бемаъни бир фикр сингиб кетган. Дўконида хамр сотаётган танишга «бу йўл билан бой бўла олмайсиз», деб кўринг-чи, ҳамма айнан шу орқали яхши фойда кўраётганини пеш қилиб, мингта мисол келтиради. Ёки ошхонасида пиво сотаётган бошқа бир танишингизга унинг бу ишида барака йўқлигини эслатиб кўринг, дарров атрофидаги ошхоналар тажрибасига қараганда пиво сотилмаётган ошхонага хўранда кирмаслигини рўкач қилади. Ёхуд бир тижоратчи дўстингизга фоизи билан катта қарз олиш ўрнига музораба (тенг шериклик) йўли билан қилган савдоси баракали бўлишини айтиб кўринг-чи, дарров сизга дунё тижорати тажрибасида айнан қарз олиб ниҳоятда бойиб кетган ўнлаб кишиларни санашга тушади. Ёки кўзингиз олдида носоз тарозида мол ўлчаб бераётган бир ноинсоф сотувчига бу ишининг гуноҳ экани ҳақида оғиз очиб кўринг-чи, шу заҳоти ҳозир тожирларга ниҳоятда қийин бўлаётганини айтиб, сизни мутлақо алдамаётгани ҳақида ўн марталаб қасам ичиб юборади. Бизларнинг бойлик ва бойиш ҳақидаги тасаввурларимиз, қарашларимиз ана шундай хато ва бузуқ!
Ваҳоланки,  бундай йўллар билан мол-дунё, бойлик орттириш ҳаромлиги, агар бошда худди бойиб кетганга ўхшаса ҳам, пировард натижа жуда аянчли бўлиши, бу усулларнинг дунё ҳаётидаги хатарлари ва кулфатлари-ку майли-я, унинг боқий дунёдаги  уқубатлари, ҳисоб-китоблари ниҳоятда оғирлиги кўп марта уқтирилган. 
 Бой бўлишнинг, бойлик, мол-дунё орттиришнинг ягона йўли ҳалол касб билан, ҳалол йўл билан қўл кучи орқали пул, бойлик топишдир. Касбларнинг энг яхшиси ҳалол савдодир. Ундан кейин эса чорвадорлик, деҳқончилик ва ҳунармандликдир. Хабарларда бундай дейилган: «Касбнинг афзали ҳалол савдогарлик ва ўз қўли билан қиладиган касбдир»; «Ризқнинг ўндан тўққиз қисми савдогарчиликда, бир қисми эса чорвачиликдадир»; «Қўй боқинглар, чунки у баракадир»; «Деҳқончилик қилинглар, чунки у баракали касбдир»;  «Бозорларимизга хориждан мол олиб келувчи одам гўё Аллоҳ йўлидаги жангчи кабидир. Бозорларимиздаги нарсаларни уйига яшириб сақловчи одам гўё Аллоҳнинг китобидаги худосиз кабидир». 
Пайғамбар алайҳиссалом ҳам, у кишининг машҳур сафдошларидан Абу Бакр Сиддиқ, Усмон ибн Аффон, Абдураҳмон ибн Авф ва бошқалар савдогар бўлишган. Исломгача ҳам, Исломда ҳам тожирлик (савдогарлик) энг шарафли, катта фойда келтирувчи ва мақталган касблардан саналган.  
Бугунги кунимизда тожирлик қилаётган айрим кишилар савдо  қоидаларини бузганлари ёки уларга риоя қилмаганлари сабабли топган молларида барака йўқ. Эртадан кечгача елиб-югуриб, ором-фароғатдан, соғлиқдан, ибодатлардан воз кечиб катта пул ёки мол-дунёни қўлга киритгандай бўлишади, аммо орадан кўп ўтмай барча топганлари ҳавога учиб, бир рус эртагида айтилганидай, яна ўша «тешик тоғора» қаршисида қолишаверади. Тожирлик касбларнинг энг яхшиси, фойдалиси, сердаромади бўлишига қарамай, унга ҳаром аралашса, савдо қоидалари бузилса, кўзланган мақсадга эришилмайди, бойлик қўлга кирмайди. Фақат ортиқча жон койитилгани, бесамар чопилгани қолади. 
Савдо орқали бойиш, давлат орттириш учун унинг одобларига риоя қилиш керак. Энг аввало,  молнинг нави, жинси, масдари, харажатлари ҳақида ёлғон қўшмай, ҳақиқий сифати билан тавсифлаш керак. Иккинчидан бағри кенг бўлиш лозим, яъни сотувчи нархдан тушиб, олувчи ошиқроқ тўлаб ҳиммат қилиши керак. Гарчи сўзи рост бўлса-да, қасам ичиш, айниқса савдода Аллоҳ номи билан қасам ичишдан мутлақо тийилган маъқул. Хабарда: «Қасам молни бозоргир қилса-да, баракасини кетказади»; «Савдо-сотиқда кўп қасам ичишдан сақланинглар, зеро у олдин кўпайтириб, кейин барбод қилади», дейилган. 
Шунингдек, тожирлар хайр-эҳсонни кўпайтиришлари, қарзни ёзиб қўйиш ва унга шоҳид қилиш каби ишларга ҳам эътибор беришлари даркор. Шундагина уларнинг савдолари баракали бўлади, қўлларига кирган мол-дунё тезда кетиб қолмайди. 
Кўпчилик мол-дунёдаги Аллоҳнинг баракаси ҳақида етарли тушунчага эга эмас. Гоҳида бозорларда нарх-навони ҳаддан ташқари баландлатиб юбораётган, тарозидан уриб қолаётган, молини ўтказиш учун ёлғон қасам ичаётган, кўз олдингизда молининг нуқсонини яшириб, сизни алдашга уринаётган «тожирлар»ни инсофга чақирмоқчи бўлиб, «қўйинг шу қилиғингизни, молингиз ва пулингизнинг баракасини берсин, ҳалол савдо қилинг», десангиз балога қоласиз. «Баракани сизга бердим, гапни кўпайтирмай мен айтган нархни бераверинг», деган нордонгина «маслаҳат» эшитиб оласиз. Бу бечоралар  қилмишлари учун  нақадар оғир ҳисоб-китоблар, азоб-қийноқларга дучор бўлишини, дунё ҳаётининг ўзида эса қанча машаққатлар, оғир  йўқотишлар эвазига топган пулида ҳам, мол-дунёсида ҳам заррача барака бўлмаслигини билганида эди, дарров ўзини ўнглаган,  ҳалол савдо қилишга ўтган бўлар эди. 
Инсофга чақирган харидор асло ютқазмайди, алдаган сотувчи ҳеч қачон ютмайди. Наздида харидорни боплаб, бир қоп пул ишлаган бўладию аммо ҳеч қанча вақт ўтмай ўшанча пулнинг сувга оққандай тез совурилганига тушуна олмай, гангиб қолаверади. Ё ўғрига олдиради, ё ўзидан кўра устамонроқ муттаҳамнинг тузоғига тушади, ёки бирорта золим зўрлик билан тортиб олади, ёхуд бирор офатга учраб, баридан бир сонияда ажрайди, ё ўзи, яқинлари бирор тузалмас оғир дардга мубтало бўлиб, топган пули уни даволашга кетади. 
Аксинча савдонинг барча одобларига риоя қилган, инсоф ва инфоқни унутмаган тожирларнинг бойлигига кун сайин барака кириб, мол-давлатлари кўпайиб бораверади. Топган фойдасини уч қисмга бўлиб, бир қисмини аҳли-оиласига нафақа қилаётган, бир улушини Аллоҳ буюрган ишларга, яъни закот, фақир-мискинларга инфоқ-эҳсон, хайрли ишларга ажратаётган, қолганини тижоратининг равнақи учун сарфлаётган тожирларимиз кўп. Иншааллоҳ, уларнинг савдоси баракали, хайрли бўлгай, пул, дунё топиш баробарида катта савобларга ҳам эришгайлар.
 Ҳаром нарсалар савдоси орқали қўлга киритилган мол-дунё ҳам эгасига вафо қилмайди. Бунга хамр,  чўчқа, ҳаром ўлган ҳайвон гўшти каби ҳаром ва истеъмоли тақиқланган маҳсулотларнинг савдоси,  кейинроқ қимматига пуллаш мақсадида  молларни яшириб қўйиб, танқислик пайдо қилиш, ҳалол молни ҳаром мол эвазига айрбошлаш (масалан, газмолни чўчқа гўштига  алмаштириш), одам аъзоларини (масалан сочи, сути) ни сотиш кабилар киради.
Омонатдорлик, яъни омонатга хиёнат қилмаслик ҳам бой бўлишнинг шартларидан биридир. Кўплар бойишни, савдоларига барака киришини исташадию аммо омонатдорликни «унутиб» қўйишади. Қарз олишади, аммо тезроқ бериш ҳақида эмас, уни қандай қилиб бермаслик, узиш вақтини ортга суриш ҳақида кўпроқ бош қотиришади. Бировнинг молини катта ваъдалар билан қўлга киритишади, аммо пулини тўлашни пайсалга солишади. Бундай йўллар билан қўлга киритилган бойликнинг ҳам баракаси бўлмайди, унинг қандай қилиб ғойиб бўлганини эгаси ҳатто сезмай қолади.  Хабарда айтилганидай, «Омонатни сақлаб, вақтида қайтариш кишининг ризқини зиёда қилади, омонатга хиёнат қилиш эса қашшоқлик келтиради». 
Ҳалол йўл билан бой бўлишнинг яна бир шарти  берилган ризқ-неъматлар учун шукрни ва ҳамдни кўпайтириш, Муҳаммад алайҳиссаломга, у зотнинг аҳли байтига саловот-саломлар йўллашдир. Чунки Аллоҳ таоло: «Агар берган неъматларимга шукр қилсангизлар, албатта сизларга зиёда қиламан», деган.   
Фақирликдан паноҳ тилаш, мол-дунё, давлат ёки кенг-мўл ризқ сўраш учун Яратганнинг зикрини кўпайтириш, буюрганларини комил суратда адо этиш, халқумни поклаш,  ривоят қилинган ишончли  дуоларни мунтазам ўқиб юриш тавсия этилган. Бу борада бир неча дуолар борки, қуйида улардан айримларини келтирамиз:
Расулуллоҳ  алайҳиссалом кўпинча «Эй Аллоҳим,  дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликни бер ва дўзах азобидан бизларни сақла», деб дуо қилар эдилар. 
Абдуллоҳ ибн Умар: «Бирортангизнинг яшаши қийинлашиб қолса, уйидан кўчага чиқаётиб, қуйидаги дуони айтсин», дедилар:  «Нафсим, молим ва динимга Аллоҳнинг исмини айтаман. Эй Раббим, қазои қадарингдан мени рози қил. Ва тақдир этган нарсангни менга баракали қил. Токи, кечиктирган нарсангни тезлаштиришни ва тезлаштирган нарсангни кечиктиришни яхши кўрмайин». 
 Бир қул озод бўлиш учун шартлашилган миқдордаги маблағни топа олмай, Ҳазрати Алидан ёрдам сўради. Шунда у киши: «Сенга Расулуллоҳ ўргатган калималарни ўргатиб қўяйми, агар қарзинг тоғнинг бир тарафича бўлса ҳам ундан қутуласан», бу – «Эй Раббим, ҳаром (аралаштирмай), ҳалолинг билан менга кифоя эт! Фазлинг ила Ўзингдан бошқадан беҳожат қил», дуосидир», дедилар.  
Пайғамбар алайҳиссалом инсонларга Аллоҳдан дунё ва охиратда офият ва кенг ризқ тилаш, фақирлик фитнасидан паноҳ беришни сўраш учун бир неча дуоларни ўқиб юришни тавсия этганлар. Масалан, «Аллоҳим, Сендан ҳидоят, тақво, иффат ва бойлик сўрайман», каби.   
Мол-дунё сўрайдиганларга, бойишни истаганларга   яна бир хабарни тавсия этмоқчимиз: Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай деганлар: «Аллоҳга риоя қил, сени сақлайди. Аллоҳга риоя қил, йўналишингни топасан. Агар сўрасанг, Ўзидан сўрагин. Агар ёрдам тиласанг, Ўзидан тилагин. Билгинки, агар уммат бирор нарсада сенга ёрдам беришга жамланса, фақатгина  сенга ёзиб (тақдир қилиб) қўйилган нарсанигина ёрдам қила олади. Агар ҳамма бирор нарсада сенга зарар беришга тўпланса, фақат  сенга ёзиб (тақдир қилиб) қўйилган нарсанигина зарар бера олади. Қалам кўтарилиб, саҳифалар қуриб бўлган».  
Бой бўлишни истасангиз, хайр-эҳсон ҳамда турли садақаларни кўпайтиринг. Чунки хабарда: «Садақа бериш билан мол-дунё камайиб қолмайди», дейилган. 

Иззат қаноатдадир

Яқинда ҳамкасбларимдан бири турмушининг «ночорлиги»дан бундай шикоят қилиб қолди: «Рўзғор тебратиш ҳам қийин бўлиб кетди, топганимиз овқатдан ортмаяпти. Мана, икки ҳафтадирки, болалар пишлоқ билан сариёғни кўришгани йўқ». Бир маҳалладошим эса ўғлини уйлантиргач қарздор бўлиб қолганидан дуч келганга шикоят қилиб юрибди. Аллақайси шаҳардан таклиф қилган лапарчисига битта новвоснинг пули кетганмиш. Никоҳ олдидан бўладиган ЗАГС зиёфатига тўйнинг ярим пули сарф бўлганмиш.

Энди ўзимизга бир савол бериб кўрайлик: хўш, биринчи воқеадаги ҳамкасбим ҳаётидан зорланишга ҳақлими? Егани нони, ширинлиги, чойи бор, қора қозони қайнаб турган. Фақат дастурхонидан пишлоқ билан сариёғ узилиб қолибди. Шунга ўксиниб, турмушидан нолиб юрибди. Иккинчи ҳолатдаги маҳалладошм тўйни камтарроқ, камчиқимроқ қилиб ўтказса, бироқ сўкармиди? Неча йиллаб машаққат билан топган пулини бир соатли базмга сарфлаб юборишга уни ким мажбурлади? Жавобини қаранг: «Ўғлим ўртоқларидан ортда қолиб ўксимасин» эмиш. Ота қарздор бўлса, ҳасратидан чанг чиқиб юрса, майлиймиш, аммо эртасигаёқ ҳамма унутиб юборадиган кераксиз бир одат ижро этилмай қолса, катта фожиа – болалар ўксиган, катталарнинг боши қотган.
Ҳар икки воқеа ҳам инсонлар қаноатни унутиб, тобора нафсига қул бўлиб бораётганидан, одамларнинг гапидан қўрқиб ёки ном чиқариш учун дунёга мубтало бўлаётганидан дарак беради. Одамлар янги чиққан пулдор амакиларга тақлидан «кўрпасидан оёғи тугул, бели чиқиб кетса» ҳам баландроқ чўққини кўзлайдиган, кучи-моли етмаса ҳам юксакроқ дорга осиладиган бўлиб бораётгандай туюлади. Аммо нафс шундайин ўпқонки, уни на тўлдириб, на тўйдириб бўлади. Бугун нон-чойга қаноат қилмасангиз, эртага сариёғ-пишлоқлар, индинга қази-қартаю бедана кабоблар ҳам камлик қилиб қолади. Кейинроқ булар ҳам озлик қилиб, хориждан келтирилган қимматбаҳо, тансиқ ва ноёб таомларни хоҳлаб қоласиз. Нафс эса тобора шишиб, ҳаккалак отиб, иштаҳаси очилиб, ҳеч нарсани қолдирмай юҳодек ютаверади. 
Турмушнинг бошқа жабҳаларида ҳолат шундай бўлади. Бугун валасапитда юрсангиз, эртага мотосиклни, индинга машинани истаб қоласиз. Кейин эса «Нексия», «Мерседес», «Жип»… дегандай ҳавас-истак ортиб бораверади. 
Инсоннинг бундай ҳолатини асло айблаб бўлмайди. Чунки у  шундай жибиллият билан яратилган. Дунёнинг шаҳватларига, зийнатларига, неъматларига муҳаббатли, қизиқадиган қилиб яратилган: «Одамларга аёллар, болалар, туганмас олтин-кумуш бойликлар, (іиммат) баµоли отлар, чорва ва экин-тикинлар каби истак-хоµишларга кґнгил іґйиш чиройли іилинди».  
Агар инсонлар шундай яратилмаганида, ҳамма мол-дунёдан юз ўгириб, таркидунёчиликни танлаганида ҳеч ким ишламас эди. Шаҳарлар, уйлар, кўприклар қурмасди, дунё бир харобазорга айланган бўлур эди. Лекин шу билан бирга инсонларга сабр, қаноат, неъматларнинг озига кўниш ҳислари ҳам берилган.
Бизлар-чи? Бизлар аллақачон бу тушунчаларни унутиб бўлганмиз. «Бозор иқтисоди қийинчиликлари қачон тугайди», деб зорланамизу аммо нафсимизнинг жиловини борича қўйиб юборганмиз. «Маошимизнинг камлигидан, пул топишнинг мушкуллиги»дан тинимсиз нолиймизу аёлларимиз,  фарзандларимиз эгнидаги қимматбаҳо кийимлар йилига эмас, ойига эмас, ҳафтасига янгиланаётгани билан иш тутмаймиз. Уч-тўрт жойда ишлаш туфайли    минг азобда топган пулимизни ортиқча ҳою-ҳавасга, бировдан ортда қолмасликка, ном чиқаришга осонликча совуриб юборамиз. Ўғлини хорижга ишга жўнатаётган бир танишимдан сўрадим: «Турмушда қийналиб қолдингларми, фарзандларни уйлаб-жойлашга пул топилмаяптими ёки яқинларингиздан бирортаси қаттиқ беморми, даволатишга пул йўқдир-да!». Минг афсуски, аҳвол мен ўйлагандан анча яхши экан. «Фарзандларнинг бари уйли-жойли бўлиб кетган, нафақамиз эр-хотиннинг эҳтиёжига етиб турибди, майда-чуйда хасталикларни ҳисобга олмаса, Худога шукр, ҳамма соғ-саломат, фақат битта тузукроқ машина минай деган армон бор эди-да!». Ана сизга ўғлини оиласидан айириб, хорижга ишга юборишнинг энг кучли «далили!».
Минг таассуфлар бўлсинки, ўтмишда камбағали сабру қаноатда, бойлари саховат ва қўли очиқликда дунёга ибрат бўлган улуғ халқнинг бугунги ворислари қаноатни тобора унутиб бораётганга ўхшайди. Тарихимизга назар ташлайдиган бўлсак, ота-боболаримиз қаноат, сабр, тамкин борасида қанчалар улуғ ва устун бўлишганини кўрамиз.
Ривоятларда келтирилишича, бир куни  Абу Зарр Ғифорий Салмон Форсийнинг меҳмони бўлди. Дастурхон ёзилди. Салмон Форсий бир кўзада сув, бир бўлак қотган нон келтириб қўйди. Абу Зарр сувдан ичди ва тузсиз, қотган нондан тотиниб: «Қандай яхши, мазали нон, фақат тузи камроққа ўхшайди», деди. Мезбон: «Рост айтасан», деди-да ўрнидан туриб, кўзани бозорга элтиб сотди ва пулига туз харид қилди. Икковлон нонга туз сепиб ейишди. Нонушта тугагач, Абу Зарр Ғифорий: «Бизга қаноат ато этган Аллоҳга шукрлар бўлсин», деб дуо қилди. «Албатта Аллоҳга шукрлар айтамиз. Лекин қаноатимиз янада кўпроқ бўлганида кўзани тузга алмаштирмаган бўлардик», деди Салмон Форсий.
Тасаввуф шайхларидан Ҳусайн Антокий ҳикоя қилади: «Бир куни кечқурун эранлардан ўттиз-қирқ киши суҳбатлашиб ўтирган эдик. Ўртада фақат биттагина нонимиз бор эди. Нонни майда бурдалаб дастурхонга қўйдик. Кейин ҳар ким тортинмасдан олиб ейиши учун чироқни ўчириб қўйдик. Орадан бирмунча вақт ўтгач, чироқни ёқдик. Қарасак, ҳамма оч бўлишига қарамай, ҳеч ким дастурхонга қўл узатмабди».
 Қаноат тақвонинг бир қисмига тенглаштирилган. Ота-боболаримиз, улуғларимиз сабру қаноатда ҳамиша ибрат бўлишган, бошқаларни ҳам ана шунга чақиришган. Айтилганидек, «Нафс энг катта душмандир»; «Мол-дунёси кґп бґлган киши бой дейилмайди, балки µаіиіий бой нафси тґі бґлган кишидир». Нафсни ўлдириш, унинг айтганларига юрмаслик қаноатнинг зарур шартидир.  
Кўпчилик  ўз ризқини ўзлари асло кутмаган жойлардан, ақлга сиғмайдиган ҳолатларда бериб қўйилиши ҳақида унча бош қотирмайди. Аллоҳдан сўраб, эрта билан ризқ ахтариб кўчага чиқиб кетган одам албатта нимадир бирор егулик топиб келади. Бирор одамнинг ризқи тугамай вафот этганини, ёки аксинча ризқ келмай қолиб, очидан ўлганини ҳалигача ҳеч ким эшитмаган. Бу худди уйингизга уя солган қалдирғочлар эрта тонгда боласига емиш топиб келгани боши оққан томонга қараб учгани кабидир. Қалдирғочларга ҳеч ким «фалон жойда ҳашаротлар учиб юрибди, ёки писмадон жойга емиш яшириб қўйилган», деб  йўл кўрсатмаган. Ҳатто  ана шу ақлсиз махлуқлар ҳам ризқни Холиқ беришини  яхши ҳис қилади. 
 Жобир бундай ҳикоя қилади:  Қурайш карвонини тўсиш учун Абу Убайда бошчилигида бизни улар томонига юборишди. Йўлда ейиш учун бизга битта халтада хурмо берилди. Ундан бошқа нарса топилмади. Бошлиғимиз Абу Убайда бизга битта-биттадан хурмо берарди. Буни эшитиб турганлар: «Эй Жобир, ўша бир дона хурмони қандоқ қилиб ер эдинглар?» деб сўрашганида, Жобир: «Биз у хурмони худди ёш гўдак онаси кўкрагини эмгани каби шимиб, устидан сув ичардик. Ўшанинг ўзи бизга то кечгача етар эди. Бундан ташқари асоларимиз билан баргларни тўкиб, сувда ҳўллаб тановул қилар эдик», деди…   
 Абу Али ибн Сино: «Киши учун энг фойдали, дилни ёритувчи нарса қаноатдир, энг зарарли ва нафратланарли нарса эса ҳирс ва ғазабдир, бошқаларда кўрганни қаттиқ истамаслик ҳам қаноат саналади», деган. Абу Туроб Нахшабий эса: «Қаноат ризқни Аллоҳдан олмоқдир», дейди.
Улуғ сўфий Бишр Хофийнинг мана бу гапларига бир диққат қилинг: «Қирқ йилдан буён кўнглим қовурилган гўштни истайди, аммо бир дирҳам ҳам пулим йўқ». Тасаввуф шайхларидан Умар Форуқ Сайдо ал-Жазарий дейдилар: «Инсон то ўлимига қадар шайтон ва нафс ҳужумидан омонда бўлолмайди…Агар биз мўмин бўлатуриб, нафсимизни жиловлай олмасак, демак ҳали биз комил мўмин ва комил иймон соҳиби эмасмиз. Комил иймонга эга бўлмаганим издан нафсоний орзу-ҳавасларни жиловлай олмаяпмиз». 
Ҳаким Ҳотам Лифофийнинг бундай сўзлари бор: «Тўрт нарсани тўрт нарсадан талаб этдик ва бу йўлда хато қилдик: бойликни молдан талаб этдик, у қаноатда экан; роҳатни кўпликдан изладик, озликда экан; неъматни таом ва кийимдан қидирдик, у сатрда, яъни Аллоҳ ёпган айбларда ҳамда Исломда экан». 
Берилган ризққа қаноат қилмаслик, фақирлик имтиҳонига сабр эта олмаслик, нафснинг фитналарига тушиб қолиш кишини минг алфозга солади. Ҳозирги даврда уйида етарли ризқи бўлатуриб, нафсига қул бўлиб, орзу-ҳавас кўйида ҳаёти тўкин ўтмаётганидан, бошқалар кийганни кия олмаётганидан, ўзгалар еганни ея олмаётганидан шикоят қилувчилар, зорланувчилар кўпайиб кетди. Бошқаларга тақлид қилиб, катта тўйлар қилиш учун никоҳни орқага сураётган, фарзандининг бахтига зомин бўлаётганлар ҳам йўқ эмас.  Берилган ризққа қаноат қилмай, каттароқ пул топиш, бошқаларга ўхшаб «тўкинроқ яшаш» учун ҳали у касбнинг, ҳали бу ҳунарнинг бошини  тутиб, ўзини ҳар томонга ураётганлар ҳам етарли. Катта мол-дунёга эга бўлиш учун қимор ўйнаётган, ҳаром йўллар билан пул топаётган, баданини сотиб фоҳишалик қилаётган, энг даҳшатлиси, ҳатто иймон-эътиқодини пул-бойлик эвазига ғайримуслимларга сотаётганлар ҳам бор. Куни ўтиб турганига қарамай, каттароқ бойликка эга бўлиш учун ризқ ахтариб ўзга юртларга, ҳатто ғайримуслим ўлкаларга сафар қилаётганлар ҳам тобора кўпайиб боряпти (ўша жойлардаги маҳаллий халқнинг бузуқ ақидаси таъсирига тушиб қолиш хавфи борлиги алоҳида мавзу). 
Қаноатни йўқотган одам ҳеч нарсадан тап тортмайдиган бўлиб қолади. У одамлар бирор нарса берармикан, деб тамаъ қила бошлайди. Бирор нарса илинжида бойлар эшигига серқатнов бўлиб қолади. Ҳар қандай хўрликларга учраса ҳам Аллоҳдан сўраш ўрнига бандасига ялинади. Қаноатсизлик бора-бора ҳатто одамлардан тиланишгача олиб боради.  Тиланчиликнинг нақадар ёмонлиги ҳақида  бундай дейилган: «Одамларнинг қўлидаги нарсадан умид қилманглар. Тамаъгирликдан сақланинглар, у нақд фақирликдир»; «Баланд қўл паст қўлдан яхшидир (яъни садақа қилувчи қўл тиланчи қўлдан яхшидир). Садақани қўл остингдагилардан бошла. Садақанинг энг яхшиси — кишининг ўзидан кейин бойлик қилиб қолдирган нарсасидир. Ким камсуҳум бўлса, Аллоҳ уни камсуҳум қилиб қўяди. Ким ўзини беҳожат қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилиб қўяди».   
  Қаноатни унутиб тиланчилик йўлини танлаганлар хусусида яна бир  ривоят бор: «Тиланчини, гарчи у пешонаси қашқа ва тўрт илиги оқ (яъни энг ноёб ва қимматбаҳо) от миниб келган бўлса-да, бирор нарса бермай ортига қайтармангиз! Агар гадо тиланчилик қилиб ўзига қандай гуноҳ орттираётганини билганида эди, бировдан нарса сўрамаган бўлар эди. Агар сўралгувчи ҳам гадони қуруқ қайтарётгани учун ўзига қандай гуноҳ орттираётганини билганида эди, бирор нарсани қизғанмаган бўлур эди». 

Исроф саховат эмас

«Исроф» деганда кераксиз нарсаларга беҳудага пул сарф этиш, фойдасиз сарф-харажатлар ва ҳаракатлар тушунилади. Инсон табиатан исрофгарчиликка мойил жонзот саналади. Ҳар қадамда молини беҳуда сарфлайди.  Кўпларимиз бу соҳада исрофгарларнинг исрофгарига айланиб бўлганмиз. Машаққат ва ҳамма нарсадан ўзни қайтаришлар эвазига йиллаб йиққан молимизни ном чиқаришга қилинган кераксиз бир маросим, маърака учун бир кечада совуриб юборамиз. Бирор буюмнинг (масалан, улов, рўзғор ашёси ёки кийим-кечакнинг) арзонроғи тургани ҳолда бошқаларни лол қолдириш мақсадида энг қимматини сотиб оламиз, ҳатто «кимошди» савдосидан харид қиламиз.  Сув, озиқ-овқат, кийим-бош, ёқилғи ва бошқа неъматларни исроф қилиш соҳасида-ку ҳар қандай миллатни ортда қолдирамиз.

Исрофнинг катта-кичиги йўқ. Бир замондош олим айтганидай, «Исрофнинг энг кичиги таом еган косангдаги ёғ юқини тозаламасликдир». Ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун ёки пулдор эканини кўрсатиш учун уйларни ҳаддан ташқари ҳашаматли ва дабдабали қилиш, уларни хориждан келтирилган қимматбаҳо ашёлар билан жиҳозлаш, кийимнинг янги урф бўлгани (модадаги) изидан пул сочиш, зиёфат ва маросимларни бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали, серчиқим қилиш ҳам давримиздаги исрофнинг кўринишларидандир. 
Тошкент тўйхоналаридан бирида (!) ўтказилган «марҳумни хотирлаш» маросими дастурхонига тортилган неъматларнинг кўплигидан, ранг-баранглигидан, қимматбаҳолигидан ҳамма ҳайратда қолди. Ҳатто меҳмонлардан бири таажжубини яшира олмай: «Пул топибдию, аммо сал ҳаддидан ошибди-да» деди. Шунда маросимга келган отахонлардан бири мезбоннинг бу такаллуфини оқламоқчи бўлгандай: «Ҳа, энди Аллоҳ давлат берибди, шунақа савобли ишларга сарф қилади-да, агар уни ичкиликка, хотинбозликка ёки қиморга сочиб юборганида нима дея олардик», деб тасалли берди. Тўғри, унга   мўл-кўл давлат берилган бўлса, инсончилик туфайли буни элга билдиргиси келади, катта сарфлар билан ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатмоқчи бўлади.  
Лекин ҳамма ишда меъёр яхши, мўътадиллик яхши. Менга бойлик бериб қўйилибди, дея уни ҳар томонга сочавериш, айниқса  буюрилмаган ишларга харжлаш савоб ўрнига гуноҳ эшикларини очиб юбориши мумкин. Бунинг ўрнига маҳалладаги ночор яшаётган бир фақир оиланинг кам-кўстини қилиб бериш, ўқиш ҳақи (контракт) пулини тўлай олмаётган бир талабага елка қўйиб юбориш, уйланиш учун маблағ топа олмай гангиб юрган бир ёш оиланинг мушкулини осон қилиш, қарзини тўлай олмаётган бир танишини қўллаб юбориш мумкин-ку!
Ҳаётини, ақидасини нима қилиб бўлса ҳам бойиш, бу йўлда ҳар қандай ахлоқий меъёрлардан воз кечиш устига қурган Ғарбнинг расимол (капитал) дунёси ўз фойдасини кўзлаб, гугурт чўпини ҳам одамларга текинга бермасликка тиришади. Газетларда пўртахол ёки банан ҳосили кутилганидан ортиб кетса, унинг баҳоси тушиб, фойда камайиб кетишидан қўрққан сармоядорларнинг тонна-тонна неъматларни муҳтожларга тарқатмай уммонларга ағдаришгани ҳақида кўп марта ёзишган. Яна шуниси ажабланарлики, улар меваларни одамлар сувдан чиқариб олмасин, деган хавфда соҳилларга ҳеч кимни яқинлаштирмайдиган соқчиларни ҳам тайинлашади.
Наманганнинг Янги шаҳар қисмида яшовчи бир аёлнинг ҳикоясига қулоқ солинг: «Эрим вафот этиб, учта болам билан икки хонали «дом»да нафақасиз қолдик. Тўғри, очимиздан ўлаётганимиз йўқ, Аллоҳ тирик бандасининг ризқини бериб тураркан. Лекин ҳозир «осмондан чалпак ёғилармикин?» деб кутиб ўтирадиган пайт эмас. Қолаверса, «Сендан ҳаракат, Худодан баракат», деган гап ҳам бор. Ишлай десам, ҳеч қайда бўш ўрин йўқ. Ўйлай-ўйлай, бир қўшнимнинг маслаҳати билан ёндаги хонадонда турадиган бойвачча йигитнинг уйини тозалаб туришга ёлландим. У туманлардан бирида яшайди, дам олиш кунлари улфатлари билан базм қилиш учун шу хонадонни сотиб олган. Шартлашганимизга кўра уларнинг «базми» тугаб, туманига кетганидан кейин хонадонни йиғиштириб-тозалайман. Лекин ҳар гал тозалагани у ерга кириб, хўрлигимдан йиғи келади. Еб-ичилганидан ортган қанча-қанча қимматбаҳо пишлоқ, қўлбости (колбаса), қази, шоколад каби неъматлар, мева-чевалар шундоғича яроқсиз ҳолда қолаверади. Чунки эгаси рухсат бермагани учун мен болаларимга едиришдан тийиламан, сўрагани бетим чидамайди. Ўчириб кетилган музхонадаги ортиб қолган анчагина гўшт-ёғ, тансиқ таомлар ҳам айниб бўлган, фақат чиқариб ташлаш керак, холос. Ахир, кетаётганида мени чақириб, «Манавиларни саранжомлаб олинг», деса асакаси кетармикин? Ўзим айтай, десам, отасиинг амалига, қўлидаги давлатига қўнқайган қўрс йигитнинг жаҳлини чиқаришдан қўрқаман. Хулласи, «кимдир унга зор, кимдир қилар хор», деганларидай, исрофнинг касри бир куни унга уриб хароб қилмасайди, деб қўрқаман».
Исрофгарчиликнинг охири надомат билан тугайди, ҳалокат билан якунланади. Исрофгар қанчалик бой бўлмасин, оқибатда барибир камбағалга айланади. Шамини кундузи ёндирган одамнинг туни қоронғу бўлади. Пулини, молини, бошқа неъматларни хор қилган киши оғир кунда ўзи ҳам хор бўлади. Тасаввур қилинг: бир уй тўла оч-яланғоч одам ўтирибди. Уй совуқ, егани ҳеч вақо йўқ, хасталарга табиб чақиргани, дори-дармон олгани ҳам пул йўқ. Оила аъзоларининг барчаси ғамга ғарқ бўлган, ҳатто болаларнинг кўнглига шўхлик сиғмайди. Мана шу кўнгилсиз ҳолатнинг бош айбдори кераксиз ўринга мол сарфлаган, иқтисод, тежаш деган гапларни аллақачон унутиб юборган оила бошлиғидир. У «Пул мени эмас, мен пулни топаман», деб  эртасини ўйламай топганини беҳуда совурган.
Фахри коинот айтганларидек: «Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар»; «Ким ҳаётда тежамкор бўлса, зинҳор қашшоқликка тушмайди».  
Тўғри, пулга, мол-дунёга муҳаббат қўйиш, пул устига пул йиғиш ёмон хулқлардан саналади. Аммо кераксиз ўринга пул-мол сарфлаш ҳам ақлга зид ишдир. Бир донишманд айтганидай, «саховатли бўл, аммо исроф қилма, тежамкор бўл, лекин бахил бўлма». Исроф сахийлик эмас, тежамкорлик бахиллик эмас. Тежамкор киши пулини керагидан ортиқча сарфламайди. Юз сўмга олинадиган нарсага ҳовлиқиб минг сўм тўламайди. Пулини фақат ҳаёти, рўзғори, эҳтиёжи учун зарур бўлган нарсаларгагина харжлайди. Тежаган киши асло фақир бўлмайди, балки икки дунё саодатига эришади. 
Имоми Аъзамнинг ғоят ибратли бир гаплари бор: «Хайр (яхшилик) ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир». Дарҳақиқат, Аллоҳ розилиги йўлида ўзгаларга ҳар қанча хайр-эҳсон (яъни, яхшилик) қилсангиз ҳам ортиқчалик қилмайди, исроф бўлмайди. Аксинча ҳар қандай  ишда исрофга йўл қўйсангиз, у ҳар қанча чиройли кўринмасин, ортида ҳеч бир яхшилик йўқ. Пулни ҳисоб-китоби билан сарф қилиш фойданинг ярмидир. 
Исрофгарлардан бири Суқрот ҳакимга камбағал бўлиб қолганидан шикоят қилди. Суқрот ўша одамга шундай маслаҳат берди: «Исрофингга бир чегара қўйиб, пулингни тежа, ўзинг ўзингдан қарз ол, шунда аҳволинг ўнгланади». Улуғ донишманднинг тавсияси бугунги кунимизда ҳар қадамда исрофга йўл қўйса-да, яна ҳаёти ночорлигидан шикоят қилиб фиғони фалакка чиқаётган айрим кишиларга ишоратдек туюлмайдими?

Бойлар ва бойлик мадҳи

Бойликни ва бойларни қоралаб-ёмонлаб бўлмайди. Агар бойлик ёмон нарса бўлганида  закот фарз қилинмаган бўлур эди. Бойлик катта савоблар, ажр-мукофотларга эришишнинг воситасидир, инсоннинг саховат, ҳиммат, инфоқ-эҳсон, силаи раҳм, олийжаноблик каби фазилатларга эришуви йўлидир. Фақат бойликни буюрилган йўлларга сарф этиш билангина, бу борада мўътадил йўл тутиш орқалигина савоб-мукофотларга эришишга муваффақ бўлинади.  

Яхши инсон дунё ва охират мувозанатини сақлаган кишидир. Дунё боқий дунёни излаш ва топиш учун керак, холос. Кўпгина инсонлар дунёни ёмонлик ва гуноҳ ишларга восита қилишгани туфайли у ёмонланади. Аслида яхши йўлларга бошлаб борувчи, охиратни қозонтирган дунё ёмон саналмайди, танқид қилинмайди.
Умуман ушбу китобни ёзишдан муродимиз мол-дунёни, бойликни қоралаш, одамларни  бойликка ва бойларга душман қилиш эмас. Инсонларни мол-дунёга интилишдан, унга рағбат кўрсатишдан қайтариш ҳам эмас. Сабаби, Аллоҳ таоло мол-мулкни яхши нарса ҳисоблаб, уни бандалар учун ҳаёт кечириш воситаси, садақа-эҳсонлар туфайли савобга эришиш омили қилиб қўйган. У бировга беҳисоб мол-дунё ато қилган бўлса, бошқа бировни ундан қисиб қўйган. Буларнинг бари Унинг ўлчовлари, инсонларни синаш учун бир имтиҳонидир. У бойлик-давлат бериб ҳам, камбағал-ночор қилиб қўйиб ҳам имтиҳон қилаверади.
Қолаверса, «Мен бойликни ёмон кўраман, менга дунё неъматларидан ҳеч нарса керак бўлмайди», деган одам ёлғон сўзлаган бўлади. Чунки инсонлар дунё молига орзу-ҳавасли, яхши яшашга, фаровонликка иштиёқли қилиб яратилган.  Таркидунёчилик ёки  берилган дунёни истамай, сочиб-исроф қилиб юбориш каби ҳолатлар қораланган. Сизга мол-дунё мўл-кўл қилиб берилибдими, бу Унинг сизни мол-дунё билан имтиҳон қилаётгани бўлади ёки сизга инфоқ-эҳсон, хайр-саховат эшикларини очиб, савоб-ажрларга эришувингиз учун имкон бергани бўлади.
Баъзи кишилар «Бу фоний дунёга муҳаббат қўйиш, рағбат кўрсатиш, пул ва бойлик йиғиш, бу ишларни яхши кўриш дуруст эмас, мусулмон одам учун мол-дунёга интилиш, бу йўлда касб-ҳунарларни ишга солишнинг кераги йўқ», дейишади. Бу ботил, хато ва қабиҳ гаплардир. «Овқат йўғида иштаҳа ҳам бўлмайди», деганларидек, пул-моли йўқлигида атрофидаги одамларга зоҳидликдан, қаноатдан, оз нарсага кўнишдан тўхтамай насиҳат қилган, бойлик ва мол-дунёни тинмай қоралаган, Аллоҳнинг марҳамати билан сал ўтмай бойиб кетгач, бойлигига маҳлиё бўлиб, инсоний қиёфасини йўқотган кимсаларни кўп кўрдик. «Мен мол-дунёдан беҳожатман», дейдиганларнинг ўзлари кўпроқ дунёга муккаларидан кетишади, уларнинг ўзлари бошқаларнинг молини талаш ёки тортиб олиш учун хаёлга келмайдиган алдов ва фитналарни ўйлаб топишади, енгил йўллар билан пул топишга ҳаракат қилишади. 
Пул топиш, айниқса ҳалол меҳнат, фойдали касб орқасидан бойлик орттириш айб ёки гуноҳ иш эмас, аксинча Аллоҳ ва Унинг пайғамбари буюрган хайрли ишлардандир, савоб-ажрларга эришиш воситасидир. Фақат дунёга, мол-мулк тўплашга қаттиқ муҳаббат қўймаслик, уни керакли жойларга сарфлаш, бунда бахилликка, исрофга, риёга йўл қўймаслик талаб этилади, холос.
Дарҳақиқат, мол-мулк дин ва дунё фойдаларига етишиш йўлидаги бир воситадир. Уни аҳлингизга, қўл остингиздагиларга, яқинларингизга инфоқ-эҳсон қилиб, Аллоҳ розилигини топишга имкон берадиган бир неъматдир. Ундан ажратиладиган садақа ва хайриялар  эса савобларни кўпайтиришга ёрдам берадиган бир омилдир. Қолаверса, у инсонни фақирликдан, ночорликдан қутқариб, унга руҳий-маънавий хотиржамлик, ибодат ҳаловатини берадиган бир яхшиликдир. Шунинг учун аждодлааримиз, аҳли тамизлар дунёни ёмонлашмаган, қоралашмаган, аксинча уни мадҳ этишган, мақташган. Донишмандлардан бири дунёни илоннинг заҳрига ўхшатган экан: озгинасини истеъмол қилсанг, шифо топасан, кўпи эса сени ҳалок этиши мумкин. 
Улуғ тобеъинлардан Саид ибн Мусаййиб: «Ҳалолдан мол жамлашни истамаган одамда яхшилик йўқ. Мол билан одамлар орасидаги шаънини, обрўсини сақлайди. Қариндош-уруғларига силаи раҳм (ёрдам) қилади. Молидан бошқаларнинг ҳаққини беради», деган.
Абу Исҳоқ Субайънинг айтишларича, «Улуғлар фаровонлик-кенглик динга ёрдам беради, деб ҳисоблашган». Суфёни Саврий эса: «Бизнинг бу замондаги мол-мулк мўминларнинг қурол-аслаҳасидир», деган. 
 Имом Ғаззолий дунёнинг фойдасини дунёвий ва диний қисмларга бўлганлар. У кишининг айтишича, мол-мулкнинг диний фойдалари уч хил бўлади: 
1. Мол-дунёни ўз эҳтиёжи учун сарфлайди, яъни  ҳажга ўхшаш ибодат йўлларига ишлатади ёки ибодатга ёрдам берадиган таом, кийим, уй-жой, маскан каби ҳаётий зарур нарсаларга харжлайди. 
2. Одамларга сарфлайди, яъни садақа-эҳсон қилади (бунинг нақадар улуғ савоб экани ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади), аҳли илмлар, ёр-дўст, биродарларига зиёфат, ҳадя, иона каби йўлларга ишлатади. Эл-юрт ўртасида обрў-шаънини асрашга ишлатиладиган ва ўзига кўрсатилган хизматлар учун тўлайдиган хизмат ҳақи ҳам шунга киради. 
3. Муайян бир нарсага эмас, балки умумий яхшилик ҳосил бўладиган масжид, кўприк, мусофирхона, йўл каби қурилишларга, мусулмонлар фойдасига мунтазам ишлайдиган абадий вақфларга сарфлайди.
Мол-мулкнинг дунёвий фойдалари ҳам кўп. Масалан, у одамлардан нарса сўраш, бировга тобеъ бўлиш хорлигидан, камбағаллик асоратидан халос этади, одамлар ўртасида ҳурмат, қалбларда каромат (эҳтиром) ва виқорни вужудга келтиради.
Шу ўринда Шайх Саъдийнинг бир даъвогар билан бой ва камбағаллик ҳақидаги тортишувини келтириб ўтиш ўринлидир. Шайх  «Гулистон» асарида шундай ёзади: «Кўриниши дарвешга ўхшаса ҳам ахлоқи ўхшамаган одам бир мажлисда ёмон сўзларни бир-бирига улаб, шикоят дафтарини очиб, бойларни мазаммат қилар (қоралар) эди: «Сахийларнинг қўлида бир пули йўқ, ғанийларнинг пул бергани қўли йўқ». Давлатмандларнинг неъмати билан тарбияланганим учун бу сўзлар менга мақбул бўлмади. Унга қараб бундай дедим: «Эй биродар! Бойлар мискинларнинг даромади, кўчада қолганларнинг умиди, зиёрат этувчиларнинг мақсади, мусофирларнинг бошпанаси ва оғир юкларни кўтаргувчилардир. Қўл остидагилари таомдан есаларгина бошқалар ҳам ўша таомга қўл узатишади. Улардан ортган таом бева хотинларга, кексаларга, яқинларига ва қўшниларига ҳам етади. Бойларда вақф, назр, закот, фитр садақаси, ҳадя, қул озод қилиш, қурбонлик каби қанча имтиёзлар, савобли ишлар бор. 
Бойлик саховатга қудрат, саждага қувватдир. Бадавлат кишилар молларининг закоти берилган, кийимлари ва бошқа нарсалари ҳаромдан сақланган, кўнгиллари хотиржам, ибодатга қувват бўлувчи таомлари ҳалолдир. Бўш қоринда эса қувват қайдин бўлур, бўш қўлда мурувват нима қилур, боғлиқ оёқдан қандай сайр келур ва оч қориндан нима яхшилик бўлур. Қитъада айтилганки, «Эрталабки нонуштаси бўлмаса, Кечаси паришон ётар у киши, Чумоли дон йиғади ёз фаслида, Токи бўлур хотиржам унинг қиши». Камбағалликда ҳузури дил бўлмас, қўл калталигида хотиржамлик ҳосил бўлмас. Байт келганки, «Аҳли давлат ҳаққа машғулдир ҳар он, Камбағалнинг эса кўнгли паришон». Шунинг учун бойларнинг ибодатлари қабулга яқинроқдир. Чунки уларнинг диллари сокин, ташвишлари йўқ, тирикчиликни ҳозирлаб қўйишган, кундалик вазифаларини вақтида адо этишади. Арабларнинг: «Хароб қилувчи камбағалликдан, ёқтирмаган кишининг қўшни бўлишидан паноҳ тилайман», деган гапи бор. Ҳадиси шарифда эса: «Камбағаллик икки дунёда ҳам қора юзлиликдир», деб келган. 
Шунда даъвогар: «Эшитмаганмисан, Пайғамбар алайҳиссалом: «Камбағаллик фахримдир, мен у билан фахрланаман», деб марҳамат қилганлар», деди. 
Унга жавобан мен бундай дедим: «Саййидул-оламнинг бу ишоралари марду майдон бўлган бир тоифа кишиларга хосдир. Улар қазо ўқига таслим бўлишган. Маърифатсиз камбағал камбағаллиги куфрга етиб бормагунича ором топмайди, чунки камбағаллик куфрга яқин. Мол-дунёсиз бирор яланғочни кийинтирмоқ ёки бирор балога мубтало бўлганни қутқармоқ мумкин эмасдир…Қайси жойда қийинчилик ва қаттиқлик бўлса, одамлари ўзларини хавфли ишларга отишади, бу ишларидан келадиган балолардан сақланмай қолишади, охират азобидан қўрқмайдиган, ҳалолни ҳаромдан ажратмайдиган бўлиб қолишади. Аммо бойлар Аллоҳ таолонинг инояти билан манзур ҳалолга эга бўлиб, ҳаромдан сақланишган.
Мен бу гапларимни сендан тасдиқлатмайман ва унга ҳужжат ҳам келтирмадим. Ўзинг кўриб турибсанки, бир ҳийлакорнинг қўли орқасига боғлиқ, бир бечора зиндонда ўтирибди, бир бегуноҳнинг ҳурмат пардаси йиртилган (шарманда бўлган) ва ё бир кимсанинг қўли (ўғрилиги туфайли) билагидан кесилган. Буларнинг ҳаммаси камбағаллик сабабидандир. Баъзан арслондай одамлар заруратдан ўғрилик учун девор тешиб, ушланиб қолиб оёқларидан тешилган. Баъзиси камбағаллигидан хотин олишга қодир бўлмай, нафси жимоъни хоҳлаб қолиб, улкан гуноҳга мубтало бўлган. Чунки қорин билан шаҳват нафси бир қориндан тушган болалар кабидир. Тўқлик жойида бўлса, шаҳват нафси оёқда туради. Эшитдимки, бир камбағални гўдак бола билан ёмон иш устида ушлаб олишди. Қанча шармандаликдан кейин уни тошбўрон қилиниш хавфи ҳам бор. Шунда у: «Эй мусулмонлар, хотин олгани пулим бўлмаса, сабр қилгани тоқатим бўлмаса, руҳбонлик (таркидунёчилик) Исломда бўлмаса, ман нима қилайин?!», деди. Бойлар эса ҳар кеча бир чиройлини ёнларига олишади, ҳар куни йигитликни бошидан бошлашади. Аммо шундай чиройли канизаклари бўлатуриб, ҳаром ишлар атрофида айланишса ёки биор зинони хоҳлашса, ўзларига қийин бўлур. Камбағалларнинг кўплари поклик этагини гуноҳ билан булғашган ва очлари нон олиб қочишган. Чунки «Гўшт топса сўрамас дарранда ё ит, Туями ё дажжол эшаги бу эт». Кўп парҳезкор донолар камбағаллик сабабидан фитна-фасодга учрашган, улуғ ва азиз динларини бадномлик шамолига совуришган».
Мен гапимни тугатишим биланоқ даъвогарнинг сабр-тоқати жилови қўлидан чиқиб кетди. Тил қиличини сермади. Сўзамоллик отини беҳаёлик майдонига ҳайдади ва устимга бостириб бундай деди: «Бойларни роса мақтадинг ва бунда хўп оғиз кўпиртирдинг. Сени эшитган киши бойлар очлик заҳрининг давоси, ризқлар хазинасининг калити деб тасаввур қилади. Аслида улар бир ҳовуч мутакаббир, мағрур, мансаби-мавқеига маҳлиё бўлган кимсалардир. Гапирсалар ўйламай гапиришади, қарасалар, малоллик билан қарашади, уламоларни гадойга ўхшатишади, камбағалларни ҳунарсиз деб айблашади. Молллари ва мансаблари ғурури билан ўзларини ҳаммадан яхши деб гумон қилишади. Улар ҳукамоларнинг: «Ҳар ким ибодатда бошқалардан кам бўлиб, давлатда зиёда бўлса, зоҳирда бой, ботинда эса камбағалдирлар», деган сўзларидан бехабардир.
Мен мухолифимга: «Сен бойларни кўп масхара қилмагин, улар сахий кишилардир», деб эътироз билдирдим.
Аммо даъвогар ўз фикридан қолмасди: «Сен ғалат гапирдинг, улар пулнинг қулларидир. Бойлар одамлар устига ёғмайдиган булут каби фойдаси йўқ, офтобдай порлайдиган, лекин нур сочмайдиган бўлади. Бойлик отига миниб чопишади, бироқ Аллоҳ йўлида бир қадам ҳам қўйишмайди. Миннатсиз бир танга ҳам беришмайди. Дунёни машаққат билан тўплашади, хасислик билан пойлашади ва охири ҳасрат билан ташлаб кетишади».
Мен даъвогарга бундай дедим: «Бойларнинг хасислигини гадочилик қилиб билдинг. Ким гадочиликни ташласа, унга сахий ҳам, бахил ҳам баробар кўринади. Заргар олтинни тошдан ажратгани каби гадога ҳам бахилнинг кимлиги аён».
Аммо даъвогар ҳамон тан бергиси келмас эди: «Бахил бойлар эшиклари тагига бағритош мулозимларни тайин қилишадики, муҳтожларнинг киришига йўл бермай, «саройда ҳеч ким йўқ», деб кўкрагидан итаришади».
Бу шу тариқа даъвогар билан узоқ тортишдик. Ўқдонидаги ҳам гап ўқларини отиб бўлганидан кейин даъвогарнинг ҳужжати қолмади. У мот бўлган эди. Шунда у менга қарата беҳуда сўзларни айта бошлади, чунки жоҳиллар одатига кўра хусуматчидан енгилса, адоват занжири билан урушга чоғланади. Шунда у мени сўкди. Мен эса унга қаттиқ гапирдим. У ёқамни йиртди, мен эса соқолидан тутдим. Хуллас, биз тортишувимизни ажрим қилиш учун қозининг ҳузурига бордик. Унинг одилона ҳукмига рози бўлишга қарор қилдик. Шояд мусулмонлар қозиси бирор маслаҳат топиб, бой билан камбағал ўртасидаги фарқни айтар. 
Қози бизнинг аҳволимизни кўрди, сўзимизни эшитди. Кейин бошини хам қилганича узоқ тафаккурга берилди. Анчадан кейин бошини кўтариб шундай деди: «Эй бойларни мақтаган киши, сен камбағалларни ёмонладинг. Билгинки, қайда гул бўлса, у ерда тикан ҳам бор, қайда шароб бўлса, ортидан кулфати келар. Ҳар хазинанинг бошида илон ётар, дур бор жойда одам ютувчи наҳанг, дунё лаззатининг орқасида ажал, жаннат неъматларининг олдида машаққат бордир. Боғда кўм-кўк тол дарахтлари билан қуруқ ёғоч ҳам бордир. Шунга ўхшаш дарвешлар ичида сабрлиси ҳам, бесабри ҳам бўлгани каби бойларнинг орасида  шукр қилувчи сахийлари ҳам, куфрони неъмат қилган бахиллари ҳам учрар. Аллоҳ таолонинг яқин кишилари камбағал суратидаги бойлар ва ҳимматли камбағаллар ҳисобланур. Бойларнинг олий қадрлиси камбағаллар ғамини ейдиганларидир. Камбағалнинг ҳимматлиси эса бойларнинг енгидан тутмайдиганидир. Аллоҳ таоло бундай деган: «Ким Аллоҳга таваккул қилса, унга Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур».
Сўнгра қози юзини мендан дарвешга буриб деди: «Сен бойлар маъсиятга машғул, бефойда ўйинлар билан овора, деб гапирдинг. Албатта бир тоифа бойларнинг ҳиммати йўқ. Аллоҳ таолонинг берган неъматига шукр қилмайди. Молларни тўплаб-йиғади, сақлайди, емайди ҳам, бермайди ҳам. Ёмғир ёғмаса ҳам ёки сел босса ҳам ўз қудратига ишониб, хотиржамликда юради, камбағалнинг ҳолидан хабардор эмас, Аллоҳ таолодан ҳам қўрқмас. Аммо бойларнинг яна бир тоифаси ҳам борки, неъмат дастурхонини ёзган, сахийлик қўлини очган, яхши ном ва мағфират талабида турган. Ана шу тоифа икки дунё саодатига эришгай».
Шундай деб қози сўзини тамомлади. Муболаға отини биздан-да ўздириб кетди. Биз қозининг ҳукмига рози бўлдик, бир-биримиздан ўтганларини кечириб, муросага келдик. Қуйидаги байтни ўқиб икки томонга ажрашиб кетдик:

Эй дарвеш, қилма фалак  жабридин кўп шикоят, 
Шу ҳолингда ўлсанг гар бахтинг қародир, зулмат.
Эй бой, бор экан то қўлда неъмат, дилда ҳиммат, 
Егил, бергил, эҳсон қил, шундадир зўр саодат».

Ҳозир сайтимизда 74 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ